27 July 2012
23:22 - “Ҳаракат” хатқутисига келган мактуб ва Абдураҳим Пўлатнинг жавоби
Бугун хатқутимизга ҳеч бир ўзгартиришсиз берилаётган қуйидаги қисқа хат келди:

"Харакат" сайтини "титиклаб" "Who is who" булига кузим тушиб колди. http://harakat.net/person.php У ерда мухолифат фаолларини суратлари ва улар хакида киска маьлумотлар берилган. Малумотларни деярлик хаммаси ижобий тилда ёзилган. Аммо "Харакат" рахбари А.Пулат уз мокалаларида сайтида суратлари чоп этилган Ж.Мухаммад, Б.Норбой, Т.Ёкуб, Н.Зокир И.Дадажонов ва хаказоларни доимий равишда "соткин", "хунаса", "харомий", "ифлос", "луттибоз" деб ёзади. Хакикат каерда экан? деб бошим котиб сизларга ёздим.

Хурмат билан М.Мансур

Абдураҳим Пўлатнинг жавоби билан танишинг.

Ҳурматли, М.Мансур, кўриниб турибдики, Сиз сайтимизнинг фақат "Who is who" бўлимини эмас, бошқаларини ҳам ўқийсиз, хусусан менинг ёзганларимни ҳам. У ҳолда биласиз, мен Ўзбек миллатининг ҳозирги аҳволга тушишининг айбдори сифатдаи фақатгина мажуд режим раҳбарларини кўрсатмаяпман. Асосий сабаб – бугун эмас, сўнги юз йилларда миллат, яна ҳам тўғрироғи, миллатнинг элитаси ғариб аҳволда бўлгани, олға кетиш учун ўтмишни анализ қилиш кераклиги мутлақо унутилгани, ўтган хатолардан сабоқ олинмагани, ҳеч ким мушугини пишт демагани учун миллат хоинлари хира пашшадек кўпайиб кетаётгани ва уларни жазолаш механизмлари ишлаб чиқарилмагани, қолаверса ўзбеклар воқеалар устида ўйлаш қобилиятини йўқотгани, ўзбеклар чала мулларга кўр-кўрона эргашадиган бўлиб қолганлари ва шу кабилар, деб ҳисоблайман. Мени ноҳақ деб ҳисобласангиз, марҳамат, фикрнингзни билдиринг.

Яна бошқачароқ қилиб қайтараман, миллатнинг кўпчилиги санаб ўтилган камчиликлар гирдобида қолиб кетгани, мен кабилар эса, жуда оз бўлгани учун Ўзбекни қайтадан миллат қилиш осон бўлмайди. Аммо, мен ва сафдошларим бу ишнинг осон эмаслигини биламиз, айнан осон бўлмаган ишларга қўл урганмиз.

Мана Сиз айнан ўша кўпчликнинг, яни, ўйламасдан гапираверадиганларнинг бирисиз.

Ахир, кўрмадингизми, Сиз санаб чиққан инсонлар ўз вақтида яхши ишлар қилганини мен ҳар доим ёзмоқдаман. Бизда йўқ бўлгани учунгина расмлари сайтга қўйилмаган Салой Мадамин ва Дадахон Ҳасан каби инсонлар ростдан ҳам миллат учун жон беришга тайёр бўлганларини тан олишимни ўқимадингизми? Аммо, шундай инсонлар олдиларига биров бир неча чақа ташласа, миллатга эмас, ўша чақаларга афзаллик беришганини ёзмоқдаман. Мен бундай бўлишини ҳаёлимга ҳам келтирмаганимни ёзмоқдаман. Аммо, ҳаётда шундай бўлди. Бу ҳақиқат, мен ўйлаб топаётган нарса эмаску!!

Кейин кўрдимки, сотқинлар миллат тарафидан жазоланмаётганини кўрганлар ҳар қадамда сотқинлик қилишмоқда. Демак, уларни жазолаш механизмларини яратиш шартлигини, янглишганлар ёки хоинлик қилганлар жазоланиши ва бошқаларга ўрнак бўлиши кераклигини тушундим. Буни фақат ўз тажрибамдан эмас, дунёнинг тажрибасидан ҳам ўргандим. Дарҳол айтиб ўтмоқчиман, ҳар қандай жазо - олий жазо эмас. Миллат уларнинг юзига тупирса, шу ҳам жазолаш.

Қисқа қилиб айтсак, одам сотқин бўлиб туғилмаслигини, уни муҳит ўзгартиришини тан олиб, айнан ўша муҳитни ўзгартириш лозимлигини гапирмоқдаман. Ҳозирги хоинларнинг аввалги ишлари ҳеч қачон инкор этилмайди, уларнинг расмлари сайтитмизда тураверади, бунга арзигулик иш қилган бўлишса, тарихда ҳам қолади. Аммо улар кейинчали хоинлик йўлига ўтганлари ҳам айтилади.

Уларнинг хоин ва ҳоромийлигини очиқча айтиш ва жазолаш потенциал хоин ва ҳаромийларни миллатга зарар беролмайдиган чегараларда ушлаб туриш учун керак. Ушлаб бўлмаса, олий жазо киритиш кераклиги ҳам шу фикрлардан келиб чиққан.

Яна бир марта қайтараман, Ўзбекнинг, Сиз ҳам Ўзбек бўлсангиз керак, миллат сифатидаги камчиликларидан бири – Сизда ҳам кўриниб тургандек, керакли йўналишда ўйламасдан гапиравериш.

«Хакикат каерда экан?» деб бошингиз қотибди. Бекорга бош қотирмасдан, фойдали бош қотиришга ўргатиш ниятида сизга ёрдамчи бўлмоқчиман. Тушунинг, мен кимларнидир хоин ёки ҳаромий деб айтаётганим эмас, мен билан нима ишингиз бор, у одамларнинг қилган ишлари хоинлик ёки ҳаромийликми? Мен уларнинг ишларини аниқ фактлар билан кўрсатиб берганман. Ана шу савол устида ўйланг. Ана ундан кейин мен ҳақимда ва бошқа саволлар устида ўйлаш навбати келади.

Дарвоқе, ўша айтилаётган одамлар хоин ва ҳаромий эмаслигини ишнчли факт ва аргументлар билан кўрсатиб берсангиз, мен ҳаммаларидан узр тилаб, сиёсатни ташлаб кетаман. Аммо, кўриб турибманки, эътибор беринг, ишонаман деб ёзмаяпман, айнан кўриб турибман, улар ҳаромий-сотқинлардир. Мен кўраётган фактларни Сиз кўрмаётган бўлсангиз ҳам мен айбдорманми?

Милатнинг тарихидаги биринчи миллай-озодлик ҳаракати бўлмиш “Бирлик” даҳшатли кучга кириб, ҳокимиятга келиш остонасида турганда, уни ҳеч бир ғоявий сабабсиз парчалаганлар, кейинчалик ҳам унинг орқасидан пичоқ уруш билан машғул бўлаётганлар хоин бўлмаса, ким ўзи хоин бу Ўзбек дунёсида?

Бу саволга жавоб бермасдан, миллат олға кетолмлайди. Ҳозир миллат эмас, мен жавоб бермоқдаман. Миллатни ҳам бунга ўргатамиз.