ЎзАнинг бу ҳақдаги хабарида, янги марказ дунёнинг энг катта автосервизи эканлиги айтилмайди, очилаётган корхона Ислом Карим раҳнамолигида қилинаётган буюк ишлардан бири эканлиги урғуланади, холос.
Лекин, агар шу расм ҳақиқий бўлса, халқаро аэропортларга ўхшаб кетадиган, устида Ўзбекистон байроғи ҳилпираётган автосервиз маркази дунёда энг катта бўлса ажаб эмас.
Чунки, дунёда бундай катта марказлар қуришдек аҳмоқона иш ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳам келмайди. Дунё - автомобиллар ҳар бир одамнинг кундалик ҳаётида ишлатадиган оддий жиҳозга айланиб борар экан, ҳар қадамда, ҳар бир одамга яқин бир жойда, эҳтиёж туғилиши билан дарҳол етиб борилиши мумкин бўлган масофада - кичик-кичик автосервизлар яратиш йўлидан кетмоқда.
Ўзбекистон ҳукуматининг ҳар бир ишини танқид қилавериш мақсадимиз эмас, аммо ҳеч нарсани тушунмайдиган одамлар ўтирган ҳукумат устидан кулишга мажбурмиз, ҳатто маҳкуммиз.
Чуст шаҳрида қурилган “Chust-Avtotexxizmat-N” маъсулияти чекланган жамият давлатники эканлиги айтилмаган бўлса ҳам, шубҳасиз у давлатникидир. Энди нафақат чустликлар ва наманганликлар, балки бутун водийликлар автомабилларини бу муҳташам автосервизга олиб бориб, бахтли бўлишади, деб ўйлаган албатта, Ислом Карим раҳнамолигида бу марказни қурдирган давлат одамлари.
Аммо, кундалик эҳтиёжга айланиб бораётган автомобиль тузатишдек ишни бажартириш учун ўнлаб километр йўл босиб, бу автомарказга боришнинг азоб-уқубати ҳақида ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаган.
Эй, ўзбекнинг давлат арбоблари! Шу автосервиз учун ишлатилган маблағни кичик бизнес эгаларига қарзга берсангиз эди, Наманган вилояти юзлаб бўлмаса ҳам, ўнлаб кичкинароқ, аммо одамларнинг қўл остидаги замонавий минисервиз марказлари билан тўларди. Айнан ўшанда одамлар хурсанд бўлишарди.