Журнал Ҳаракат №4 (73) 2008. Кавказда уруш
Абдураҳим Пўлат - Кенигсберг-Курил муаммолари ва Россия- Гуржистон уруши
Россия бир қарашда ўзига ҳеч алоқаси бўлмаган Абхазия, Жанубий Осетия, Днепрбўйи ва Кримда муаммолар чиқариши, Гуржистон ва Молдованинг қонуний ҳудудларини эса турли баҳоналар билан феълан босиб олишининг сабаби сифатида бир қатор омиллар келтирилади. Масалан, Москванинг ўзи у ердаги рус аҳолисини ҳимоя қилиш, маҳаллий халқларни бошқаларнинг геноциддан қутқариш ва уларга нисабан инсонпарварлик кўрсатиш ниятини гапирса, чет эллик сиёсатчи ва мутахассислар Москванинг мақсади – Гуржистон, Молдова ва Украинага Руссиянинг таъсир доирасидан чиқиб кетишга имкон бермаслик учун бу мамлакатларни доимо босим остида ва беқарорликда ушлаб туриш эканлигини гапирадилар.

Табиий, булар бор нарсалар. Аммо, муаммоларнинг асл илдизи бошқа жойда, Украина, Гуржистон ва Молдовада эмас. Муаммоларнинг илдизи Кенигсберг ва Курилда, Татаристон ва Бошқирдистонда, Удмуртия ва Яқутистонда, қолаверса, Россиянинг ярим ҳудудини ташкил этувчи Сибирда. Яъни, очиқча гапирсак, бугунги Россия Федерацияси ҳеч қандай Федерация эмас, 21 аср реалликларига мос келиши мумкин бўлмаган Императорлик эканлигида. Кенигсберг ва Курил ороллари каби ўтган асрда босиб олинган ҳудудларга эгаликни даво қиладиган бошқа мамлакатлар борлигида, татарлар, бошқирдлар, удмуртлар, ёқутлар ва бошқа бир қатор халқлар руслардан мустақил бўлиш учун фурсат кутаётганларида, руслар эса буни истамасликларида.

Вақти келиб ҳамма императорликларнинг қулаши тарихнинг инкор этиб бўлмас хусусиятларидан биридир. Ҳамма императорликлар аввал гуркираган, сўнгра қулаган. Шундай бўлган, шундай бўлади.

Аммо, бу оддий ҳақиқатни тан олиш осон эмас. Чунки, ҳамма тарихий императорликларни яратган миллатлар бундан нафақат фойда олганлар, нафақат ғурур туйганлар, айни замонда, императорликлаларга куч билан олиб кирилган мустамлака халқларга мурувват келтирганларига чин кўнгилдан ишонганлар ёки ишонтирилганлар. Шу сабабли, мустамлака халқларнинг императорликлардан қутилиш, мустақил бўлиш орзуси императорлик қурган халқлар, тўғрироғи, мустамлакачилар томонидан ҳеч қачон олқишланмаган, аксинча, мустақилликка интилиш ташқи душманларининг иши ўлароқ баҳоланган ва мустақиллик йўлидаги кураш қонли йўллар билан бўлса ҳам бостирилган.

Русларнинг “Мудофаанинг энг яхшиси ҳужумдир” деган мақоли бор. Россиянинг ҳозирги ҳукмдорлари шундан келиб чиқиб, Кенигсберг ва Курилга даво қиладиганлару татар, бошқирд ва бошқа халқларнинг мустақиллик курашчиларини Гуржистонда куч намойиш қилиш йўли билан қўрқитмоқчилар, сустирмоқчилар.

Демак, бугун гуржилар ахир бир кун Кенигсберг ва Курилга даво қиладиганлар ва Россиядан мустақил бўлишни орзу қилаётган халқларга қарши қаратилган тўқмоқнинг илк зарбаларини олмоқдалар холос. Шунинг учун, аслида, гуржиларни биринчи навбатда ўшалар дастаклаши керак. Россия ичидаги миллатлар қўрқув остида овоз чиқараролмаётганларини тушуниш мумкин, аммо бу масалада Германия ва Япония етарлича жонбозлик кўрсатмаётганини тушуниб бўлмайди.

Балки улар бугунги Рус Императорлиги бундан аввалгиси, яъни, СССР каби ўз-ўзидан қулайди, деб ўйлашаётган бўлишлари мумкинлиги табиий. Бу иккала императорликнинг ўқ илдизлари бир бўлиб, уларнинг иккаласи ҳам Россиянинг ўрта асрлардан бери олиб бораётган атрофдагиларни босиб олиш сиёсати натижасидир. Уларнинг битиши ҳам ўхшаш шаклда бўлиши катта эътимолликка эга.

Ҳозирги Рус Имераторлигининг битишга маҳкум эканлиги фақат тарихий мисоллардан эмас, оддий мантиқдан ҳам келиб чиқади. Императорликлар зўравонлик асосида ва ўта марказлаштирилган бошқарув остидагина яшай оладилар. Уларда демократия принцип ўлароқ ривожланолмайди. СССР Улуғ Ватан Урушидан кейин, бу урушдаги миллионлаб инсонларнинг қони эвазига эришилган ғалабанинг натижасида қисқа муддатли кескин оға кетганини ҳисобга олмасак, у доим суст ривожланган, турғунлик йилларининг ботқоқлари ичида эса ўлимга маҳкум бўлган.

Бўлаётган кўп қиррали воқеаларни тўғри тушуниш, тўғри баҳолаш ва мавжуд вазиятда тўғри йўл танлаш осон эмас. Шунинг учун бу қирраларни бирма-бир анализ қилиш ва сўнгра уларни бирлаштириб хулоса чиқариш фойдалидир.

Русларнинг асл мақсади императорликни сақлаб қолиш

Россия Жанубий Осетия ва Абхазиядаги русларни ёки Россия фуқарорларини ҳимоя қилиш ҳамда маҳаллий аҳолини гуржиларнинг геноцидидан қутқариш учун ҳаракат қилаётганига ва шу сабабдан 8 август куни Гуржистонга қарши агрессия қилганига ишонадиган одамни топиш қийин бўлса керак. Агарда бу ерларда яшайдиган оз сонли руслар ёки Россия фуқаролари қандайдир хавф остида бўлса эди, Россия каби буюк давлатнинг, бунинг устига, БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзоси бўлган давлатнинг, уларни дипломатик йўллар билан ҳимоя қилишга кучи етарди. Шунинг учун бу аргумент сафсатадан бошқа нарса эмаслиги равшан.

Энди осетинлар ёки абхазларни гуржиларнинг геноцидидан қутқариш аргументига келсак. Ҳозир ҳуқуқ ҳимоячилари дунёнинг энг ёпиқ мамлакатларида етарлича кенг шаклда фаолият олиб боришмоқда. Диктаторлик ҳоким бўлган мамлакатларда ҳам инсон ҳақларининг бузилишига оид фактлар дунёга маълум қилинмоқда. Лекин етарлича очиқ бўлган Гуржистонда гуржиларнинг абхазлар ва осетинларга зулми ҳақида шу пайтгача, жиддий факт кўрингани йўқ. Тўғри, кўп миллатлар бирга яшайдиган жойларда миллатлараро низолар, минг афсуски, бўлиб туради. Лекин, геноцид деб баҳолайдиган воқеа бўлган эмас.

Шу йил 8 август куни Гуржистон қўшинларинг Цхинвалига кириши ростакам уруш эди. Ҳар қандай урушда, уни ким бошлаганидан қатъий назар, минг афсуски, қурбонлар бўлади. Аммо, энг обрўли ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотлар ҳам, масалан, Human Rights Watch, Цхинвалида геноцид каби воқеанинг излари кўрилмаганини айтишмоқда.

Жанубий Осетияликлар ва абхазларнинг Гуржистондан мустақил бўлиш орзуси бўлган бўлиши табиий. Бу орзу ҳурмат қилиниши керак. Аммо бу ҳам халқаро нормалар асосида муҳокама қилиниши ва ҳал этилиши керак ҳамда мумкин бўлган масаладир. Бунинг устига, Россиянинг бу масалада кимнингдир адвокати бўлишга ҳам маънавий ҳаққи йўқ. Чунки, айнан Россия чеченларнинг мустақиллик учун курашини қонга ботирган мамлакат-ку! Чеченистоннинг умумхалқ сайловларда сайланган президентлари Жавхар Дудаев ва Аслан Масхадовларни оддий террористлардек ваҳшийларча йўқ қилган Россия армияси эмасми?

Шунинг учун Россия Жанубий Осетия ва Абхазияни гуманизмга алоқаси бор бўлган сабаблар билан босиб олгани ҳақидаги ҳикояларни четга қўйиш керак.

Балки, Жанубий Осетия ва Абхазиянинг ҳудудлари Россиянинг давлат сифатида оёқда қолиши учун унинг ҳаёт-мамотини ҳал қилдаиган жойдир? Йўқ. Ҳозирги замонавий қуролларнинг имкониятлари нуқтаи назаридан Жанубий Осетияни қўйиб туринг, Абхазия ҳам унчалик муҳим жой эмас. Туркиянинг назорати остидаги бўғозлар билан калитланган Қора денгиз энди дунё миқёсида стратегик жой бўлолмайди. Тактик масалаларни ҳал этиш учун Россиянинг бу денгизга чиқувчи Абхазиясиз ҳам етарлича соҳили бор.

Шуларнинг ҳаммасини ҳисобга олсак, Россиянинг Жанубий Осетия ва Абхазияни босиб олишининг асосий сабаби қуйидаги эканлигини кўрамиз.

Россия ҳамма императорликлар каби сўнги юз йилларда атрофидаги қўшни халқларнинг ерини босиб олиш ҳисобига кенгайиб борган. Аммо, ўтган асрнинг бошларидан бери тескари жараёнлар кетмоқда. Польша ва Финландия мустақил бўлгандан кейин СССР номи остида яшашни давом эттирган императорлик 1991 йилда тинч йўллар билан тарқатилди, аммо тугатилмади. Жиддий ўлчовда кичрайган императорлик Россия Федерацияси номи остида яшашни давом этирмоқда. У ҳам парчаланишга маҳкум.

Шуни алоҳида урғулаш керакки, СССР парчалангандан кейин Россия Федерацияси ҳам тезда йўқ бўлади, деган фикр 90-чи йилларнинг ўрталарида кенг тарқалганди. Мен ўша пайтда Туркияда яшаганим учун биламан, бу ерда ҳамма тез орда Татаристон ва Бошқирдистон каби жумҳуриятларнинг мустақил бўлишига ишонарди ва буни кутарди. Менинг фикрим эса бошқачароқ бўлган. Унга кўра, ҳозирги босқичда Россия қайтадан оёққа туради ва аввалги мавқеини тиклашга ҳаракат қилади.

Тўғри, охир-оқибатда бу императорлик ҳам парчаланади, аммо аввалига яқинда мустақил бўлган мамлакатлар, хусусан Ўзбекистон мустаҳкам демократик давлатга айланиши керак. Бунинг учун вақтга эҳтиёжимиз бор. Мен бу фикримни жуда кўп сиёсатчи ва жамоат арбобларига айтганман, фикрим кулимсираш билан қабул қилинганини кўрганман.

Гапларимни кулимсираб қабул қилганлардан бири – менинг бир қатор мақолаларимни тўплаб “Абдураҳим Пўлат Озодликда” номли китобни нашрга тайёрлаган олим Хали Очичкўз эди. Яқинда унга телефон қилиб, ўша пайтда айтилган фикрларимни эслатганимда, у: “Сиз ҳақ чиқдингиз, мен буни ҳозир тез-тез эсламоқдаман”, деди.

Хуллас, ҳозирги рус императорлиги ҳам қулаши муқаррар. Лекин сўнги асрларда империячилик руҳи остида тарбияланаётган рус халқи бу оддий ҳақиқатни тан олишга тайёр эмас, демак, руслар тарих ғилдирагини орқага буришга жон-жаҳдлари билан маълум вақт курашадилар. Яъни, гап Путинда эмас, гап ҳозирги босқичда Путин кабиларни қўллайдиган рус менталитетида.

Айтилган фикрлар ва унинг қисқа анализидан келиб чиқадиган хулоса шундаки, руслар ҳозирги ўлимга маҳкум императорликларининг умрини чўзиш учун “мудофаанинг энг яхшиси ҳужумдир” қабилида иш кўриб, Гуржистоннинг ҳудудларини босиб олмоқдалар. Улар қўлдан кетиши муқаррар бўлган Кенинсберг ва Курил оролларини ҳимоя қилиш, ахир бир кун мустақилликка эришадиган татар, бошқирд, ёқут ва бошқа миллатларни қўрқитиб қўйиш учун Гуржистонга қарши уруш олиб бораётганларини ҳар бир ақли расо одам тушунади.

Ғарбнинг муносабати

Ғарб давлатлари, ва биринчи навбатда АҚШ, бу урушда Гуржистон тарафини олгани халқаро қонун ва нормалар нуқтаи назаридан мутлақо тўғри бўлди. Бунинг устига, Ғарб давлатларининг бир нечатаси бир маҳаллар маълум ҳудудларда ҳукумронлик қилиб, сўнгра йўқ бўлиб кетган императорликларнинг ворисларидир. Улар императорлик нима эканлиги, императорликлар даври битгани, русларнинг 21 асрда императорликка даво қилишлари ғайризамонавийлик эканини яхши тушунадилар.

Бу масаланинг ҳамма жиҳатларига эътибор берсак, Ғарб давлатларининг Россия-Гуржистон конфликтига бўлган муносабатини, яъни Гуржистон томинида бўлишини уч тарафлама асослаш мумкин.

Биринчидан, юқорида айтилганидек, халқаро нормаларга кўра, Абхазия ва Шимолия Осетия Гуржистонининг ҳудудларидир. Иккинчидан, тобора демократиядан узоқлашиб бораётган Россияга қарши демократия томон кетаётган Гуржистонни қўллаб-қувватлаши билан Ғарб ўз қадриятлалридан воз кечмаслиги ва ҳар доим шу қадриятларга мос келадиган ҳаракатлар қилашини кўрсатмоқда. Учинчиси, бу тўғрида ҳеч ким очиқча гапирмаётган бўлса ҳам, Ғарб янги рус императорлигининг барибир йўқ бўлиши, йўқ бўлиши кераклигини объектив фактор сифатида кўради ва шу объективликни ҳимоя қилади.

Аслида, Россия қаршисида Гуржистонни ҳимоя қилиш бу йил 8 августда бошланмади. Маълумки, бундан 2 йил аввал, гуржилар икки рус жосусини тутиб, мамлакатдан чиқариб юборишгач, Россий Гуржистонга қарши ростмана иқтисодий уруш эълон қилди. Гуржистон виносини уйдирма баҳоналар билан Россияда сотиш тақиқланди. Икки мамлакт ўртасида турли транспорт восталарининг Россия тарафидан тўхтатилди. Гуржистонлик меҳнат муҳожирлари депортация қилинди. Россиянинг қудратини, Гуржистоннинг унга қанчалик боғлилигини билганлар - Гуржистон битти, деб ҳисобладилар. Кўринишидан, Россия раҳбарлари ҳам шундай деб ўйлашган ва Гуржистон оёқлари остига йиқилишини кутишган.

Аммо, ундай бўлмади. Ғарбнинг ёрдами ва Ғарб билан алоқаларни кескин ошириш эвазига Гуржистон бу вазиятдан ютуқ билан чиқди. Айни шу даврда, Украина ва Гуржистонни НАТОга кириши жиддий шавлда тилга олинди. Тўғри, баъзи Европа давлатлари Гуржистоннинг Абхазия ва Жанубий Осетия каби ҳудудий муаммолари борлиги ва Россиянинг бунга ашаддий қаршилигини ҳисобга олиб, бу икки давлатни НАТОга олиш масаласида шошмаслик тарафдори бўлдилар. Аммо, ғишт қолипдан кўчган, жараёнлар секин бўлса ҳам олға кетишга бошлаган эди.Бу шароитда, Россиянинг ўзи феълан тиз чўкди ва шу йил бошида Гуржистон билан транспорт алоқаларини тиклади.

Россия-Гуржистон конфликтининг ҳозирги босқичида Ғарб очиқчасига Гуржистон тарафини олиши ва ҳеч бир давлат (Венесуэла ва Никарагуа кабиларни ҳисобга олмаганда) Россиянинг тарафини олмагани дунё императорликларни инкор этиш нуқтасига келганини очиқча намойиш қилмоқда.

Михаил Саакашвили

Саакашвили президент бўлгандан бери Гуржистоннинг бутунлигини тиклаш йўлида собитқадамлик билан иш олиб бормоқда. Аввал Аджарияда марказий ҳокимиятнинг ҳокимияти тикланди.

Абхазия ва жанубий Осетияни ҳам Гуржистон қаноти остига қайтаришни ваъда берган Михаил Саакашвили ҳозир мағлубиятга учрадими? Йўқ, у ғалаба йўлида муҳим қадам қўйди.

Қаранг, Абхазия ва Жанубий Осетия 1992 йилдан бери феълан Россиянинг қўли остида бўлиб, унинг ҳудудий қисмига айланган эди. Бу ерларда МДҲдаги Россиянинг вассалари тарафидан “тинчлик ўрнатувчи куч” мақоми берилган рус қўшинлари ҳукмрон эди. Руслар бу ерлардан ўз иҳтиёрлари билан ҳеч қачон чиқиб кетиш ниятлари йўқлигини ҳар бмр ақли расо одам тушунарди. Тўғри, бир қарашда, ҳозир ҳам ҳеч нарса ўзгармади ва у ҳудудлар яна рус қўшинлари қўлида қолди.

Аммо, кичик ва ўта муҳим ўзгариш ҳам бўлди.

Энди муаммо халқаро даражага чиқди, тўғрироғи, Михаил Саакашвили томонидан олиб чиқилди. Европа Иттифоқи, НАТО ва ЕХҲТ каби ташкилотлар бу конфликт билан тўғридан тўғри шуғулланмоқдалар. Саакашвили ўз мамлакатининг муаммосини халқаро савияга олиб чиқди ва энди муаммога шу савияда ечим қидирилади. Бу Гуржистоннинг ва шахсан Саакашвилининг энг катта ютуғидир.

Гуржистондаги мухолифат бу каби масалаларда ҳукумат билан бирга бўлиши керак эди. Лекин, уруш тугар тугамас, мухолифатнинг Михаил Саакашвилига ташланиши Россиянинг фойдасига қилинаётган ишдир. Ҳатто, Нино Бурджанизе кaби сиёсатчининг бунга қўшилиши ақлга сиғмайдиган нарса. Умид қилиш керакки, гуржи мухолифати ҳали эс-ҳушини йиғиштириб олади.

Россия ва руслар

Россияни ҳозир бошқараётганлар тарихий воқеалардан ва бугун бўлаётган жараёнлардан тўғри хулоса чиқароладиган салоҳиятга эга эмас. Акс ҳолда, улар императорликларнинг ўлимга маҳкум эканини тушунган ва императорликни сақлаб қолиш учун диктатурани қайтадан тиклаш сиёсатидан воз кечган бўлардилар.

Узоқ йиллардан бери императорлик руҳи остида яшаган ва ўз қўли остидаги бошқа халқларга мурувват келтирганига ишониб яшаган русларни яна ўша аҳволга олиб келиш ҳозирги Россия раҳбарияти учун қийин иш бўлмади. Аммо, вақт келади ва руслар замонавий тенденцияларни тан олишга мажбур бўладилар ва ўзларига ўша тенденцяиларга мос келадиган раҳбарлар сайлайдилар.

Россия Федерациясида яшаётган руслардан бошқа халқларнинг ҳаммаси ҳозирги янгиланган императорликда яшашдан роҳатда эмаслар. Бироқ, чечен халқнинг мустақиллик учун кураши қандай қонга ботирлганини улар кўрдилар ва улар ҳозирги Россия-Гуржистон конфликтига Москванинг кўзи билан қарашга мажбурлар.

Демак, Россия раҳбарияти, руслар ва эркинликда яшашни истайдиган бошқа миллатлар бир хил замонавий категорияларда ўйлашга бошлаб, демократия томон юриш тезлашгандан кейингина Россия-Гуржистон уруши каби воқеаларга барҳам берилади, руслар ва бошқа халқларни қониқтирадиган давлат ёки давлатлар иттифоқи яратилади. Бу масалаларда демократик дунёнинг Россияга таъсири катта аҳамиятга эга эканлигини ҳар ким тушунса керак.

Ўзбекларга нима?

Ўзбекистон дунё ҳамжамиятининг аъзоси. Шу сабабли ҳам биз Россия-Гуржистон уришига бефарқ қарашимиз мумкин эмас. Бунинг устига, Ўзбекистон Гуржистон каби Россиянинг собиқ мустамлакасидир. Россия собиқ мустамлакаларини қайтадан назорат остига олиш орқали императорликни сақлаб қолиш ниятида эканлиги ҳам очиқча кўриниб тургани сабабли, бизнинг бу масалага қизиқишимиз, қолверса, унинг ечимида тарафсиз эмаслигимиз ўз-ўзидан маълум.

Ўзбекистондаги мавжуд режимнинг эмас, мамлакат ва миллат манфаатларидан келиб чиқсак, ҳозир қуйидаги бир бирига қарама-қаршилиги етарлича бўлган икки фактор билан юзма-юз қолишимизни тушуниш керак.

Бир тарафдан, Россия ҳар томонлама кучли, табиий бойликлари мўл бўлган қўшнимиз, айни замонда, биздаги меҳнат ресурсларига муҳтож мамлакат бўлгани сабабли, у билан алоқаларимиз ҳамдўстлик ва ҳамкорлик тушунчалари доирасида бўлиши керак.

Бошқа тарафдан, Россия янгиланган императорликни сақлаб қолиш ниятида бу кунда демократик принциплардан кун сайин узоқлашиб бораётган ва шу сабабдан Ғарб билан конфронтация йўлига очиқча кирган мамлакатдир. Демак, мамлакатимиз ва миллатимизнинг келажаги нуқтаи назаридан биз Ғарбга яқин бўлишга интилишга, демак истасак-истамасак ҳозирги босқичда Россия билан конфронтацияда бўлишга маҳкуммиз.

Хуллас, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатидаги асосий вазифаси - шу икки альтернатив орасида компромисслар қидиришдир.

Бу каби масалаларда Марказий Осиё давлатларининг умумий позицияда туриб иш олиб боришлари мақсадга мувофиқ бўларди. Аммо, бу - бугунги реалликлар нуқтаи назаридан мутлақо ҳаёл ҳам қилиб бўлмайдиган нарсадир.

Мисол сифатида бундан икки йил аввал Россиянинг Гуржистонга қарши бошлаган иқтисодий урушини эслайлик. Ўша кунларда Марказий Осиё давлатларининг раҳбарлари ҳам мухолифатчилари ҳам овоз чиқаришмагани уларнинг умумий позициясини эмас, принципсизлигини кўрсатади.

Фақат “Бирлик” Партияси 2006 йил 13 октябрда махсус баёнот эълон қилиб, гуржиларни маънавий қўллаб-қувватлади ва бошланган иқтисодий уруш рус ҳукмдорлариники эканлигини урғулаб, оддий руслар гуржиларга нисабтан муносабатларини ўзгартирмасликларига ишонч билдирди.

Ҳозир вазият бошқачароқ. Кремлнинг тоталитар пропагандаси таъсири остида қолган рус халқи Путин-Медведев сиёсатини, демак, Гуржистонга қарши олиб борилаётган урушини ҳам қўллаб-қувватламоқда, гуржиларга ёмон кўз билан қараш оммавийлашмоқда.

Лекин, ўзбек мухолифатининг, хусусан “Бирлик” Партиясининг симпатияси гуржилар тарафида. Ахир бир кун келиб Марказий Осиё мамлакатларида ҳокимият демократларнинг қўлига ўтади, шундагина Россиянинг собиқ мустамлакаалари биргаликда рус империализмининг янги таҳдидларига керакли жавобни бероладиган кучга эга бўладилар.

Ечим

Абхазия ва Жанубий Осетия туфайли бўлаётган Гуржистон-Россия конфликтига, юқорида айтилганидек, икки мамлакат ўртасидаги ҳудудий муаммо сифатида қараш тўғри бўлмайди, бундан ҳам муҳими, бундай қараш ечимга йўл очмайди. Муаммо Россиянинг империячилик амбицияларидан воз кечолмаётганида, ўтган асрларда босиб олган ҳудудларидан айрилишни истамаётганида, уларни сақлаб қолиш учун “энг яҳши мудофаа ҳужумдир” қабилида сиёсат олиб бораётганидадир.

Яна бошқа бир ҳақиқат шундан иборатки, Россия бугун ўз империясини қўриқлашга кучи етади. Совет замонида аввалига милионлаб одамларни йўқ қилган, қолганларни қуллар каби ишлатиш системасини яратган СССР номи остидаги Россия империяси бутун дунёга таҳдид сололадиган ядровий потенциал эга эди. У потенциал ҳозир ҳам сақланиб турибди.

Ҳозирги Россияни Ўрта Шарқ мамлакатларида модага кирган тирик бомба-аёллар билан солиштириш мумкин. У бомба-аёлларнинг белида бир неча граната ёки бомбача боғланган, Россиянинг белида эскириб қолган бўлса ҳам дунёни йўқ қилоладиган атом ва ядровий бомбалар бор. Демак, Россияни куч билан енгиб бўлмайди.

Аммо, Россия СССР деб аталган замонида ҳам шундай кучга соҳиб эди ва тинч йўллар билан парчаланди.

Мен ўзим ўтган асрнинг 60-чи йиллари бошида Москвада студент эканман, Африка ва Осиёдаги миллий-озодлик ҳаракатларининг тарихи билан қизиқардим ва вақти келиб ўзбеклар ҳам қурол йўли билан мустақиллик учун курашадилар, деб ўйлардим. Бироқ, 70-чи йилларнинг охирига келиб, мустақилликка қонсиз, демократияни ривожлантириш йўли билан келиш мумкинлигини тушуниб етганман. Ва шундай бўлди ҳам. Тарихнинг айланишига қаранг, ўзим шу курашга раҳбарлик қилдим, россиялик демократик руҳдаги дўстларимиздан маънавий ёрдам олдим.

Ҳозирги рус императорлигининг йиқилиши ҳам шундай бўлиши керак ва шундай бўлади.

Бугун Россия қанчалик кучли бўлмасин, унинг кучга таянган барқарорлиги жуда мўрт. Бундай барқарорликни демократик жараёнларнинг ривожланишига йўл бермаслик эвазигагина маълум вақт давом эттириш мумкин. Ҳокимиятни эгаллаб олган Россияниннг ҳозирги сиёсий элитаси шу йўлдан кетмоқда ва салкам тоталитар пропаганда воситасида рус халқини алдаб, ўз йўлнинг тўғрилигига ишонтириб келмоқда.

Аммо 21 асрда, дунё бўйлаб демократия шамоллари кучайган пайтда, халқларнинг фаровонлик даражаси демократиянинг ривожланишига боғлиқ эканлиги исботланиб бўлган даврда, бу йўл билан узоққа кетиб бўлмайди.

Масаланинг бошқа тарафи шундан иборатки, ҳозирги императорликнинг йиқилиши русларнинг узоқ муддатли миллий манфаатларига мосдир. Руслар ахир бир кун буни тушуниб етадилар ва ўзларини барқарор фаровонликка олиб борадиган демократик жамият қуришни тезлаштирадилар. Бу иш ҳозир Россияда ичида бўлиб, мустақиллик орзуси билан яшаётган миллатлар билан биргаликда қилиниши ҳам ўз-ўзидан маълум.

Хуллас, Абхазия, Жанубий Осетия, Кенигсберг, Курилл ороллари масаласи, Россия Федерацияси деб аталган империянинг мустамлакалари қандай ва қачон мустақиллик бўлиши масаласининг ечими – Россияда демократининг ўрнатилиши билан боғлиқдир.

Дунё бу масалада тамошабин бўлиб қололмайди. Абхазия ва Жанубий Осетия туфайли 8 авгстда бошланиб, бир неча кун давом этган Россия-Гуржистон уруши кўрсатдики, тамошабин бўлиб қолмоқчи ҳам эмас. Айнан дунёнинг, биринчи навбатда, Ғарб дунёсининг босими остида Россия Гуржистонга қарши бошлаган агрессиясини тўхтатишга мажбур бўлди ва ўз қўшинларини қайтариб олишга ваъда бермоқда. Энди унинг Ғарб билан, хусусан, Европа Иттифоқи ва НАТО билан муносабатлари совуқлашади, Жаҳон Савдо Ташкилотига кириш муддати орқага сурилади.

Шунинг ўзи Россияга катта сигнал. Аммо, санкциялар ва дунёдан изоляция қилиш йўли билан ҳеч бир диктатура устидан ғалаба қозониб бўлмаганидек, ҳозирги босим, Россияга қарши киритилиши мумкин бўлган санкциялар, ва ҳатто Россияни Ғарбдан изоляция қилиш ҳам, ўз-ўзидан самарали бўлмайди. Демократия шамолларидан сақланиш нуқтаи назаридан, Россия ҳукмдорларининг ўзи бундай изоляциядан маълум маънода манфаатдор бўлишларини ҳам ҳисобга олиш керак.

Энг смарали йўл – бир тарафдан, вақти ва жойини топиб босим ўтқизиш ва санкциялар киритиш, бошқа тарафдан, Россияни Ғарб структураларига интеграция қилишни давом эттириш, энг муҳими, бу икки йўналиш ўртасида оптимал пропорция ва мувозанат топишдир. Ўзбекистон демократик мухолифатининг асосий кучи бўлмиш “Бирлик” Партияси Ғарб дунёсини ўзбек режимига қарши айнан шундай сиёсат олиб боришга чақираётганини ҳам эслатиб ўтмоқчиман.

Шу нуқати назардан ҳозир Россияни катта сакизлик G8 дан чиқариш тўғри бўлмайди, чунки, G8 нинг ўзи керак пайтда босим ўтказиш механизмидир.

Россияни Ғарбга интеграция қилиш учун бу мамлакатда Ельцин замонида анча олдинга кетган демократиянинг позицияларини ҳимоя қилиш, уларнинг мустаҳкамланишига ҳар тарафлама ёрдам бериш жуда муҳимдир. Аммо, минг афсуски, сўнги йилларда бу иш қилинмади. Нимага?

2001 йил сентябрдаги террористик ҳужумлардан кейин ўз мамлакатида бир неча соат бўлса ҳам бекиниб ўтиришга мажбур бўлган Жорж Бушга биринчи бўлиб Россия президенти Владимир Путиннинг телефон қилиши ва террорга қарши курашда ҳамкорлик таклиф этиши Жорж Бушни қанчалик эритиб юборганини инсон сифатида тушуниш мумкин. Лекин, шундан кейин улар учрашишганда, Буш Путиннинг кўзларида, МакКейндан фарқли ўлароқ, КГБ ҳарфларини эмас, одамийликни кўрганига катта урғу бериш хато эди.

Бундан руҳланиб кетган Путин, террорга қарши курашда АҚШга ёрдам беришдан ҳам кўпроқ, Россияда демократия ва демократларга қарши ростмана уруш бошлади ва АҚШнинг кўз юмишидан фойдаланиб рус демократиясини ҳозирги босқичда йўқ қилишга эришди. Ўша пайтда Ғарб, авваламбор АҚШ, бугун Россия-Гуржистон уруши муносабати билан кўрсатилгани каби қаттиқ позицияда турса эди, Путин рус демократиясини йўқ қилишда бунчалик олдинга кетолмасди.

Табиий, бу ерда рус демократларининг ҳам хатолари бўлди. Улар Путин ҳокимиятга келгандан кейин мамлакат иқтисоди ўсишга бошлаганини Ельцин замонида ўзлари ўтқизган сиёсий-иқтисодий ислоҳотларнинг натижаси эканлигига урғу берсалар эди, жамиятда ўз мавқеларини бунчалик йўқотмасдилар. Аммо улар ўз ислоҳотларини пропаганда қилиш ўрнига, Путинни ёмонлаш ва ҳамма ижобий ўзгаришлар нефтнинг нархи ошиши билан боғлиқлигини гапириш билан овора бўлдилар. Яъни, рус демократлари замонавий политехнологиялар устаси эмасликларини кўрсатдилар.

Умид қилиш керакки, Ғарб ҳам рус демократлари ҳам ўтган хатолардан тўғри хулосалар чиқаришади.

Янги жараёнлар натижасида империя парчаланиб, Россия ҳамда унинг ҳамма собиқ ва мавжуд мустамлакаларида демократия ғалаба қозонади, янги савияда янги интеграцион жараёнлар бошланади, Ғарб-Шарқ қарама-қаршилигига барҳам берилади.

Бугун эса, Украина ва Гуржистон каби Ўзбекистон ҳам диктатура кучайиб бораётган Россиядан узоқроқ, Ғарбга яқинроқ бўлишга интилиши табиийдир. Ўзбекистонда демократларнинг кучи ортган сари Ғарбга яқинлашиш, ҳатто НАТОга аъзо бўлиш фикри мастаҳкамланиб бораверади.