27 January 2012
02:11 - Мозори-Шарифда бир аёл 6 чақалақ туғди
Аҳолисининг кўпчилиги ўзбеклар бўлган Афғонистоннинг Мозори-Шариф шаҳрида Сора Гул исмли аёл бирданига 6 фарзандли бўлди. Таъбир жоиз бўлса олтизак деб айтиш мумкин бўлган чақалоқларнинг 3 нафари қиз, қолганлари ўғил. Ҳаммасининг аҳволи яхши. Фақатгина чақалоқлардан бири жуда кичкина, оғирлиги 700 грамм, унинг аҳволи унча яхши эмас.

Оиласи камбағал бўлгани учун, Сора туғиладиган болани боқиш қийин бўлишидан қўрқиб, ҳомиладор бўлгандан кейин болани тушириш учун деворлардан ҳам сакраб кўрибди. Аммо, бўлмабди. У ҳомилалик бўлган вақтида ҳеч докторга бормаган, олти чақалоқ туғилишини аввалдан билмаган.

Афғон матбуоти бу оилага давлат ёрдам бериши лозимлигини ёзмоқда, дейилади Туркиядаги “Миллиёт” газетасининг хабарида. Хабарларда Соранинг миллати айтилмаса ҳам, у ўзбек бўлиши мумкин.