29 September 2010
16:21 - Ҳамма “Бирлик” номидан ҳам қўрқади, аммо ҳамма у билан ҳисоблашишга мажбур, қирғиз миллатчилари ва фашистлари ҳам
Қирғизистон жанубида қирғиз фашистлари, Ўзбекистон ҳукуматининг ўзбек миллатига қилган хиёнатидан фойдаланиб, ўзбекларни қирғин қилган кунлари баёнот эълон қилган “Бирлик” Партияси Қирғизистон жанубидаги ўзбекларни ҳимоя қилишга интилган бирдан-бир сиёсий куч бўлгани ҳаммага маълум. “Бирлик” ўша баёнотида Қирғизистоннинг жанубида Ўзбек мухторияти тузишни таклиф қилганди.

Қирғизистондаги биронта оммавий ахборот воситаси бу баёнотни ёритмади. Аммо, қирғизлар ва уларнинг сиёсий элитаси бу баёнот билан танишганлиги шубҳасиз. Масалан, қирғизларнинг мустақил 24.kg агантлиги “Бирлик”нинг номини тилга олмасдан, у кўтарган мухторият масаласи бўйича АҚШлик дипломатга савол бериб, унинг жавобини ҳам эълон қилганди.

Шу кунларда Қирғизистоннинг “Кабар” расмий давлат ахборот агентлиги Қирғизистон халқ ҳаракатининг асосчиларидан бири, унинг собиқ раисдоши, ҳозир Вақтли ҳукуматнинг таркибида бўлган, ашаддий миллатчи эканлигини доимо рад этиб келадиган Тўпчибек Турғуналининг бир қатор фикрларини эълон қилди. Кун сари демократиядан узоқлашиб бораётган Қирғизистоннинг давлат агентлиги фақат ва фақат ҳукуматнинг позициясига мос келувчи фикрларни эълон қилиши ўз-ўзидан маълум. Демак, Тўпчибек Турғунали эълон қилган фикрлар ҳозирги ҳукуматнинг ҳам фикрларидир.

Мазкур фикрлар тўғридан-тўғри миллатчилик ва шовинизм ғояларига асосланган бўлиб, улар қирғизларни давлатнинг номини белгиловчи асосий миллат эканлигини қонунлаштириш мақсадини асослаш учун ишлатилган. Бундан ҳам муҳими, Тўпчибек Турғунали ҳам “Бирлик” номини тилга олмаса-да, “Бирлик”нинг ўзбекларга мухторият бериш таклифига кескин қарши чиққан, бу таклифнинг йўққа чиқариш мақсадида “миллий диаспоралар” ҳақида қонун чиқариб, миллий диаспоралар тузишни ҳам тақиқлашга, аммо озчилик миллатларни мавжуд қонунлар доирасида ҳимоя қилишга чақирган.

Агар Қирғизистонда кучли давлат ва давлатчилик анъаналари бўлса эди, Тўпчибек Турғуналини тўла бўлмаса ҳам, маълум маънода, тушунишга ҳаракат қилса бўларди. Аммо, реаллик бутунлай бошқача. Қирғизистонда яқин орада ўз қонунларини ҳурмат қиладиган жамият ва давлат яратиш мумкин эмас. Ўзбек миллати эса, Қирғизистондаги ўзбекларнинг қирғиз фашистлари томонидан яна бир марта қирғин қилинишига кўз юмиб туролмайди.

Бугунги шартлар остида Қирғизистонда ўзбекларнининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг бирдан-бир йўли - Ўзбек мухторияти яратишдир. Ўш Қирғизистоннинг жанубий плойтахти эмас, Қирғизистон ўзбекларининг пойтахти бўлиши керак. Ва шундай бўлади ҳам. Чунки, бошқа йўл йўқ.

Қардош қирғиз миллати, бир вақтлар немислар қилганидек, ўз ичидан чиққан фашизмни қоралаб, қирғиз фашизмига йўл бермасликка кафолат бергандан кейингина, бутун Марказий Осиё бўйлаб интеграцион жараёнлар бошланади, ана ўшандагина миллий-ҳудудий чегаралар феълан йўқ бўлади. Тўғри, немислар коалицион кучлар тарафидан мағлубиятга учратилгандан кейин, фашизмга қарши курашишга ваъда берганлар. Умид қилиш керакки, қирғизлар бундай мағлубиятни кутиб ўтирмайдилар.

Нима бўлганда ҳам, кўриниб турибдики, Қирғизистон Вақтли ҳукумати ўзининг “титул миллат” ва “миллий диаспоралар” қонунлари билан “Бирлик”нинг таклифига ўзига хос равишда жавоб, тўғрироғи, аксилжавоб бермоқчи. Ўзбеклар ва “Бирлик” ҳозир бундай жавобни қабул қилмасликлари ўз-ўзидан маълум.