30 January 2012
05:46 - Яна Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг раиси ўлгани ҳақида хабар тарқатилди
Кеча эринмаган кўпгина ахборот воситалари Афғонистонда террорга қарши уруш олиб бораётган Халқаро Хавфсизлик Ёрдами Кучларига (ISAF) асосланиб, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг Илҳом исмли лидери Афғонистоннинг Таҳор вилояти Талақон туманида ўлдирилганини хабар қилдилар. ББС майдалашиб ўтирмасдан, Тоҳир Йўлдошнинг ўзи ўлдирилганини айтиб қўя қолибди.

ISAF нинг расмий сайтида айтилишича, Илҳом 2011 йил 25 декабрда Афғонистоннинг Таҳор вилоятидаги расмий вакилини ўлдиришга маъсул бўлган шахс. Хабарга ҳеч қандай расм илова қилинмаган.

Маълумки, Тоҳир Йўлдош ўлдирилгани ҳақида бир неча марта хабар тарқатилган бўлиб, ҳар сафар у хато бўлиб чиқарди. Лекин ҳамма бу Ҳаракат сайтининг Тоҳир Йўлдош 2009 йил 27 августида ҳалок бўлгани ҳақидаги эътирофига ишонарди.

Ҳозир ким ўлдирилди, Илҳом ким ўзи каби саволлар жавобсиз қолмоқда.