Ўзбекистонда президент сайлови - 2007
Ниҳоят “Президент сайлови – 2007” деб атаса бўладиган сиёсий ўйин тамом бўлди. 23 декабрда 4 номзоднинг иштирокида Ўзбекистон президенти сайлови ўтказилди ва кутилганидек, Ислом Карим яна президентлик курсисида 7 ёки 8 йилга қоладиган бўлди.

Амалда ҳеч қандай аҳамияти бўлмаса ҳам, мавжуд Конституция принциплари нуқтаи назаридан муҳим бўлган бир савол бор: У энди нечанчи муддатга президент курсисида ўтиради?

Ўзбекистонда бу савол устида ҳеч ким бош қотираётгани йўқ. Чунки бу савол ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмайди. Тўғрироғи, расмий матбуот бу саволни кўтармайди, кўтарилишига йўл ҳам қўймайди.

Мухолифат доираларида бу савол асосий мавзулардан бири. Аммо, бу ерда ҳам тушунмовчилик бор. Кўпчилик мухолиф гуруҳлар Ислом Каримнинг учинчи муддатга президентликка сайланаётганини гапириб, бунинг Конституцияга зид эканини гапирмоқдалар.

Бу масалага аниқлик киритиш лозим. Ўзбекистон Конституциясининг 90-чи моддасида бир одам кетма-кет икки муддатдан ортиқ президент бўлолмаслиги айтилган. Эътибор беринг, гап неча марта президентликка сайланиш ҳақида эмас, неча муддат президент бўла билишда. Ҳозирги президент Ислом Карим биринчи марта 1991 йилда президентликка биринчи муддатга сайланди, сўнгра референдум орқали у яна бир муддат президент сифатида қолдирилди. У 1999 йилнинг охирида иккинчи марта президентликка сайланди, аммо бу сайланиш натижасида у учинчи муддат президенлик курсисида қолди. Кейин яна референдум орқали унинг президенлик муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилди. Демак, ўз-ўзидан маълумки, у ҳозир 4-чи муддатга президентлик курсисида қолмоқчи. Бу мутлақо ғайриконституцион иш.

Бугун Ўзбекистонда, ҳуқуқий мезонлар доирасида гапирсак, авторитар, бироз эркинроқ айтсак, диктаторлик режими мавжуд. Ҳамма мухолиф гуруҳлар буни гапирадилар. Буни эътироф эта туриб, айни замонда, Ислом Карим Конституцияни бузаётганини гапиравериш ҳам мантиқсиз эканлигини тан олиш керак. Чунки, қонунлар ишламайдиган, ҳамма нарса ҳукмроннинг амри билан ва куч ишлатиш орқали ҳаётга жорий қилинадиган жойни диктатура дейдилар. Демак, биздаги режим ҳам диктаторликларда нима қилинса, шуни қилмоқда, халос.

Шундай экан, очиқча айтиш керак, Ўзбекистонда Конституция ва бошқа қонунлар бузилаётганини гапираверишдан фойда йўқ. Ҳозир тишни тишга қўйиб, бу режимни қонунлар билан ҳисоблашишга мажбур қиладиган кучга эга бўлган мухолифат ташкилоти яратиш масаласи устида ишлаш керак.

Ғарб давлатлари, турли халқаро структураларнинг ёрдамидан фойдалана билиш ҳам муҳим, аммо уларнинг ўзи ҳеч нарса қилмайдилар, бу уларнинг вазифаси ёки мажбурияти ҳам эмас. Асосий ишни мухолифатнинг ўзи қилишга маҳкум.. Бу оддий аксиомани ҳали ҳамма демократлар тушуниб етмагани ҳам катта камчиликларимиздан биридир.

Журналнинг аввалги сонларида ўзбек мухолифати сайловолди кампанисини ўтган йилдан бери олиб бораётгани, у даврда Ўзбекистоннинг расмий доиралари ва расмий матбуот бу масалада сукут сақлагани, 21 сентябрдан кейин расмий сайловолди кампанияси бошлангани ва жараёнлар қандай кетаётгани ёритилган эди.

Журналнинг бундан олдинги сонида Марказий Сайлов Комиссияси “Бирлик” Партиясининг номзодини сайловчиларнинг ташаббускор гуруҳи орқали президентликка расман номзод қилиб кўрсатишга имкон бермагани, 29 октябрда Фидокорлар партияси биринчи бўлиб президентликка ўз номзодини кўрсатганини билдиргандик. Бу номзод – партия Марказий Кенгашининг Биринчи котиби Ахтам Турсунов.

Бундан кейинги воқеалар қуйидагича давом этди.

* * *

2 ноябрда “Миллий тикланиш” партиясининг қурултойи партия раиси, ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг номзодини президентликка кўрсатди. Бу ёзувчи Андижон қатли оми қурбонларини шўрванинг кир кўпигига ўхшатган, Ислом Каримга шахсий садоқати эвазига сарой ўйинларидан омон келаётган бир инсондир. Аммо, шуни айтиш керакка, у ёзувчиларнинг кўпчилиги каби қайта қуриш йилларида “Бирлик” хайрихоҳларидан бўлган, кейинчалик режим хизматига ўтган.

3 ноябрда “Адолат” социал демократик партияси сайловолди Қурултойи ўтказди ва партия сиёсий кенгаши Биринчи котиби Дилором Тошмуҳамедовани президентликка номзод қилиб кўрсатди. Қурултойда сўзга чиққан бу қўштирноқ ичидаги номзод “Адолат”нинг сайловда ютиши эмас, қатнашиши муҳим эканини қайд этди.

5 ноябрда Либерал демократик партияга ўзини мухолиф деб эълон қилган (нақадар кулгили) Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам ўзининг навбатдаги Қурултойини ўтказди ва партиянинг Парламентдаги фракцияси раҳбари Аслиддин Рустамовни президентликка номзод қилиб кўрсатди. Минбарда ХДПнинг энг қудратли сиёсий куч (350 минг аъзоси бор) эканини таъкидлаган бу қўғирчоқ лўттибоз 45 ёшга кириш арафасида.

6 ноябрда сайлов олди кампаниясининг асосий воқеаси юз берди дейиш мумкин. Айнан шу куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал демократик партияси режимбоши Ислом Каримни президентликка номзод қилиб кўрсатди. Шубҳа йўқки, бу партия Оқсаройдан берилган фахрий топшириқни бажарди, халос.

Қурултойда узундан узоқ маъруза қилган номзод халқимизнинг оламшумул фаровонлиги, яқин келажакдаги истиқболлари хусусида лоф урди. Бошқа сиёсий чўнтаклар ҳали сайловда қатнашиш учун талаб қилинадиган 814 минг сайловчининг имзоларини тўплаб улгурмаган бир пайтда либераллар бу масалани ҳал қилишган. Парламентда энг кўп (41 овоз)га эга бўлган партиянинг ҳозирда 150 мингдан ортиқ фаоли борлиги айтилади.

“Бирлик”дан президентликка номзод кўрсатиш масаласи Конституцион Судда

Мухолифатнинг асосий кучи бўлмиш “Бирлик” Партиясининг вакилини президентликка носзод қилиб кўрсатиш учун ҳаракат қилган Ташаббус гуруҳи ўзининг конституцион ҳуқуқлари поймол қилингани хусусида Конституцион Судга мурожаат қилди. Қуйида ўша мурожаатнинг матни.

Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий Суди раиси ўринбосари
Бахтиёр Мирбобоевга

Тошкент шаҳар Боғкўча 20-23 да яшовчи
фуқаро Ҳайит Абдуллаевдан

Муҳтарам Бахтиёр Шамсиддинович!

Мен ўзимнинг конституциявий ҳуқуқларим доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларида сайловчиларнинг ташаббускор гуруҳи ташкил этиш ва шу орқали Президентликка номзод қўйиш масаласида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига мурожаат қилганман. Мазкур мурожаатимда ташаббускор гуруҳни ташкил этиш бўйича ташкилий гуруҳ йиғинининг мажлиси ўтказилгани ҳақидаги баённомани ҳам илова қилганман. Яъни, менинг мурожаатимдаги мазкур баённома Ташаббус гуруҳи мажлиси баённомаси бўлмай, аксинча, уни ташкил этувчи гуруҳ мажлиси моҳиятини акс эттирувчи ҳужжатдир. “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунда бу тарздаги баённома тақдим этилиши мумкин эмас, дейилмаган. Аксинча, Қонун моҳиятига кўра, фуқаро ўзи ташкил этаётган ташаббус гуруҳи ҳақида кўпроқ маълумот бериши, сайлов комиссияси аъзоларида гуруҳ ҳақида тасаввурни кенгайтириши лозим. Мен сайловчилар ташаббус гуруҳини ташкил этиш бўйича ваколатли шахс эканимни, шу боисдан менга тегишли тартибда МСКнинг мандати берилишини сўраганман. Шундан сўнг СТГ мажлисини ўтказиб, ҳужжатларни Марказий сайлов комиссиясига тақдим этишни режалаштирганман.

Аммо менинг мурожаатимга 08.10.2007 й.да 272/4-сонли хат билан жавоб қайтарган Марказий сайлов комиссияси аъзоси К. Адилов менинг шу йил 2 августда Сайловчилар Ташаббус Гуруҳининг мажлисини ўтказганим, бу эса “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 24(1)-моддасига мос эмаслигини қайд этган. Мазкур қонун талабида Сайловчилар Ташаббус Гуруҳининг мажлиси баённомасида гуруҳ аъзоларининг исми-шарифи ва бошқа маълумотлар акс этиши лозимлиги, боз устига, сайлов кампанияси эълон қилингачгина гуруҳнинг мажлиси ўтказилиши лозимлигини иддао қилган. Мурожаатим моҳиятида акс этган масала четда қолиб, менинг ҳуқуқ ва ваколатларим тушунтирилган. Яъни, МСК аъзоси менинг мурожаатим моҳиятини англамай, унинг баёни билан танишмай маъсулиятсизларча муносабатда бўлди. Боз устига, менга юборилган хат 8 октябрь 2007 йил санаси билан қайд қилинган бўлса-да, мактуб менга 14 октябрь 2007 йилда етиб келди. Яъни, бу вақтда Марказий сайлов комиссиясининг номзод кўрсатувчи сиёсий партиялар ва сайловчилар ташаббус гуруҳларини рўйхатга олиш муддати феълан тугаб бўлган эди.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддасида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси мамлакатда сайлов сиёсатига масъул экани, фуқароларга тушунтиришлар бериши таъкидланган. Аммо Марказий сайлов комиссияси менинг мурожаатимга жавоб қайтаришни атайин муайян муддатларга чўзиб, унинг моҳиятига зид равишда жавоб қайтарди. Шунингдек, мен ва мен билан бирга Сайловчилар Ташаббус Гуруҳи аъзоларининг Президентликка Ўзбекистон Республикаси фуқароси Пўлатов Абдураҳимнинг номзодини илгари суриш сингари конституциявий, сиёсий ҳуқуқларимизни поймол қилди. Ваҳоланки, МСК аъзоси талабимиз моҳиятини тўғри тушуниб, СТГ мажлиси учун тегишли тартибда ваколат, ўз вақтида жавоб берганида биз мажлисини ўтказар, Президентлик сайловида қатнашар эдик. Сайлов комиссияси аъзосининг профессионал лаёқатини шубҳа остига қўювчи жавоб хати эса бизнинг ҳаракатларимиз самарасини йўққа чиқарди. Сиздан мазкур ҳолатга нисбатан конституциявий нормалар, халқаро ҳуқуқий меъёрлар асосида баҳо беришингиз ҳамда мен ва тарафдорларимнинг ҳуқуқларини тиклашда кўмак беришингизни сўрайман.

Ҳайит Абдуллаев
06.11.2007 й

Иловада:
1. СТГни ташкил этиш бўйича ташкилий гуруҳ мажлисининг баённомаси.
2. Менинг Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига мурожаатим нусхаси.
3. Марказий сайлов комиссияси аъзоси К. Адиловнинг 8.10.2007 й.даги 272/4-сонли жавоб хати нусхаси.
4. Ўзбекистон Республикасси фуқаролигимини тасдиқловчи паспорт нусхаси.

* * *

Бу орада ҳукуматнинг ўзи танлаган одамларни гўёки қонуний йўллар билан президентликка номзод қилиб кўрсатиш ўйинлари давом этаверди.

8 ноябрда Ўзбекистон Президентлигига сайловчилар ташаббус гуруҳи орқали номзод кўрсатувчилар сифатида рўйхатга олинган Акмал Саидов тарафдорлари ўз мажлисини ўтказди. Сайловчиларнинг ташаббус гуруҳи мажлисида сўз олган номзод ўзининг тақдири мисолида мамлакатимиздаги демократия ва мустаҳкам фуқаролик жамияти ҳақида нутқ сўзлади. “Бизнинг сайловларда ютишимиз муҳим эмас, балки қатнашишимиз аҳамиятли” деди масхарабоз. Билиб-билмай режим “сири”ни ошкор этаётган қўғирчоқнинг ҳоли кулгили эди, деб ёзилди “Ҳаракат” агентлигининг мухбири бу ҳақда.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда президент сайловолди кампаниясига гўёки тўла демократик тус берилди. Беш сиёсий партия ва бир дона сайловчиларнинг ташаббускор гуруҳи президентликка 6 нафар номзод кўрсатишди. Театрлаштирилган демократия ўйини учун икки партиянинг номзоди қурбон ҳам қилинди. Фидокорлар партиясининг номзоди Ахтам Турсунов ва “Миллий тикланиш” партиясининг номзоди Хуршид Дўстмуҳаммад қонунда кўрсатилган сондаги сайловчиларнинг имзосини гўёки тўплай олмаганлари сабабли рўйхатга олинмадилар.

Маълумки, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 242-моддасига кўра, сиёсий партия сайловда қатнашиши учун умумий сайловчиларнинг 5 фоизи (814 870 нафар сайловчи)нинг имзоларини МСКга топшириши лозим. Ҳукуматнинг бу икки чўнтак партияси мазкур баърердан ўтолмагани ҳақидаги хабарнинг қанчали асосли эканлигини билишни истаган “Ҳаракат” журнали мухбирининг сўровига МСК вакили унинг аккередетациядан ўтмаганини рўкач қилиб, маълумот беришни рад қилди.

Бу икки номзоднинг сайлов пойгасидан отилишининг прагматик сабаби ҳам бор. Мантиққа таяниладиган бўлса ҳам беш партия ва ташаббускор гуруҳ номзодини рўйхатга олинса, сайловчиларнинг овози бўлинади, чунки партияларнинг тарафдорлари сайлов кунида ўз номзодига овоз беришларини кутиш мутлақо табиий. Шундай бўлгач, режимбоши сайловнинг илк босқичида 50 фоиздан ортиқ овоз тўплай олмай қолиши мумкин. Қонунга кўра, биринчи турдаёқ президент бўлиб сайланиш учун сайловчиларнинг камида ярмининг овозини олиш зарур.

Ўзбекистонда президент сайлови ҳақидаги қонуннинг 25 моддаси 3-чи абзацига кўра, президентликка номзодларни рўйхатга олиш сайловдан 35 кун аввал тамомланиши керак. Демак бу йилги сайловлар учун номзодлар 18 ноябрь ёки ундан олдин рўйхатга олиниши керак эди. Аммо, бундай бўлмади. МСК 18 ноябрь куни ҳеч қандай маълумот тарқатмади.

Фақат 19 ноябрь куни МСК раиси М.Абдусаломов қисқа матбуот конференцияси ўтказиб, 4 киши президентликка номзод сифатида рўйхатга олинганини билдирган, аммо, улар қачон рўйхатга олинганини айтмаган. Ҳамма нарса мамлакат президентининг калласида аллақачон ҳал қилиниб бўлганнини ҳамма тушунади. Шунинг учун, савол туғилади - нега МСКнинг қарори бир кун бўлса ҳам кечикиб эълон қилинди? 18 ноябрь бозор куни бўлса ҳам МСК бу ишни осонликча қилоларди-ку.

Мана ўша рўйхатдан ўтган номзодлар:

Ислом Карим – Либерал-демократик партиядан
Аслиддин Рустамов – Халқ демократик партиясидан
Дилором Тошмуҳамедова – “Адолат” Социал-демократик партиясидан
Акмал Саидов – Сайловчиларнинг ташаббус гуруҳидан

* * *

Шу билан сайловолди кампанияси охирги палласига кириб, тўғри сайловларга қараб кетди. Энди сайловларни халқаро ташкилотлардан кимлар кузатади, деган савол ҳам ўртага чиқа бошлади. Ўзбекистон Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига (ЕХҲТ) аъзо бўлгани учун, бу ташкилот Ўзбекистондаги сайловларга кузатувчи юбориб юбормаслиги ҳаммани қизиқтирарди.

Одатда бошқа мамлакатларда бўладиган сайловлар ва демократик жараёнларнинг бориши ЕХҲТнинг маркази Варшавада жойлашган Демократик Институтлар ва Инсон Ҳуқуқлари Бюроси (ДИИҲБ) томонидан кузатилади. ДИИҲБ вакиллари ЕХҲТга кирувчи мамлакатларда демократик жараёнларнинг боришини нафақат кузатадилар, балки, бу масалада маҳаллий демократ ташкилотларга ҳуқуқий ёрдам берадилар.

- Аммо, - дейди “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат 16 ноябрь куни “Ҳаракат” агентлигига берган интервьюсида, - нимага эканлигини билмайманку, ДИИҲБ Ўзбекистонга ортиқча эътибор бермайди. Менинг ўзим охирги йилларда АҚШнинг ЕҲҲТ билан шуғулланувчи органлари, хусусан, Хельсинки Комиссияси раҳбарлари билан шахсан учрашиб, ДИИҲБ Ўзбекистонда мухолифат партиялари ва ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотларнинг рўйхатдан ўтиш учун қилаётган ҳаракатларини мониторинг қилиши кераклигини гапирдим. Бу хусусда партиямизнинг баёнотларини Хельсинки Комиссиясининг раисдошлари сенатор Браунберг ва конгрессмен Смитга шахсан топширдим. Айниқса, “Бирлик” Партиясини рўйхатга олиш масаласи ҳукумат органлари томонидан ойлаб эмас, йиллаб пайсалга солиб келинаётганини урғуладим. ДИИҲБ бу ва бу каби жараёнларни мониторинг қилаётгани ҳақида баёнот берса, шунинг ўзи бизга катта дастак бўлишини айтдим. Мен кўтарган масалалар ДИИҲБ раҳбарияти олдига қўйилажаги ҳақида кўп марта ваъдалар олган бўлсам ҳам, амалда ҳеч нарса бўлмаган. Мен ўзим кўп марта бу Бюро ходимлари билан алоқа қилишга ҳаракат қилдим, бўлмади. ЕХҲТ ва унинг ДИИҲБси бу йил Ўзбекистонда бўладиган президент сайловида қатнашиш учун демократларнинг қилган ҳаракатларига ҳам ҳеч қандай қизиқиш кўрсатгани йўқ. Кўрамиз, унинг вакиллари Ўзбекистондаги сайловларни кузатишга борадиларми, борсалар қандай хулосалар чиқаришади.

Кейинчалик маълум бўлдики, ЕХҲТ Ўзбекистондаги президент сайловини аввалданоқ нодемокраик дея таърифлаб, унга бир нечагина кузатувчи юбориш билан чекланашга қарор қилган.

Ўзбекистон расмийлари сайловларни кузатишни истаган маҳаллий ноҳукумат ташкилотларига ҳам ҳеч қандай йўл бермадилар.

Масалан, расман рўйхатдан ўтган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти 3 декабрда МСК раиси Мирулуғбек Абдусаломовга хат йўллаб, бу ташкилотнинг икки фаолига (Васила Иноятова ва Абдураҳмон Ташановга) сайловларни кузатиш учун рухсат ва керакли ҳужжат берилишини сўраган.

Аммо, 17 декабрда МСК раиси ўринбосари Қўчқор Тоғаев номидан келган жавоб хатида “Эзгулик” фаоллари учун президентлик сайловида кузатувчилик қилишига йўл қўйилмаслиги билдирилган. Қўчқор Тоғаев рад жавобини “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддаси билан асослаб, сайловда номзодлар, хорижий давлат ва ҳаракатлар тавсия этган шахсларнинг кузатувчи сифатида қатнашиши мумкинлиги қайд этилганини таъкидлаган.

Ваҳоланки, қонуннинг ана шу моддасидаги “ҳаракатлар” тушунчаси жамоат бирлашмалари, ноҳукумат ташкилотларини ҳам қамраб олади. “Эзгулик” ҳам Адлия рўйхатидан ўтган ана шундай ташкилот эди.

Ҳокимиятнинг ҳамма тармоқлари лўттибоз: эстафета конституциявий судда

“Бирлик” Партияси фаолларидан иборат фуқароларнинг Сайловчилар Ташаббус Гуруҳи Марказий Сайлов Комиссиясининг лўттибозлиги устидан Республика Конституциявий судига мурожаат қилгани юқорида айтилганди. Хабарларимизда Марказий сайлов идорасининг Сайловчилар Ташаббус Гуруҳи вакилига мандат беришни асоссиз равишда рад қилгани, комиссия аъзоси Адилов томонидан талабга зид равишда жавоб қайтарилгани акс этганди. Мухбирларимиздан маълум бўлишича, 30 ноябрь куни Тошкент шаҳар Боғкўча кўчаси 20-уй 23-хонадонда яшовчи сафдошимиз, “Бирлик” Партияси Тошкент шаҳар кенгаши раиси Ҳайит Абдуллаев ўша мурожаатига Ўзбекистон Конституциявий суди судьяси У. Бозоров имзоси билан жавоб хати олди. Унда шундай дейилади:

“02-12/837
19.11.2007 й.

Тошкент шаҳри, Боғкўча 20-23
Ҳ. Абдуллаевга

Сизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига юборган мурожаатингиз ўрганиб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 108-моддаси ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги Қонуннинг 1-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг конституциявий суди қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятларнинг ҳужжатлари Конституцияга қанчалик мослигига доир ишларни кўрадиган суд ҳокимияти органи ҳисобланади.

Шунга асосан мурожаатингизда кўтарилган масалани кўриш Конституциявий суднинг ваколатига кирмаслигини Сизга маълум қиламиз.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг судьяси

У. Бозоров”.

Ушбу хатнинг иккинчи абзаци мазмунидан кўриниб турибди-ки, давлат ҳокимияти идораларининг, шу жумладан, Марказий Cайлов Комиссиясининг ҳужжатлари жорийдаги Конституциянинг ҳарф ва руҳига қончалик мос ёки мос эмаслиги хусусидаги ҳар қандай масала Конституциявий суднинг вазифа ва ваколатлари доирасидадир. Ва, ўз навбатида, Конституциявий суд суд ҳокимияти сифатида шу хилдаги мурожаатларга ҳуқуқий баҳо беришга бурчлидир.

“Бирлик” фаолининг хати айнан МСКнинг ҳужжатлари Ўзбекистон Конституциясига қанчалик мос эканлиги тўғрисида бўлгани учун, Конституциявий суд судьяси унинг моҳиятини тушунишни атайлаб истамасдан, номигагина жавоб бериш билан чегараланган. Совет замонида бундай жавобларни “отписка” дейишарди.

Конституцион суд судясининг Ҳайит Абдуллаевга жавоби юқорининг сиёсий буюртмаси бўлиб, бу буюртмада нишоннинг “Бирлик”ка қаратилганига ҳам шубҳа йўқ.

Партия фаоллари ва улардан иборат Сайловчилар Ташаббус Гуруҳи аъзолари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Олий судида ҳуқуқий курашни давом эттиришга келишдилар.

Спектакль каби ўтказилган президент сайлови тугади

23 декабрь куни президент сайлови - ЕХҲТнинг номигагина юборилган кичик гуруҳини ҳисобга олмаса - Ғарб давлатлари ва демократик халқаро ташкилотларининг кузатувчиларисиз ўтказилди. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Ислом давлатлари ва бир қатор демократик руҳда бўлмаган ташкиллотларнинг кузатувчилари шунчаки тамошабин бўлдилар.

Ўша куни соат 22 дан бироз ўтгач, Марказий Сайлов Комиссияси раиси М.Абдусаломов маҳаллий ва халқаро журналистлар учун матбуот конференцияси ўтказди ва президент сайловида 14 миллион 765 минг 444 киши қатнашганини эълдон қилди. Унга кўра, сайловда сайловчиларнинг 90,6 фоизи қатнашган.

Журналистлар бу матбуот конференциясидаёқ сайловга қатнгашганларнинг 90 фоиздан кўпроғи Ислом Каримга овоз бергани ҳақида маълумот берилишини кутишган, аммо МСК бундай шошма-шошарликдан ўзини тийган.

Эртаси куни кечқурун МСК президент сайловининг ниҳоий бўлмаган натижаларини эълон қилди.

Сайлов комиссияси Ислом Карим учун 88.1, Аслиддин Рустам учун - 3,17, Акмал Саид учун 2,85 ва Дилором Тошмуҳаммад учун 2,94 фоиз овоз берилди, деган хабар тарқатишни лозим топибди. Уч номзоднинг ҳеч бирини хафа қилмаслик учун уларга сал кам бир хил рақамлар тайинланганига, ва айни замонда, Ислом Каримга овоз берувчиларнинг фоизи 100 деб эълон қилинавермаганига қойил қолиш керак. Балки ҳокимиятдагилар шуни демократиянинг ғалабаси қилиб кўрсатишмоқчидир. Улар ҳақли, аммо бу демократия Совет замонидаги демократиянинг нусхаси, халос.

Асосан нодемократик давлатлардан чақирилган ўнлаб кузатувчилар Ўзбекистондаги сайловни дунёга намуна бўладиган сиёсий тадбир сифатида олқишладилар. Фақатгина Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти сайлов замонавий талабларга жавоб бермаслигини, мухолифатга сайловда иштирок этишга имкон берилмаганини билдирган. Табиий, ЕХҲТнинг билдириши ҳатто Ўзбекистон Миллий Хабар Агентлиги томонидан ҳам эълон қилинмади.

25 декабрда “Ҳаракат” агентлигининг Қашқадарё ва Самарқанддаги мухбирларимиздан маълум бўлдики, Ўзбекистонда президент сайловини кузатиш учун мамлакатга келган Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти вакиллари “Бирлик”нинг шу вилоятларидаги раҳбарлари билан учрашишга эриша олишмаган. Гуруҳнинг таржимони “Бирлик”чилар билан телефон орқали мулоқотдан сўнг учрашув белгилаган. Лекин, Қаршида мазкур учрашувга отланган Дайнов Ташанов (партиянинг раис ўринбосари, шу вилоят ташкилотининг раҳбари) ҳамда Самарқандда меҳмонлар билан учрашиши лозим бўлган Холиқназар Ғаниевлар (у ҳам партиянинг раис ўринбосари, шу вилоят ташкилотининг раҳбари) милициянинг ЖҚБ ва терроризмга қарши кураш бўлимлари вакиллари томонидан тутиб турилган.

Холиқназар Ғаниев “Сайлов ўтгач, назорат бироз юмшади, уйимимз олдидаги миршаблар отряди кўринмай қолди”, дегани ҳам маълум бўлди.
28 декабрда МСК президент сайловининг сўнг натижаларини эълон қилди. Унга кўра, номзодларга берилган овозларнинг тақсимоти қуйидагича бўлибди:

Ислом Карим - 13 миллионов 8 минг 357 (88,1 фоиз)
Аслиддин Рустам - 468 минг 64 (3,17 фоиз)
Акмал Саид - 420 минг 815 (2,85)
Дилором Ташмуҳаммад - 434 минг 111 (2,94 фоиз)

Сайловда сайлаш ҳуқуқига эга бўлган Ўзбекистон фуқароларининг 90,6 фоизи қатнашган эмиш.

Шундай қилиб, МСК мамлакат Конституцияси ва бир қатор қонунлар бузилиб ўтказилган сайловда Ислом Карим ғалаба қозонганини расмийлаштирди. Демак, у тўртинчи муддатга президент бўлади.

Ислом Карим янги йилгача қасамёд қилиб, яна етти йилга президентлик ваколатларини олса, кейинги сайлов 2014 йил 21 декабрда ўтказилади. Агар қасамёд қилиш янги йилга қолса, у ҳолда Ислом Карим 2015 йил 27 декабргача, яъни яна 8 йил президент курсисида ўтиради.

Президентлик сайлови демократик принципга асосланмади
(“Эзгулик” жамиятининг Баёноти, 30 декабрь 2007 йил)


Бу йил мамлакатимизда ўтган муҳим сиёсий кампания — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ҳукумат расмийларининг эътирофича, гўё ошкоралик, очиқлик ва адолатлилик принципларига асосланган ҳолда ўтказилди. Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, сайловларда умумий сайловчиларнинг 90,6 фоизи иштирок этди. Номзодлар Ислом Каримов - 13 миллион 8 минг 357 (88,1 фоиз), Аслиддин Рустамов - 468 минг 64 (3,17 фоиз), Акмал Саидов - 420 минг 815 (2,85 фоиз), Дилором Тошмуҳаммедова - 434 минг 111 (2,94 фоиз) кишининг овозини тўпладилар. Мамлакатнинг амалдаги Президентига муқобил экани айтилган номзодлар кампанияда унинг нафақат шахсини улуғладилар, балки мамлакатда юзага келган оғир сиёсий кризис, коррупциядан кўз юмиб, жамоатчиликда қўғирчоқ номзодлар сифатида таассурот уйғотдилар. Бу жараёнда жамоатчилик фикрини ўрганган, турли тоифадаги кишилар ўртасида сўров олиб борган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоллари ҳукуматнинг демократик сайлов ҳақидаги иддаоси объектив эмаслигига амин бўлдилар.

Бинобарин, оддий мантиққа кўра, мамлакат Президенти Ислом Каримовга муқобил бўлган номзодларнинг ўзлари камида 2,5 миллионга (камида 15 фоиз) яқин сайловчининг овозини йиғиши (ахир, уларни ҳар бирининг номзод бўлишини 814 мингдан ортиқ киши қўллаб-қувватлаганди) лозим эди. Сайловчиларимиз муҳим сиёсий кампанияни суъний равишда майнавозчиликка айлантирган, деб ҳисоблаганимизда ҳам сайловчиларнинг умумий миқдори масаласи кишида шубҳа уйғотади.

Мамлакатимиздаги оғир иқтисодий кризис, турмуш шароитларининг пастлиги туфайли қарийб 2,5-3 миллионга яқин юртдошларимизнинг ўзга юртларга мардикорликка кетгани реал ҳақиқат экани Марказий сайлов комиссияси маълумотларининг тўғри эмасигини исботлаб турибди.
Бу ўринда сайлов жараёнида Ислом Каримов номоди учун ташкил этилган оммавий тарғибот ҳақида гапиришнинг ўзи ортиқча.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг сайловлар жараёнида бир қанча оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик вакиллари, хусусан, “Эзгулик” жамияти фаолларига кузатувчилик мандатлари беришни асоссиз равишда рад этиши ҳам принципиал жиҳатдан сайловларнинг демократик эмаслигини кўрсатиб турибди. Сиёсий мухолифатдаги партияларнинг рўйхатга олинмаслиги, Сайловчиларнинг Ташаббускор Гуруҳларидан номзодлар кўрсатишга имконият берилмаганлиги, уларнинг турли йўллар билан таъқиб қилиниши ҳам ана шу иддаонинг яққол исботидир. Хусусан, сайловчилар ташаббускор гуруҳи томонидан илгари сурилган Абдураҳим Пўлат номзоди атрофидаги ўйинлар ҳам фикримизни тасдиқлайди.

Сайлов жараёнида кузатувчиларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш, давлат ҳокимияти идоралари томонидан мунтазам назорат остига олинишидан эса кўз юмиб бўлмайди.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари сайлов жараёнлари ҳақида аксарият экспертлар, кузатувчиларнинг фақатгина позитив фикрларини намойиш қилмоқда. Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти, Ҳьюман Райтс Вотч сингари нуфузли халқаро ташкилотларнинг экспертлари илгари сураётган танқидий мулоҳазаларга цензура қўйилган. Сайловда мағлуб бўлган сиёсий қўғирчоқларнинг лом-мим демаслиги, сайловга нисбатан сиёсий баҳо бермаслиги кишида таажжуб уйғотади. Бинобарин, сайловлар ҳукумат таъкидлаётганидек, объектив, демократик ўтган экан, мустақил кузатувчилар, ноҳукумат, халқаро ташкилотлар вакилларига ҳам минбар берилиши лозим.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, сиёсий партиялар манфаатларини қонуний нуқтаи назардан ифода этишга қаратилган изланишлар, фаолиятни кенгайтиришга доир ҳаракат стратегиясини ишлаб чиқишни режалаштирган.

Шунингдек, сайловчилар ҳуқуқларини топтаган, жамоатчилик манфаатларига зид фаолият юритган Марказий сайлов комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди шахсий таркиби билан ҳуқуқий майдонда кураш олиб боришни кўзда тутган.

Жамоатчилик, халқаро ташкилотларни “Эзгулик”нинг ана шу эзгу фаолиятини қўллаб-қувватлашга, бу жараёнда фаол иштирок этишга чақирамиз.

Демократия бўлмаган мамлакатда сайловлар ҳеч нарсани ўзгартирмайди

Хуллас, катта бир театр ўйини охирига келди. Лекин, бу спектаклдан кейин Ўзбекистонда бирон нарсанинг ўзгаришини кутиш керак эмас.
Одамлар ичида ҳам бундай кайфият йўқ. Сайловлардан кейин мамлакатдаги биронта муаммо ечилмайди, ҳукумат-мухолифат кураши аввалгиси каби давом этаверади.

Бу сайлов на ҳукуматнинг мавқесини мустаҳкамлаб, унинг легитимлигини таъминлайди на мухолифатни умидсизликка туширади. Аксинча, Ислом Каримнинг Конституцияга хилоф равишда тўртинчи муддатга президентлик курсисида қолиши мухолифатнинг курашига ҳуқуқий ва маънавий куч беради.

Демократия бўлмаган мамлакатда сайловлар ҳеч нарсани ўзгартирмайди, дедик. Бу оддий ҳақиқатдир. Шу туфайли, нодемократлиги, авторитарлиги тан олинган, баъзилар диктатура деб тарифлаётган Ўзбекистондаги президент сайловидан ижобий натижлар кутиш ножиддийлик бўлган бўларди.

Айнан шунинг учун мухолифатнинг асосий кучи бўлмиш “Бирлик” Партиси ва унинг лидери Абдураҳим Пўлат ўз баёнотларида бу йилги сайловолди кампаниясида иштирок этишни 2009 йилда бўладиган парламент сайловларига тайёрланиш йўлидаги муҳим бир босқич, мухолифатнинг сафларини мустаҳкамлаб олиш учун катта имконият сифатида тарифладилар.

Бу куннинг энг актуал саволи: мухолифатнинг олдига қўйилган шу минимал режалар амалга ошдими?

Минг афсуски, тўла ошгани йўқ.

Бунинг сабабларини авваломбор Андижондаги қонли воқеалар ўзбек жамиятида, хусусан, мухолифат сафларида қолдирган излардан, ундан кейин, мухолифатнинг ички муаммоларидан ва ниҳоят Ўзбекистон раҳбарияти мамлакатимизни Россиянинг сиёсий ва иқтисодий вассалига айлантириш йўлидан кетаётгани туфайли юзага келган вазиятдан қидириш керак.

Буларнинг анализини қилиш бир кунлик иш эмас. Айни замонда, бошқа бир сайлов - навбатдаги парламент сайловлари 2009 йилда бўлишини ҳисобга олиб, бундай анализ учун нафақат йиллар, балки ойлар ҳам вақтимиз йўқлигини унутмайлик.

"Бирлик” раҳбари Абдураҳим Пўлатнинг журналнинг кейинги саҳифаларда эълон қилинган мақоласи шу мавзуларда йўналиш белгиловчи нуқта сифатида жуда муҳимдир. Унинг ғояларини ривожлантириш, воқеаларни Россиядаги жарёнлар билан биргаликда анализ қилишга қаратилган фикрларини чуқурлаштириш бу куннинг долзарб масалаларидир.

Озорбойжонлик сиёсатчи Рамис Юнусовнинг мақоласи ҳам шу долзарб муаммоларни ечиш йўлида, айниқса, Россия факторини ҳисобга олишда яхши фикрлар беради.

Ўзбекистондаги ҳамма демократларни бу муаммолар устида ўйлаш, уларнинг ечимларини излаш каби мавзуларга эътиборни кучайтиришлари лозим.