Журнал Ҳаракат №6 (63) 2006. Инсон ҳуқуқлари
Ёдгор Турлибеков: тутқунликдан озодликкача!
Андижон қатлиоми Ўзбекистон ҳукуматининг репериссияларга очиқ-ошкора қўл ура беришига баҳона бўлди. Мамлакатнинг турли минтақаларида, вилоятларида ҳуқуқ ҳимоячилари, мухолифатчилар, журналистлар режим авахта-ларига ташланди. Мазкур амалиёт режелаштирилган, доимий назорат билан олиб борилиб, сафдошларимиз куракда турмайдиган айбловлар билан ҳибсга олинди.

Шуларнинг бири Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Қашқадарё вилояти бўлими раиси, кекса мухолифатчи (74 ёшли) Ёдгор Турлибековдир. У киши ўтган йили 16 июнда Қарши шаҳар ИИБ жиноят қидирув бўлимининг бир неча ходимлари томонидан (шаҳар прокурори Акром Очиловнинг санкцияси асосида) ИИБ тергов изоляторига олиб келинган. Унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг бира тўла тўрт моддаси - 139-моддаси (Туҳмат), 140-моддаси (Ҳақорат), 159-модда (Ўзбекистон Республикаси конституциявий режимига тажовуз қилиш) ҳамда 165-модда (Товлмачилик) сингари айбловлар илгари сурилиб, дастлабки тергов ҳаракатларини вилоят ИИБ терговчиси Тўлқин Ёрматов олиб борган.

Мазкур амалиётлар ўта пинҳона, жамоатчиликдан сир тутилган ҳолда кечди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал Кодекси талаблари қўпол равишда бузилиб, иш фақатгина айблов позициясидан олиб борилди. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг бу хусусдаги тўплаган маълумотлари, унинг 12 октябрдаги пресс-релизида Ёдгор Турлибековнинг кексалиги, соғлиғи ёмон аҳволда эканлигини била туриб, уни эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олингани ҳам айтилади. Бунинг устига терговлар мобайнида Бухоро шаҳридаги вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасидан сўроқ бериш учун Қаршидаги тергов изоляторига келтирилгани эътироф этилади.

* * *

Албатта, дастлабки терговлар, ҳуқуқ ҳимоячисига қўйилаётган айбловларга расмий изоҳ берилиши кўп жиҳатдан муҳим эди. Аммо Ёдгор аканинг ҳибсга олинганига бир неча кун бўлганига қарамай норасмий манбалар ахбороти, узуқ-юлуқ маълумотлардан ўзга нарса йўқ эди. “Эзгулик”нинг бетўхтов мурожаатларидан сўнг ҳодисага расмий изоҳ берган Ўзбекистон Республикаси ИИВ Тергов Бош бошқармаси бошлиғи Ў.Муҳаммадиев Ёдгор Турлибековнинг гўё бир йил мобайнида товламачилик жиноятини содир этиб, маҳаллий раҳбарлардан бирини қўрқитиб келганини айтади.

Яъни, ҳуқуқ ҳимоячисининг мунтазам ҳуқуқбузарликлар содир этган ижтимоий хавфли шахс эканини урғулаб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг қилмишини оқлашга уринади. Аммо ИИВ мулозими гумондор тариқасида қамоққа олинган шахсга нисбатан нима сабабдан ЖКнинг ўта қатлис 159- (Конституциявий режимга тажовуз қилиш) моддаси татбиқ қилинганига изоҳ бермаган. Унинг ҳақорат қилиш ва туҳматда айбланиши етарлича асосланмай, жиноят объекти ҳақида бир оғиз ҳам айтилмаган. Қолаверса, дастлабки тергов ҳаракатлари томонидан ҳам мазкур айбловнинг исботлаб берилмагани - гумондорнинг айбдорлик масаласини оғирлаштириб кўрсатиш мақсадини акс эттиради.

Тўғрисини айтганда, тергов ва сўроқларнинг пинҳона олиб борилиши ва жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди судьяси Алишер Жалиловнинг суд мажлисларини жамоатчиликдан яширин равишда ўтказиши ортида ғаразли мақсадлар борлиги аён бўлиб қолди. Ҳатто дастлабки инстанция суди мажисларининг 11 октябрда ниҳоясига етгани ҳам кейинчалик маълум бўлди.

Ҳали айтганимиздай, сиёсий буюртмага кўра, Ёдгор Турлибеков нима қилиб бўлсаям қамалиши керак эди. Буни - ижтимоий хавфли бўлмаган, жамоатчилик ишларида фаол инсонни эҳтиёт чораси сифатида шафқатсизларча ВСХ (СИЗО)га тиқиш, жамоатчилик наздида уни хавфли кимсага чиқариш мақсадида куракда турмайдиган жиноятлар билан айблаш ҳолати ҳам исботлаб турибди. Қолаверса, айбловнинг сохталигини - ишдаги асосий даъвогар Ҳақбердиевни ҳуқуқ ҳимоячиси қўрқитиши мумкин бўлган на маиший, на ижтимоий қилмиши ҳалигача очиқланмагани, тергов ва юзлаштиришларда бу ҳолат атайин эътибордан четда қолдирилганида ҳам кўриш мумкин.

“Эзгулик” жамияти Ёдгор Турлибековнинг ишини ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан уюштирилган, деб баҳолади, маҳаллий ва халқаро жамоатчилик эътиборини шу масалага қаратди. Дастлабки тергов томонидан илгари сурилган айбловларнинг исботланмаганида ҳуқуқ ҳимоячисига нисбатан қасд аломати борлигини эътироф этди. Шу боисдан ҳам Турлибеков ишини айблов позициясидан олиб борилган иш сифатида санаб, унинг қилмишини маҳаллий ва халқаро қонунчилик меъёрлари, умумэътироф этилган инсон ҳақлари талаби асосида қайта кўриб чиқишга чақирди.

Бу чақириқлар акс-садо бермади, жавобсиз қолиб кетаверди, десак тўғри бўлмайди. Ҳуқуқ ҳимоячига қўйилаётган антиконституциявий фаолият ва президентни ҳақоратлаш каби айбловлар дастлабки тергов чоғидаёқ олиб ташланди. Қолаверса, режим ҳуқуқ ҳимоячисини сиёсий маҳбусга чиқаришга сал қолганини пайқаб қолди ва “оддий” товламачилик айби билан бадном қилишга уринди. Юқорида айтганимиздай, сохта даъвогар ёлланиб, гувоҳлар топилди. Тинтув вақтида мусодара этилган компьютер, мақола ва бошқа қоғозлар ишга ҳуқуқбузарлик воситаси сифатида тиркалди.

Қашқадарё вилояти ИИБ тергов бошқармаси терговчиси Тўлқин Ёрматов ҳуқуқ ҳимоячиси илгари ҳам худди шундай хатти-ҳаракатлари эвазига маъмурий тартибда огоҳлантиришлар олганини урғулаб, Ёдгор аканинг жиноятчи экани тасодифий эмаслигини далиллашга уринди. У кишининг пикетларда қатнашиши, фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган мурожаатлари учун аввал ҳам жазоланганини айблов фойдасига ишлатмоқчи бўлди.

Бироқ, таъкидлаганимздай, ҳуқуқ ҳимоячисига қўйилаётган айбнома энди бошқа ўзандан кетиб, сиёсий айбловлар оддий ижтимоий йўналишга бурилди. Уларнинг тафсили қуйидагича: эмишки, Ёдгор ака 2005 йилнинг 16 февралида Қарши туманидаги Ю.Хушвақтов номли ширкат хўжалиги машина-тарактор паркини маъмуриятнинг рухсатисиз видео ва фототасвирга олиб, хўжалик раҳбари Т.Ҳақбердиевни қаматиш билан қўрқитиб, икки миллион сўм микдорида пул таъма қилиб келган. 2006 йилнинг 15 майида хўжалик раҳбарини 500 АҚШ доллари олиб келиб бермаса, Интернетга мақола ёзиб қаматаман дейишгача борган...

Ёдгор Турлибековнинг ишончли вакили Самад Муроднинг айтишича, дастлабки тергов органи томонидан айбланувчининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида адвокат ҳам тайинланган. Бу ҳимоячи Қарши шаҳар 2-Адвокатлар ҳайъати адвокати Нафас Жўраев бўлиб, тергов органи томонидан тайинлангани боис ҳам прокуратура буюртмаларини бажариб келган. Яъни, Ёдгор аканинг оиласи ва жамоатчиликни терговлар натижалари, суд бошланиши борасида хабардор қилмаган. Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи (Суръат Икромов) томонидан мазкур иш бўйича ёлланган тошкентлик адвокат Рустам Тўлаганов ҳам на терговларда, на судда қатнашишнинг имконини топмай, жиноят ишига аралашолмаган.

Хуллас, суднинг дастлабки инстанцияси, яъни Алишер Жалилов раислигидаги маҳкама жараёнлари хусусида ўз вақтида хабардар бўлишнинг имкони бўлмади. Ёдгор Турлибеков октябрь ойининг бошларида 3,5 йилга озодликдан маҳрум қилингани ҳам бир неча кундан кейин маълум бўлди.

Бироқ судья А.Жалиловнинг суд мажлисининг яширинча ўтказилиши борасидаги изоҳини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик лозим: эмишки, судланувчи ўз айбига иқрорлик билдириб, суд мажлисларида кузатувчиларни кўришни истамаган, сўнгги мажлисда эса, суд томонидан тайинланган адвокат Нафас Жўраев ҳамда мустақил адвокат Рустам Тўлагановни ҳам кўришни истамай, сўроқларга ўзи жавоб беришга қасд қилган. Ёдгор аканинг ўғли Исроил ҳам на тергов, на суд тарафидан маҳкумнинг аҳволи, суд жараёнлари ҳақида ўзларига ҳеч қандай маълумот берилмаганини қайд этди.

* * *

Яқиндагина тузилган сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш “Бурч” жамиятининг ташаббусчи-ларидан бири, “Эрк” демократик партиясининг раиси Самад Мурод октябрь ойининг ўрталарида Ёдгор ака Турлибеков билан Бухородаги қамоқхонада кўришди. Маълум бўлишича, Самад Мурод ва Ёдгор аканинг турмуш ўртоғи Хурсандой опа бу учрашув учун Қарши шаҳар судьяси Алишер Жалиловдан осонликча рухсат олишган.

Ёдгор ака Самад Муродга қуйидаги сўзларни айтиб, уларни айнан шу шаклда ҳаммага етказишни сўрабди:

“Соғлигим жойида, аммо кўнглим барбод. Бу ерда вақтим кўп, ҳамма нарсани ўйлаб олиш учун. Мен йиғламоқдаман бу ерда. Мен сизларга ишониб янглишган эканман.

Хотирлайсизми, мен Толиб Ёқубовни худодек кўрардим, Суръат Икромов ва сенга ишонардим. Мен сизларга, шу 3 кишига хизмат қилдим. Текинга хизмат қилдим. Мен шу йўл билан халқимги хизмат қилаяпман, балога учрасам, мени якка қолдирмайсиз, сизлар ва сизлар орқали ҳамма ҳуқуқ ҳимоячилари мени ҳимоя қиладилар деб ўйлагандим.

Аслида нима бўлди? Судда мен охирги дақиқаларгача эшикка қараб турдим, сени кутдим. Менга айтишдики, Суръат Икромов мени ҳимоя қилиш учун адвокат ёллабди. Аммо қани у? Қани адвокат Тўлаганов?
Сени оилангда ўз муаммоларинг борлигини биламан, аммо келсанг бўларди. Хеч ким йўқ эди. Тушунасанми, қамоқхонага ҳам келмадинг. Биз қамоқхонада бир ҳужрада 15 киши турдик. Баъзиларни ҳар куни, баъзиларни кун ора зиёрат қилишарди, мени эса ҳеч ким. Улар ҳар куни “передача” олишарди. Мен бирон марта ҳам олмадим. Шунда мен йиғладим. Мен ва менинг ҳаётим ҳеч кимга керак эмас экан. Энди мен ўйлаяпманки, сизлар, яъни Толиб ака, Суръат ва балки бошқалар ҳам, мени олий жазога ҳукм қилишса севинар эдинглар. Ҳазилми, қандай сенсация бўларди! Қандай тўпалон! Тимсоҳ кўз ёшларини тўкиш учун қандай имконият. Грантлар ёмғир каби ёғиларди.

Аммо, минг афсуски, мен сизларнинг ҳафсалангизни пир қилдим, бор йўғи товламачи бўлиб чиқдим. Ахир мени товламачилик учун маҳкум эттилар-ку. Мен менинг ҳуқуқ ҳимоячилигимни тан олишни истамаган сафдошларимнинг айби билан товламачи бўлдим.

Энди мен нима қилишим кераклигини биламан. Озодликка чиққач, ҳуқуқ ҳимоячилик фаолиятимни давом эттираман. Аммо, сизлар билан эмас. Мен ёшлардан янги команда тузаман. Мен уларни ҳали коррупция бузмаган одамлардан танлайман. Сизлар эса фақат фойда қидирасиз. Кимдир пул ишламоқчи, кимдир обрў қидирмоқда. Мен ҳокимиятни айбламайман. Чунки у ўз ишини қилмоқда. Мен очиқчасига тиранияга қарши гапирганман. Мен режим учун исталмаган одам эканлигимни, ахир бир кун унинг қўли менгача етиб келашини билардим. Лекин, бу авторитар режим қаршисида якка ўзим қоламан деб ҳеч ўйламаган эдим. Сафдошларим қани?

Мен ҳамма ҳуқуқ ҳимоячиларини огоҳлантираман: Ҳар бир ҳуқуқ ҳимоячисининг яккаю ягона дўсти бор, унинг ўзи. Аввал ўз хавфсизлигингни таъминла, ўз ҳақ-ҳуқуқларингни суғуртала, кейин бошқаларга ёрдам қўлини чўз.”

Ёдглр аканинг бу фарёдларини тушуниш мумкин. Улар – режим одамларининг режали ва систематик равишда олиб борган ишларининг натижасидир. Ўзбекистон МХХчилари совет КГБсининг иш услубларини пухта эгаллаб, улардан устозлари ҳавас қиладиган даражада яхши фойдаланмоқдалар. Қаранг, уларнинг найрангларига. Қаршида шунча имкониятлари туриб, Ёдгор акани Бухорода изоляторда сақладилар ва шу йўл билан у кишини ўз шаҳарларидаги яқинларию қариндошлари билан алоқаларини уздилар ҳисоб. Адвокат ва сафдошларга “Ёдгор аканинг ўзи уларнинг ёрдамидан воз кечаётганини” айтиб алдадилар, Ёдгор акага эса, “Сизнинг тақдирингиз билан ҳеч ким қизиқмаяпти” дея ёлғон гапирдилар.

Биринчи босқичлари муваффақиятли чиққан ММХнинг бу операцияси охир-оқибат фош бўлишини аввалдан тахмин қилса бўларди, шундай бўлди.

* * *

2006 йилнинг 7 ноябрида жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти суди судьяси Ориф Умаров раислигидаги ҳайъат Ёдгор Турлибековнинг ишини аппелация тартибида кўриб чиқди. Ва, суднинг дастлабки ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди. Ваҳоланки, Ёдгор аканинг қонуний вакили сифатида аппелеция шикояти берган Самад Мурод ва унинг адвокатлари ҳатто бу мажлиснинг бўлиб ўтгани хусусида хабардор ҳам қилинмаган. Бу борада Самад Мурод юқоридаги суд мажлисининг ҳатто ўтказилганига шубҳа қилади.

Шундан сўнг Ёдгор аканинг ишончли вакили Самад Мурод томонидан юқори инстанцияларга аппелация, назорат тартибида шикоятлар ёзилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига бир неча марта мурожаатлар қилинди. Ҳуқуқ ҳимоячи ташкилотлар баёнот ва аризалар тарқатишди. Ўша даврда Ёдгор Турлибеков Бухоро вилояти ИИБнинг 3-тергов изоляторида сақланаётган эди. У декабрь ойи аввалида Тошкент вилоятидаги Товоқ-сой жазони ижро этиш муассасасига келтирилди.

Аммо, Ёдгор аканинг тақдири билан дунё жамоатчилиги шуғулланабошлади. Халқаро ва маҳаллуй ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотлар таниқли демократ ва ҳуқуқ ҳимоячисини озод қилиш учун кенг кўламли кампания бошлаб юборган эдилар, у ахир бир кун исталаган натижага олиб келишини кутиш керак эди.

Ниҳоят, Ўзбекистон мустақаллигининг 15 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати қабул қилган 2006 йил 30 ноябрдаги Амнистия актига кўра, Тошкент вилояти Товоқсой зонасидаги ҳибсхонада жазо муддатини ўтаётган 74 ёшли ҳуқуқ ҳимоячиси 24 декабрда озодликка чиқарилди. Ҳамма тушунадики, агар дунёнинг Ёдгор ака тақдирига қизиқиши бўлмаса эди, мавжуд режим бирон баҳона топиб у кишини амнистига тушганларнинг рўйхатидан чиқариб ташларди.

Нима бўлганда ҳам, Ёдглр акадек инсоннинг озодликка чиқиши ҳаммани севинтирди. Айни замонда, бу каби масалаларда дунёнинг ёрдамига бўлган ишончни янада мустаҳкамлади.

Эртаси куни Вашингтондан Қаршига қўнғироқ қилган “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат Ёдгор ака билан гаплашди ва уни озод бўлиши муносабабати билан табриклади. Улар сўнгги ой воқеаларини хотирлаб, бўлаётган воқеалар ва Ўзбекистондаги мавжуд вазиятни муҳокама қилдилар, уларни баҳолаб, бундан кейин қилинадиган ишларга тўғри йўналиш беришга ҳаракат қилдилар. Ҳукуматнинг демократлар ўртасида низолар чиқариш учун қилаётган ўйинларига учмаслик лозилигини урғуладилар.

Ёдгор ака Ўзбекистонда демократиянинг ғалабаси учун курашни давом эттиришини урғулаб, Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари ўз фаолиятида жиддий ўзгаришлар қилиши лозимлиги, хусусан, рус сайтларида фаолият кўриш билан чекланмасадан, ўзбек тилида нашрлар чиқариш, уларни Ўзбекистон ичида тарқатиш каби масалаларга алоҳида эътибор бериш кераклигини гапирди. Абдураҳим Пўлат бу мақсадда “Ҳаракат” журналининг имкониятлардан фойдаланишни истаганлар учун ёрдам беришга тайёр эканлигини билдирди.