07 March 2012
16:41 - Ўзбекистонда тўйлар мавсуми: тўйбоши - бош ўғри Гулнора Карим
"Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми" жамғармаси раҳбари Гулнора Карим мамлакат бўйлаб хайрия тўйлари ўтказмоқчи. Тўйлар фақат болалар уйи тарбияланувчилари, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун хайрия акцияси бўлиб қолмай, Ўзбекистон маликасининг алоҳида меҳрига ноил бўлган хонадонларда ҳам ўтказилар экан. Шу акция доирасида мамлакатнинг барча ҳудудларида жами 1000 та никоҳ тўйи ва 1000 та суннат тўйи жамғарма ҳисобидан ўтказиб берилади.

Далатнинг қўғирчоқ ахборот воситалари бу ҳақда бақириб-чақириб хабарлар тарқатиб, Гулноранинг саховатпешалигини олқишлар экан, бир нарсани айтишни унутмоқда: Мамлакат президентининг қизи халқдан ўғирлаган пулларининг бир қисмини халққа ишлатишга қарор қилибди. Бу ғоят табиий нарса, чунки Президент ҳам, унинг қизи ҳам, халқ олдида жавоб бериш вақти яқинлашаётганини сезишга бошлашди.

Уларнинг умиди – ўғриликдан чиққан пулга уйланган йигитлар ва қўли ҳалолланган болалар ўша жавоб бериш пайтида мухолифат сафларида эмас, ўз олдиларида бўлишига эришмоқ. Бу ҳам тўғри, ахир халқимиз “ноумид шайтон” деб бекорга гапирмайди. Русларнинг ҳам мақоли бор: Умид энг сўнгда ўлади.