11 April 2012
17:35 - Ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаеванинг соғлиғи борасида шаффоф текширув ўтказилиши лозим (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи, №10, 10.04.2012)
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаеванинг фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди қарори билан руҳий касалликлар шифохонасига мажбурий даволаниш учун ётқизилиши юзасидан таассуф билдиради. Зотан, у бундан аввал ҳам мажбурий муолажага зўровонлик билан ётқизилган, сўнгра ўтказилган шаффоф текширувлар даврида унинг бутунлай соғлом экани маълум бўлганди. Унинг ҳуқуқ ҳимоячилари орасидаги баланд овози, Ўзбекистон ҳукуматини кескин танқид қилиб келиши ва юқоридаги ҳолат ҳуқуқ ҳимоячисининг мажбурий даволанишга ётқилизиши борасида шубҳа-гумонлар уйғотмоқда.

Бир мудддат муқаддам Елена Урлаева Қозоғистоннинг Остона шаҳридаги анжуман олдидан “Эзгулик” раҳбари Васила Иноятовага бир қанча шахслар томонидан руҳий босимлар ўтказилаётгани, ўзининг руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилиши мумкинлигидан хавотирларини изҳор қилганди. Қолаверса, Еленаниннг Туркия сафари, у ердаги мухолифатчилар билан учрашуви ҳамда ўз исмини Марямга ўзгартиргани ҳақидаги гап-сўзлар ҳам бирмунча шубҳали бўлиб, жиддий тадқиқни тақозо этмоқда.

Елена Урлаеванинг уйидаги кўплаб ҳужжатлар, фуқароларнинг ариза ва мурожаатларини ёқиб юборгани, ўзини оила аъзолари олдида номуносиб тутгани ҳақида асосланмаган гаплар бор. Унинг Ислом динини қабул қилгани-ю, ўғли Денис томонидан рухий касалхонага бериб юборилгани ҳам Урлаева борасидаги бор ҳақиқатни акс эттиришга кифоя қилмайди. Аксинча, у халкаро анжуманларда мамлакатимиздаги инсон ҳуқуқлари вазияти борасида жиддий чиқишлар қилиши, халқаро ташкилотлар олдида Ўзбекистон расмийларини мулзам қилиши эҳтимоли бор эди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ҳуқуқ ҳимоячиларининг Альянси раҳбари Елена Урлаева тақдиридан хавотир изҳор этиб, унинг соғлиғи борасида халқаро тиббий экспертиза ўтказилиши лозим, деб ҳисоблайди. Халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус ваколатхоналари вакилларини ҳуқуқ ҳимоячиси тақдирига бефарқ бўлмасликка чақиради.