Журнал Ҳаракат №5 (62) 2006. Президент сайлови - 2007
Ўзбекистонда президент сайлови кампанияси
(Давоми. Боши журналнинг 2006 йил 3(60) ва 4(61) сонларида)



2 сентябрь: Абдураҳим Пўлат: Сайловолди кампанияси доирасида мухолифатни бирлаштиришга уринишлар

Одамзод яратилибдики, бўлиниш бор, унинг натижасида ўртага чиқадиган бирлашиш муаммоси бор. Ўзбекистон мухолифати туғилибдики, у ҳам шу жараёнлар ичида. Бутун тарихимиз бўлиниш ва бирлашишга уринишдир.

Бирлашиш осон иш эмаслиги, гина-гудратни унутиш билан ҳар нарса битмаслиги, бирлашиш учун ўтмишдан сабоқ олиб ва тишни тишга қўйиб узоқ ишлаш кераклигини тан олсакгина натижага эришиш мумкинлигига ишонаман.

Ҳозир ҳам тишни тишга қўйиб ишлаш давом этмоқда. Ўтган шанба, яъни 26 август куни шу йўналишда яна бир қадам қилинди. Шу куни Нью-Йорк шаҳрида Демократик Ўзбекистон Конгресси ташкилотининг “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат ҳам иштирок этган йиғилиши бўлди. Бу ерда Ўзбекистон мухолифатини келаётган президент сайловлари арафасида бирлаштириш ва сайловда умумий мухолифат номзоди билан иштирок этиш масаласи муҳокама қилинди.

Тахминан 20 кишидан иборат мажлис қатнашчилари “сайловда мухолифат умумий номзод билан иштирок этиши шарт, айни замонда, мухолифатнинг бирлигини доим бузиб келаётган, экстремистик чиқишлари билан ўзбек мухолифатини дискредатция қилаётган “Эрк” партиясининг 53-54-чилар фракцияси билан ҳеч қандай алоқа қилмаслик керак”, деган фикр атрофида бирлашишди.

Аммo, умумий мухолифат номзоди қандай одам бўлиши керак, уни қандай танлаш керак каби саволларига тўла жавоб берилмади.

Конгрессчиларга кўра, умумий номзод Ўзбекистон қонунларига тўла жавоб бериши учун, Ўзбекистонда яшаётган бир киши бўлиши лозим. Бугун Ўзбекистонда яшаётган мухолифатчи ва ҳуқуқ ҳимоячилари ичида президентликка номзод қилиб кўрсатиш учун етарлича етук ва тиниқли одам топилмаса, у ҳолда, зиёлилар ичида демократик руҳдаги одамлар кўплигини ҳисобга олиб, улардан бирини танлаш, аммо уни репрессиялардан сақлаш мақсадида, исмини охирги дақиқагача сир сақлаш керак.

Мен бу асосий фикрга тўла қўшилиш қийинлигини урғулаб қуйидагилани айтдим.

Биринчидан, бу шаклда сал кам махфий номзоднинг ўртага чиқарилишини на ўзбек халқи на ўзбек мухолифати на дунё жамоатчилиги жиддий қабул қилмайди. Номзод бугунги режимга очиқча қарши эканлигини очиқча кўрсатаётган кишилардан танланиши лозим.

Иккинчидан, мақсадни аниқ белгилаб олиш керак. Менга кўра, мақсадимиз - келаётган сайловларда иштирок этиш жараёнида ўзбек мухолифатинининг мавқеини мустаҳкамлаб олиш. Шундай мустаҳкам бўлишимиз керакки, у билан мавжуд ҳукумат ҳисоблашишга мажбур бўлсин. Бекитиб ўтиришни ортиқча деб биламан, бу жараёндан, агар ҳамма бир ёқадан бош чиқариб курашса, ҳозироқ энг кучли бўлган “Бирлик” яна ҳам кучли бўлади. Аммо, ўзини ҳақиқий демократ деб ўйладиганлар, бундан қўрқмасликлари керак.

Учинчидан, катта мажлислардан ҳеч бир муаммони ҳал қилиб бўлмайди. Олинадиган қарорлар лойиҳаси аввалдан ҳамма билан келишилиб, ошкоралик руҳида тайёрлаб қўйилиши керак. Демак, президентликка номзод мухолифатнинг умумий қурултойигача белгилаб олиниши лозим.

Тўртинчидан, мамлакатимиз Конституциясининг 90-моддасида Ўзбекистон президенти 35 ёшдан ошган одам бўлиши керак дейилган. Бу шартсиз талабдир. Аммо шу моддадаги Ўзбекистон президенти сайловдан олдинги 10 йилда Ўзбекистонда муқим яшаши керак деган сўзлар шархга муҳтож.

Гап яқиндагина мпмлакатимизга келиб, ватандошлик ҳаққини олган одам Ўзбекистон президенти бўлолмаслиги ҳақида кетмоқда. Бутун умрини Ўзбекистон муаммолари билан яшаб ўтказаётган хориждаги мухолифатчилар бу чекловга тобе эмаслар. Агар, Конституциянинг руҳига эмас, харфларигагина қарайдиган бўлсак, Каримов ҳам президент бўлолмайди Чунки у ҳам 10 йил Ўзбекистонда муқим яшаган эмас, анчагина вақтини Қрим-Кавказларда дам олиб ўтказади, 2-3 йил аввал эса тахминан бир ой Германияда яшаган. Тўғри, бугунги режим истаганини қилаберади, хоҳласа туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани ҳам шубҳа остига олиб, истамаган одамини номзод қилиб рўйхатга олдирмайди. Шу сабабли, биз номзод кўрсатиш, уни рўйхатдан ўтказиш каби ишларнинг ҳаммасига сиёсий курашнинг боқичлари деб қарашимиз керак.

Бешинчидан, Самарали сайлов олди кампаниясини, яъни расман ёки партия номидан ёки ташаббус гуруҳи номидан номзод кўрсатиш ва ярим миллиондан кўпроқ имзо тўплаш, пропаганда юритиш каби ишларни кучли структураси бор ташкилотгина қилолади. Бундай ташкилот Ўзбекистонда битта - “Бирлик” Партияси. Ҳақиқий демократия истаган инсонлар, кичикроқ ташкилотлар сайлов масаласида “Бирлик” атрофида бирлашсалар энг катта ютуғимиз бўларди. Аммо ҳар қандай босқичдаги ғалабамиз, бу умумий ғалаба бўлишини ҳеч қачон угутмаймиз. Биз катта бир мамлакатининг энг катта сиёсий жараёни хусусида гаплашмоқдамиз. Бу ерда мушук-сичқон ўйини ўйнаш керак эмас, деган фикрдаман.

Шу сабабли, бу масалада “Бирлик”нинг таклифларини жиддийга олиш лозим. “Бирлик” эса, умумий мухолифат номзоди сифатида ўз одамини кўрсатиш ва уни ҳамма тарафидан қабул қилинишига эришиш учун ҳаракат қилмоқда. Беркитадиган жойи йўқ, гап менинг номзодим ҳақида кетмоқда.

Мен айтган гаплар ва фикрлар ҳамма томонидан қабул қилинди демоқчи эмасман. Аммо, ҳамма уларни эътиборга олди. Мухолифатнинг умумий қурултойигача бу масалалар хусусида умумий нуқтага келишга ҳаракат қиламиз.

Йиғилганлар, яъни мен ҳам, шу йил ноябрь ойининг охирларида мухолифатнинг умумий қурлутойини Нью-Йорк шаҳрида чақиришга келишдик. Бу масаланинг ҳали ўзимиз учун ҳам қоронғу тарафлари бор. Молиявий имкониятлар аниқ бўлмагани учун унда қанча одам қатнашиши, ташкилотлардан қанчадан одам чақирилиши номаълум. Ҳатто, бу йиғилиш АҚШда яшовчи мухолифат тарафдори кучларнинг Ўзбекистон ва Европадан ҳам чақирилган меҳмонлар иштирокида ўтказиладиган анжумани мақомида қолар.

Аслида, бу каби тадбирларни мухолифатни бирлаштирувчи структураларнинг ўзи ташкил қилгани маъқул. Ҳозирда мамлакатимиздаги мухолифатчиларни бирлаштирувчи яхшими ёмоними, аммо ягона структура – Ўзбекистон мухолифат партиялари ва ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотларнинг “Давра Кенгаши”дир. Бир оз вақт ўтиб, бўлажак Қурултой билан боғлиқ масалалар ойдинлашгач, уни ўтказишда кимлар қандай роль ўйнаши ҳам ўз-ўзидан маълум бўлиб қолади.

19 сентябрь: “Бирлик” ҳамма билан ҳамкорликка тайёр ва бошқалардан жавоб кутади (Абдураҳим Пўлат билан суҳбат)

Президент сайдовлари арафасида мухолифат кучларнинг бирлашиши қанчалик муҳимлигини ҳар ким яхши тушунади. Аммо, тушуниш бошқа, амалдаги ишлар бошқа. Сайлов кампанияси бошланар бошланмас баъзи партиялар ўзларича ҳаракат бошладилар. Бирлашиш ғояси уларнинг эсига ҳам келмади. Шундан кейин партиялар ораси “тош отишлар” яна авжига чиқди. Шулар хусусида “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат билан суҳбат ўтказдик.

Мухбир: “Эрк” партиясининг фракцияларидан бири шу йил апрель ойидаёқ ўз лидерини президентликка номзод қилиб кўрсатганини эълон қилди. Бу қадам мухолифат ичида янги муаммолар яратдими?

Абдураҳим Пўлат: Йўқ, чунки Ўзбекистон қонунлари бўйича, номзод кўрсатиш сайловлар кунидан тўппа-тўғри 65 кун олдин бошланиб, 45 кун аввал тамом бўлади. Ҳозир эса, сайлов қачон бўлиши ҳам номаълум. Бунинг устига, номзодлар партия қрултойида кўрсатилади. Демак, Сиз айтаётган номзод кўрсатишнинг ҳеч қандай ҳуқуқий кучи йўқ. Шу сабабли у ҳодиса мухолифат ичида муаммо чиқарди деб айтиш қийин. Ички муаммо йўқ, уларнинг бу қўпол хатоси туфайли, таъбир жойиз бўлса, ташқи муаммо бор.

Яъни, масала шундаки, бу воқеа бутун дунёга ўзбек мухолифати ичида жиддий бўлмаган гуруҳларнинг борлигини кўрсатди. Биз ўз чиқишларимизда бундай шаклдаги номзод кўрсатишни танқид қилиб, демократик мухолифатнинг обрўсини қўлимиздан келганча сақлаб қолдик. Аслида, “Эрк”нинг бу фракцияси демократик мухолифатга бошқа бир зарба ҳам берди, унинг оқибатларидан қутилишимиз оғирроқ бўлади.

Мухбир: Сиз бу ерда нимани назарда тутмоқдасиз?

Абдураҳим Пўлат: Ўша гуруҳ авваллари Толибон каби кучлар билан ҳамкорлик қилгани ҳақида гап-сўзлар кўп бўлди. Ҳозир уларни айтмоқчи эмасман. Аммо, яқинда улар яна бир қўпол хато қилдилар, бу ваҳималидир.

Уларнинг сайтида, кўринишидан фракция бошлиғи томонидан ёзилган бир мақола пайдо бўлди. Унда христиан дунёсини камситувчи, ҳақоратловчи ифодалар бор. Масалан, Ғарб дунёсининг куни битаётгани, уларнинг аёллари керагича туғолмаслиги, Ғарб, яъни христианлик, асосан Ғарб томонидан яратилан демократияга мос эмаслиги ҳақидаги сўзлар ўзбек демократик мухолифатини Ғарб дунёси олдида реакцион, Ғарбнинг душмани бўлган бир куч қилиб кўрсатиш учун қилинган провокацияга ўхшаб кўринади.

Бу воқеа ўзбек демократик мухолифатини талофатга олиб бориши муқаррарди. Кўриб турибсиз, мусулмон дунёсига тегиб кетувчи карикатуралар воқеаси ёки Рим Папаси томонидан келтирилган иқтибослар мусулмон дунёсига қандай таъсир қилди. Ғарб дунёсида тоқатлилик кучли бўлгани учун, улар бизга очиқ бир нарса демасликлари мумкин, аммо ҳамма нарсани ҳисобга олишларини тушунмаслик калтафаҳмликдир.

Гап Ғарбда ҳам эмас. Биз демократлар ўлароқ ўз муносабатимизни билдиришимиз керак эди ва мен ўзбек мухолифатининг ҳамма лиделари билан аввалдан келишиб, АҚШнинг Хельсинки Комиссиясидаги нутқимда бундай фанатизмни қабул қилмаслигимизни айтдим. Бизнинг бу қадамимиз ўзбек демократик мухолифатининг обрўсини яна бир марта сақлаб қолди. Бу сафар нафақат обрўсини, балки келажагини ҳам.

Мухбир: Аммо, “Эрк”нинг бу фракцияси билан қарама-қаршилинингизни кучайтирувчи бошқа мисоллар ҳам бор. Масалан, Пўлат Охуновнинг "Акромийлар қўзғалоними ёки демократия тарафдорларининг чиқиши" ва унинг давоми каби ёзилган Ҳотам Ҳожиматовнинг “Акрамийларни ҳукумат билан келишуви сотқинлик эмасми?” мақоласини олайлик. Бу мақолаларда акромийларнинг ўтган йили май ойидаги қилган ишлари мутлақо қораланади. Лекин, “Эрк”нинг у фракцияси акромийларнининг чиқишлари демократик жараён сифатида тарифламоқда. Демак, ора яна очилмоқда, шундай эмасми?

Абдураҳим Пўлат: Бу каби масалаларда ҳар қандай радикализм нотўғри бўлади. Ўша эркчиларнинг 13 май воқеаларини демократик чиқиш деб баҳолашлари айнан радикалликдир. Ҳақиқатни ўртадан қидириш керак. Менинг позициям Пўлат Охунов ва Ҳотам Ҳожиматовларнинг позициясига яқин. Тўғри, уларнинг позициясида ҳам, менинг назаримда, бошқа тарафдан радикаллик бор. Аммо, демократик принципларга асосланиб, уларни сайтларга қўйдик, улар “Ҳаракат” журналида ҳам эълон қилинади.

Бу масалада бир қарорга келишимиз осон бўлмаганини очиқча гапирмоқчиман. Пўлат Охуновнинг мақоласи билан “Бирлик”нинг Ўзбекистонда яшайдиган бир қатор фаоллари ва ичимизда диний масалаларда, хусусан акромийлар масаласида кўпроқ маълумотга эга бўлган Исмоил Дадажонов танишиб чиқишди ва у билан тамомийла рози бўлишди. Менинг талабим билан баъзи юмшатишлар қилинди халос.

Ҳотам Хожиматовнинг мақоласига келсак. Ҳотамнинг ўзи ўша Андижон воқеалари бўйича айбланиб, Ўзбекистон ҳукумати тарафидан қидирилаётганди. У Россиялик ҳуқуқ ҳимоячиларининг ёрдамида ўтган йилнинг охирида Украинага қочиб келди ва шу йилнинг ёзида Норвегияга бошпана олиб кетгунча Киевда яшади. У бу ерда ўзбек қочқинларини ташкилотлантириш, уларга ҳуқуқий ёрдам уюштириш масалаларида “Бирлик” Партияси раиси ўринбосари Исмоил Дадажоновнинг ўнг қўлига айланди. Билишимча, Ҳотам бу мақоласини Исмоил Дадажанов билан маслаҳатлашиб ёзган. Қайтариб айтаман, бу мақола ҳам воқеаларни мен тушунганимдан радикалроқ ёритган, лекин масалага бундай ёндошиш ҳам муаллифнинг ички дунёсини ўзида акс эттиради.

Мухбир: Сиз ўзингиз сўнгги вақтдаги чиқшларингизда “Эрк” партиясининг бу фракциясини қақшатқич танқид қилдингиз. Бу орадаги кўприкларни тамомийла ёқиш маъносига келмайдими?

Абдураҳим Пўлат: Келинг, масалага реалистик боқайлик. Олдимизда энг муҳим сиёсий воқеа – президент сайловлари турипти. Бу масалада мухолифатнинг ҳамма гуруҳлари билашиш тарафдори эканлигимизни айтдик, айтиб келмоқдамиз. Фақат у фракция буни эшитишни ҳам истамаяпти. Демак, кўприк ёқиш у тарафдан бўлмоқда. Бунинг устига аввалги хатолар устига юқорида айтганим янги хатолар қўйшилиб, “Эрк”нинг бу фракцияси кўз ўнгида чўкиб бормоқда.

Менининг охирги пайтда ёзаётган нарсаларим – асосан “Бирлик” тарихига оид хотираларим. У ерда бирон ерда хато ёзаётганимни ҳеч ким кўрсатолмайди. Тўғри, баъзи сафдошларимиз, ўтган воқеаларга ҳадеб қайтавермасликни истамоқдалар. Менинг фикримча, биз эски воқеалардан сабоқ чиқармасак, уларни эсламасак, яна эски хатолар бўлаверади, орқага кетаберамиз. Аслида, бу менинг фикрим эмас, дунёнинг бутун сиёсатчилари шундай дейишади. Ҳозир сайтимизга “Бирлик”нинг тарихига оид “Можара” фильми қўйилди. Яқинда яна бир қатор фильмларни қўйиш ниятимиз бор. Ундан кейин, менинг хотираларимга қизиқиш ҳам қолмаса керак, тарих билан қизиққанлар ўша фильмларни кўрадилар.

Сафдошларимиз ичида “нима бўлса ҳам муҳим сайловлар арафасида ҳамма кучларни бирлаштириш лозим, “Эрк”нинг шу фракциясини ҳам, улар Сизнинг танқидингиздан кейин сайтларидан боя айтилган Ғарбга нисбатан ҳақоратомуз мақолани олиб ташлашди, уларни мухолифат номидан умумий номзод ёки умумий номзодлар чиқариш фикрига ҳали ҳам кўндириш мумкин, бунинг йўлида Сизнинг танқидларингиз тўсиқ бўлаётган бўлиши мумкин” деб айтаётганлар бор. Ноумид шайтон дейдилар. Шундан келиб чиқиб, мухолифатнинг бошқа гуруҳларини, хусусан, “Эрк”нинг шу фракциясини танқид қилишга мараторий эълон қилдик. Қани кўрамиз нима бўлар экан.

Агар у томондагилар номзод кўрсатиш бўйича, аслида ҳуқуқий кучи бўлмаган қарорларини ўзгартиришларини эълон қилиб, умумий номзод ёки умумий номзодлар фиикрига қўшилишса, кейин бир биримизни танқид қилишга ҳам вақтимиз қолмайди. Чунки бутун кучимиз сайлов кампаниясига бағишланади. Бундай жавоб 1-1,5 ой ичида олиниши керак, акс ҳолда сайловга тайёрланишга вақтимиз қолмайди.

Хуллас, биз тош отмадик, спорт терминологияси билан айтсак, тўп отдик, буни ҳам бировлар бошқача тушуниб юрмасинлар, копток отдик. Қайтиб келишини кутамиз.

* * *

Журналимизнинг аввалги сонларида чоп этилган материаллардан ҳам маълумки, шу кунгача фақат “Эрк” партиясининг Салой Мадаминов раҳбарлигидаги фракцияси мухолифатнинг сайловларда умумий номзод билан қатнашиш ғоясига қўшилмасдан келарди. “Бирлик” Партияси лидерининг юқорида келтирилган суҳбатидан кейин нима ўзгарди?

“Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари Исмоил Дадажонов “Эрк”нинг ўша фракцияси раҳбари билан туғридан тўғри алоқа қилиб, бу масалага ойдинлик киритишга ҳаракат қилди, аммо ижобий жавоб ололмади. 18 октябрда эса, рус сайтларидан бирида қуйидаги хабар тарқатилди.

18 октября: Партия «Эрк» теперь есть и в Швеции (Uznews.net)

В Швеции создано отделение партии «Эрк», которое объединило эрковцев, оказавшихся в эмиграции в этой скандинавской стране, а также новых членов, пожелавших вступить в «Эрк». По словам членов нового отделения партии «Эрк» в Швеции, их объединяют все те же, не устаревающие, а наоборот актуализирующиеся идеи и цели – видеть Узбекистан демократической страной. Они признают то, что сложно достичь цели, находясь за пределами страны, родного Узбекистана, но их активность, даже вдали от родины, по их мнению, сможет помочь приблизить тот день свободы, к которому партия «Эрк» стремится с момента своего основания.

Один из членов шведского отделения «Эрка» Юлдош Ачилов, эмигрант из Узбекистана, говорит, что, даже находясь за пределами страны, он не прекратит бороться за свободу Узбекистана. «Мы надеемся вернуться в Узбекистан, как можно скорее, а пока, мы будем бороться за идею демократии отсюда, будем держаться вместе и работать», - говорит Ачилов.

Руководитель шведского отделения партии Флора Горохова, тоже беженка из Узбекистана, говорит о том, что в Швеции у партии очень много единомышленников, в основном это узбекистанцы, сбежавшие из страны из-за преследований со стороны властей.

На учредительном собрание шведского отделения партии, ее члены сразу же выдвинули кандидатуру Мухаммада Салиха на участие в президентских выборах 2007 года от партии «Эрк».

* * *

Шундай бўлса ҳам бошқа мухолиф гуруҳлар сайлов арафасида бирлашиш ғоясидан воз кечмадилар. Бирлашиш учун ҳаракатлар давом эттирилди.
“Бирлик” Партияси ўз режаларидан воз кечмаганини партия лидери Абдураҳим Пўлатнинг ББС радиосига берган қуйидаги интервьюсидан кўрамиз.

23 октябрь: Абдураҳим Пўлат: Ўзбекистонда сиёсий фаолият олиб бориш мумкин (http://www.bbc.co.uk/uzbek)

ББС: Мухолифатдаги "Бирлик" Халқ ҳаракати" партиясининг раиси Абдураҳим Пўлат мухолифат номидан битта, умумий номзод бўлиши кераклигини айтмоқда. Аммо сайловнинг аниқ муддати ва ё тартиби, ёхуд номзодларнинг сайловларда иштирок этиш тартиби ҳозирча маълум эмас. Аммо нега ҳозирдан бунчалар шов-шув?

Абдураҳим Пўлат: Ҳақиқий сиёсий кучлар бунинг эълон қилинишини кутиб ўтирмасдан тайёргарлик ишларини бошлаш керак. Мана менинг қўлимда Ўзбекистон мухолифати, асосан, "бирлик"чилар томонидан чиқарилган "Ҳаракат" журналининг 2005 йил 4-сони, яъни бундан бир йил олдин чиққан сонида менинг бир мақолам бор ва шунда мен ёзганманки, 2007 йилда президент сайловлари бўлади ва бу сайловларга биз ҳозирдан тайёрланишни бошлашимиз керак. Ва мухолифат умумий номзод билан чиқиши шарт. Акс ҳолда ҳеч бир натижага эриша олмаймиз.

ББС: Битта умумий номзод бўлиши керак, деб айтаяпсиз. Яъни бу номзод Сиз бўлишингиз керак, шундайми?

Абдураҳим Пўлат: Йўқ, агарда мухолифат номидан бир номзод бўлиши керак, дейдиган бўлсак, мен бундай иддао қила олмайман. Лекин мен шундай бўлишини истардим, бу мутлақо икки хил нарса ва шунинг учун демократик йўллар билан, бошқа мухолифат ташкилотлари билан гаплашиш йўли билан бу жараённи охирига етказишимиз керак, деб ўйлайман.

ББС: Агарда борди-ю мухолифат ягона номзодни илгари суришга қарор қилса-ю, у Сиз бўлмасангиз, бу номзодни қўллаб-қувватлайсизми?

Абдураҳим Пўлат: Албатта, мухолифат шундай қарор қилса, мухолифатнинг асосий кучи "Бирлик" иштирокида қабул қилинган қарор экан, демак у менинг иштирокимда қабул қилинадиган қарор. Табиий бу қарор бўйича ишлаймиз. Лекин биз демократик партия сифатида, бизга ёқадими-ёқмайдими, Ўзбекистоннинг бугунги қонунлари доирасида иш олиб бормоқчимиз.

30 октябрь: Умумий президент номзоди бўйича режалаштирилган Бирлик-Эрк учрашуви ҳақида

Аввалги хабарларимиздан маълумки, “Бирлик” Партияи Марказий Кенгашининг шу йил 1 июлдаги мажлисида 2007 йил президент сайловида мухолифатнинг умумий номзод билан қатнашиш ғояси маъқулланиб, бу масалада бошқа партиялар билан музокара олиб бориш учун маъсул одамлар тайинланганди.

“Ҳаракат” журналида (№ 4 (61), 2006) “Бирлик” МК йиғилишининг қарори тўла берилган. Унда умумий номзод масаласи бўйича қарор шундай ифодаланган:

“Мухолифат партияларининг раҳбарлари билан мулоқат қилиш қуйидагиларга топширилсин: “Эрк” демократик партиясининг раиси Самад Мурод билан мулоқат қилиш Пўлат Охун ва Дайнов Ташановга; “Эрк” демократик партиясининг Салой Мадаминов бошчилигидаги фракцияси билан – Ҳолиқназар Ғаниевга; “Озод деҳқонлар” партиясининг раиси Муҳаммадбобир Маликов билан – Абдураҳим Пўлатга; “Деҳқонлар ва тадбиркорлар” партиясининг раиси Марат Зоҳидов билан – Исмоил Дадажоновга”.

Шу кунгача бу масалада Самад Мурод ва Марат Зоҳидовларнинг оғзаки ижобий жавоблари олинган халос.

Кеча Тошкентга “Эзгулик”нинг Бошқарув ҳайъати мажлисида иштирок этиш учун келган бу жамият фаоли, айни замонда “Бирлик” Партияси раиси ўринбосари Ҳолиқназар Ғаниевнинг мақсадларидан бири юқорида айтилган масала бўйича Отаназар Орипов билан учрашиш эди. “Бирлик”чининг маълум қилишича, у 28 октябрда Тошкенига келиши хусусда Отаназар акани 14 октябрдаёқ огоҳлантириб қўйган. Аммо 27 октябрдаги хабаримизда билдирганимиздек, махсус хизматлар ходимларининг таъқиби остида қолган Ҳолиқназар ака шу куни Тошкентга йўлга чиқолмаган ва пойтахтга 29 октябрда келиб, “Эзгулик”нинг мажлисида қатгашган.

Сўнгра эски дўсти Отаназар ака билан учрашиш пайига тушган Ҳолиқназар Ғаниевнинг билдиришича, дўстининг уйидагилари унинг уйда эмас, сафарда эканлигини маълум қилишган. “Бирлик” фаоли Марказий Кенгаш тарафидан берилган топшириқни бажариш учун ҳаракатларини давом эттиражагини айтди.

Бундай учрашувларни ташкил қилиш ҳам унумли натижага бориш ҳам осон иш эмас, дейди бу хусусда мухбиримиз. Масалан, Ироқ билан Эрон ўтган асрнинг 80-чи йилларида қирғин-барот уруш олиб боришар экан, уруш бошланишидан 4 йил кейингина музокраларга ўтишган. Музокараларнинг бошланғич қисмида (бу қисмнинг ўзи бир неча йил давом этган) тарафлар айрим-айрим хоналарда ўтириб, БМТ вакиллари орқали мулоқот қилишган.

Умид қилиш керакки, ўзбек мухолифати ичидаги музокаралар осонроқ ўтади, йиллар эмас, ойлар ичида битади. Ўзбекистонда президент сайлови 2007 йил охирида бўлиши аниқлангани учун, ҳали бироз вақт бор.

* * * *