15 July 2012
00:21 - “Ўздунробита” раҳбарияти гарданига ҳозирча ярим триллион сўм илинди...
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан эълон қилинган кечаги хабарда МТС-Ўзбекистон (“Ўздунробита”) мобиль оператори маъмуриятига нисбатан янги айбловлар қўйилгани маълум қилинди. Компаниянинг ҳозирда қидирувда бўлган Бош директори Б. Аҳмедов, компаниянинг ривожланиш бўйича директор ўринбосари А. Мирзамойдинов, директор ўринбосари Р. Иргашев, роуминг директори Б. Иргашев ва бошқалар томонидан ярим триллион сўм (2 000 000 АҚШ доллари атрофида) миқдоридаги маблағнинг солиқлардан яширилгани маълум қилинди.

МТСнинг Москвадаги бош идорасига кўра, компаниянинг Ўзбекистон бўлими раҳбарлари ноқонуний қамоққа олинган. Сўроқ пайти Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодекси қўпол бузилаяпти, ҳибсга олинганлар ёнига адвокатлари вақтида қўйилмаяпти. Тергов ва суриштирув ишлари тунда амалга оширилмоқда. “Биз ҳодисаларни диққат билан кузатаяпмиз ва ўз ҳуқуқларимизни, Ўзбекистондаги ширкатимиз ходимлари ҳақларини барча мавжуд ҳуқуқий воситалар орқали ҳимоя қиламиз” дейилади МТСнинг расмий баёнотида.