30 November 2011
22:14 - “Ҳаракат” хақутисидан: “50 доллар ишламоқчимисиз, Баҳодирнинг акциясига қўшилинг!”

“Бирлик” раиси Абдураҳим Пўлат АҚШда туриб жонбозлик кўрсатаётган “Бирдамлик” лидерини хунаса деганида ростакамига муштларим тугилганига иқрорман. Хом сут эмган банда эканман, ўшанда Пўлатовнинг гапларини ғаламислика йўйганман. Ёшларга йўл бермайди, бировнинг қилган ишини кўролмайди, ҳасад кўзини кўр қилиб қўйган, деб ўйлаганман-да. Лекин масалани чуқурроқ мулоҳаза қилиб кўрмаган эканман. Пўлатов сураётган айблов оддий жиззакилик эмас, балки чуқур таҳлил ва кузатишлар самарасидек туюлиб кетди менга.

Ҳар ким ҳам онасидан сиёсатчи бўлиб туғилмайди: балки, сиёсатнинг қозонида қайнаб, сиёсий жараёнлар ичида пишади. Ниятлар қанчалик улуғ бўлмасин, калла қурғур ишламаса, сиёсат ҳақида гапирмаган яхши. Сиёсатни билмайдиган одам бамисоли сузишни билмайдиган ўрдакча: сувга... ҳам боши, ҳам думи билан шўнғийверади. Бу ўринда Баҳодирнинг сиёсий портретини чизиш ниятим, хоҳишим йўқ, аммо бироз шошмасангиз гап бор.

Дарров хаёлимга “Бирдамлик” икки ойча аввал ўтказган, тўғрироғи, ўтказмоқчи бўлган “ОШ” - оммавий шикоят тадбири келди. Ташкилий масала, акция иштирокчиларининг кимлиги ҳақида билмайман, аммо акциядан Баҳодирвойнинг ниятлари хўп яхши бўлганини тахмин қилдим. Ахир, пойтахтдаги Олой бозоридан Олий судгача бўлган масофада халқни ортидан эргаштириш, мудраётган миллатни қўзғатиш қанчалик улуғвор иш эканини тасаввур қиляпсизми!

Афсуски, акцияга ҳеч ким келмади: ҳатто “Бирдамлик”нинг мамлакат ичидаги аъзолари тугул, етакчилари ҳам. Халқни-ку, қўяверинг. Буни лидерга хиёнат, деб тушуниш керакми ёки ҳақиқатан ҳам бир-икки исқиртлар-у, сиёсий фоҳишалардан иборат команданинг аслида ўз лидерининг кимлигини билиши? Тан оламан, “Бирдамлик”чилар мендан ақлли ва фаросатли экан: улар ўз лидерининг ҳақиқатан ҳам сиёсий маънода хунаса эканини билишар, шунинг учун акцияга келишмаган экан. Уларнинг биттаси бу ҳақдаги сирни очганидан сўнггина миямга тепди.


Бола бечорани соғин сигир қилиб олган эски шоқоллар Конституция баҳонаси билан уни яна тунашмоқчи: у-бу ташкилотлардан ёлланиб ўтган сафдошлари мамлакат Бош қомуси қабул қилинганининг 19 йиллиги муносабати билан норозилик акцияси ўтказмоқчи, акцияда қатнашган ҳам бир жонга 50 АҚШ доллари берилиши ҳақида гаплар бор. Агар акцияга минг киши келса, Баҳодир ўртага шартта 5 тахлам кўкини ташлайди.

 

Лекин акция талаби мавҳум, режаси ноаниқ. Қурбонлар, бурни қонаши мумкин бўлган жабрдийдалар лидерни қизиқтирмайди. Ўтса бўлди-да, бу режани бош режиссёр АҚШнинг кенг йўлларида арава суриб юрган кезларида миясида пишитган. Мақсад “Бирдамлик” ҳаракатининг ҳаракатланаётганини кўрсатиш...

Хунасалик жисмоний маънодаги жинсий заифлик, сиёсий маънода эса мия, фикрлаш фалажлигидир. Зотан, Чориевнинг жисмоний ҳолати ҳеч кимни қизиқтирмайди. У сиёсатчиликка даъво қилаётган экан, жамоатчиликнинг доимий таъналарига жавоб бериши, авторитети учун курашиши лозим. Юқорида “шошманг” деганимизнинг боиси шунда эди: 50 доллар олиб, акцияда иштирок этасиз ва бира тўла масхарабозга айланасизми ёки бола бечорага қилаётган иши учун ҳукумат оғзи қолиб, кети билан кулишини тушунтирасизми, ўзингизга ҳавола.

Ҳайитали Ёқубов
Тошкент шаҳри
yakubovhn@yahoo.com