04 December 2011
21:22 - Жиззахда ҳокимлик вакили ҳибсга олинди
Таҳририятимизга бироз кеч келган хабарга кўра, Жиззах туман ҳокимлигининг режалаштириш бўлими бошлиғи Шуҳрат Олимов маҳаллий тадбиркорлардан биридан 9000 минг АҚШ доллари миқдорида пора олганликда айбланиб, МХХнинг вилоят бошқармаси тезкор вакиллари томонидан ҳибсга олинган. Дастлабки суриштирувларга кўра, мазкур пуллар аслида туман ҳокими Маҳмуд Холбўтаевга тегиши лозим бўлган. Яъни, пулнинг 6000 АҚШ доллари унга теккан. Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг одами бўлган Холбўтаев пул эвазига Жиззах шаҳрига кираверишдаги даҳалардан бирида автомобилларга газ қуйиш шахобчаси қуриш учун рухсат бериши лозим эди.

Муқаддам вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи, Дўстлик тумани ҳоким лавозимларида ишлаган Холбўтаевнинг жавобгарлиги борасида аниқ маълумотлар йўқ. Лекин ҳокимнинг ҳимояси учун адвокатлар қолиб, Жиззах вилоят ИИБ қўриқлаш бирлашмаси бошлиғи, полковник Иброҳим Қаршибоев бошчилигида ҳимоя гуруҳи тузилган. Гуруҳ таниш-билишларни ишга солиб, ҳокимни муқаррар жазодан қутқариб қолиш миссиясини адо этмоқда.