Андижон хунрезлигининг уч йиллиги
Аччиқ ҳақиқат ва аччиқ хулосалар


205 йил 13 май. Бу қонли кун ўзбек халқининг тарихида абадий қолади. Ўша маъшум куннинг қурбонларини хотирлаш ва уларнинг руҳи учун дуо қилиш ҳар бир инсоннинг бурчи.

Аммо, биз фақат хотирлаш ва дуо қилиш билан овора бўлсак, тарихимиз шундай кунлардан иборат бўлиб қолаверади. Ватан ва миллатнинг асл фарзандлари бундай воқеалар такрорланмаслиги учун нималар қилиш кераклигини ўйлашлари керак. Бунинг учун эса, аваламбор, бу воқеаларнинг сабалари нима ва сабабчилари ким эканлигини билиш шарт.
Акс ҳолда, ҳамма нарса эски тос, эски ҳаммом бўлиб қолаверади.
Ҳар ким яхши тушунадики, у воқеаларнинг сабаби – бировлар диктатура, бировлар авторитар дейдиган мавжуд режим яратган атмосфера бўлса, асосий сабабчилари – президент Ислом Карим ва унинг командасидир.
Бу диктатуранинг илдизлари Совет режими эканлиги ҳам маълум. Демак, Ислом Карим ва унинг командасини етиштирган ҳам Совет тузумидир. Шу шаклда тарих занжирининг ҳалқалари бўйлаб орқага юришни бошласак, айбдор қидириб Одам Атогача ҳам етиб боришдек мантиқсиз бўлиб қоламиз. Аммо, тарихнинг ўзимиз шоҳиди бўлган ва ҳали хотирамиздан кўтарилмаган ҳалқаларидан кўз юмиш - мантиқсизликдан ҳам кўпроқ ақлсизлик бўларди.

Шундай экан, кечагина ўтган кунларимизни эсламасдан бошқа иложимиз йўқ. Эслайлик.

Собиқ Совет жумҳуриятларида қайта қуриш йиллари яратилагн халқ ҳаракатлари ва фронтлари демократик тузум яратиш йўлида ҳал қилувчи қадамлар қилиб бўлишган экан, бугун бу жумҳуриятларнинг аксариятида демократия илгарилашни давом эттирар экан, нима учун Ўзбекистонда Горбачев бошлаб берган сиёсат қазога/аварияга учради ва Ислом Карим 20 миллион ўзбек ва Ўзбекистонда яшайдиган бошқа халқлар устида нима қилса қила оладиган кучга эга бўлолди?

“Бирлик” халқ ҳаракати энг кучли миллий ташкилотлардан бири бўлганини ҳозир ҳамма тан олади. Тан олмаганларга “Бирлик” ўтказган митинглар тасвирланган видеотасмаларни кўрсатиш етарли. Майдонларда шундай кучга эга бўлган мухолифат ташкилоти 1990 йилнинг бошида бўлган парламент сайловларида ғалаба қозониши, ёки ҳеч бўлмаса, парламентда катта кучга эга бўлиши муқаррарди. Яъни, майдондаги кучни расмий сиёсий саҳнадаги кучга айлантириш имкони бор эди.

Аммо, бундай бўлмади. Нима учун? Чунки, айнан шу сайловлар арафасида Ислом Каримнинг ноғарасига ўйнаб, асосий ғояси мустақиллик ва демократия бўлган мухолифатни на мустақиллик на демократияга етишмасимиздан аввал парчалаган Салой Мадамин ва Дадахон Ҳасан каби ҳозир 53-54-чилар деб билинган миллат хоинларининг айби билан Ўзбекистонда диктатура тикланди.

Андижонда ҳар бир томчи қоннинг тўкилишида шу хоинларнинг ҳам улуши борлигини ҳеч ким инкор этолмайди. Агар хоинларнинг ўзи буни тушунмаган ва ҳозиргача тушунмаётган бўлсалар ҳам, энди Андижондаги қонхўрликни қоралаб йиғи-сиғи қилишаётган бўлсалар ҳам, уларнинг гуноҳи ювилмайди.
2001 йилда Ўзбекистон АҚШ билан антитеррор уруши доирасида яқинлашди ва мамлакатимизда нисбатан эркинлик, бугун билан солиштириб бўлмайдиган даражада эркинлик шамоллари эса бошлади. Аввал “Бирлик”, сўнгра бошқа мухолиф гуруҳлар оёққа турдилар. Пўлат Охуннинг ташаббуси билан мухолиф кучларнинг Давра Кенгаши яратилди. 2004 йилдаги парламент сайловлари арафасида демократик мухолифатнинг расмий сиёсий саҳнага кириши учун шароит яратилди.

Хўш, бу кучни ким йўқ қилди? Мавжуд режимми? Йўқ, яна ўша 53-54-чилар, Марат Зоҳидов ва бошқалар. Натижада, Ислом Карим сайловларни яна ўзи истаганча ўтказиб олди ва 2005 йил 13 майда ҳеч кимдан ҳайиқмасдан тинч аҳоли устига қўшин тортти. Андижонда ҳар бир томчи қоннинг тўкилишида мухолифатни парчалашни ўзига касб қилиб олганларнинг ҳам улуши борлигини ҳеч ким инкор этолмайди.

12-чи майдан 13 ўтар кечаси мамлакат қуролли кучларининг бир ҳарбий қисмига, қамоқхонага ва вилоят ҳокимлигига ҳужум қилган қуролли кучлар кимники эди? Акромийлар деб айтиладиган гуруҳ ким? Бу гуруҳнинг одамлари ичида ҳам ўша куни қурбон бўлганлар бор. Аммо, уларнинг ҳам (қурбон бўлганларининг ҳам тирик қолганларининг ҳам), Андижонда бегуноҳ инсонларнинг ҳар бир томчи қони тўкилишида улушлари йўқми? Ёки бундан буён ким президентни ёқтирмаса ҳарбий қисмларни, қамоқхоналарни, ҳокимликларни босиб олаверадими?

“Бирлик”нинг саъй-ҳаракатлари билан мухолифат ахир оёққа туради. Аммо, эски воқеалардан сабоқ чиқарилмаса, хоинларнинг ишларидан ғайрат олган янги провокаторлар яна ўртага чиқишади ва режимнинг мутаҳкамланишига яна ҳисса қўшишади.

Дарвоқи, шундай ғаламислар ғимирлаб қолишгани ҳам кўпчиликка маълум. Андижон воқеаларидан кейин ҳукумат зарбалари остида яна фалаж бўлиб қолган мухолифатни тиклаш жараёни бошланиб, 2007 йил президент сайловида иштирок этиш ҳаракатида бўлган кунлари мухолифатнинг асосий кучи бўлмиш "Бирлик" Партиясини болталаш ниятида "Бирлик" халқ ҳаракатини тиклаш фикрини ўртага отганлар, қандайдир хунасаларнинг номигина дабдабали "Уйғон Ўзбекистон" ташкилотини тузиш ташаббуси ниқобида яна "Бирлик" лидерига ҳужум бошлаганлар - ўша ғаламислардир.
Ўзбек демократик мухолифати Андижон воқеаларидан ва умуман тарихдан хулосалар чиқармаса, воқеаларни шундай анализ қилолмаса, Ўзбекистонда ҳеч қандай демократия бўлмайди, бўлиши ҳам мумкин эмас.

Андижонда қандайдир номаълум қуролланган гуруҳнинг давлат муассасаларига ҳужуми билан бошланган воқеалардан кейин тинч аҳоли нимага ўққа тутилгани, бунга ким буйруқ берганини аниқлаш ва айбдорларни жазолаш - ахир бир кун қилиниши керак бўлган ишлар. Бу ишларни фақат демократик шароитдагина бажариш мумкин. Демократияни Ўзбекистонга демократик мухолифат олиб келади. Демак, бугунги асосий вазифа - нима қилиб бўлса ҳам демократик мухолифатни тиклаш, уни хоин ва ғаламислардан тозалаш.

Аччиқ ҳақиқат ва аччиқ хулоса шу!

Хулосанинг аччиқлиги - орқага қараб маза қилиб йиғлайвериш ўрнига, мазадан кечиб машаққатли олға кетиш йўли таклиф қилинаётганида. Унутмайликки, аввалги фожеалар такрорланмайдиган қилиб олға кетиш - ўтмиш қурбонларининг руҳини ҳам шод қиладиган энг тўғри йўлдир.

Манба: www.harakat.net
12 май 2008 йил

Human Rights Watch Андижондаги қонхўрликнинг 3 йиллиги
арафасида доклад эълон қилди


Дунёнинг энг машҳур ва обрўли ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилоти Human Rights Watch Андижон воқеаларининг 3 йиллиги арафасида “Ўзбекистон: 2005 йилдаги қирғинга боғлик репрессиялар кенгаймоқда” номи билан 45 саҳифалик доклад ва бу хусусда махсус баънот эълон қилди.

Докладда 2005 йил 13 май куни Андижонга қуролли ҳужум қилингандан кейин ҳукуматга қарши бошланган норозилик чиқишларининг иштрокчилари, мамлакатни тарк этган қочқинларнинг оилалари ва Ўзбекистонга қайтиб келган қочқинларни ҳукумат тарафидан таъқиб қилиш кенгайиб бораётгани таъкидланади. Бундай хулоса учун етарлича асос борлиги кўплаб мисоллар билан кўрсатиб берилган.

Баёнот ва докладнинг сўнгида Human Rights Watch Ўзбекистон ҳукуматини қуйидаги қадамларни қилишга чақиради.

- Қайтиб келган қочқинлар ва қайтиб келмаган қочқинларнинг оила аъзоларини таъқиб қилишни дарҳол тўхтатиш;

- Қайтиб келишни истаганларнинг хавфсизлиги ва уларнинг қадр-қиймати топталмаслигини таъминлаш;

- Мустақил ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотларига Андижонда ва мамлакатнинг бошқа жойларида эркин фаолият олиб боришларига имкон бериш;
- Тошкентдаги дипломатик миссиялар ва мустақил кузатувчиларга, хусусан, ноҳукумат ташкилотларга бошқа мамлакатларда қочқин мақоми олгандан кейин Ўзбекистонга қайтиб келганлар билан кўришиш имконияти бериш.
Ўзбекистон билан халқаро саҳнада ҳамкорлик қилаётганларга қуйидагилар таклиф қилинган:

- Мустақил ҳуқуқ ҳимоячиси кузатучилари, ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларига Андижонга бориш учун тўла имкониятлар яратиб беришни Ўзбекистон ҳукуматидан талаб қилиш;

- Андижондаги қирғин учун жавобгарларни топиш хусусидаги чақириқларни янгилаш;

- Андижонга қайтиб келадиган қочқинларнинг хавфсизлиги, уларнинг қадр-қиммати топталмаслиги хусусида гарантиялар бўлмагунча, уларни бошқа мамлакатларда ерлаштириш масаласига афзаллик беришни давом эттиравериш.

HRWнинг доклади ва айниқа баёноти дипломатик, тўғрироғи, ўта юмшоқ шаклда ёзилгани диққатни жалб қилади.