Журнал Ҳаракат №6 (69) 2007. Кечагина ўтган кунларимиз
“Ҳаракат” Ахборот Агентлигининг янгиликлар тасмасидан - 2
(Давоми)


Манба: www.harakat.net
Ноябрь-декабрь, 2007 йил

27 ноябрь: Самарқандлик бирликчи Холиқназар Ғаниевни таъқиб қилиш тугамаяпти

Шу йил августнинг ўрталаридан “Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари, партиянинг Самарқанд ташкилоти раиси Холиқназар Ғаниевнинг уйи ва ўзи ҳукумат аёғоқчилари томонидан кеча-кундуз кузатилаётгани, унинг паспорти ҳеч бир тушунтиришсиз олиб қўйилганини хабар қилгандик. Маълум бўлишича, “Бирлик” фаолини қонунсиз таъқиб қилиш ҳали ҳам давом этмоқда.

Холиқназар ака шу масалалар бўйича 10 ноябрь куни Жомбой туман ҳокими А.Нурқулов қабулида ҳам бўлган. Ҳоким: «Сизни МХХ кузатаётган бўлса, МХХнинг ишига биз аралаша олмаймиз» деб жавоб берибди. У Холиқназар Ғаниевнинг 9 август куни олиб қўйилган паспорти масаласи бўйича туман ИИБ масъулина чақириб, бу ишни иложи борича тез ҳал килиш ҳақида топшириқ берган, лекин ҳеч нарса ўзгармаган.

Холиқназар ака туман прокурорига ҳам хат билан мурожаат қилганди. Маълум бўлишича, шу йил 6 ноябрда Жомбой туман прокурори, Адлия кичик маслаҳатчиси Д.Б.Саидқулов Жомбой туман ИИБ бошлиғи подполковник Б.РАХМАТОВга хат ёзган ва хатнинг нусхасини Холиқназар Ғаниевга ҳам жўнатган. Бу қисқа хатнинг матни айнан қуйидагича:

Ушбу билан Сизга фуқаро Х.Ғаниевнинг номаълум шахслар уни орқасидан пойлаб юришганликлари ҳақида ёзган аризаси текшириб, қонуний ҳал этишлик учун ихтиёрингизга юборилмоқда.

Аризада кўрсатилган барча важларни ҳар томонлама тўлиқ ва ҳолисона текшириб, натижаси бўйича ариза муаллифига хабар беришингизни сўрайман.

- Туман прокурорининг миршаблар бошлиғига ёзган шу хатидан кейин ҳам ҳеч нарса ўзгармади, - дейди “Бирлик” фаоли, - аксинча, бошқа ҳаракатлар ҳам бор. Шу кунларда менда математикадан таҳсил олаётган ўқувчи қиз бола соат 18 га яқин уйимга дарсга келаётганида, пойлоқчилар унинг йўлини тўсишиб, унга мен тўғримда таҳдидли оҳангда саволлар беришган. Қизнинг ўксиниб айтишича, бундай ҳол аввал ҳам бир неча марта бўлган экан. Бу гапни эшитиб, дарҳол «02» га телефон қилиб, хабар қилдим. У ердагиларнинг реакцияси ҳамишагидек: «ҳа-ҳа» бўлди-ю аммо ҳеч қандай амалий иш йўқ.

Америкаликли ўзбекларнинг йиғилиши ҳақида

Ўтган шанба куни Нью-Жерси штатида Туркистон-Америка Ассосиацияси томонидан уюштирилган ўзбекларнинг йиғилиши бўлиб ўтган. Тахминан 100 киши қатнашган йиғилишнинг асосий мақсади Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Тошкент шаҳар бўлимининг раҳбари Собир Тўлагановнинг оғир касалликка дучор бўлган қизи Маликани Ғарб мамлакатларидан бирида даволаш ҳаражатларини қоплаш учун маблағ йиғиш бўлган. Йиғилиш қатнашчилар бунинг учун ихтиёрий хайрия пули тўплашган. Йиғилиш учун тарқатилган таклифномада ҳар бир кишидан 15 АҚШ доллари миқдорида хайрия бериш сўралган.

28 ноябрь: Истанбулда ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари учун тренинг

Кеча ва ўтган куни Истанбулда ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари учун АҚШнинг Фридумхауз ташкилоти томонидан уюштирилган тренинг-семинар бўлиб ўтди. Унинг мақсади Ўзбекистонда 2008 йилдан бошлаб ўлим жазосининг бекор қилиниши ва бундан келиб чиқадиган янги вазиятда иш олиб боришни ўрганиш.

Семинар-тренингда 5 нафар ҳуқуқ ҳимоячиси ва 2 адвокат иштирок этишди. Тренингларни ҳам ўзбекистонлик адвокат ўтказган.

Тренингга таклиф қилинган бўлса ҳам Ўзбекистондан чиқиш визаси ололмаган Тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячиси ва мухолифатчи Ҳайитбой Абдуллаев Истанбулга келолмади. Унга виза берилмаганлиги сабаби унинг “Бирлик” вакилини Ўзбекистон президентлигига номзод қилиб кўрсатиш учун тайёрланаг Сайловчилар Ташаббус Гуруҳининг раҳбари бўлгани билан боғланмоқда.

1 декабрь: ЕХҲТнинг 2010 йилдаги раиси Қозоғистон бўлиши ёмонми?

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг 29-30 ноябрь кунлари Мадридда бўлган йиллик мажлисида кейинги йиллар учун ташкилотнинг раислари белгиланди. Раис белгилашдек оддий бир иш бу йил катта сиёсий муаммога айланиб, кризисга айланишига сал қолган эди.

Қозоғистон 2003 йилдаёқ 2009 йилда ЕХҲТга раис бўлиш учун ариза берганлиги маълум. Лекин, АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатлари Қозоғистон инсон ҳуқуқларига риоя қилиш бўйича бу ташкилотнинг стандартларига ҳали тайёр эмас деб, унинг раислигига қарши бўлдилар. Қозоғистонни эса МДҲ мамлакатлари қўллаб-қуватладилар ва ҳатто бу хусусда ультиматум каби Мурожаат қабул қилдилар.

Айниқса, бу масалада Россия қаттиқ позицида турди. Аслида, унинг мақсади Қозоғистонга ёрдам бериш эмас, ҳозир ҳар қадамда қилаётганидек, Ғарб билан қарама-қаршиликка бориш, ўзини дунёдаги етакчи мамлакатлардан бири сифатида кўрсатиш эди.

Асосан парда орқасида олиб борилган кураш компромисс билан тугади. 2008 йилда Финландия, 2009 да Юнонистон, 2010 да Қозоғистон, 2011 да Литва раислик қиладиган бўлди.

Россия кризис чиқаришга ҳаракат қилди, аммо Қозоғистоннинг ўзи орқага чекиниб, 2010 йил учун рози бўлгани учун, масала нисбатан осойишта ҳал бўлди.

- Менимча, - дейди “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат, - Ғарб бу масалада бунчалик қаттиқ турмасдан, 2009 йилдаёқ Қозоғистоннинг раислигига рози бўлса ёмон бўлмасди. Бу ерда бир неча факторни ҳисобга олиш керак.

Биринчидан, Қозоғистонда инсон ҳуқуқлари ва демократия бўйича аҳвол 2010 йилгача ҳам тузалмайди. Демак, қозоқларнинг раислигини 1 йилга орқага суриш учун бунчалик қилинган ҳаракатдан кўп фойда бўлмайди. Чунки, раислик чўнтакда экан, Қозоғистон ҳозир қўшимча бир нарсалар қилишини кутиш қийин.

Иккинчидан, айнан бу ташкилотга раислик қилиш даврида, Назарбоев ўз обрўсига зарар етказмаслик учун, инсон ҳуқуқлари ва демократия соҳасида баъзи қадамлар қилишг