27 November 2011
07:07 - Сенсациями ёки масхарабозлик: Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳуқуқ ҳимоячиларининг хабарини ёлғонлади
Ҳукуматнинг қўғирчоқ сайтларида Ички ишлар вазирлигининг қамоқхоналаридан бирида маҳкума Мухайё Одилова жинсий зўрлангани ҳақида “Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси” тарқатган хабар ёлғонланган. Вазирликнинг баёнотида келтирилган бир қатор фактлар ростдан ҳам ҳуқуқ ҳимоячиларининг хабари ҳақиқатдан узоқ эканлигини исботлайди.

Ўзбекистон расмий идораларининг биронта баёнотини жиддий қабул қилиб бўлмагани каби, бунисини ҳам қабул қилиб бўлмайди. Ўзбек идораларининг баёнотлар асосан масхарабозликдан ибрат бўлганини ҳамма тушунади.

Айни замонда, “Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси” ростдан ҳам ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотми, деган саволни ўртга қўйиш ҳам ғоят табиийдир. Маълумки, бу альянс сиёсий масхарабозликда ҳукуматдан ҳам қолишмайдиган “Озод деҳқонлар” партияси ва гўёки унинг асосида тузилган “Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси каби ташкилот фаоллари эканлигини иддао қилаётганлардан иборат. Ўзи йўқ партия ва коалицияни бор қилиб кўрсатишга уриниб, масхарабозлиги кўриниб қолган одамлар ҳуқуқ ҳимоячилигида жиддий бўлиб қолармидилар?

Ички ишлар вазирлиги, унинг идоралари ва ходимларинининг кирдикорларни фош қилувчи материалларни дунёга маълум қилаётган бирдан-бир ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилот “Эзгулик” жамиятидир. Қани, Ички ишлар вазирлиги унинг хабарларини расмий баёнот билан инкор қилиб кўрсинчи, ўзининг шармандаси чиқади.