11 April 2012
05:45 - Озорбайжон парламентида сиёсий партиялар ҳақидаги қонунга ўзгартиришлар муҳокама қилинмоқда, Ўзбекистондачи?
Бу нарса Россиядаги сиёсий партиялар ҳақидаги қонунга ўзгартириш киритилиб, партияни рўйхатдан ўтказиш учун 50 минг ўрнига 5 минг аъзо етрали қилингани билан боғлиқми ёки йўқ деган саволга жавоб бериш қийин. Аммо, Озорбайжонда тайёрланаётган қонун лойиҳасида партияни рўйхатга олиш учун 5 минг аъзо кераклиги белгиланган. Аввал бу рақам қанча бўлгани хабарларда айтилмайди.

Ўзгаришларнинг асосий қисми партияларни молиялаштириш масалалари билан боғлиқ.

Қонун лойиҳасига кўра, сиёсий партиялар давлат бюджетидан молиявий ёрдам оладилар. Бюджетда бунинг учун ажратилган маблағнинг 10 фоизи парламент сайловларида иштирок этиб, 3 фоиздан кўпроқ овоз олган, аммо парламентга киролмаган партияларга берилади. Маблағнинг 90 фоизи параламентда ўрин олган партиялар орасида анчагина мураккаб схема билан тарқатилади.

Бундан ташқари, сиёсий партиялар чет элдан, чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаганлардан, балоғат ёшига етмаганлардан, ўз номини очиқламаган фуқаролардан, юридик шахслардан ёрдам ололмайди. Партиялар молиявий ҳисоботларини ва аудиторнинг хулосасини оммавий ахборот воситаларида эълон қилишга мажбурлар.

Ўзбекистонда ҳам сиёсий партиялар ҳақидаги қонунга ўзгартиришлар киритиш, айниқса, партияларни рўйхатга олиш масаласидаги чалкашликларни йўқ қилиш керак. Табиий, шундай қилинса, “Бирлик” Партияси дарҳол рўйхатдан ўтишга тайёр эканлиги мавжуд режимни қўрқитади, аммо начора, шундай қадам қилиш замоннинг талабидир.