27 September 2012
03:24 - “Ҳаракат” хатқутисидан: “Кўйлаклари қон Ойбекжон” (2-қисм - Жаҳолат қурбони)
Таҳририятдан: Бу хат-мақоланинг биринчи қисми шу йилнинг 30 июлида “Кўйлаклари қон Ойбекжон” номи билан чоп қилинган. Шоир ва журналист Ҳамроқул Асқарнинг бевосита кузатишлари асосида ёзилган воқеалар хроникаси ҳақиқатан ҳам анячли бўлиб, ўзбек ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ҳақиқий башарасини акс эттиради.

* * *

Ёмонлик жазосиз қолмайди.
Ҳолбуки, бу иллатга эга бўлишнинг ўзиёқ – энг биринчи жазо!

Боэций

“Фалсафа тасаллиси”



Арнасой туман ИИБ тергов гуруҳи терговчиси Ў.Шариповнинг 25.08.2012 йилдаги расмий жавобида: - адвокат Ф.Сахаддиновнинг 2012 йил 21 июлдаги илтимосномасига биноан Жиззах вилоят руҳий ва асаб касалликлари диспансерида ўтказилган 27 июлдаги суд тиббий экспертиза хулосасига асосан Ойбек Султонов 06 август куни Самарқанд вилоят руҳий касалликлар соғломлаштириш марказига жойлаштирилди., дейилган. Аслида, терговчи ўз ноқонуний қилмишларини хаспўшлаш учун саналарни сохталаштириб ёлғон маълумот тайёрлаган.

Яъни:

- Аввало, адвокат Ф.Сахаддинов 2012 йил 21 июлда эмас, 27 июлда Арнасой туман прокуроридан: - О.Султонов даволанишга муҳтож бўлгани учун, уни қамоқда сақлаш тўғрисидаги эҳтиёт чорасини ўзгартиришни., сўраб мурожаат этган. Худди айни мазмундаги Деҳқонобод шаҳарчаси, Дўстлик маҳалла фуқоролар йиғинининг 2012 йил 26 июлдаги кафолат хатига ҳам на туман прокурори, на терговчи инобатга зиғирча эътибор бергани йўқ?!

- О.Султоновнинг 2004 – 2012 йиллар руҳий хасталиги учун даволанган. Унинг руҳий хасталигини Жиззах вилоят руҳий ва асаб касалликлари диспансери ўтказилган 27 июлдаги суд тиббий экспертиза тасдиқлаганидан сўнг ҳам унга нисбатан қўлланилган эҳтиёт чорасини ўзгартирмасдан, қўшимча суд тиббий экспертизаси ўтказиш учун Республиканинг яна бир учинчи вилоятига юбориш нечоғлик тўғри?! Балки, бирон яқин Европа давлатларидан бирига юбориш керакдир...;

- Ойбек 2012 йилнинг июнь ойида даволаниб чиққанлиги боис соғлиғи яхши бўлган. Лекин, тергов давомида соғлиғи ёмонлашиб, оёғида тураолмагани учун икки нафар ИВС ходими қўлтиқлаб чиққанида ҳатто отасини танимаган ва гапираолмаган! Кўйлагида қон доғлари бўлган?! ИВС нозири: - ўғлингизни шу аҳволда олиб келишди, бизда айб йўқ., деган. Ў.Султонов ўғлини калтаклаган шахсларга чора кўришни сўрасада, на Арнасой, на Дўстлик туман прокурори чора кўргани йўқ. Дўстлик туман прокурори ҳақиқатни билишни истаганида, шундоқ ёнидаги ИВСга кириб., ҳақийқий аҳволни ўз кўзи билан кўриб чора кўрган бўларди. Покурорга бунақа ғалва эмас, тинчлик керак., шу боис қонунга хилоф тарзда Ўктам аканинг аризасини олишдан бош тортди...

- Ойбекнинг соғлиғи тергов жараёнида ёмонлашганлигини инкор этиб бўлмайди. Чунки, Жиззах вилоят руҳий ва асаб касалликлари диспансерининг 27 июлдаги суд - тиббий экспертиза хулосаси:- руҳий носоғлом О.Султонов ўз ҳатти ҳаракатларига жавоб бераолмайди, соғлиғи ёмон., у даволанишга муҳтож., деган мазмунда.;

- Терговчининг жавобига кўра: - О.Султонов 06.08.2012 йилдан Самарқанд шаҳридаги вилоят асаб ва руҳий касалликлар соғломлаштириш марказига экспертиза ўтказиш учун жойлаштирилган бўлса, 27 июлдан 06 августгача қаерда сақланган деган мантиқий савол туғилади?! Терговчининг расмий жавобида бу саволга жавоб йўқ..

Терговчи Ў.Шарипов: - Ойбекни Самарқандаги руҳий соғломлаштириш марказига даволаниш учун жойлаштирдик, хавотир олманг аҳволи яхши, рухсатнома ёзиб бераман тез етиб келинг. деб қўнғироқ қилганидан буён Ўктам ака йўқолган полопони топилган лочиндай Арнасойга қатнайди. Тез келинг деган терговчи: -  вилоятда мажлисдаман, бугун кеч, эрта келинг, деган баҳоналар билан ўн кун сарсон қилди. Охири, йўл кирага ҳам пули қолмай қарзга ботиб турганида, 25 август куни терговчи қўнғироқ қилиб: - энди сал бўшадим тез келинг., дегач бир амаллаб эрталаб Арнасойга етиб борди. Бу гал ҳам терговчи кеч соат 17 ларгача куттириб: - нега устимдан шикоят ёздингиз, деб роса қистовга олгач, туман прокурори Бектош Рахимович қабулига кириб: - ўғлимнинг ўлик тириги номаълум., деб арз қилишга мажбур бўлади. Не машаққатлар билан ўша куни кечқурун рухсатнома олгач, 26 август куни Самарқанд вилоят Психоневрология диспансери II СПЭК бўлимида 20 кундан буён экспертизадан ўтаётган ўғлини кўришга муваффақ бўлди. Дастлаб, ўғлининг аҳволи анча яхшиланганидан қувонган отанинг қувончи узоқ чўзилмади. Ойбек хайрлашиш олдидан: - ота терговчи олдин Хавос турмасига тиқди, у ерда мени расво қилишди, Сизларга индамаяптими., деб ўксиб йиғлаб юборгач, Ўктам аканинг ичидан гўё нимадир ўпирилиб кетди... Мелиса нозири ҳам бу разилликдан хабардор чоғи: - худо жазосини берсин, деб ҳамдардлик билдириб кузатди. Шўрлик ота йўл бўйи: - тириклай ўлган болам, тириклай.., деб йиғлаб кетди...

 

Демак, терговчи Жиззах вилоят руҳий ва асаб касалликлари диспансерининг 27 июлдаги тавсияига амал қилмасдан ҳам руҳий, ҳам жисмонан мажруҳ ҳолдаги  Ойбекни 27 июлдан 06 августгача Хавос турмасида сақлаб, ана шу разил йўл билан отаси шикоят ёзгани учун боласидан ўч олган! Шу боис, терговчи Ойбекнинг тан жароҳатлари битгунча рухсатнома беришни 18 кун пайсалга солиб, шу марказда ишлайдиган танишлари ёрдамида Ойбекнинг олдига икки марта кирган. Терговчи қонунга хилоф тарзда бу ёпиқ руҳий экспертиза марказига не мақсадда кирган ва нега киритилган?! Шу боис, терговчининг таъзийқи туфайли “парҳез” бузилган ҳолда ўтказилган марказ экспертлари хулосаси ҳам шубҳалик!

 

Ховос турмасида содир этилган зўравонлик бўйича холис экаспертиза ўтказилсагина бу гумонларга барҳам берилиши мумкин! Ўз ишига пухта терговчининг хавотирлари Ойбекга қўйилган айбнома тайёр бўлгач аён бўлса ажабмас. Бу жаҳолат яна қанча давом этиши номаълум. Чунки, Ў.Султонов терговчи Ў.Шариповга ишончсизлик билдириб, эҳтиёт чорасини ўзгартириш, айбланувчидан кўра терговчининг жиноий қилмишлари ўн чандон ошиб кетган жиноят ишини вилоят прокуратураси тасарруфига ўтказиш тўғрисидаги аризаларига жавоб кутиб юрганида Ойбек  Самарқанд вилоят асаб ва руҳий касалликлар диспансеридан тўғри Хавос турмасига ўтказилган... Яъни, уни тириклай ўлдиришган жойга яна қайтариб юборганлар....

 

Ҳамроқул Асқар

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Арнасаой – Самарқанд – Тошкент

24.09.12

E-mail: hamroqulasqar@mail.ru