25 June 2012
15:28 - Жиноий авторитет Ғофурбойвачча спортдан ҳам қувилмоқда
Бир маҳаллар Ўзбекистондаги мавжуд режим билан оғиз-бурун ўпишиб юрган, жиноий авторитет ва мафиячи ҳисобланадиган Ғофур Раҳимов Ислом Каримнинг оиласи билан чиқишмай қолгандан кейин, Ўзбекистанни аллақачон тарк этгани, тўғрироғи қувилгани ва ҳатто Россия фуқароси бўлиб олгани ҳақида миш-мишлар юрарди.

Маълумки, ёшлигида бокс билан ҳам шуғулланган Ғофур Раҳимов бойиб кетгандан кейин спорт соҳасини ҳам ўзлаштириб олиш йўналишида кўп иш қилган. У Ўзбекистон Миллий Бокс Федерацияси (МБФ) ва Ўзбекистон Миллий Олимпиада Комитетининг (МОК) вице-президентилари бўлиб ҳам олганди.

МОКнинг фақат рус тилида юритиладиган сайтида билдирилишича, 23 июнь куни МОК Ижроия Комитетининг йиғилиши бўлган ва Ғофур Раҳимов фуқаролигини ўзгартиргани сабабли вице-президентликдан ва МОК аъзолигидан чиқарилган. Бироз аввал уни МБФ ҳам уни ўзидан улоқтиргани шу хабарда айтилади.

Ғофур Раҳимов турли халқаро спорт федерацияларининг ҳам раҳбарият аъзоси эди, улардан ҳам чиқарилса керак, дейди мухбиримиз.