27 September 2012
20:25 - Фуқарони миршаблар ўғирлаб кетди! (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи, №30, 26.09.2012)
Шу йилнинг 19 сентябрь куни соат 11.30 да Боёвут тумани Боёвут разъезд маҳалласида яшовчи, 1984 йилда туғилган, 2 нафар гўдакнинг отаси Хўрозбой Абдураҳмон Тўйчиевични Жиззах вилояти ИИБнинг жиноят қидирув бўлими ходимлари олиб кетишган. ЖҚБ миршабларининг бири Олмос Ахмедов, иккинчиси номаълум. Ўшан кундан бери Абдураҳмон ҳеч қаерда йўқ. Судсиз, санкциясиз тумандаги Президентнинг намунали уйлари қурилаётган “Зарбдор” хўжалигидан олиб кетилган, сўнгра ғойиб бўлган бу йигит оддийгина автокранчи эди.

Ота-она, қариндошларнинг гапига ҳеч ким қулоқ солмади, ҳеч ким Абдураҳмон ҳақида яқинларига маълумот бермади. Сўнгра улар сирдарёлик “Эзгулик”чилар ҳамроҳлигида қамоққа олиш учун санкция бериши мумкин бўлган судлар, изоляторлар, вақтинчалик сақлаш ҳибсхоналари, прокуратура, МХХ органларига кириб чиқишди. Лекин Абдураҳмондан дарак йўқ, аксинча, Жиззах шаҳар ИИБ навбатчиси, сержант Нуриддин Қобилов 20 сентябрь куни икки нафар ЖҚБ ходими уни аллақаёққа олиб кетишаётганини кўрганини айтди.

Абдураҳмоннинг отаси Тўйчи бобонинг юраги хаста, онаси бетоб. Орадан ўтган 8 кунда улар адойи тамом бўлди. Қариндошларнинг кўнглига ваҳм оралади. Ҳеч ким, ҳеч нимага жавоб бермаяпти. Участка нозири Абдураҳмонни тутиб келишларини ИИБ бошлиғи буюрганини айтмоқда, аммо миршаббошининг ҳузурига пашша ҳам учиб киролмайди, у бировни қабул ҳам қилмайди. Хуллас, Абдураҳмон соғми, тирикми, дунёда борми-йўқми, ҳеч ким билмайди. Уни миршаблар олиб кетган, тўғрироғи, ўғирлаб кетган. Аксинча, олиб кетилган одам ҳақида маълумот берилади-ку!

Абдураҳмоннинг қариндошлари ваҳима ичида ўтирган соатларда Европада Ҳамкорлик ва Хавфсизлик Ташкилотининг Варшавада инсон ҳуқуқларига оид анъанавий саммити ўтмоқда. Дунёнинг ривожданган кўплаб мамлакатлари қаторида бизнинг пўрим делегациямиз, гапга чечан жанобларимиз ҳам Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг барқ ураётганидан гапиряпти. Бу ерда эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳатто ушлаб кетилган, ҳибсга олинган, қамалган шахс ҳақида яқинларига, ҳимоячиларига маълумот беришни ҳам эп кўришмайди. Чунки инсон ҳуқуқининг алифбоси саналмиш бу амалиётни миршабларимизнинг ўзи билишмайди-да!

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти бу гал Жиззах вилояти прокуратураси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари маъмуриятини Абдураҳмон Хўрозбоев тақдири юзасидан маълумот беришга чақирмайди. Зеро, уларнинг барчаси бундан бохабар, фақатгина профессионал бурчи бўлган мажбуриятни саботаж қилмоқда.