04 December 2011
18:37 - Россияда парламент сайловлари сокинликда ўтмоқда
Бугун Россия Фдереацияси парламентининг қуйи палатаси бўлмиш Давлат Думасига сайловлар ўтказилмоқда. Энг шарқий ҳудудларда Москва вақти билан соат кундузи 12 да сайлов участкалари бекилади. Аммо, энг ғарбий ҳудудларда ҳам сайлов участкалари бекилмагунча, яъни Москва вақти билан соат 21 гача турли сайлов натижаларини ва сўровномаларнинг (экзит-полларнинг) натижаларини ҳеч қаерда эълон қилиш мумкин эмас.

Сайловларда 7 партия иштирок этмоқда – “Адолатли Россия”, Либерал-Демократик Партия, “Россия Патриотлари”, Коммунистик Партия, “Яблоко”, “Бирлашган Россия” ва номини ўзбекчасига “Адолат Иши” деб таржима қилса бўладиган “Правое Дело”.

Бугун сайланадиган 450 депутатли Давлат Думасининг ваколати 5 йил бўлади, шу пайтгача 4 йил эди. Аввалари каби, 7 фоизли тўсиқдан ўтган партияларгина Думага киради. Аммо, яқинда қабул қилинган қонунга кўра, 6-7 фоиз орасида овоз олган партияларга Думада 2 тадан, 5-6 фоиз орасида овоз олганларга 1 тадан ўрин бериладиган бўлган.

Шу пайтгача бирон жойда сайлов билан боғлиқ нотинчлик ёки муаммо бўлгани хабар қилингани йўқ. Баъзи жойларда баъзи кузатувчиларни сайлов участкасига киритилмаётгани ёки журналистларга расм олиш учун рухсат берилмаётгани каби хабарлар бор, холос.

Маълумки, рус демократларининг асосий кучи - Халқ Озодлиги Партияси турли баҳоналар билан рўйхатга олинмаган ва сайловда иштирок этмаяпти.

Президент Дмитрий Медведев хотини билан, Бош вазир Владимир Путин якка ўзи сайловда иштирок этиб бўлди.