27 November 2011
12:27 - Ислом Карим Тошкентдаги халқаро симпозиумда янглиш гапирдими ёки ёлғон?
Кеча Тошкентда иш бошлаган “Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш миллий модели: “Соғлом она – соғлом бола” мавзусидаги халқаро симпозиумнинг очилишида нутқ сўзлаган Ислом Карим мамлакатимизда бу соҳада ҳамма нарса аъло эканлигини кўрсатувчи бир қатор рақамлар келтирди. Масалан, 2000 йилдан бери ирсий ва туғма нуқсонли болалар туғилиши 1,7 марта камайтирилган, кейинги 3 йилда соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаш ҳажми 2,5 баравар кўпайган.

Табиий, бу рақамлар ҳар бир ўзбекни қувонтириши керак ва қувонтиради ҳам. Аммо, уларни Ўзбекистонда текшириб кўриш қийин. Масалан, яқинда Қонунчилик палатасида янги йил бюджети тасдиқланди, расмий хабарларда бюджетга оид биронта рақам айтилмади, табиий, соғлиқни сақлаш учун ажратилган маблағнинг миқдори ҳам.

Шундай бўлса ҳам Ислом Карим келтирган рақамларни баҳолаш имкони бор. Маслан, у 1991 йилдан буён ўтган даврда Ўзбекистонда одамларнинг ўртача умр кўриши 67 ёшдан 73 ёшга, аёлларнинг умр кўриши эса 75 ёшга узайганини гапирган.

Аммо, Интернетнинг бу соҳага оид саҳифаларида кўрсатилишича, Ўзбекистон собиқ Совет мамлакатларидан фақатгина Тожикистондан олдинда бўлиб, бу соҳада фожеавий аҳволда ҳисобланадиган Россиядан ҳам орқада. Ўша ердаги рақамларга кўра, Ўзбекистонда одамлар ўртача 65,1 йил умр кўришади, эркаклар – 61,6 ва аёллар – 68,6.

Ана энди “Ислом Карим ёлғон гапирдими ёки янглишди?” деган саволга ўзингиз жавоб қидираверинг.

Солиштириш учун баъзи мамлакатларда бу рақамлар қандайлигини кўрайлик.

Умрнинг узунлиги бўйича жаҳонда биринчи ўрин Андорада, иккинчи ўрин Японияда. Японлар ўртача 82,15 йил умр кўришади, эркаклар – 78,7 ва аёллар – 85,6. Қозоғистонда ўртача умр 67,35 бўлса, эркаклар – 61,9 ва аёллар - 72,8.

Ислом Каримнинг нутқидаги Ўзбекистонга оид рақамлар қанчалик тўғри ёки ёлғон эканлигини, ҳеч бўлмаса, бизчалик анализ қиладиган ахборот воситаси топиладими? Шундай нарсаларни анализ қилиш профессионал вазифаси эканлигини тушунадиган ўзбек журналистлари яна борми?