15 December 2011
01:45 - Букрини, йўғ-э, букриларни гўр тузатади, Салой Мадаминни ҳам, Озодлик ва ББС хабарчиларини ҳам
Шу йилнинг 5 декабрида Ҳуқуқ ҳимоячиларнинг Альянси раҳбари Елена Урлаева бир шов-шувли баёнот тарқатган экан. Яъни, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати деган номи улуғ ташкилотнинг раҳбари Муҳаммад Солиҳга суиқасд қилиш, унга қарши кўрсатма беришга мажбурланган бир қиз Андижонда ўз жонига қасд қилган...

“Муҳаммад Солиҳ” - ўзимизнинг Салой Мадамин: 1989 йили “Бирлик”ни парчалаб, коммунистик ҳукуматнинг қўйнига кирган, Коммунистик партия рўйхатидан альтернативсиз депутат бўлиб сайланган, ҳизматлари учун 53-54 сонли иккита квартира билан мукофотланган ва шу сабабли “53-54” лақабини олган, Ислом Карим тарафидан ишлатиб бўлингандан кейин бир тепиб улоқтирилган шахс.

Урлаева эса... ўзимизнинг бир фуқаро, ҳуқуқ ҳимоячилигига даъво қилиб юрадиган ҳамюртимиз.

Лекин ўз жонига қасд қилган Гулсумойми, Гулсалойми - ким, буни билмаймиз. “Озодлик”, Би-би-си радиоларининг ўзбек хизмати шоввозларига кўра, бу қиз Германиядаги олий ўқув юртларидан бирида таҳсил олаётган талаба қиз Гулсумой Абдужалилова. У Салой Мадаминга суиқасд уюштириш, кун сайин кучайиб бораётган халқ ҳаракатини синдириш учун хуфялар томонидан Европага ташланган. Бу ишни амалга оширишга виждони қийналган қизгина Андижонда заҳар ичиб, жонига қасд қилган.

Бу хабар чиқмаган, чоп қилинмаган жой қолмади ҳисоб (“Ҳаракат” сайтидан бошқа). Лекин масаланинг миси кейин чиқди. Нажоткор Елена Урлаева Гулсумойми, Гулсалойми, ишқилиб ўша қизнинг ота-онасига ҳамдардлик билдириш, ҳодисанинг фаҳмига етиш учун Андижонга бориб келибди. Унинг афсусланиб билдиришича, бундай қиз ҳам, у яшаган қишлоқ ҳам, ўқиган мактаб ҳам йўқ экан. Шошқалоқлигидан виждони азоб еган Елена Урлаева буни дарҳол жамоатчиликка маълум қилди, ўзининг алданганини тан олиб, халқ ҳаракатчиларидан хафа бўлганини яширмади.

Би-би-си ўзбек хизмати ҳам ўз хабарлари юзасидан суриштирув ўтказиб, раддиянамо каби бир нима эълон қилди.

Аммо луғатдаги барча салбий сўзлар билан таърифланса ҳам камлик қиладиган “Озодлик”чилар ҳамон эгардан тушмаётир. Ёлғон ёлғонларга уланиб кетди: радионинг расмий веб сайтида қўлбола сохта ўлим қоғози чоп қилинди, Гулсалойнинг ўлими олдидан ёзган “васияти” пайдо бўлди...

Афсуски, бундай аянчли манзарани ибтидоий ўзбек жамияти ҳазм қилиб кетаверса керак. Салой Мадамин бошчилигидаги бир гуруҳ хоинлар “Бирлик”ни парчалаганида ҳам шундай бўлганди. Шубҳасиз, айнан шу сабабдан, яъни миллатга хоинлик қиладиган “миллатпарварлар” ва масхарабоз “хабарчилар” кўпайиб кетганлигидан миллатимизнинг аҳволи ҳозир кўриб турганимиздек.