04 December 2011
19:26 - Олмотада 5 кишилик террористик гуруҳ йўқ қилинди, хавфсизлик хизматининг икки ходими ҳалок бўлди
Бугун эрталаб Остонада Қозоғистон Бош прокуратурасида фавқулодда брифинг ўтказилди.

Бу ерда маълум қилинишича, кеча кечқурун бу мамлакатнинг махсус хизматлари Олмота вилоятидаги Боролдой поселкасида 5 кишилик террористлар гуруҳини қўлга тушириш учун махсус опереция ўтказишган. Террористлар бир уйга кириб олишгач, ўртада чиққан отишма ярим кечагача давом этган, махсус хизматларнинг икки ходими, террористларнинг ҳаммаси ўлган. Террористлар гуруҳининг лидери Агжан Ҳасен (1977 йилда туғилган) ҳам уларнинг ичида. Аҳоли ичида ҳеч қандай талафот йўқ.

Террористлар яширинган уйда иккита РГД-5 гранатаси, иккитадан Калашников автомати ва Макаров пистолети топилган.

Ҳозир бутун дунёда террористлар деганда, минг афсуски, ҳаёлга биринчи бўлиб исломий террористлар келади. Аммо, қозоқ расмийларининг маълумотларида бу террористик гуруҳнинг қайси қанотга оидлиги умуман тилга олинмайди, бу гуруҳ Олмота ва Остонада нималардир қилмоқчи бўлгани айтиб ўтилади, холос.

Тахмин қилиш мумкинки, қозоқ махсус хизматлари аввалдан тайёрланган махсус операция ўтказишмаган, бу террористик гуруҳ тасодифан улар билан тўқнашиб қолган. Шу сабабли, уларнинг кимлигини қозоқ расмийларининг ўзи ҳам ҳали билмайди. Балки, оддий қароқчилар гуруҳидир.