04 December 2011
20:18 - Маҳкума Райҳон Соатовани тақдир яна оғир синовга ташлади
Кеча тунда Тошкент-Гулистон трактининг 13-киломерида (Гулистон тумани ҳудуди) содир бўлган автоҳалокатда 1973 йилда туғилган фуқаро Нодира Соатова фожиали ўлим топди. У Мирзо Улуғбек тумани миршабхонасида тергов даврида жинсий зўровонлик қурбони бўлган Райҳон Соатованинг опаси эди. Маҳкума билан Жиззах шаҳридаги манзил колонияда учрашиб қайтаётган Нодиранинг автоҳалокатда 5 яшар қизчаси ҳам оғир мия жароҳати олган. Lasetti автомобили билан тунги 22.05 да содир бўлган йўл ҳодисаси машинанинг йўлдан чиқиб кетиши натижасида рўй берган. Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.

Гулистон шаҳар морги марҳуманинг жасадини дам олиш куни бўлгани боис беришни пайсалга солди ва жамиятимиз фаолларининг аралашувчидан сўнг бугун тушда маййит эгаларига берилди. Нодиранинг турмуш ўртоғи Аслиддин ва бошқа қариндошлар марҳуманинг жасадини Тошкентга олиб келишган, у эртага тупроққа берилади. Жинсий зўровонлик қурбони бўлган Райҳон ўтган йилнинг 31 мартида отаси Чори акадан ҳам айрилганди. 61 яшар педагог қизи билан боғлиқ ҳодиса тафсилотини эшитгач, ўткир миокард инсульти натижасида вафот этган.

Афсуски, бу маъшум ҳодиса “Эзгулик”чи журналист Дилмурод Саййиднинг рафиқаси Барно Жуманова ҳамда қизи Рухшонанинг 2009 йил 6 ноябрдаги фожиали ўлимини ҳам ёдга солади. Барно ва Рухшона ҳам айнан адолатсизлик қурбони бўлган турмуш ўртоғини кўриш учун қамохонага кетаётганда ҳалок бўлишганди...

Нодира Соатованинг ўлими муносабати билан Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг ЖИЭББга мурожаат қилиб, Жиззахдаги манзил колонияда жазо муддатини ўтаётган Райҳон Соатовани озод қилишни сўради. Мурожаатда ЖИЭББ маъмурияти инсонпарварлик ва гуманизм тамойилларига амал қилишга чақирилди ва Райҳонни шартли бўлса-да, озодликка чиқариш сўралди. Опаси Нодирани сўнгги манзилга кузатиш учун озод этилиши сўралаётган Райҳон Соатованинг муносиб хулқ-атворда бўлишига “Эзгулик” жамияти Жиноят Кодекси ва Жиноят ижроия Кодекси талаблари асосида кафолат берган.