11 April 2012
04:47 - Ўтган йили Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги пул ўтказмаларининг ҳажми $4,575 миллиардга чиқибди
Бу ҳақда хабар берган olam.uz сайти Россия Марказий Банкининг ҳисоботига таянади.

Ўша ҳисобатга кўра, 2011 йилда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги пул ўтказмаларининг умумий ҳажми $4,575 млрд бўлган, 2010 йилда $3,072 млрд эди, яъни ўсиш 48,92%.

Россиядан Ўзбекистонга қилинган пул ўтказмаларининг умумий миқдори 2010 йилдаги $2,845 миллиарддан ўтган йилдаги $4,262 миллардга ошди. Ўсиш ҳажми 49,81% ни ташкил этди.

Россия банки маълумотларига кўра, Ўзбекистондан Россияга қилинган пул ўтказмаларининг ҳажми 2011 йилда $313 млн бўлган, 2010 йилда $227 млн эди, ўсиш 37,88%, битта операциянинг ўртача суммаси $1375 дан $1616 гача кўтарилган.

2011 йил якунлари бўйича Ўзбекистон, Тожикистон ва Украина Россиядан қилинадиган пул ўтказмаларининг ҳажми бўйича МДҲ мамлакатлари орасида етакчи учталик бўлибди.

Россия Марказий банкининг қайд этишича, маълумотлар Anelik, BLIZKO, Coinstar Money Transfer, Contact, InterExpress, Migom, MoneyGram, PrivatMoney, UNIStream, Western Union, АзияЭкспресс, АЛЛЮР, Блиц, Быстрая Почта, Золотая Корона, ЛИДЕР ва Почта России тизимларини қамраб олган.