Журнал Ҳаракат №4 (61) 2006. Президент сайлови – 2007
Ўзбекистонда президент сайлови кампанияси
Журналимизнинг ўтган сонларида (№2 (59), 2006 ва № 3 (60), 2006) “Бирлик” Партияси фаоллари келаётган президентлик сайловлари учун сайловолди капаниясини феълан бошлаб, унда ўз номзодлари билан қатнашажакларини, аммо, аввал бутун мухолифатни бирлаштириш ва мухолифат номидан умумий номзод кўрсатиш учун ҳаракат бошлашларини эълон қилганларидан сўнгра, “Эрк” партиясининг 53-54-чилар деб номланаётган қаноти ҳар доимгидек бирлашиш ғоясини болталашга бошлади. Улар шунчалик шошардиларки, Ўзбекистон Конституцияси ва бошқа қонунларини ҳам ўрганмасдан, қонунларга зид шаклда бўлса ҳам, апил-тапил ўз номзодларини кўрсатганларини эълон қилдилар.

Ўтган вақт ичида аввал Қашқадарёлик, Жиззахлик ва сўнгра Ўшга кетиб қолишга мажбур бўлган ўзбек мухолифатчи ҳамда ҳуқуқ химоячилари мухолифат номдан умумий номзод кўрсатиш ғоясини қўллаб қувватладилар. Кейинчалик “Озодлик” радиосидаги программаларда иштирок этган мухолифат лидерлари (Абдураҳим Пўлат, Пўлат Охун, Жаҳонгир Муҳаммад) ҳам шу фикрда эканликларини билдирсалар, Салай Мадаминов бирлашиш ғоясига ҳали ҳам қарши эканлигини таъкидлади.

“Бирлик” Партияси бу масалага расмий муносабатини билдириш мақсадида 3 июнь куни Тошкентда Марказий Кенгаш мажлисини чақирган эди, аммо милиция ва хавфсизлик хизмати ходимлари вилоятлардан келадиган вакилларни уйларидан чиқартирмасдан, бу мажлисни ўтказтирмасликка эришишди. Кейинчалик, бу мажлис 1 июлга ўтказилгани эълон қилинди.
Кейинги воқеалар қуйидагича давом этди.

* * * * *

Айтилганидек, 1 июль куни “Бирлик” Партияси Марказий Кенгаши президент сайловига оид масалани кўриш учун тўпланиши керак эди. Партия томонидан 2 июлда тарқатилган расмий хабарда шундай дейилади.
Кеча, кутилганидек, 3 июнь воқеалари айнан такрорланди. Яна режим оёкка турди. Фарғоналик сафдошларимизни ҳатто уйларидан чиқартирмадилар. Қашқадарёлик Марказий Кенгаш аъзолари йўлдан қайтарилди. Партия Бош котиби Васила Иноят йиғилиш мўлжалланган вақтда туман ИИБга олиб кетилди.

Мажлисга келолмаганлардан бири - партиянинг Самарқанд вилоят ташкилоти раиси Ҳолиқназар Ғаниев ўзи аьтрофида бўлган вақеаларни қуйидагича англатди:

«30 июнь куни эрталаб соат 6 ларда Жомбой туман ИИБ жиноят қидирув бўлими бошлиғи милиция капитани Машраб Исматов фуқаро кийимида уйимга келиб, яқинда лавозимига тайинланган Жомбой туман ИИБ бошлиғи Баҳром Раҳматов мен билан норасмий тарзда учрашиб сухбатлашмоқчи ва танишмоқчи эканлигини, шу муносабат билан мени соат 8-00 га ўз ҳузурига боришимни сўраганлигини айтди. Мен бунинг илтимос эмас, буйруқ эканлигини тушундим ва ўзимни машинада олиб бориб яна уйимга олиб келиб қўйиш шарти билан рози бўлдим. Соат 8-10 да капитан Исматов ўзининг шахсий "Жигули"сида уйимга келиб, мени олиб кетди. Машинага ўтиришдан олдин, эҳтиётдан, милиционердан ўз шахсий ҳужжатини кўрсатишини талаб қилдим, оила аъзоларимга мени ИИБга олиб кетаётган кишининг ўзи, исми ва машинаси номерини эслаб ўолишни тайинладим. Ўтган йили шу каби шаклда мени икки марта ўғирлаб кетишгани учун шундай эҳтиёт чораларини кўришга мажбур эдим.

Туман ИИБ бошлиғи хонасига соат 8-20 ларда кириб бордик. У мен билан яккама-якка гаплашди. Сухбатимиз бор-йўғи 5-10 минут давом этди. Полковник Баҳром Раҳматов ўзини таништиргач, менинг исмим, фамилиямни, касбу коримни сўради, уларни хотира дафтарига ёзиб қўйди. "Домла, вақтингизни аямай, таклифимни қабул қилиб ҳузуримга келганингиз учун миннатдорман. Чақиришимдан максад, биз ҳам, сиз ҳам бир иш билан - фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланар эканмиз, ҳамкорлик қилайлик. Лекин Сиз ҳам, мен ҳам кузатувдаги одамлармиз. Сиз агар туман ҳудудидан ташқарига чиқмоқчи бўлсангиз бу ҳақда бизга олдин хабар беришингиз, биз билан келишишингиз керак бўлади. Акс ҳолда раҳбарларимдан Сиз учун гап, танбеҳ эшитаман", деди у бирдан мақсадга ўтиб.

Мен ҳам гапни чўзмасдан гапни лўнда қилишга ҳаракат қидим: "Ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида ҳам, оддий бир фуқаро сифатида ҳам ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорлик қилишга ҳар доим тайёрман, таёрмиз. Биз ҳам ҳамманинг, оддий фуқародан тортиб то президентгача, Конституция ва қонунларга риоя қилишлари учун курашмоқдамиз. Бинобарин, туман ҳудудидан чиқишим учун Сиздан ижозат олиш талабингизни қабул қилаолмайман. Бу - инсоннинг, фуқаронинг асосий ҳуқуқларига хилоф талабдир", дедим. Шу билан гапимиз битди. Мени уйимга обориб қўйишди ҳам.

Шу орада МХХ ходимлари ўғлимга учрашиб: "Отангиз зинҳор Тошкентга бормасин, акс ҳолда ўзига ёмон бўлади" деб огоҳлантириб кетишибди.
Менинг уйимни ва ўзимни изма-из кузатиш 1 июль куни соат 15 ларгача узлуксиз давом этди. Тошкентдаги мажлисга етиб боролмаслигимга ишонишгандан кейин бўлса керак, кузатувни тўхтатишди. Вилоятимиздан Марказий Кенгаш аъзоси – Абдумалик Умурзоқов билан 2 июлда учрашолдим. Уни ҳам шу каби огоҳлантиришган ва 30 июндан 2 июлгача кузатув остида тутишган».

1 июль куни мажлис ўтказиш жойи "Эзгулик"нинг Тошкентдаги офиси бўлмаса ҳам, бу ер миршаблар томонидан ўраб олиниб, мунтазам назоратда тутиб турилди. Мажлисга фақатгина Тошкент вилояти ва шаҳри вакиллари етиб келди.

Бундан сўнг мухолифатчиларга осон бўлмаслиги кўриниб қолгани учун, “Бирлик” раҳбарлари бундан кейинги мажлисларни керак бўлса Интернет орқали ёки селектр услубида ўтказишни ҳам кўзда тутишга қарор қилишганди. Кеча ўтказилиши керак бўлган мажлиснинг кун тартиби, унда қабул қилиниши мўлжалланган қарорларнинг лойиҳаси аввалдан Марказий Кенгаш аъзоларига тарқатилгани ва уларнинг бу хусусдаги фикрлари маълум бўлгани сабабли, “Бирлик” Партиясининг 1 июлдаги мажлиси ўтказилган, деб ҳисобланди.

Мажлиснинг кун таритибида 3 масала бор эди: 1. Партияни Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказиш жараёнини давом эттириш; 2. Президнт сайловига тайёрланиш; 3. Партиянинг навбатдаги қурултойи хусусида.
Бу масалалар бўйича олиган қорорлар қуйида берилган.


“БИРЛИК” ХАЛҚ ҲАРАКАТИ ПАРТИЯСИ МАРКАЗИЙ
КЕНГАШ МАЖЛИСИНИНГ ҚАРОРИ

1 июль 2006 йил

1. Партияни рўйхатдан ўтказиш учун керакли ҳаракатларни қайтадан бошлаб, қуйидагиларни бажариш лозим:

- Адлия вазирлигига партия томонидан охирги марта 2005 йил 28 февралда топширилган аризага вазирликдан эмас, унинг бир бошқармасидан “аризани оқибатсиз қолдирилгани” хусусида олган қоғозимиз вазирликнинг расмий жавоб бўлолмайди. Чунки партиялар тўғрисидаги қонунга кўра, жавоб вазирлик номидан бўлиши керак ва яна ўша қонунга кўра, вазирликка “аризани оқибатсиз қолдириш” ҳуқуқи берилмаган. Шулар асосида, партия Марказий Кенгаши номидан сўнгги марта топширилган аризамизга қонунга мос равишда жавоб ололмаганимизни Адлия вазирлигига яна бир эслатувчи хат юбориш ва қонунга кўра давоб берилишини талаб қилиш керак;

- Бу хатга яна қониқарсиз жавоб келган ҳолатда, қонунлар доирасида Олий судга шикоят билан мурожаат қилинади;
- Ушбу масала бўйича мъсуллар - Васила Иноятова ва Руҳиддин Комилов.

2. “Давра кенгашига” кирувчи ташкилотларга мурожаат қилиб, уларга 2007 йил президентлик сайловларида мухолифат номидан умумий ва якка номзод билан қатнашиш, етказиш лозим. Бунинг учун:

- Бу масалада мухолифат партияларининг раҳбарлари билан мулоқат қилиш қуйидагиларга топширилсин: “Эрк” демократик партиясининг раиси Самад Мурод билан мулоқат қилиш Пўлат Охун ва Дайнов Ташановга; “Эрк” демократик партиясининг Салой Мадаминов бошчилигидаги фракцияси билан – Ҳолиқназар Ғаниевга; “Озод деҳқонлар” партиясининг раиси Муҳаммадбобир Маликов билан – Абдураҳим Пўлатга; “Деҳқонлар ва тадбиркорлар” партиясининг раиси Марат Зоҳидов билан – Исмоил Дадажоновга.

3. Мухолифат партиялари билан умумий номзод кўрсатиш лозимлиги хусусида келишилса, “Бирлик” Партияси ўз номзодини мухолифатнинг умумий номзоди сифатида кўрсатишга эришиш учун бошқа партия ва ташкилотлар билан керакли музокаралар олиб боради.

4. “Давра Кенгаши доирасида умумий нозод кўрсатиш масаласи шу йил 1 сентябргача ижобий ҳал қилинмаса, “Бирлик” Партияси мавжуд қонунларга мос равишда ўз номзоди билан 2007 йил президентлик сайловларида иштирок этади ва бу масалада бизни қувватловчи партия ва ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб боради.

5. Президент сайловлари Конституцияга кўра 2007 йил 23 декабрда ўтказилиши керак. Агар Конституцияда бу хусусда баъзи чалкашликлар бор. Мавжуд ҳокимият уларданфойдаланиб, сайловларни 2007 йил январь ойида ёки ундан аввал ўтказишга қарор қилса, юқоридаги қарорларимиз доирасида бажариладиган ишлар янада тезлаштириб олиб борилаберади.

Сайловлар бу йил охири ёки янаги йилнингг бошида ўтказиладиган бўлса, мухолифатнинг умумий номзоди хусусида келишишга вақт оз қолишини ҳисобга олиб, “Давра кенгаши”нинг эътиборига президент номзодлигига номзод қилиб “Бирлик” Партияси номидан унинг раиси кўрсатилсин.

6. Партия Уставининг 5.5 моддасига биноан 2005 йилнинг иккинчи ярмида партиянинг навбатдаги қурултойи чақирилиши лозим эди. Аммо Андижондаги қонли воқеалардан кейин бошланган ҳокимиятнинг репрессиялари туфайли ҳатто Марказий Кенгаш мажлисини ўтказиш имкони бўлмади. Шу сабабли:

- агар президентлик сайловлари Конституцияга кқра 2007 йилнинг декабрь ойида ўтказиладиган бўлса, партиянинг 2-Курултойи 2007 йилнинг 1-чи кварталида ўтказилади. Қурултойнинг вақти шу йил декабрда Марказий Кенгашда белгиланади;

- агар президентлик сайловлари 2007 йил январь ойига режалаштирилса, партия Қурултойини ўтказиш муддати сайловлардан кейин чақириладиган Марказий Кенгаш мажлисида белгиланади.

“БИРЛИК” ПАРТИЯСИ РАИСИ АБДУРАҲИМ ПЎЛАТНИНГ МАРКАЗИЙ
КЕНГАШ АЪЗОЛАРИГА АВВАЛДАН ТАРҚАТИЛАН МУРОЖААТИ

Марказий Кенгашимизнинг бугунги мажлиси жуда мураккаб даврда ўтмоқда.
Бир тарафдан, Андижондаги қонли воқеаларнинг яраси ҳали битмади. Бизга қарши бошланган ва ҳозир ҳам давом этаётган тазйиқлар натижасида демократик мухолифатнинг сўнги йилларда анчагина жонланиб қолган фаолияти жиддий ўлчовда яна сустлашди.

Иккинчи тарафдан, мамлакатимиз конституциясининг 117-моддасига биноан, 2007 йил 23 декабрда ўтказилиши керак бўлган сайловларга тайёрланиш кампанияси феълан бошланди.

Андижон фожеасининг 1 йиллиги муносабати билан 12 майда эълон қилинган баёнотимизда “Бирлик”нинг бу воқеаларга бўлган муносабати яна бир марта очиқланди, мавжуд шароитдаги позициямиз ва олиб боадиган ишларимизнинг йўналиши аниқ белгилаб олинди.

Табиий, Андижон воқеалари ва уларнинг мамлакатимиз ҳаётига ўтказган таъсирига боғлиқ масалалар кун тартибимиздан тушмайди, аммо бугун диққат марказимизда асосан президент сайловларига тайёрланиш туради.
Биз, бирликчилар, ҳар доим сайловларга сиёсий ҳаётимиздаги муҳим воқеа сифатида қараб келганмиз ва ҳар доим сайловлардан қочиш эмас, уларда иштирок этишга интилиш йўлини танлаганмиз.

1989 йили СССР халқ депутатлари Қурултойига ўтказилган сайловларда “Бирлик” фаолларидан 3 кишининг, мен, Салай Мадаминов ва Анвар Усмоновнинг номзодини ўтказишга ҳаракат қилганмиз.

1991 йилдаги президент сайловларида менинг номзодимни ташаббус гуруҳи номидан кўрсатиб, қонун бўйича берилган ўта қисқа, яъни, 7 кун ичида сайловчилардан 60 минг кишининг имзосини тўплаганимз, аммо Марказий Сайлов Комиссияси ҳар домгидек турли ноқонуний усуллар билан номзодни рўйхатдан ўтказмаган. Биз бу воқеа ҳақида ортиқча гапирмаётганимиз нотўғри. Шуни ҳаммага эслатишимиз керакки, ЕХҲТнинг ўша сайловларни кузатишга келган ҳайъатининг ҳисоботида қуйидаги сўзлар бор: “Сайловларда асосий қонун бузилиши “Бирлик”нинг номзоди рўйхатга олинмаганлигидадир, агар бу номзод рўйхатга олинса, Ўзбекистонда демократия орқага буриб юборилолмайдиган даражада илгарилаб кетган бўларди”. ЕХҲТнинг ҳисоботида бундан ташқари бирон эътиборга лойиқ қонун бузилиши тилга олинмагани ҳам Ғарб давлатлари “Бирлик”нинг ролини яхши тушунишганини кўрсатмоқда.

Биз 2004 йилдаги парламент сайловларида ҳам иштирок этишга ҳаракат қилдик. Биронта номзодимизни рўйхатга олишмади, аммо биз катта тажрибага эришдик. Шу тажрибамиздан фойдаланиб, келаётган президентлик сайловларида иштирок этишимиз керак.

Партияни рўйхатдан ўтказиш жараёнини давом эттириш

Президентлик сайловларида қатнашишнинг энг тўғри йўли партия номидан номзод кўрсатиб, партиянинг ташкилий кучи билан сайлов кампанияси ўтказишдир. Шу сабабли, партияни рўйхатдан ўтказиш масаласини янгидан кун тартибига олиб келиб, жараённи тўхтаб қолган нуқтасидан давом эттириш жуда муҳим.

Қонунга кўра, сайлов кампанияси бошланишидан 6 ой аввал рўйхатдан ўтган партия ўз номзодини кўрсатиб, сайловларда қатнашолади. Демак, келаси йилнинг 23 мартигача рўйхатдан ўтишга ҳаракат қилишимиз шартлиги ўз ўзидан маълум. Агар буни қилолмасак, сайловчиларнинг ташаббус гуруҳи ёки гуруҳлари воситасида номзодимизни кўрсатиб, сайловлар иштирокчиси бўламиз.
Партияни рўйхатдан ўтказиш учун охирги марта Адлия вазилигига 2005 йил 28 февралда ариза топшириб, ҳалигача қонунларга мос жавоб олмаганмиз. Тўғри, Адлия вазирлигининг Жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотлар бошқармаси бошлиғи Ж.Х.Абдусатторовнинг бизга 2005 йил 4 апрелда ёзган хати бор. Унда “Бирлик”нинг аризаси “кўрилмай оқибатсиз қолдирилгани” айтилган.

Биринчидан, партиялар қонунига мувофиқ, жавоб Адлия вазирлигидан бўлиши керак, унинг бошқармасидан эмас. Иккинчидан, қонунда “аризани оқибатсиз” қолдириш имконияти назарда тутилмаган. Вазирлик ёки партияни рўйхатга олиши, ёки рад жавоби бериши лозим.

Бу жуда маъсулиятли жараённи юқорида айтилганлардан келиб чиқиб давом эттиришимиз шарт. Биз ҳозир Адлия вазирлигига ундан қонунга мувофиқ жавоб олмаганимзни айтиб, жавоб талаб қилишимиз, жавоб бўлмаган ҳолда Олий судга шикоят қилишимиз керак.

Хуллас, бугун бу ҳақда конкрет одамларга топшириқ бериб, рўйҳатдан ўтиш учун ҳаракатни бошлаш керак. Кейинги қадамларимиз қандай бўлишини вазиятга қараб аниқлаштраберамиз.

Президент сайловига тайёргарлик

Ҳукуматнинг бизга қарши қилаётган қаршиликлари туфайли оғир шароитда ишлаётганимизга қарамасдан, биз президент сайловларига жуда жиддий ёндошимиз лозим. Бу дегани ҳамма ишларимиз қонунлар, демократик принциплар доирасида бўлиши, ҳамма қадамларимиз ошкоралик руҳида қилиниши шарт.

Демократик мухолифатнинг мамлакатдаги мавқеини мустаҳкамлаш ва уни янада кучли қилиш учун сайловлардан самарали фойдаланиш мумкинлигини мен “Ҳаракат” журналининг 2005 йил 4(55) сонидаги “Ўзбекистон мухолифатининг кучи, мақсади ва вазифалари” мақоласида ёзган бўлсам ҳам, бу иш билан яқиндан шқғулланишга имкон бўлмади. Ўрни келгани учун айтмоқдаман, бу мақола “Бирлик”нинг сайловолди прогаммасининг илк тезислари ролини ўйнай олади. Шу сабабли у билан сафдошларимиз яқиндан танишиб, керак бўлса ўз фикрларини билдирсалар жуда хурсанд бўлардим.

Шу йил апрель ойида мен, Пўлат Охун, Васила Иноят ва Анвар Усмон Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилан халқаро “Дунё демократик ҳаракати” конференцияси иштирокчилари сифатида бир орага келиб, президентлик сайловлари масаласини ҳам ҳар томонлама муҳокама қилдик. Умумий фикримизча, “Бирлик” 2007 йил президентлик сайловларида ўз номзоди билан иштирок этиши, бу номзод партия раиси бўлиши керак.
Агарда менинг номзодим олға суриладиган бўлса, мамлакат президентлигига сайланадиган киши охирги 10 йилда Ўзбекистонда яшаган бўлиши кераклиги хусусидаги қонун моддасига қандай жавоб бериш хам гаплашилди. Биз берган жавоб “Ҳаракат” журналининг бир неча кун аввал нашрдан чиққан 2006 йил 2(59) сонида бор. Аммо, журнал бугунги мажлис қатнашчиларининг қўлига ҳали етиб келмаган бўлиши мумкинлигини ҳисобга олиб, ундан бир парча келтирмоқчиман.

«Қонунга бу хусусда модда киритишдан мақсад - бўлажак Ўзбекистон президенти мамлакатдаги ҳаётдан, унинг муаммоларидан узоқ турган одам бўлиб қолмаслигининг олдини олиш эканлиги ҳаммага маълум. Шундай экан, бу модда мажбуран хорижда яшаётган мухолифатчиларга тадбиқ қилинмаслиги керак.

Бошқа тарафдан, номзод учун киритилган бундай чеклов, яқинда мамлакат фуқаролигини олиб Ўзбекистон президентлигига даво қилиши мумкин бўлган кишилар учун қўйилган ценздир ҳам. Қонуннинг бу моддасини номзод учун 10 йил мамлакат ичида муқим жисмоний туриш талаби сифатидагина кўриш хато бўларди. Чунки, топшириқ билан юрт ташқарисида муҳим вазифа бажараётган кишиларни, масалан, дипломатларни, президентлик пойгасига киритмаслик қандай мантиқсиз эканлигини ҳамма тушунса керак. Жисмонан Ўзбекистондан ташқарида турса ҳам, феълан Ўзбекистонда яшаётган, тўғрироғи, мамлакатимиз ҳаёти билан яшаётган миллат фидокорларини сиёсий ҳаётимиздан четлаштиришга интилиш ҳам шундай мантиқсиз бўларди. Ҳатто мамлакат президенти юрт ичида муқим турмайди, иш юзасидан, касаллиги туфайли ёки таътил учун маълум вақт юрт ташқарисида қолишини ҳам унутмайлик.

Албатта, Ўзбекистонда ҳеч қачон адолатли сайловлар бўлмагани, мавжуд режим ўзи истамаган кишиларнинг нозодини хеч бир вақт сайловларга қатнаштирмаганини ҳисобга олсак, бу ҳол келаётган сайловларда яна қайтарилишини кутиш табиий. Лекин бундан сайловларда иштирок этишдан воз кечиш маъноси чиқмайди.

Қолаверса, сайловларга мавжуд ҳокимият билан қонуний майдонда курашнинг навбатдаги қадами деб қараш керак.

Қонунлар турлича тушуниладиган ҳолларда, уларни талқин қилиш ҳаққи Конституцион судга берилган, демак, ҳозироқ ёки номзодларни қайд этиш жараёнида, бу юксак судга мурожаат этиш ва ҳуқуқий майдондаги курашни янада кенгайтириш ҳам эътиборга лойиқ имкониятдир».

Бу масалада ишкал чиқариб ўтирмаслик учун, Ўзбекистонда муқим яшаётган фаолларимиздан бирини ёки партия аъзоси бўлмаса ҳам бизнинг тарафдоримиз бўлган бир кишини номзод қилиш вариантини ҳам ўйлаб кўрдик. Бизнинг фикрларимиз бир фикр халос.Уларни сизлар ҳам ўйлаб кўринглар, чунки охирги қарор Марказий Кенгашники бўлади. Бизнинг Истанбулдаги фикримиз эса шунда бўлди: Ўзбекистонда “Бирлик” номи етралича одамлрага таниш. Сайлов каппаниясии даврида, бунинг устига Ўзбекистон каби ошкоралик бўлмаган мамлакатда, одамларга номзодни танитиш ўта муҳим масалага айланади. Номзод “Бирлик”нинг раиси эканлигини билдиришнинг ўзи катта бир сигналдир. Шундан фойдаланиш керак.

Бундан ҳам муҳим бўлган масала ҳам бор. Бу - бутун мухолифат тарафидан, қолаверса, демократияни ҳимоя қиладиган ҳамма ташкилотлар тарафидан умумий ва якка номзоднинг ўртага чиқарилиши. Ўйлайманки, шу кунда мухолифатнинг асосий кучи бўлмиш “Бирлик” Партияси ўзининг миллат ва мамлакат манфаатлари йўлидаги фидокорлигини яна бир намоён қилиб, авваламбор, мухолифатнинг умумий номзодини чиқариш масаласига асосий эътиборини қаратиши керак.

Биз бошқа партияларга мурожаат қилиб, бу масалада умумий фикр, яъни мухолифат номидан умумий ва якка номзод кўрсатиш фикри атрофида бирлашишга чақиришимиз лозим. Бугун номзоднинг шахси кун тартибида бўлмаслиги керак.

Ҳаммангизга маълум бир партиянинг фракцияси бизнинг Истанбулда қилган хомчўт режаларимизни Васила Иноятованинг “Немис тўлқини” радиосидаги интервьюси орқали эшигач, шошиб қолиб, ўз номзодини эълон қилишга ҳам улгурди. Аммо, номзоднинг бу шаклда кўрсатилиши қонунларга зид бўлгани, а партия рўйхатдан ҳам ўтмагани учун бундай номзод кўрсатишнинг юридик кучи йўқ. Демак, бу фракция ҳам умумий номзод фикри устида ўйлаб кўриши имконятига эга.

Ўйлайманки, агарда шу йил 1 сентябргача мухолифат партиялари умумий номзод кўрсатиш фикри атрофида бирлашса, йилнинг охиригача умумий номзод ким бўлишини ҳам аниқлаб олишимиз мумкин эди. Ана ундан кейин, номзодни ҳалққа танитиш, “Бирлик” Партияси рўйхатдан ўтолмаса, умумий нозодимизни ташаббус гуруҳлари орқали расман номзод қилиш ва ниҳоят сайловларда қатнашиш билан шуғулланардик. Қайтариб айтаман, умумий номзод “Бирлик”нинг номзоду бўлиши шарт эмас, у ҳаама билан келишиб танланади.

Аммо, шуни унутмайликки, ташаббус гуруҳлари орқали номзод кўрсатиш, сўнгра бир неча юз минг сайловчининг имзосини тўплаш осон иш эмас. 2004 йил парламент сайловлари давомида “Бирлик” Партиясининг фаоллари, ҳам номзод кўрсатиш, ҳам имзо тўплаш соҳасида катта тажриба орттирдилар. Бунинг устига маҳаллий ташкилотларининг шакллланиши борасида ҳам партиямиз энг.кучли мавқега эга. Демак, сайловолди кампаниясини юритишда асосий оғирлик бизнинг елкамизга тушади. Бошқа ташкилотлар ҳам буни тушунишларига ишонаман. Лекин бу гапларим - бошқалар устидан ҳукмронлик қилишга даъво эмас. Гап борлиққа қийшиқ ойна орқали эмас, борлигича қараш тўғрисида.

Сайловда қатнашиш истагидаги ҳар бир одам ёки партия фақат ғалабани ўйлаб бу ишга киришиши керак. Ғалаба – бу сайловда ютиш демак. Лекин, сайловда ютсак ҳам ютмасак ҳам қўлимизда бир ғалаба қолади. Бу - сайлов жараёнидаги курашда сафларини тоблаб олган мухолифат бўлади.
Яна бир нарсани назаримизда тутишимиз лозим. Юқорида айтилганидек, конституция нормаларига кўра, президент сайловлари 2007 йил 23 декабрда ўтказилиши керак. Мавжуд ҳокимият Конституцияни бузиб ва ҳозирги президентнинг ваколатлари 2007 йил январда тугашини рўкач қилиб, сайловларни 2007 йил январь ойида ўтказишга ҳаракат қилиши мумкин.

Ростдан ҳам ҳозир қонунларда қарама қаршилик борга ўхшайди. Бир томондан, Конституциянинг 117-чи моддасига мувофиқ сайловлар декабрда ўтказилиши керак. Иккинчи тарафдан, президентнинг 7 йиллик ваколати 2007 йил январда тугаётгани учун сайловларни январда ўтказиш лозим.
Каримов истаса, бу масалани кўриб чиқиш учун Конституцион судга мурожаат қилади ва табиийки, Конституцион суд у истаган қарорни беради.
Демак, биз бу бўлиши мумкин бўлган вариантларни ҳаёлимизда тутишимиз керак. Агар сайловлар январда ўтказиладиган бўлса, ишларимизни янада тезлаштиришимиз керак бўлади.

«Бирлик Партиясининг қурултойи ҳақида

Партия Уставининг 5.5 моддасига биноан Қурултойимиз ҳар 2 йилда ўтказилиши керак. Таъсис қурултойимиз 2003 йилнинг августида бўлиб ўтган. Демак, 2005 йилнинг иккинчи ярмида партиянинг навбатдаги қурултойи чақирилиши лозим эди. Аммо Андижондаги қонли воқеалардан кейин бошланган ҳокимиятнинг репрессиялари туфайли, Қурултой ёки Марказий Кенгаш мажлисини ўтказишни қўйиб туринг, ҳатто, вилоят кенгашларини тўплаш имкони бўлмади. Шу сабабли, Уставмизнинг кимдир ёки қайсидир партия органи тарафидан бузилишини гапириш адолатдан бўлмасди.

Бугун партиянинг навбатдаги қурултойи ҳақида ўйлаш вақти келди. Менинг фикримча, масалан, шу ёз ойларида вилоят ташкилотларининг конференцияларини, кейин эса партия қурултойини ўтказишни режалаштириш реалликдан узоқ нарса бўларди. Ҳозир, Андижон воқеаларидан кейин бир йилдан кўп танаффусдан сўнг биринчи марта Марказий Кенгаш мажлисини ўтказаётганимизни ҳам унутмайлик. Курултойга тайёрланиш учн бироз вақт керак.

Бунинг устига, қурултой масаласини келаётган президентлик сайловларига тайёрланиш жараёнини ҳам ҳисобга олиб ҳал қилиш лозим. Бунинг учун эса, сайловларнинг қачон бўлиши хусусида аниқлик керак.

Менимча, агар президентлик сайловлари 2007 йилнинг декабрь ойида ўтказиладиган бўлса, қурултойимизни 2007 йилнинг 1-чи кварталида ўтказоламиз. Аммо қурултойнинг аниқ вақтини сайлов муддати аниқ бўлгандан кейин, тахминан, шу йилнинг декабрь ойида Марказий Кенгаш мажлисини чақириб, ўша ерда белгилашимиз мумкин.

Агар президентлик сайловлари 2007 йил январь ойига режалаштирилса, партия Қурултойини ўтказишни ўйлашга ҳам фурсатимиз қолмайди. Бу ҳолда, энг яхшиси, қурултой вақтини сайловлардан кейин, тахминан, февраль ойида чақириладиган Марказий Кенгаш мажлисида белгилаймиз.

Хулосалар

Ҳозир мухолифатнинг олдида, унинг асосий кучи бўлмиш “Бирлик” Партияси олдида жуда муҳим ва маъсулиятли вазифалар турибди. Агарда мухолифат тўғри сиёсат олиб борса, биз бу сайловлардан катта ғалабалар билан чиқамиз.

Ҳаммадан илтимосим, менинрг “тўғри сиёсат” иборамга тўғри ёндошинглар. Тўғри сиёсат олиб бориш энг асосий масала. Жуда кўпчилик, ватан, миллат манфаатлари ҳақидаги баландпарвоз гапларни “гина-кудратни унитиш” каби ибтидоий шиорлар билан аралаш-қуралаш қилиб, ҳамма нарсани чалкаштириш билан машғул бўлишмоқда. Биз бундай қилмаганимиз учун энг кучли партия бўлиб келмоқдамиз.

Бир тушундикки, демократлар ичида бирликка эришиш осон иш эмас, осон бўлганда дунёда ҳамма ерда бирлик ва унинг натижаси ўлароқ ҳуррият ва фаровонлик тезда қарор топарди.

Аммо, бирликка эришиш мумкин. Бу машаққатли иш шиорбозлик билан битмайди. Машаққатли бўлган бирлик-баробарлик йўлида тишни-тишга қўйиб, хис-ҳаяжонга берилмасдан, бир биримизга тоқатли бўлиб, компромис йўли билан ҳаммани ёки, энг камида, кўпчиликни қониқтирадиган қарорлар олишга интилишимиз мутлақо шарт. Демократия ва ошкоралик принципларидан ҳеч чекинмалигимиз керак.

Партиямиз сўнгги йилларда айнан шундай қилаётгани учун энг мустаҳкам, энг кучли мухолифат ташкилоти бўлиб келмоқда. Буни яна бир марта исботлашимиз лозим. ●●●