27 January 2012
03:28 - “Ҳаракат” хатқутисидан: Сурхандарё туманларининг “тадбиркор” ҳокимлари
Коррупциянинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига монанд равишда ўсишини Тошкентдан 1000 километр узоқликда жойлашган Сурхондарё мисолида ҳам кўриш мумкин. Президент Давлат қурилиш академиясини битирган Алишер Норқобилов 4 йил Қизириқ туманига ҳокимлик қилди. Шу йиллар мобайнида туман иқтисоди батамом издан чиқди. Чунки ғалла-пахта тайёрлаш шартномалари муттасил равишда бажарилмади. Ҳоким ўзига уй қуриш учун фермер хўжаликларининг ҳисоб-рақамидан катта-катта миқдордаги пулни қурувчининг ҳисоб-рақамига ўтказиб кетган. Шундай ва шунга ўхшаш жиноятлари учун А.Норқобилов 14 йилга озодликдан маҳрум этилди. Ҳозир у Қорақалпоғистондаги машҳур “Борса-келмас” “оромгоҳида” пул эмас кун санаб ўтирипти.

Денов туманининг ҳокими Абдусамад Ҳожиқулов давлат қурилиши академиясини битирмаган бўлса-да, қоғоздан пул ясаш илмини кейинги етти йил давомида пухта ўзлаштирди.

Туман ҳокимининг ҳар бир қарори А.Ҳожиқулов учун тўлов варақасидай гап эди. Айтишларича, мўл-кўл тўлов учун у ҳатто ваҳҳобийларнинг хизматини қилган. Ўзбекистондаги энг тадбиркор ҳоким сифатида эътироф этилган бу йирик коррупционер қамоққа олинди. Ваҳоланки, у эрта-индин “Ўзбекистон Қаҳрамони” бўламан деб турган одам эди.

Шўрчи туманининг ҳокими Ўрол Бобоқулов “тадбиркор”лиги учун қамоққа олинганидан сўнг унинг ўрнига Бойсун туманига ҳокимлик қилиб турган Эркин Бойниёзовни олиб келишди. Эркин Бозорович Давлат қурилиш академиясини тугатмагани билан мўйлови бор эди. Қараса, олдинги ҳоким пуллаш мумкин бўлган ҳамма нарсани сотиб бўлган экан. Шунинг учун у фермерларнинг ерларини томорқа қилиб соттира бошлади. Фермерларга ҳам худо берди. Ҳоким “ўнта сот” деса фермер йигирмата томорқа сотади. Чунки фермерларнинг ҳам ҳокимникига ўхшаган оғзи бор-да! Шу муносабат билан Эркин Бозорович Сенатга сенатор бўлди. Ҳар сотих томорқа минг долларга чиқиб кетди. Томорқафурушлик шу даражага етдики, ахир-оқибат муҳтарам Сенаторга “Туёғингни шиқиллат!” дейилди. Чунки, Сенаторнинг қамоққа олиниши Ўзбекистоннинг шаънига тўғри келмас эди.

Юқорида қилмишларининг мингдан бири баён қилинган ҳокимлар оддий, яъни осонгина қўлга тушириш мумкин бўлган оддий “коррупционерлар”дир.

Аммо, Сурхондарё, айтайликки Самарқанд, Қашқадарё, Бухоро, Тошкент, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларига нисбатан қанчалик қолоқ бўлмасин, бу ерда қирқ йил келига солиб туйганингиз билан киприк қоқмай турадиган “суперкоррупционер”лар ҳам бор ва уларнинг бир-иккита жиноятини баён қилишимиз билан ўзингиз ҳам ёқа ушлаб “Ош бўлсин!” деб юборасиз.

Ўзини анқовликка олиб юрадиган анна шундай аждарҳолардан бири вилоят ҳокимининг ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Парда Маъдиевдир.У 2004 йилда вилоят Марказий банк бошқарувчилигидан Сариосиё туманига ҳоким бўлиб борган эди. Орадан бир йил ўтиб ширкат хўжаликлари ёппасига фермер хўжаликларига айлантирилди. Шу муносабат билан тендерга қўйиладиган экин майдонлари қайта ўлчовдан ўтказилди, шунга қараб лойиҳа-хариталар чизилди. Парда Маъдиев суперкоррупционер бўлганлиги учун 2 минг гектардан зиёд майдонни лойиҳа – хариталарга кириттирмади. Яъни айтайликки, бир ўн беш гектар, аммо у хаританинг контур лойиҳага ўн гектар деб кўрсатилди. Бу ишни кадастр идорасининг бошлиғи Ғулом Самадов, ҳоким ва фермер билди, холос. Шунинг учун, ана шундай... ерлар ҳар томонлама синалган, оғзи маҳкам, мард одамларга берилди. Бу орада томорқаларнинг нархи кескин ошиб кетди. Суперкоррупционеримиз 2007-2008 ва 2009-йилларда ҳар сотихини минг доллардан мингдан зиёд томорқа сотди Аммо, лойиҳа-харитадаги майдонлар бир сотхига ҳам камаймади – ана буни супер жиноят деса бўлади.

2009 йилнинг ўртасида қаҳрамонимиз вилоят ҳокими ўринбосар бўлиб кетди. Ўзи дамлаган ошни охиригача мазза қилиб ейиш унга насиб қилмаган экан. Қолган минг гектарнинг ҳузурини ҳозир бошқалар кўрмоқда.

Парда Маъдиев янги вазифада ўзини жуда яхши ҳис қилмоқда. Шу муносабат билан бир банк бошқарувчиси бундай дейди: “Биз фақат ойлик оламиз холос, қолган ҳамма ишни Парда Маъдиев қилади”.

2011 йил “Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш йили” эди. Кредит эса тадбиркорнинг қаноти. Сурхондарёдаги қолоқлик банк тизимида носозлик билан изоҳланади. Вилоят банкларидан кредит олиш ўлим билан тенг. Тадбиркорлар йиллаб банк остонасида кредит олиш учун сарғаядилар. Денов “Агробанк” филиали 2011 йилда тадбиркорларга 7,2 миллиард сўм бериши режалаштирилган эди. Аммо бу маблағнинг 1,5 миллиард сўми банкда қолиб кетди. Бундай аҳволни вилоятдаги барча банк мисолида кўриш мумкин.

Вилоят электр тармоқлари идораси 2011 йилни 96 миллиард сўм дебиторлик қарзи билан якунлашди. Бундай қарздорлик тизимни издан чиқаради. Айтмоқчи, бу тизим вилоятда аллақачон ишдан чиққан. Шунинг учун тўловлардаги товламачилик ва фирибгарликлар миллиард сўмлар билан ҳисобланади.

Айтаверса, гап кўп. Мана охиргиси: Янги йилнинг январ ойи ўртасида туман ҳокимлари “юқори”нинг айримларини айтишига қараганда Парда Маъдиевнинг топшириғига кўра апельсин савдоси билан шуғуллана бошладилар. Турли туман идораларнинг сон-саноқсиз катта-кичик раҳбарлари туман ҳокимларининг ҳузурига чақирилиб, уларга бундай дейилди: “Апельсин бор, килоси 4000 сўмдан, пули нақд бўлсин!” Икки кунда 100 тонна апельсин пулланди ва 400 миллион сўм нақд пулга айлантирилди.

Қизиғи шундаки, биров бу топшириқдан бошқ тортмади. Чунки катта карвон қайси йўлдан юрса, кичик карвон ҳам унинг изидан боради-да!

Ана шундай “тадбиркор”нинг бу йил, ҳатто яқинда вилоятга ҳоким бўлиши тахмин қилинмоқда. Томошанинг каттаси шундан кейин бўлади.

Раҳмон Али