28 July 2012
01:35 - Давлат мулки қўмитаси: “Пора олсанг – ўсасан, жиноят қилсанг - кўтариласан!” (Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи)
Албатта, Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасидек мўътабар ташкилотнинг номини пора-ю, жиноятлар билан боғлашга асосларимиз бор. Зеро, раҳбар маънавияти, унинг ҳалоллиги ҳақида бот-бот гапирадиган, қалин-қалин китоблар ёзадиган Президент, у бошқараётган ҳукуматнинг коррупция, қонубузарликларга қарши сиёсати бизнинг олдимизга ҳам бу каби фактларни фош қилишдек мақсадлар қўймоқда. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасининг Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Умид Назаров ва унинг теварагидаги воқеалар нафақат қўмитада қонунбузарлик, таъмагирлик иллатлари оддий ҳолга айлангани, ҳатто у қўмита раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланаётганини ҳам кўрсатмоқда.

Самарқанд вилояти Ургут шаҳар Юқори Қаланғир маҳалласи С. Раҳимов кўчаси 14-уйда яшовчи Сайфиддин Рустамов қўмитада бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган. Бошлиқ Умид Назаров, унинг Давлат мулки қўмитасида маъсул лавозимда ишлайдиган акаси Олим Назаровнинг қонунбузарликларини тилга олгани учун гўё штат қисқартишиш баҳонасида лавозимидан бўшатилган, бекор юрибди. Бошқарманинг собиқ бош мутахассиси Файзулло Файзиевнинг ҳам тақдири шундай: у раҳбарлар, Тошкентдан келган тизим амалдорларини ресторанма-ресторан олиб юриб, чарчаган. Муттасил чиқимлар жонидан ўтгач, бошқарма бошлиғига норозилигини ифода қилган, натижада ишдан бўшатилган.

Ҳужжатларда келтирилишича, ходимларнинг Давлат мулки қўмитаси раҳбарлари, пойтахтдан келган бошқа мўътабар меҳмонларни сийлашга сарфланган маблағларнинг ўзи миллиондан ошиб кетади. Ана шу пуллар эвазига келган ёғли таомларни ҳазм қилиб юборганлар орасида кимса Давлат мулки қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари У. Турдиев, мамлакат Олий хўжалик суди раиси ўринбосари бўлиб ишлаган, ҳозирда қўмитанинг юридик бошқармаси бошлиғи М. Азимов сингари шахслар ҳам бор.

Уларнинг Самарқандга ташрифлари даврида ходимларнинг чўнтаги ҳисобидан қилинган чиқимларнинг маълумларини ҳисобчиларимиз чамалаб, бир миллиондан ортиқ сумма чиқарди. Шунинг учун ҳам ҳозирда Давлат мулки қўмитасининг Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Умид Назаров устидан шикоят тушгани, қонунбузарликлари фош бўлгани сайин мансаб пиллапояларидан ҳатлаб бормоқда, деган хулосага келдик.

Биз “Эзгулик”чилар давлат амалдорлари, уларнинг зиёфатбозлиги-ю, чирмовуқдек ўралиб бораётган коррупция занжирлари ҳақида ёзарканмиз, аввал, жамоатчиликнинг эътиборини ҳукуматни ичдан емираётган, унинг занглаб боришига асос яратаётган иллатларга қаратмоқчи бўлдик. Зора, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари бу ҳолни текширишса, коррупцияга қарши кураш ва қонун муҳофазаси доирасида чоралар кўришса. Мамлакат Президентининг раҳбар маънавияти, ҳалоллиги борасидаги гаплари ростлигини исботлашармиди.