Дайнов Ташанов - Минтаыавий интеграция - ҳаётий зарурият
Бугун дунё харитасида ҳар хил тараққиёт босқичида турган катта-кичик икки юзга яқин давлатни санаш мумкин. Уларнинг кўпчилиги географик жойлашуви, ҳудудий яхлитлиги, ўзаро қўшничилиги, савдо-сотиқ, борди-келдига яқинлиги, тили, дини, урф-одатларининг ўхшашлиги, табиий ресурс-лардан фойдаланишда ўзаро манфаат-ларининг уйғунлиги ҳамда хавфсизлиги нуқтаи-назаридан яқин қўшнилари билан ҳамкорликда, иттифоқларга бирлашиб яшамоқдалар.

Ўзбекистонга ўхшаган баъзи бир давлатларни ҳисобга олмаганда, улар аллақачон минтақавий ҳамкорликнинг афзалликларини, якка моховнинг бири икки бўлмаслигини, ҳаттоки буюк давлатлар ҳам дунёсиз яшай олмаслигини англаб етишган. Масалан, Россияда Менделеев даврий системасидаги барча элементлар мавжуд, яшаш учун керакли унсурларнинг барчаси топилади. Аммо, бугунги кунда Россия қанчалик буюк бўлмасин, дунёсиз яшай олмайди. Сиёсий қарашларининг қандай бўлишидан қаътий назар, ёқилғи- энергетика ресурсларини сотишга Россия учун энг қулай бозор Ғарбдир.

Глобаллашув жадаллашган ХХ-асрнинг энг намунали ҳамкорлик мактаби - Европада Ҳамкорлик ва Хавфсизлик Ташкилотидир. Собиқ Қизил Империя тасарруфида бўлган Болтиқ бўйи, Кавказ орти, Ўрта Осиё ва Қозоғистон каби минтақавий атамалар мавжуд эди ва бугунги кунда улардаги ҳар бир республика алоҳида-алоҳида мустақил давлат сифатида яшамоқда. Шундай бўлсада Болтиқ бўйи республикалари, Кавказорти респуб-ликаларининг сиёсий бошқарувидаги мутаносиблик, ўзаро ҳамкорлик, борди-келдининг эркинлиги туфайли улар бир мунча муваффақиятларга эришдилар ҳам.

* * *

Мустақилликни қўлга киритиш асрий орзуси бўлган Марказий Осиё халқлари эса мустақиллик туфайли ёмғирдан қутулиб, дўлга тутилгани каби авторитар режимнинг жабрини тортиб яшамоқдалар. Бугун Марказий Осиёлик қайси меҳнаткашдан сўрасангиз маъмурий буйруқбозликка асосланган, озор иқтисодиётининг яқинигада йўламаган собиқ империянинг тутган сиёсати ҳам бугунги кунимиз олдида ҳолва эди дейишади.

Нега? Нега деганда авторитар режимлар дастидан қашшоқлик, ишсизлик, ҳақсизлик балосига гирифтор бўлиб, мустақиллик туфайли орттирганимиз сим тўсиқлар, визалар, миналаштирилган чегаралар бўлди. Азалий бозори, тўй-томошаси бир халқларнинг хоҳиш-иродасини бир пулга олмайдиган, ўз нафсининг қуллари - режимбошиларнинг ва улар бошқараётган нодемократ ҳукуматларнинг дастидан бошқа-бошқа бегона халқларга айланиб боряпмиз дейишади.

Марказий Осиё давлатларининг сиёсий йўли, иқтисодий аҳволига эътибор қаратадиган бўлсак, қозоқлар бозор иқтисодиётига амалда ўтган, иқтисоди эркин, қорни тўқ, усти бут, ҳаттоки ўзига тўқ оилалар ўзбек, тожик, қирғиз биродарларидан уч-тўрттадан хизматкор ҳам сақлаган, аммо сиёсий ҳақ-ҳуқуқлари қисман чегараланган жамиятда, қирғизлар ва тожиклар эса ёқилғи-энергетика танқислиги туфайли қашшоқлик балосидан қутила олмаган бўлсада бир оз эркинроқ.

Аммо, ўзбеклар ва туркманлар катта иқтисодий потенциалга эга бўлишларига қарамасдан қашшоқ, ишсиз ва ҳақ- ҳуқуқсиз, ўз ҳукуматидан азроилдан қўрққандай қўрқиб яшамоқдалар. Яхлит бир минтақада яшаш тарзимиз, иқтисодий аҳволимиз бошқа-бошқа давлатлар сифатида хилма-хил экан, келажакда бу қон-қардош олтмиш миллиондан ортиқ халқларни қандай синовлар кутмоқда?

Энг аввало ўзаро келиша олмаётган митнақамиз давлатларини йирик держава-ларнинг аввал иқтисодий, сўнгра сиёсий таъсирига тушиб қолиш хавфи кутмоқда.

Қолаверса ҳар бир алоҳида давлатнинг келажак учун режалаштираётган иқтисодий ривожланиш дастури кишини ўйлантир-масдан қолмайди. Масалан, Тожикистон ҳукумати ўзининг ёқилғи ва энергетикага бўлган талабини қондириш, иқтисодини ўнглаб олиш учун Ҳиндистон, Покистон, Авғонистон каби давлатларга электр энергияси ишлаб чиқариб сотиш учун чет эл инвестицияси кўмагида ўндан ортиқ йирик ГЭСларини қуришни лойиҳалаш-тирмоқда. Агар Тожикистон ушбу дастурини яқин йиллар орасида амалга оширадиган бўлса, Амударё ва Сирдарёнинг қуйи қисмида жойлашган Ўзбекистон ва Туркманистоннинг сув таъминоти буткул издан чиқиши турган гап.

Нега деганда дарёларга қурилажак тўғонлар йил бўйи сунъий равишда сувнинг бир меъёрда оқиб туришини таъминлайди. Аммо қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш вегитация даврида дарёлардан максимал даражада сув олишни тақоза этади. Бу каби Марказий Осиё давлатлари ўзаро ҳамкор-ликда келишиб бартараф қилиши шарт бўлган муаммолар талайгина.

Табиийки, демократиядан узоқлашаётган Россиянинг, демократияни инкор этаётган Хитойнинг Марказий Осиё давлатлари устидан ҳукумронлик қилиш истаги тобора ошиб бормоқда. Йирик державаларнинг истагига қарши туришнинг эса ягона йўли - Марказий Осиё Бирлигининг яратилишидир.

* * *

Шундай экан, бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари учун сиёсий ва иқтисодий интеграциялашув тараққиётнинг барча жабҳаларида кечиктириб бўлмайдиган ҳаётий заруратдир. Марказий Осиё давлатларида демократиянинг ривожланиши турли босқичларда эканлиги, минтақавий интег-рациялашувда етакчилардан бири бўлиши мумкин бўлган Ўзбекистондаги антиде-мократик режимнинг Россия томонидан қўллаб-қувватланиши минтақавий интегра-циялашув жараёнини сал кам боши берк кўчага киритиб қўйди дейиш мумкин.

Марказий Осиё халқларининг бирлаша олмаслиги, алоҳида-алоҳида кучсиз давлатлар бўлиб қолабериши Россия ёки Хитой каби супер державалар учун айни муддоа.

Сир эмаски, бугунги Путин ҳукуматига Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ёки Туркманистон мустақил давлат бўлса-да, аммо халқи қашшоқ, инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари топталган, демократиядан узоқ яшаши асли муддаодир. Бу омил Россия таркибида ўз мустақиллигига интилаётган халқларни итоатда ушлаб туриш учун муҳимдир.

Шу сабабли ҳам Россия Марказий Осиёда интеграциялашувга жиддий тўсиқ, яъни ташқи омиллардан биридир.

* * *
Ички омиллардан энг асосийси республикалар президентлари сиёсий иродасининг сустлиги, қолаверса, уларда ватпарварлик ва халқпарварликнинг етишмаслигидир. Марказий Осиёликлар ягона бир иттифоққа бирлашиб, ўзаро ҳамкорликда тинч-тотув яшай бошласалар бу халқлар билан ҳам қўшнилар ҳисоблашишга мажбур, бу бирлашган халқнинг ҳам хоҳиш- иродасига қарши бориб бўлмайди деган сўз.

Бугунги кунда Ўзбекистон ҳукумати ҳам Россиянинг қучоғида қолиб, Европа ва дунёдан юз ўгириб яшашнинг аянчли келажагини англади шекилли, Европа Иттифоқига яқинлашиш йўлларини ахтар-моқда. Агар Ўзбекистон ҳукумати ўзбек халқи манфаатларини кўз олдига олиб иш қилмоқчи бўлса, у нафақат Ғарб билан яқинлашиш, балки, миллий манфаатлар нуқтаи-назаридан қаралганда демократияни ривожлантириш, жиддий иқтисодий ва сиёсий ислоҳатлар ўтказиш, минтақавий интеграциялашув йўлларини излаш каби масалалар билан ҳам изчил шуғулланиши лозим.

Минтақавий интеграциялашув хусусида Ўзбекистон Президенти Ислом Карим ҳаммадан аввал бонг урган эди. Лекин у ҳаммадан аввал интеграциялашувдан бош тортди.

Яқинда Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбой Остона телевидение-сидан чиқиш қилиб, Марказий Осиёликларни Марказий Осиё Иттифоқи тузишга даъват қилди. Бу иттифоққа асос сифатида Қирғизистон Президенти Қурмонбек Боқи билан Бешкекда бир қатор шартномаларни имзолади. Қозоқ президенти бу ташаббуси билан ўзининг оқил ва улкан сиёсий иродали шахс эканлигини исботлади.

Тожикистонликларда ҳам бу иттифоққа қўшилишга мойиллик сезилмоқда. Ўзбеклар ва туркманлар эса ўз юртидан Назарбоев каби ўз халқига фидойи, сиёсий иродали раҳбарлар чиқишини орзу қилиб яшамоқдалар.

Марказий Осиёда минтақавий интег-рациялашув жараёни қанчалик тез бошланса, ечимини кутаётган долзарб муаммолар шунчалик тез бартараф этилиши мумкин ва Марказий Осиёлик оддий меҳнаткашнинг ҳам елкасига офтоб тегади. Кўплаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ўз харидорларига ириб-чириб кетмасдан етиб боради. Иттифоқ давлатларини бирдай таъминлай-диган қўшма корхоналар, фабрика-заводлар қурилади ва Марказий Осиё бозори вужудга келади.

Энг аввало сувдан фойдаланиш бўйича иттифоқ давлатлари ўртасида консорциум имзоланиши керак. Минтақавий интеграция-лашув мустақил давлатлар суверентетига ҳеч қандай дахл қилмайди, балкидавлатчилик мустаҳкамланади. Ўзаро маданий ва маърифий алоқалар тикланади. Бир иттифоқ сифатида қардош республикаларнинг мудофаа қудрати ортади.
Хуллас, Марказий Осиёда минтақавий интеграциянинг моҳиятини мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, ”бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар” деганидек, биз Марказий Осиёликларнинг келажагимиз демократия учун, минтақавий интеграция учун бугунги кунда қўйилажак пойдеворга боғлиқ. Қўйилажак пойдевор эса, бугун кўп жиҳатдан Марказиий Осиё давлатларини бошқараётган президентларнинг хоҳиш-иродасига ва ақлий салоҳиятига боғлиқ.

Шундай экан, бугун қайсики давлат бошлиғи демократияга, туб ислоҳатларга, минтақавий интеграцияга йўл бермас экан, демак у ўз халқининг ғанимидир.