Журнал Ҳаракат №5 (74) 2008. Сиёсатда ғийбат
Ғийбатсифат хат ва ва Абдураҳим Пўлатнинг жавоби
21 октябрь куни “Ҳаракат” журналига ўзини “Бирлик” фаоллари деб танитган беш кишилик бир гуруҳдан хат келди. Хат асосан “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат ҳақида бўлгани учун, у шу куниёқ ўз жавобини эълон қилди. Хат ва жавоб билан қуйида танишиш мумкин.


Ўзбекистон халқ ҳаракати "Бирлик" Партиясининг Марказий Кенгашига очиқ хат

Ассалому алайкум хурматли марказий кенгаш азолари. Хатимзни очиқ ёзаётганимизни сабаби ҳаммага аён кўпчилик кенгаш аъзолари юрт ташқарсига чиқиб кетишганлигидадир, қолаверса биз айтмоқчи бўлган муоммонинг беркитадиган ери ҳам йўқ.

Бирлик партиясининг Интернет саҳифаси ва Ҳаракат журналини партиямизнинг ғояларини ва асл мақсадларини кенг жамоатчиликга етказиш учун ташкил қилганмиз. Афсуски сайтни бошқаришни партия раисига ишониб катта хато қилган эканмиз. Ҳечдан кўра кеч, дейди халқимиз, партия раиси А Пўлатовни "Ҳаракат" журнали таҳририятидан ва Интернет саҳифасини бошқарувидан четлаштиришни талаб қиламиз, бунга етарли далиларимиз бор ва қуйида исботлаб берамиз. Даъвогар суст булса қози муттаҳам деган мақол бекорга айтилмаган. Хеч ким диктатор булиб туғилмайди, уни лоқайд ва лаганбардор одамларни ўзи яратади.

Мана биз ҳам битта диктаторни, яни А Пултов тимсолида яратиб қўйидик. Натижада Ҳаракат журнали ва Интернет саҳифамиз А.Пўлатов томонидан хусусйлаштирлиб, иғво ва туҳматлар яратиб тарқатадиган улкан фабрикага айланиб қолди. Партия фаоллари томонидан жўнатилган мақола ва таклифлар "хўжайин" томонидан қаттиқ цензура қилина бошлади, партия аъзоларини ёзган мақола ва таклифлари Пўлатовни манфаатларига зид бўлса босиб чиқарилмайди ёки ўзгартириб ўз манфатига мослаб элон қилинади, биз эса жим турамиз. Қани гапириб кўрайликчи эртага Бирликни Интернет сахифасида бизни тўғримизда тушимизда хам кўрмаган айблар билан айбланамиз. Партияни обрўсини тўкаётганлигини раисга айта олганларни кўпчиликги аллақачон ҳар хил тухмат ва иғволарга учраб партиядан кетишга мажбур бўлганлар.

Бирликни Интернет саўифаси орқали партияни виждонли ва ўз фикрига эга бўлган фаоллари Баҳром Ҳамроев ва Исмоил Дадажоновлар ҳақида бўлмағур туҳматлар яъни дунёнинг кўпгина мамлакатларида фаолияти тақиқланган Ҳизбут Таҳрир ҳаракатига аъзоликда АЙБЛАНИБ, А.Пулатов томонидан мақолалрни сурункасига элон қилинаётгани, Исмоил Дадажоновни нафақат Ўзбекистонда, бошқа мамлакатларда яшайдиган яқинлари, қариндош уруғлари хамда уларни яқиндан биладиган бошқа инсонларни МХХ тамонидан таъқиб қилинишларига сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон МХХ тажрибасидан унумли фойдаланиб ўзига ноқулай бўлган партия аъзоларига нисбатан туҳмат ва бўхтонлар ишлатиб уларни партия сафидан чиқаришга уриниб келяпти....

Ўтган кунларда Толиб Ёқубов, Зоҳид Ҳақназаров, Дадахон Хасанов, Ёдгор Обид, ва бошқалар, бугун Баҳром Ҳамроев, Исмоил Дадажонов, эртага кимларга навбат келар экан? Биз барча Бирлик партияси фаоллари ватанимизда демократик давлат қуриш учун курашга бел боғлаган бўлсак аввал партиямизни ичида демократик руҳ ташкил қилиб олишимиз керак.

Партиямизнинг низомини 5.3 бандида Партия раиси, раис ўринбосарлари ва партия котиби икки йилдан уч муддатга сайланиши мумкин дейилган. Ҳозирги раҳбарият низомда кўрсатилган муддатни ўтаб бўлишига озгина муддат қолди. Биз бўладиган партия қурултойда низомга асосан ўзмизга янги ишчан кибр ҳаводан йироқ, таккабурликдан холи, ўз манфатидан халқимизнинг манфаатларини устун ққя оладиган одамларни сайлаб олишимиз керак. Партия нашрларини, Интернет саҳифасини партияни мустақил матбуот марказини ташкил қилиб уларга топширишимиз керак деб ҳисоблаймиз ва талаб қиламиз.

Набижон Норбутаев МК аъзоси.
Рафиқ Ганиев партия фаоли.
Тулқин Қораев партия фаоли.
Мухиддин Қурбонов МК аъзоси.
Иномжон Бобохонов партия фаоли.
Улугбек Заинобиддинов партия фаоли

* * *

Абдураҳим Пўлатдан жавоб

Бу хатни ёзган одамлар жиддий эканлигига шубҳам бор. Балки, бундай хатнинг ўзи ҳам йўқдир, хат остида исми келтирилган одамларнинг бу хатга алоқаси ҳам йўқдир. Шундай бўлса ҳам, бу хатни бир баҳона ўлароқ қабул қилиб, баъзи фикрларимни айтиб ўтмоқчиман.

Биринчидан, “Ҳаракат” сайтини биз сафдошим Пўлат Охун билан бирга яратганмиз ва у “Бирлик” Партиясининг расмий органи эмас. Бу - мустақил информацияон-аналитик сайтдир. Буни тушунмасдан хат ёзаётганларнинг қанчалик ножиддий эканлигини шундан ҳам кўриш мумкин.

Мен шу сайт ва шу номдаги журнални чиқараётган гуруҳнинг раҳбариман. Ақли роса одам тушунадики, бу гуруҳ етралича катта ва кучли, акс ҳолда, у ўзбек тилидаги ёмғирдан кейинги қўзиқориндек кўпайиб кетган ва Ўзбекистондаги тузум ҳақида йиғи-сиғи қилишдан бошқа нарсага қодир бўлмаган мазохист сайтлардан бирига айланарди.

Иккинчидан, сайтимиз ҳар кимнинг фикри учун очиқ ва ҳар қандай мақола цензурасиз эълон қилинадиган ўзбек тилидаги ягона сайтдир. Мен, масалан, бу хат остида имзоси турган одамларга бир неча марта ўз фикрларини ёзишни таклиф қилганман, уларнинг фикрларининг бир дона ҳарфи ҳам ўзгартирилмасдан эълон қилинишини айтганман. Лекин, фикрлар асосланган бўлиши кераклигини, акс ҳолда, сайтнинг ёки менинг шахсий таҳлилим илова қилиниши мумкинлигини билдирганман.

Масалан, Исмоил Дадажон бутун мухолифатни бирлаштириш каби ташаббус билан чиқиб, уни амалга оширолмагандан кейин, 2-3 ой ялиниб-ёлвориб, ҳатто алдаб-сулдаб ундан бир мақола ёздириб олганман (қаранг: “Ҳаракат” журнали, № 1(64), 2007. “Ўзбекистон мухолифати бирлашадими?” мақоласи). У ўз мақоласида мухолифатнинг бирлашиши йўлидаги асосий тўсиқ 53-54 лақабли Салой Мадамин эканлигини зўрға эътироф этган, аммо, шу эътирофидан чиқиб келиб фаолият олиб бориш жасоратини топа олмаган ва демократияга ишончи йўқолгани учун ҳизбуттаҳрир йўлига ўтган ва зўр бериб мени ҳам шу йўлга ўтишга чақирган.

Айнан шу сабадан у ҳозир сиёсий мурдага айланган. Чунки, демократнинг ҳизбуттаҳрирчига айланишини ҳеч ким қабул қилолмайди. Агар у эскидан ҳизбуттаҳрирчи бўлганини бекитиб келган бўлса, бу унинг проблемаси, бизнинг эмас. Партиямизнинг Фарғона вилоят ташкилоти эса, бу одамни ташкилот фаолиятга таъсир қилолмайдиган узоқликда ушлаб туриш ҳақида қарор ҳам қабул қилган, у сайтимизда эълон қилинган. Қолаверса, у Швецияга келиб ўрнашгандан бери, минг афсуски, “Бирлик” фаолиятида иштирок ҳам этмай қўйгани маълум. Табиий, мени ҳам ҳизбуттаҳрирчиликкка тортишга интилишларини фаолият демасак.

2005 йилнинг охири ва 2006 йилнинг бошида хозирги хатга имзо чекканалардан бири эканлиги иддао қилинаётган Набижон Норбўтаевга бир неча марта электрон хат ва телефон орқали мурожаат қилиб, ўз фикрларини ёзиб юборишни сўраганман. Фикрлар ҳалигача ёзилгани йўқ. У ташкилотимиз билан алоқаларини, минг афсускуи, ўша вақтдаёқ узган.

Дарвоқе, шу Очиқ хат менга етиб келгандан жавоби ёзилгунча ўтган 15-20 дақиқа ичида бу одамга телефон қилиб, бизнинг сайтимизда кимнинг мақоласи эълон қилинмагани, қайси мақолалар цензура қилингани, кимлар менинг туҳмат ва иғволаримга учраб ташкилотимиздан чиқиб кетгани, Исмоилнинг қайси яқинлари таъқиб қилинаётганини сўрашга ҳам улгурдим. Скайп орқали Пўлат Охуннинг ҳам гувоҳлигида Набижон шундай деди: "Бундай нарсалар эсимда йўқ, эслашим лозим". Умид қиламанки, унинг эсига бир нарсалар келиб қолар.

Аминманки, бошқа имзочилар ҳам менга айнан шундай жавоб беришган бўларди. Чунки, жавоблари йўқ. Хатларида келтирилган “фактлар” эса, ёлғон билан ғийбат ўртасидаги нарсалардир.

Баҳром Ҳамроевдан ўзининг ҳизбутаҳрирчилик ғояларини асослаб мақола тайёрлашни сўраганимни ҳатто журналимизда эълон қилганман (истаганлар қарашсин: “Ҳаракат” журнали, № 5(62), 2006 йил, “Ҳаракат” агентлигининг янгиликлар тасмаси бўлимидаги 2006 йил 11 октябрь кунига оид “Кураш қурбонсиз бўлмайди, аммо Баҳром қурбон эмас” номли хабар). У билан эркакчасига гаплашганимиз ва у мақола ёзиб беришга ваъда қилгани ўша хабарда айтилган. Аммо мақола ҳалигача йўқ. Чунки, эркаклик йўқ.

Муҳиддин Қурбонов партиямизнинг Жиззах вилоят ташкилотининг собиқ раиси. Унинг бир мақоласи сайтимизда ва журналда эълон қилинган. Мақоланинг давоми борлиги ҳам кўрсатилган. Аммо, у ҳозир Ўзбекистонда сиёсий фаолият олиб бориш мумкин эмас деб, хоинлик даражасида хато қилди ва феълан партиямиздан айрилди. Лекин сайтимиз ва журналимиз унинг мақолаларига, ҳаммага каби, доим очиқ.

"Бирлик" катта ташкилот, катта даргоҳ, бировлар кетади, бировлар келади, бу табиий нарса. Аммо, Зоҳид Ҳақназаровнинг исми бу хатга нима учун киритилганини тушуниш қийин. У кишининг турмуш ўртоғи бир неча йил аввал Вашингтонда ўқиётган қизининг олдига келганда учрашганимизда: "Жон Абдураҳим, Зохид аканинг юраги ёмон, энди сиёсатга аралашмайдилар, Сиздан илтимос, унга бошқа телефон қилманг" деганини биламан халос. Шундай бўлса ҳам бир неча марта телефон қилиб сиёсатга алоқаси бўлмаган мавзуларда гаплашиб турганман.

Ёдгор Обиддек бирликчини "Бирлик"дан чиқишини ўйлашнинг ўзи аҳмоқликдир. У кишининг сайтимиздаги мақолаларидан ҳам маълумки, Ёдгор ака "Бирлик" тузилганини Сибирияда қандайдир қурилишда ёки ўрмончилик хўжалигида ишлаб юрганларида бир танишларидан эшитганлар. Ўша танишлари ҳатто "Бирлик" раиси-нинг исмини, яъни менинг исмимни эслай олмаган экан. Яъни, Ёдгор ака "Бирлик"нинг тузи-лишига ҳеч алоқаси бўлмаган кишлигидан ташқари, мени деб бу ташкилотга кирмаган, шу сабабли, у кишининг мени деб "Бирлик"дан узоқлашишини гапиришнинг ўзи Ёдгор ака устидан кулишдир.

Очиқ айтаман, сиёсий масалаларни унча тушунмасдан, ибтидоий миллатчилик ғоялари чамбари ичида яшайдиган ва баъзи ҳолларда тушуниб-тушунмасдан миллиятчилик ғояларига ҳам ҳиёнат қилиб кетаверадиган девона, аммо бир шоир Ёдгор акани вақти-вақти билан танқид қилиб ҳам тураман. Бу демократик принципларнинг бир парчасидир, буни тушуниш керак, холос. Қолаверса, ўзбек ёзувчиларидан бир партияга кириш-чиқиш каби масалаларда маъсулият талаб қилишнинг ўзи ножиддийлик бўларди.

Шулардан келиб чиқиб ўйлайманки, бу Очиқ хатга қўл қўйганлар, агар ростдан ҳам қўл қўйишган бўлишса, бу ерда нималар ёзилганини ўзлари ҳам билишмайди ва тушунишмайди.

Мен эса, бу Очиқ хат нима учун ҳозир пайдо бўлганини ҳам жуда яхши тушунаман. Юрт ташқарисига қочиб олиб, энди ҳузур ҳаловатда яшаймиз деб ўйлайдиган одамларнинг ҳаловатини бизнинг сайтимиз қочирди. Шу сабабдан, улар ҳозир “Бирлик” ва хусусан мен билан курашишни асосий мақсад қилиб олишгану бунга кучлари етмаслигини тан олишни исташмайди.

Аммо, бу ифлос ишда танлаган тактик йўллари тўғри эканлигини тан олиш лозим. Улар мен учун жуда муҳим бўлган Васила Иноятни “Бирлик” Партияси ва менга қарши қўйиш учун роса ҳаракат қилишди. Василанинг Европага қилган сўнги сафари уларнинг хафсаласини пир қилди, шекилли, бу хат пайдо бўлди.

Бу хат аламзадалик руҳи билан экспромт шаклида ёзилган нома эканлиги шундан ҳам кўринадики, унинг муаллифлари "Бирлик" Марказий Кенгаши аъзоларининг кўпчилиги юрт ташқарисида яшашини ёзишмоқда. Ваҳоланки, МКнинг 38 аъзоси бор (қаранг: "Ҳаракат" журнали, № 4(43), 2003). Улардан фақатгина 6 киши (Исмоил Дадажон, Набижон Норбўтаев, Муҳиддин Қурбонов, Улуғбек Ҳайдаров, Собитхон Устабоев, Музаффармирзо Исоқов) юрт ташқарисида яшашади. Мен, Пўлат Охун ва Акбарали Ориф ўзимизни юрт ташқарисида яшовчилар ҳисобига қўшмаймиз, чунки, фаолиятимиз Ўзбекистонда.

Хат муаллифлари ва уларнинг раҳнамолари (мен уларни биламан) сайтимиз ва журналимиз кўтараётган принципиал масалаларда хато кўришган бўлса, хатоларни анализ қилувчи ва тўғри йўл кўрсатувчи мақолалар ёзишсин, дарҳол сайтимизда эълон қиламиз.

Гап принципиал масалалар тўғрисида кетмоқда. Майда-чуйда, фисқ-фасод гапларни ҳам эълон қилаверамиз, аммо, уларга муносабатимиз мен кўп марта айтган “шок терапияси” бичимида бўлишини яна бир марта эслатиб қўймоқчиман, кейин хафа бўлиб юришмасин.

Партиямизнинг навбатдаги қурултойига тайёргарлик ишлари давом этаётгани ҳам сайтимиз-даги хабарлардан маълум. Аммо, бу Очиқ хатни имзолаганлар ва улар оқлашга ҳаракат қилаётган одамлар аллақачон партия билан алоқаларини узиб қўйишган, сўнги 2-3 йилда ҳеч бир фаолиятимизда иштирок этишмаяпти. Агар улар ҳали ҳам “Бирлик” ғояларга содиқликларини, ҳизбтаҳрирчиликда айбланаётганлар эса, айбномалар тушунмовчилик натижаси эканлигини эътироф қилсалар ва бу хусусда баёнотлар берсалар, сафимизга қайтиш-лари масаласи кўриб чиқилади.

* * *

Бу хат билан боғлиқ воқеага “Ҳаракат” сайтида эълон қилинган қуйидаги хабар билан нуқта қўйиш мумкин.

25 октябрь: “Бирлик” Партияси Марказий Кенгашига ёзилган Очиқ хат жавобга лойиқми?

21 октябрдаги хабарларимизда 5 кишилик гуруҳнинг “Бирлик” Партияси Марказий Кенгашига ёзилган Очиқ хати ва унга партия раиси Абдураҳим Пўлатнинг жавобини эълон қилгандик.

Мухбиримиз бу хат хусусида “Бирлик” Партияси раисининг ўринбосарлари Пўлат Охун, Ҳамдам Сулаймон, Дайнов Ташанов (Қашқадарё), Холиқназар Ғаниев (Самарқанд), Бош котиб Васила Иноят, партиянинг вилоят ташкилотлари раислари Адҳам Муҳиддин (Фарғона), Носир Зокир (Наманган), Саиджаҳон Зайнобиддин (Андижон) ва ҳозир Данияда яшайдиган МК аъзоси Акбарали Орифга мурожаат қилиб шу Очиқ хат хусусидаги фикрларини сўради.

“Бирлик” фаолларининг фикрини умумий шаклда қуйидагича ифодалаш мумкин: “Очиқ хатда партия раиси Абдураҳим Пўлатга қўйилган айбларнинг биронтаси далил билан асосланмаган, хат провокацион руҳда ёзилан. Шунинг учуноқ бу хат ҳеч қандай эътиборга лойиқ эмас. Бунинг устига хат муаллифлари - чет элда яшаётган ва бир неча йилдан бери партия билан ҳеч қандай алоқа қилмаган одамлардир. Сўнги йил ичида партияни Андижон воқеаларидан кейин қайтадан оёққа турғизиш ва унинг қурултойини ўтказиш учун ўта оғир шароитда фаолият олиб бораётганимиз бир пайтда ҳам улар ўз вилоят ташкилотлари билан на мулоқот қилдилар на уларга ёрдам бердилар. Шулар сабабли, бу Очиқ хатни Марказий Кенгашда кўриб чиқиш ва унга жавоб беришга ҳеч қандай ҳожат йўқ.”