22 May 2012
03:49 - НАТОнинг тарихидаги энг катта саммити тарихий бўлмади
Табиий, унинг тарихий бўлмаганининг сабаби Путин у ерга Ўзбекистон ва Қозоғистон президентларини юбортирмагани билан боғлиқ эмас. Аслида Ислом Карим ва Нурсултон Назарбой рус хўжайинларидан қўрқиб, Чикагога бормаганлари - уларниннг ўзлари учун тарихий йўқотиш бўлди.

Ҳаммаси бўлиб 60 давлатнинг вакилллари иштирокида кеча иш бошлаган саммитда 28 мамлакатнинг раҳбари бор.

Биринчи қилинган иш - бу ташкилотнинг 18 ой аввал бошлаган Европада Ракеталарга қарши Мудофаа системасининг биринчи босқичи битганини эълон қилиш бўлди.

Асосий вақт Афғонистондаги террорга қарши урушни тугатиш ва НАТО қўшинлари бу мамлакатдан чиқиб кетгач, унинг хавфсизлиги, тўғрисини айтса, унинг давлат сифатида йўқ бўлиб кетмаслигининг олдини олиш учун қилдинадиган қадамларни муҳокама қилишга кетди. Аввал эълон қилингандек, НАТОнинг 130 минг кишилик қўшинлари 2014 йилнинг охиригача Афғонистондан чиқиб кетиши керак. Шундай қилиниши Чикагода яна бир марта таъкидланди.

Асосан АҚШ Президенти Барак Обаманинг саъй-ҳаракатлари билан Афғонистонни оёқда ушлаб туриш учун унга йилига 1,4 милларда доллар ёрдам бериб туриш масаласи ҳам ҳал қилингандек кўринади.

Reuters мухбирларининг ёзишича, Буюкбритания $100 млн, Италия $120 млн, Австрия $100 млн, Туркия ва Покистон $20 миллиондан ёрдам беришлари аниқ бўлган. АҚШ Франциядан $256 млн, Канададан $125 млн ундириш учун босим ўтказишни давом эттирмоқда. Асосий оғирлик эса, барибир, АҚШнинг ўз елкасига тушса керак.

Афғонистондан НАТО қўшинларинининг асосий қисмини Покистон орқали олиб чиқиб кетиш учун уринишлар ҳам давом этмоқда. Сўнгги ойларда АҚШ-Покистон алоқалари жуда бузилган бўлса ҳам, Покистон пул ишлаб қолиш мақсадида орқага чекинадиган ва ўз мамлакати орқали йўлни очадиганга ўхшайди. Шундай бўлса, Марказий Осиё мамлакатлари ва Россияга берилаётган эътибор ҳамда улар олишни орзу қилаётган пулнинг миқдори кескин камаяди.