Ўзбекистонда президент сайлови
Журналимизнинг 2006 йил 2-6 сонларида ва 2007 йил 2-сонида бу йил бўладиган президент сайловларига демократик мухолифат қандай тайёрланаётганини ҳақида тафсилотли маълумотлар берган эдик.

Шуниси қизиқ-ки, сайловга 3 ойдан бироз кўп вақт қолишига қарамасдан Ўзбекистоннинг расмий матбуоти жим, расмий/чўнтак сиёсий партиялар жим, Марказий Сайлов Комиссияси (МСК) жим. Худди, бизда ҳеч қандай сайлов бўлмайдигандек.

Ваҳоланки, масалан, АҚШда 2008 йил ноябрда бўладиган президент сайловларига тайёрланиш катта йўлга чиқиб олганига ярим йилдан ошди. Икки етакчи партия – Демократлар ва Республикачилар номидан президентликка нозод бўлишни истаган сиёсатчилар аллақачон сайловолди кампаниясини бошлаб юборганлар. Бу жараён бутун жамиятнинг диққат марказида, оммавий ахборот воситаларининг асосий мавзуси ҳам 2008 йилдаги президент сайлови.

Аслида, Ўзбекистон Конституцион Суди ҳам бу масала билан қизиқиши керак эди. Чунки, Ўзбекистон конституцияси ва президент сайлови ҳақидаги қонунларда чалкашлик бор. Конституцияга кўра, президентнинг ваколатлари 7 йил, демак, ҳозирги президентнинг ваколати шу йил 22 январда тамом бўлган. Тўғри, президент сайлови ҳақидаги қонунга кўра, янги президент лавозимига ўтирмагунча эскиси вазифасини давом этттираверади. Аммо, қанча вақт? Бу қонунда айтилмаган, демак, ойлаб-йиллаб давом эттириши мумкин. Бу ножиддийлик-ку!

Бунинг устига, Ўзбекистон Конституциясига кўра, президент сайлови иш бошидаги президентнинг ваколати тугайдиган йилнинг декабрь ойи учинчи ўнкунлигининг биринчи якшанбасида бўлади. Яъни сайлов, президент ваколати битмасдан аввал эмас, битгандан кейин 11 ой ўтгач, яъни сал кам бир йил ўтгач бўлади. Наҳотки, бундай мантиқсизликни на президент, на парламент, на Конституцион Суддагилар, на МСК аъзолари кўрмайдилар?

Қонунларимизда бундан баттар мантиқсизликлар бор. Президент сайлови ҳаққидаги қонуннинг 8-моддасига мувофиқ, президент сайлови МСК тарафидан иш бошидаги президентнинг ваколатлари битмасидан камида 3 ой аввал эълон қилиниши керак. Демак, бизда бу йил бўладиган президент сайлов кампанияи 2006 йил 22 октябрдан олдин эълон қилиниши керак эди.

Аммо эълон қилинмади. Демак, қонун тўғридан-тўғри бузилмоқда, лекин, мухолифатдан бошқа ҳеч кимнинг бу билан иши йўқ.. Мухолифат ичида ҳам “Бирлик”дан бошқа биронта партия бу чалкашлигу мантиқсизликларни мавжуд қонунларнинг ўзига асосланиб тўғри очиб беролмади. Балки, шунинг учундир, айнан “Бирлик” Партиясигина собитқадамлик билан сайловолди кампанияси олиб бормоқда ва сайловда қатнашиш фикрида қатъий турибди.

Шундай шароитда мухолифат президент сайловига қандай тайёрланаётгани билан қуйида танишасиз.

* * *

Ўтган йили “Бирлик” партияси феълан сайловолди кампаниясини бошлаб бергач, мухолифат сайтларида юрт ташқарисида яшаётган ўзбек сиёсатчилари президентликка номзод бўла оладиларми, деган риторик савол ўртага ташланиб, унинг муҳокамаси бошланди. Бу муҳокаманинг моҳияти ва қўйилган саволга жавоб “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлатнинг “Ҳаракат” сайтида 13 августда эълон қилинган қуйидаги лавҳасида ўз аксини топди.

Қонунларда юз фоиз аниқлик бўлолмайди, шунинг учун Конституцион Суд бор


Конституция ва қонунларда ҳар доим ҳам юз фоиз аниқлик бўлолмаслигини Конституцион Суд номли ташкилот яратишга эҳтиёж бор бўлганлиги билан асослаб беришнинг ўзи етарли. Шундай бўлса ҳам, бу фикрни асослаш учун яна бир қатор факторларни эслатиш фойдали.

Масалан, Ўзбекистон Конституциясининг 16 моддасида шундай дейилади: “Мазкур Конституциянинг бирорта қоидаси Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмас”. Кўриниб турибдики, Конституция моддалари талқин қилиниши мумкин. Нимага? Чунки, уларда ҳар доим ҳам юз фоиз аниқлик бўлмаслиги мумкин.

Иккинчи мисол. Конституциянинг 109 моддасининг 3-чи қисмида “Ўзбекистон Конституцион Судининг Ўзбекистон Республикасининг Конституция ва қонунлари нормаларига шарҳ беради” деб ёзилган. Демак, Ўзбекистон Конституцияси ва қонунлари ҳар доим юз фоиз аниқликка эмас ва уларнинг энг камида баъзилари шарҳга муҳтож.

Конституцияниннг бу икки моддасидаги “талқин қилиш” ва “шарҳ бериш” ифодалари русча матнда “толковать” сўзи билан берилган. Бу икки ифода ҳар доим ҳам синоним бўлоладими деган савол қўйсак, яна янги шарҳларга муҳтож бўламиз.

Демак, Конституция ва қонунларнинг баъзи моддаларини маълум ҳолларда Конституцион Суднинг талқинисиз (шарҳи, изоҳи, тушунтиришисиз) ҳаётга тадбиқ этиб бўлмайди. Бундай пайтларда мамлакат миқёсида сиёсий бўҳронлар ўртага чиқиши мумкин. Мана бир мисол.

Туркиядаги кризисни Конституцион Суд ҳал қилди

Шу йил апрель ойининг охирида Туркия парламенти – Туркия Буюк Миллат Мажлисида (ТБММ) мамлакат президенти сайланиши керак эди. Туркиянинг мавжуд Конституциясиясининг бир моддасига кўра, сайлов бир неча турдан иборат бўлади. Биринчи турдаёқ парламент аъзоларининг 2/3 + 1 овозини олган номзод президент деб эълон қилинади. Бироқ, биринчи турда ҳеч ким 2/3 дан кўп овоз ололмаса, кейинги турларда ½ қисм овоз олиш етарли.
Конституциянинг бошқа бир моддасида ТБММнинг мажлиси оддий кўпчиликнинг иштирокида очилиши мумкинлиги таъкидланган. Ана шу масалада чалкашлик чиқди.

Ўз номзодини президентликка ўтказмоқчи бўлган Адолат ва Тараққиёт Партияси (АТП) парламентда ½ дан кўп, аммо 2/3 дан кам овозга эга бўлгани сабабли, Конституциянинг айтилган моддаларидан келиб чиқиб қуйидагича ҳисоб қилди: “Биринчи турда 2/3 овоз олиб ўз номзодимизни ўтказолмаймиз, аммо кейинги турларда ½ дан кўпроқ овоз олиб ўз номзодимизни президент қилишимиз аниқ”.

Оз сонли мухолифатнинг ҳисоби ҳам Конституциядан келиб чиқди, аммо у бутунлай бошқача бўлди: “Биринчи турдаёқ президент бўлиб сайланиш учун Конституция 2/3 дан кўп овоз олишни талаб қилмоқдами, бу дегани, биринчи тур сайлови ўтказиш учун кворим бошқа мажлисларда каби ½ эмас, 2/3 ни ташкил қилиши шарт.Акс ҳолда, Конституциямиз мантиқсиз бўлиб қолади, чунки парламент умум сонининг ярими +1 одам қатнашган мажлисда умум соннинг 2/3 + 1 овозини олишни талаб қилинган бўларди. Конституциямиз мантиқсиз бўлолмайди, демак, унинг талаби бўйича биринчи тур сайлови учун кворум ½ эмас, 2/3 дир. Шундай экан, мухолифат биринчи тур сайловига қатнашмаса, бу кворум талаби ҳеч қачон бажарилмайди, демак, сайлов ўтказиб бўлмайди, парламентни тарқатиб, янги парламент сайловлари эълон қилиш керак.”

Кўриниб турибдики, ҳукуматнинг мантиғи ҳам тўғридек, мухолифатники ҳам. Жараёнлар боши берк кўчага киргандек бўлди. Аммо, ҳукумат ўз айтганидан қолмади, биринчи тур сайловини 2/3 дан оз одам иштирокида ўтказди. Табиий, унинг номзоди керагидан кам овоз олгани учун иккинчи турнинг куни белгиланди. У иккинчи турда ўз номзодини ўтказоларди, чунки иккинчи турда ютиш учун парламент умум сонининг ½ + 1 овозини олиш кифоя.

Шунда мухолифат Конституцион Судга мурожаат қилди ва бу орган ҳукуматнинг эмас муҳолифатнинг мантиғини қабул қилиб, биринчи тур сайлови натижаларини бекор қилди. Бўҳрон ичида қолган парламент ўз-ўзини тарқатди, янги сайловлар тайинланди.

Украинада ҳам кризис

Бошқа мисолни шу кунда Украинада бўлаётган воқеаларда кўриш мумкин. Мухолифатнинг асосий кучи бўлмиш “Юлия Тимошенко Блоки” Марказий Сайлов Комиссиясига 30 сентябрга мўлжалланган парламент сайловлари учун ўз номзодларининг рўйхатини тасдиқлаш учун берган эди, МСК уни тасдиқламади. Чунки, қонанга кўра, ҳар бир номзоднинг яшаш жойи кўрсатилиши керак экан, “Юлия Тимошенко Блоки” номзодлар яшайдиган шаҳар ва туманларнинг номини кўрсатибди халос. МСК эса уларнинг аниқ адреси кўрсатилишини талаб қилган. Мана яна бир ноаниқлик. Қонундаги “яшаш жойи” ибораси адресни билдирадими? Ҳа ва йўқ. Кўпчилик “яшаш жойини” адрес деб тушунади. Аммо, сўзларнинг том маъносидан келиб чиқсак “яшаш жойи” бу адрес эмас, вилоят, шаҳар, район бўлиши мумкин.

Хуллас, яна боши берк кўча. Украинада ҳам масала Конституцион Судгача бориб етса ажаб эмас.

Ўзбекистонда президент сайловлари

Энди ўз мамлакатимизга келсак. Бу йил декабрда бизда президент сайлови бўлади. Президентликка номзод кўрсатиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисидаги қонуннинг 42-моддасига биноан сиёсий партиялар ва сайловчиларнинг 300 кишилик ташуббус гуруҳларига берилган. Номзод кўрсатадиган партия сайлов кунидан камида 6 ой аввал давлат рўйхатига олинган бўлиши керак. Мухолифатдаги партияларнинг бирортаси ҳалигача рўйхатга олинмагани сабабли мухолифат учун сайловда иштирок этишнинг бирдан-бир йўли сайловчилар ташуббус гуруҳи орқали ҳаракат этишдир. Номзод кўрсатиш сайловга 65 кун қолганда бошланиб, 45 кун қолганда тамом бўлиши ҳам белгиланган.

Турли тушунмовчиликлар бўлмаслиги учун Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисидаги қонуннинг 42-моддасидан муҳокама қилинаётган мавзуга тегишли кўчирма келтираман:

“Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар ва бевосита фуқаролар эгадирлар… Сайлов ҳуқуқига эга бўлган ҳар бир фуқаро ёки фуқаролар гуруҳи Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш учун камида уч юз нафар сайловчидан иборат сайловчилар ташаббускор гуруҳини тузиши мумкин.”

Кўчирма келтиришимнинг яна бир сабаби бор. Сиёсатчиликни даъво қилаётган баъзи мухолифатчилар энг муҳим қонунларнинг ўзлари учун долзарб бўлган моддаларидан ҳам мутлақо хабарсизлар. Партия бўйича ўринбосарим бўлмиш Исмоил Дадажоннинг айтишича, у шу йил июнь ойининг ўрталарида “Эрк” партиясининг 53-54-чилар фракцияси Бош котиби Отаназар Ориф билан “Озодлик” радиосидаги бир суҳбатда иштирок этган ва “Бирлик” президент сайловига сайловчилар ташаббус гуруҳи орқали номзод кўрсатиш учун тайёрланаётганини айтганда, Отаназар Ориф Ўзбекистон қонунларида бундай имконият йўқлигини таъкидлаб, саводсизлигини кўрсатган.

Дарвоқе 53-54-чиларнинг сиёсий саводсизлигини кўрсатувчи бошқа мисоллар ҳам йўқ эмас. Номзод кўрсатиш муддати ҳам қонун бўйича белгиланганидан хабари йўқ бу партиячилар ўтган йилиёқ ўз номзодларини Қурултой ўрнига Марказий Кенгаш мажлисида кўрсатиб қўя қолишганди.
Хуллас, мухолифат учун номзод кўрсатишнинг бирдан бир йўли сайловчилар ташабускор гуруҳи тузишдир.

Президентликка номзодини қандай танлаймиз

Ўртага чиқадиган кейинги масала - номзод танлаш. Ўзбекистон Конституциясининг 90-моддаси бу хусусда шундай дейди: “Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуu