Бутун борлиқдаги мавжудотларнинг энг мукаммали биз бўлсак,умумий аҳвол анча чатоқ экан-да...
“Битик”лар китоби.
Янгиер шаҳар руҳий касаллар шифохонасида 2004 йилда 22 кун, 2012 йил июн ойида 9 кун қайта даволаниб: - невроз депрессив ҳадиксираш синдроми ташхиси билан Сирдарё вилояти асаб ва руҳий касалликлар диспансери назоратида бўлган Деҳқонобод шаҳарчаси, С.Раҳимов кўчаси, 14 – уйда яшовчи 1987 йилда туғилган Ойбек Султоновни қўшниси Муҳиддин Неъматов биз билан юр Арнасойга бориб келамиз., деб “Дамас” машинасида бирга олиб кетган. Кейин маълум бўлишича, Муҳиддинбой Арнасой туманидаги ( собиқ 15 – совхоз) қариндошиникидан ўзига тегишли қўйларни машинага ортаётиб., яна 5 та қўйни қўшиб ортиб ола келган экан. Унинг бу қилмишидан хаёли паришон Ойбек мутлақа бехабар, қўйларни ортишаётганларида машинада бўлган...
Хуллас, жабрланувчининг арзига кўра манзили аниқ бўлган бу азаматларни тутиб келиш учун Арнасой туман ИИБ ЖҚБнинг Бахтиёр ва Илҳом исмли ходимлари 16 июль куни Деҳқонободга келишиб М.Неъматовни топа олмасдан кечаси Ойбекнинг уйида тунаб қолишган. Ойбекнинг отаси Ўктам ака уларга ўғлим унча соғ эмас, яқинда даволаниб чиқди деб касаллик варақаларини кўрсатсаларда, ЖҚБ ходимлари эртаси куни Ойбекни ўзлари билан олиб кетишган...
Мазкур иш бўйича Жиззах вилояти Зафаробод туман судининг 2012 йил 17 июль кунги ажрими билан М.Неъматов, “Дамас” автомашинасининг Рустам исмли ҳайдовчиси ва Ойбек Султонов Ўз.Р.ЖКнинг 164 – моддаси билан босқинчиликда айбланиб қамоққа олинган. Гулистон шаҳридаги “Нур” адвокатлик идораси адвокати Ф.Сахаддинов Ойбекнинг руҳий хасталигига оид касаллик тарихи нусхаларини судья ва Арнасой туман ИИБ терговчиси Ўктам Шароповга (қўл тел: + 998945721771) топширган бўлсада, бу ҳужжатлар инобатга олинмаган. Ойбекнинг отаси Ўктам Султонов: - ўғлим руҳий касал, унга врачлар тайин этган дориларини беришим керак., деб илтимос қилсада, терговчи учрашувга рухсат бермаган?! “Дамас” машинаси ҳайдовчиси Рустамнинг ички ишлар хизмати соҳасида ишлайдиган поччаси йўлини қилиб “босқинчилар” сақланаётган Дўстлик туман ИИБга қарашли ИВСга кириб қайнисини кўриб: - уларни жуда қаттиқ калтаклашган., деган гапларини эшитган Ойбекнинг отаси Ф.Сахаддиновга: - ўғлим руҳий хасталигини била туриб қамашди, бунинг устига уни калтаклашган нега бу аҳволни баён қилиб шикоят ёзмайсан., деганида адвокат жаҳл билан ҳимоядан воз кечган...
Ўктам Султонов Арнасой туман прокурорига мурожаат этгач, Ўз.Р.ЖПКнинг 60 - моддасига асосан қонуний вакил этиб тайинланиб, шу ваколат асосида 25 июль куни ўғли билан учрашган. Фожиа шундаки, дастлаб ота ўғлини, аёвсиз қийноқлар таъсирида тилдан қолган ўғил отасини танимаган! Ўктам ака шу ерлик фуқоролардан: - ана шу ИВСда икки ойлар олдин собиқ ВТЭК бошлиғи Норбек Турдиалиевни уриб ўлдиришиб, майкасидан арқон ясаб ўзини осиб ўлдирди деб жиноятни ёпиб юборишди, лекин марҳумнинг икки қовурғаси синган экан., деган гапларни эшитиб адойи тамом бўлган... Ў.Султонов ўғлининг оғир аҳволини баён қилиб Арнасой туман прокурорига мурожаат этгач, прокурор унинг аризаси асосида суд тиббий экспертизаси ўтказиш тўғрисида топшириқ берган. Ў.Султонов 27 июль куни Арнасой туман ИИБга борганида: - терговчингиз Самарқандга кетди., дейишган. Дўстлик ИВСга келганида ўғлингизни вилоятга экспертизага олиб кетишди дейишган. Хуллас, Ў.Султонов ўғлини ким урганидан ва ҳимоячи мақомидаги қонуний вакил иштирокисиз хуфя ўтказилган суд тиббий экспертизаси хулосасидан ҳануз бехабар. Хуфя ўтказилдими, башоратчи эмасмиз лекин хулосаси тахминан маълум: - О.Султоновга ҳеч ким тан жароҳати етказмаган, баданидаги яра чақаларни тирнаганида қонаган, ўз ҳарактларига жавоб берадиган аҳволда., ва ҳакозо... Лекин, Ойбек экспертизадан қайтгач уни кўришга келган тоғаси Акбарни умуман танимаган ва бир оғиз гапиролмаган, нигоҳлари маъносиз, кўйлаги қон бўлган! Лекин, Акбарни қонли кўйлакдан кўра, унинг мутлақа тилдан қолганлиги кўпроқ даҳшатга солди… Минг даҳшатга тушмасин, на Акбар, на Ўктам аканинг кўрганларига ҳеч ким ишонмайди. Хуфя экспертиза аслида Ойбекка нисбатан содир этилган зўравонликни хаспўшлаш мақсадида ўтказилган!
Шундан сўнг ғам ғуссага тўлган шўрлик ота нажот сўраб вилоят прокурори қабулхонасига (8-372 - 226-25-68) қўнғироқ қилиб воқеани баён қилгач, прокурор ёрдамчисининг маслаҳати билан: - руҳий хаста ўғлимни жуда қаттиқ калтаклашган, аҳволи жуда оғир, ушбу жиноят содир бўлган ИВС ҳудудий жиҳатдан Сизнинг назоратингизда, тез тиббий ёрдам кўрсатилмаса бирор кори ҳол бўлиши мумкин, илтимос қонуний чора кўринг., деган мазмундаги арзнома шу куни кечқурун Дўстлик туман прокурори қабулига кирган. Туман прокурори Арнасой туман ИИБ бошлиғини чақириб, у билан суҳбатлашгач: - болангиз Арнасойга тегишли, у бу жойда вақтинчалик сақланмоқда, бизга алоқаси йўқ., деб аризани қабул қилмаган. Ушбу ҳукмона қисқа жавоб карахт ҳолдаги отанинг қулоғида: - болангиз руҳий хаста бўлса, шу жойдан тузалиб чиқади., дегандай жаранглаган чоғи, қабулдан чиққач ёш бўлсаям, жуда илмли экан., деб прокурорни кўп дуо қилган...
Дўстлик туман прокурори жавобини мантиқан шундай шарҳлаш мумкин: - агар, бирор тадбиркор дўконга гўшт топширсаю, музлатгич носозлиги туфайли гўшт айниб қолса, бунинг учун музлатгичи носоз дўкондор эмас, шу гўштни топширган тадбиркор жавобгар… Бу мантиқни бир шоир шундай ифодалаган:
Агар, офтоб нури тушмаса кулба ичига,
Бунга офтоб эмас, кулба айбдор....
Бундан уч йиллар муқаддам бир қўшработлик девқомат йигитни Арнасой туман мелисалари уриб ўлдиргани ҳақида эшитгандик. Оғзи билан юрадиган ғаламуслар ҳам кўп, балки ўша девқомат йигит ҳам ўз ажали билан ўлгандир. Балким, бу тахлит жиноятларга ўз вақтида қонуний чора кўрилмаганлиги боис бу тахлит қабиҳликлар яна давом этаётгандир. Балким, муҳтарам терговчи гумон қилаётганидек, Ойбек ўзини жинниликка солаётгандир?! Балким, Ойбек руҳий хаста эмас, балки 2004 йилдан буён Арнасой туманида йўқолган барча қўйлар ўғриси, балким мол ўғрилари мафияси бошлиғидир?! Балким, Ойбекни ҳеч ким урмаган, терговчи уларни экспремент ўтказиб воқеа жойига олиб чиққанида уни таниб қолган қўчқор: - хотинимни нима қилдинг аблаҳ., деб жаҳл устида шохлаб юборгандир?! Бир куни беш нафар жиззахлик эски қадрдонлар учрашиб қолиб, нуқул бир – бир биридан: - сен қайси зонада бўлгансан., деб сўрашар эмиш. Маълум бўлишича, улардан учтаси судланиб чиққан экан. Шу тариқа ҳазил, ҳазил билан: - Жиззах полигон., деган ибора тарқалиб, оммалашиб кетган. Полигон бўлса бордир, соғлар етмаганидай, камига руҳий хасталарни қамашга ўтган полигон зўравонларини кимдир қаттиққўллик билан назоратга олмаса, бу эпидемия атрофга тарқаб ҳуқуқий демократик давлат қуриш йўлидаги ислоҳатларимизга жиддий хавф солиши мумкин!
Ким нима десин, қўни қўшнилар, маҳалла фуқоролар йиғини раиси тавсифига кўра Ойбек ҳалигача ҳеч кимга озор бермаган. Акаси Отабекнинг сўзларига кўра сал қаттиқ тикилсангиз ҳадиксираб ерга қарайдиган гўдактабиат, беуйқу хаёлпараст. Руҳи фаришталарникидек тоза бу тахлит инсонларни бошқа сайёрларда балки авлиё дейишар, лекин бизнинг ер аҳли “хиёл”, жинни дейди. Нафс илинжида бир - бирларини ғажишга тайёр кимсалар орасидаги бундай ҳимоясизсизларни тиббиёт алломалари руҳий хаста сифатида назоратга оладилар. Аслида, Ойбек эмас, уни жиноятчига айлантирмоқчи бўлиб, қийноққа солган разиллар жиноятини хаспўшлашга уринаётганларнинг руҳлари бемор...
Асли касби ўт ўчирувчи Ўктам ака кўп ёнғинларни кўрган. Лекин, у ҳозир вужудини ичдан куйдираётган оловни ўчиришга ожиз. У шўрлик нима қилсин, ундан 500 000 сўм хизмат ҳақи олган адвокати ҳимоядан воз кечди. Уйда ўтирса худди боласи чақираётгандек юраги безовта, иссиқ кунда Арнасой ИИБ, Дўстлик ИВСга қатнайвериб дармони қолмади. Ички ишлар вазири, Вилоят прокурорига ёзган шикоятларидан натижа йўқ. Ўғли олдин руҳий хаста бўлса, энди жисмонан майиб., бунинг устига терговчи уни жиноий гуруҳ аъзоси сифатида жавобгар қилиш учун жон – жаҳди билан ҳаракат қилмоқда. Оиласига билдирмайдию, кечаю кундуз юрагини кемираётган: - нега тилдан қолган, нега на мен, на тоғасини танимади, нега кўйлаги қон., адвокат нега ҳимоядан воз кечди, демак уям кўрган, билган., деган саволлар ғалаён қилиб тинчлик бермайди! Беихтиёр муштлари тугилиб, эҳ ўша номард қўлимга тушсайди, ўн йил қамалиб кетсам-да бурдалаб ташлардим., дея қовжираган лаблари унсиз пичирлайди:
Бу халқ ғурурига тегиб бўлмайди,
Кўп ташқи душманлар бўлдилар гувоҳ.
Бу халқ ғурурини топтаб бўлмайди –
Ички душманлар ҳам бўлсинлар огоҳ!
Хўш, бизчи?! Ҳимояга муҳтож ҳимоячи аҳволидаги биз ғариблар қонун ниқобидаги зўравонликларга қарши нима ҳам қилаолардик?! Ишқилиб Яратган эгам ҳеч бандани тўғри йўлидан адаштирмасин!
Биз, ушбу ғуссали ҳикоямизни якунлар эканмиз, улуғ рамозон кунларида ИВС деган зиндонда ўлим билан олишиб ётган, кўйлаклари қон, жонсарак ўғли ҳимоясига бел боғлаган Ўктам оғамизга тоғдай бардош ва ҳимоясиз бир инсонни отасини танимайдиган аҳволга солган жаллодларни жазолаш ваколатига эга Жиззах вилояти соҳиби фармонларига адлу инсоф тилаб қоламиз!
Ҳамроқул Асқар
«Pеges-media-press» жамияти директори,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси