Журнал Ҳаракат
№2 (59) 2006. Президент сайлови – 2007
Ўзбекистонда сайлов кампанияси бошланди
Ҳа, 2007 йилда бўлиши керак бўлган президент сайлови кампанияси вақтли бошланди. Расман старт тугмасини “Бирлик” Партиясининг раиси Абдураҳим Пўлат журналимизнинг 2005 йил 4 (55) сонида эълон қилинган “Ўзбекистон мухолифатининг кучи, мақсади ва вазифалари” номли мақоласида босган эди. Мана ўша мақоладан бир иқтибос:
«Бу ерда фақат бир янги мавзуни тилга оламиз. У ҳам бўлса, демократлар келажак президентлик сайловларига якка умумий номзод, ёки энг камида, умумий номзодлар билан чиқишлари шартлигидир.
Демократлар 2006 йилнинг ўрталаригача умумий сайловолди пограммаси ва умумий номзод (номзодларни) белгилаб олсалар, шу босқичда муҳим ғалаба бўлган бўларди.
Менинг ўзим президентликка номзодимни қўйиб қўймаслигим хусусида гаплар бўлаётганини ҳам биламан. Бу масалада очиқлик бўлишини истардим: мен сайловлардан иштирок этишга тайёрман».
“Бирлик” лидери, агар унинг номзоди олға суриладиган бўлса, ўртага чиқиши мумкин бўлган биринчи саволга ҳам жавоб беради:
«Баъзилар, қонунларидга кўра мамлакат президентлигига сайланадиган киши охирги ўн йилда Ўзбекистонда яшаган бўлиши кераклигини сўзламоқдалар. Қонунга бу хусусда модда киритишдан мақсад - бўлажак Ўзбекистон президенти мамлакатдаги ҳаётдан, унинг муаммоларидан узоқ турган одам бўлиб қолмаслигининг олдини олиш эканлиги ҳаммага маълум. Шундай экан, бу модда мажбуран хорижда яшаётган мухолифатчиларга тадбиқ қилинмаслиги керак».
Бошқа тарафдан, номзод учун киритилган бундай чеклов, яқинда мамлакат фуқаролигини олиб Ўзбекистон президентлигига даво қилиши мумкин бўлган кишилар учун қўйилган ценздир ҳам. Қонуннинг бу моддасини номзод учун 10 йил мамлакат ичида муқим жисмоний туриш талаби сифатидагина кўриш хато бўларди. Чунки, топшириқ билан юрт ташқарисида муҳим вазифа бажараётган кишиларни, масалан, дипломатларни, президентлик пойгасига киритмаслик қандай мантиқсиз эканлигини ҳамма тушунса керак. Жисмонан Ўзбекистондан ташқарида турса ҳам, феълан Ўзбекистонда яшаётган, тўғрироғи, мамлакатимиз ҳаёти билан яшаётган миллат фидокорларини сиёсий ҳаётимиздан четлаштиришга интилиш ҳам шундай мантиқсиз бўларди.
Албатта, Ўзбекистонда ҳеч қачон адолатли сайловлар бўлмагани, мавжуд ражим ўзи истамаган кишиларнинг нозодини хеч бир вақт сайловларга қатнаштирмаганини ҳисобга олсак, бу ҳол келаётган сайловларда яна қайтарилишини кутиш табиий. Лекин бундан сайловларда иштирок этишдан воз кечиш маъноси чиқмайди.
Қолаверса, сайловларга мавжуд ҳокимият билан қонуний майдонда курашнинг навбатдаги қадами деб қараш керак.
Қонунлар турлича тушуниладиган ҳолларда, уларни талқин қилиш ҳаққи Конституцион судга берилган, демак, ҳозироқ ёки номзодларни қайд этиш жараёнида, бу юксак судга мурожаат этиш ва ҳуқуқий майдондаги курашни янада кенгайтириш ҳам эътиборга лойиқ имкониятдир.
Мухолифат 2005 йил 13 майдаги қонли Андижон воқеаларидан кейин бошланган ҳукуматнинг навбатаги ҳужумларидан имкон борича кам талофот билан чиқишга ҳаракат қилаётган даврда президент сайлови билан боғлиқ масалалар унутилгандек бўлди.
Аммо, шу йил апрель ойининг 1-6 апрель кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилган халқаро “Дунё демократик ҳаракати” конференцияси доирасида бир орага келган “Бирлик” Партисининг фаоллари Абдураҳим Пўлат (партия раиси, ҳозир Вашингтонда яшамоқда), Пўлатжон Охун (партия раисининг ўринбосари, ҳозир Швецияда яшайди), Васила Иноят (партия Бош котиби, Тошкентда муқим яшайди) ва Анвар Усмон (Германияда яшамоқда) президент сайлови масаласини ҳам муҳокама қилиб, ҳозирги шароитда мухолифатнинг умумий ва ягона номзодини аниқлаш масаласи устидаги ишларни жадаллаштириш, умумий номзод сифатида Абдураҳим Пўлатни олға суриш, аммо, ҳамма бошқа кучлар билан маслахатлашган ҳолда, бошқа номзодни, у бошқа ташкилотдан бўлса ҳам, мухолифатнинг умумий номзоди сифатида қўллаб қувватлашга рози бўлиш кераклиги ҳусусида келишдилар.
Табиий, бу келишув партиянинг расмий қарори эмасди, аммо, бошланғич қадамлар учун қандайдир асос бўлоларди.
* * *
Истамбул келишувига асосланган “Бирлик” Бош котиби Всила Иноят Тошкентга қайтгач, шу йил 11 апрель куни “Немис тўлқини” радиосига берган интервьюсида сайловолди кампаниясининг иккинчи босқичини бошлаб берди.
“Немис радиоси” Ўзбекистонда президент сайлови 2007 йилда бўлиши, бу мамлакаттнинг кейинги президенти ким бўлиши кўпчиликни қизиқтиарётгани, Каримов учинчи марта президентликни қўлишда ушлаб қолишга интилиши муқаррар эканлиги, Ғарб Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонни тўла изоляция қилиб бўлгани сабабли Каримов учун бошқа йўқотадиган нарса йўқлигини айтиб туриб, бу вазиятда Каримовнинг ўз атрофидагилар ҳамда мухолифат нима қилажаги хусусида саволларни ўртага ташлайди ва Васила Иноятнинг шу сўзларигa ўрин беради: “Партиямизнинг вилоят ташкилотлари президент сайлови учун номзод кўрсатишимиз шарт эканлигини айтиб, номзод сифатида Абдураҳим Пўлатни кўрсатмоқдалар. Унинг ўзи бунга қарши эмаслигини айтди”.
Шундан сўнг, “Немис тўлқини” ўз тингловчиларига “Бирлик”ни таништиради, унинг мустақиллик учун курашганини айтади ва Абдураҳим Пўлатнинг “Бирлик”ни таъсисчиларидан бири, кейинчалик унинг раиси сифатида қилган ишларини тилга олади.
Васила Иноят “Бирлик” Партиясининг шу кунда 26 минг аъзоси борлигини урғулар экан, унинг расмий фаолиятни чеклаш учун ҳеч қандай ҳуқуқий асос йўқлигини, шундай бўлса ҳам унинг 6 фаоли Андижон воқеалари билан боғланиб қамалгани, Самарқанд вилояти ташкилотининг раиси Холиқназар Ғаниев икки марта ўғирлаб кетилгани, ўзнинг “Эзгулик” жамиятидаги ўринбосари Украинага қочиб кетишга мажбур бўлгани, “Бирлик” ҳозирги оғир вазиятда ўз фаолиятини яна бошқатдан бошлашга мажбур эканлигини билдиради (қаранг: http://www.dw-world.de/dw/article/0,2144,1966977,00.html).
Васила Иноят “Бирлик”нинг вилоят ташкилотларида сайловолди кампанияси бошланиб кетгани тўғрисида гапирганида, қуйидагиларни назарда тутмоқда эди.
7 апрелда Қарши шаҳрида “Бирлик” Партияси вилоят ташкилотининг қароргоҳида партия вилоят Кенгашининг мажлиси ўтказилди. Айнан шу куни Ўзбекистон демократ кучларининг координацион органи ролини ўйнаётган “Давра кенгаши”нинг вилоят бўлими ҳам ўз йиғилишини ўтказди. Бу йиғилишларнинг натижаси ўлароқ қуйидаги ҳужжат ўртага чиқди.
Қашқадарё демократик ташкилотлари раисларининг мурожаати
7 апрель 20006, Қарши шаҳри
Ўзбекистон мухолифати халқимиз тақдирини белгилашга даҳлдор қатор саволларга жавоб бериш ва тегишли ҳал қилувчи қарорни қабул қилиш зарурати билан юзма-юз туриибди.
Халқ хўжалигида ялпи кризисларга олиб келган 15 йиллик “ўтиш даври” ўзининг кўнгилсиз ниҳоясига яқинлашмоқда. Ижтимоий ҳуқуқий соҳа собиқ советлар даврининг негатив асоратлари билан яшамоқда. Оддий инсонлар бугун бошқарув системасини шакллантириш жараёнидан амалда четлаштирилганлар. Жамоатчиликнинг иродасини ифода этиш воситаси бўлган сўз ва матбуот эркинлиги йўқ. Мавжуд ҳокимиятнинг барча органларида коррупция авж олмоқда. Ишсизлар сони кун сайин ортиб бормоқда. Халқимизнинг ярмидан кўпроғи қашшоқлик чегарасидан кўп карра паст даражада яшамоқда.
Криминал структураларнинг ҳукумат органлари билан чатишуви тезлашмоқда. Шу пайтгача чидаб келган ташқи сиёсат ҳам боши берк кўчага кириб қолди. Ғарб давлатларининг Ўзбекистон ҳукуматига муносабати тобора совиб бормоқда.
Баъзи Ғрб сиёсатдонлари Ўзбекистон жамиятининг тинч тарраққиёт орқали фуқаролик идора услубига ўтиш имкониятлари сарфлаб бўлинди қабилидаги мулоҳазаларни билдира бошлашди.
Ҳа, халқимизнинг келажак тақдири билан боғлик ўткир муаммолар тобора кўпайиб бормоқда. Аммо ҳал қилувчи охирги сўзни ҳамиша халқ айтади.
Биз мазкур негатив воқеликнинг юзага келишида авваламбор амалдаги ҳукумат органлари, кейин эса, масъулиятни зиммасига олиши керак бўлган демократик мухолифат, айни пайтда фақатгина жабр-дийдалик ролини ижро этиш билан овора бўлиб қолган мухолиф сиёсий партияларнинг шуҳратпараст раҳбарлари айбдор деб ҳисоблаймиз.
Биз шунинг учун ҳам айбдормизки, орқамизда адолат ва бутун ўзбек халқи турган паллада ҳам демократик мухолифатга айлана олмадик ва жамиятда демократик қадриятларни устувор қилиш имкониятини бой бердик.
Нима учун? Жавоб фақат битта! Парокандаликка учраган мухолифат заиф. Биз бу негатив воқеликнинг юзага келишида амалдаги ҳукуматдан кейин биз - демократик мухолифат намоёндалари ҳам айбдордир деб ҳисоблаймиз. Биэ ортимизда адолат ва бутун ўзбек халқи турган бир пайтда ҳақиқий сиёсий мухолтфатга авйланиш имкониятини бой берганимиз, натижада мавжуд ҳукуматга муносиб рақобат ташкил эта олмаганимиз учун ҳам айбдормиз.
Мухолифат ҳақиқий сиёсий кучга айланиши учун барча сиёсий гуруҳлар ва гуруҳлар ичидаги гуруҳчалар ягона сиёсий платформа атрофида бирлашмоқлари керак бўлади.
Агар бу воқелик юзага келса, мавжуд бўлган тўртта майда гуруҳ ўрнига битта йирик гуруҳ пайдо бўлади. Демак, айни пайтда лидерлик даъвоси билан юрган тўрт нафар шахсдан уч нафари биринчилик мақомидан маҳрум булади. Аммо ким биринчи бўлади. Мавжуд лидерлардан бирортасиям ўша биринчилик мақомидан воз кечишга тайёр эмас. Уларнинг ҳар бири фақат биринчи бўлишни истайди.
Хулоса фақат битта: республикада ҳаракатда булган мухолифат гуруҳларнинг бирлашувига сиёсий гуруҳлар эмас уларнинг лидерлари асосий тўсиқ булиб турибди. Агар биз ушбу тўсиқ – лидер факторидан қутила олсак, мухолифатнинг ягона платформада тўла бирлашувига эришамиз. Шу мантиқий ечимдан келиб чиқиб, биз – жанубий регион мухолифати намоёндалари ўзга регионларда иш олиб бораётган мухолифат фидойиларига шундай мурожаат қиламиз.
Дўстлар, тактик йўриқлардаги жузъий фарқлардан қатъий назар, келинг, ягона сиёсий платформада бирлашайлик. Бундай натижага эришиш учун ҳар бир регион ўз иродаси билан мустақил қарор қабул қилиши керак. Агар барча регионлар бизнинг бу чақириғимизга қўшилиб, бирлашиш ҳақида қарор қабул қилсалар, яхши бир кунда биз бутун мамлакат мухолифатининг умумий Курултойини чақирамиз. Платформанинг ягона низоми, ҳаракат дастури қабул қилинса, ва унинг ижроия бошқарув органи сайланса мавжуд муаммоларнинг кўпчилиги ўз ўзидан ҳал бўлади. Лидерликка даъвогарлар ўз номзодларини қўйсинлар. Бизнинг фақат биргина талабимиз бор. Мазкур платформа субъектлари ҳам, унинг ўзи ҳам фақат ва фақат Низом асосида яшасин, бошқарув коллегиал тарзда амалга оширилсин.
Лидерликнинг кимнингдир монополиясига айланишига йўл қўйиб бўлмайди. У даврий ва алмашиниб турувчи мақом бўлмоғи лозим.
2003 йилда бутун мухолифат вакиллари иштирокида тузилган «ДАВРА КЕНГАШИ» бирлашган мухолифатнинг нисбатан барқарор органидир. У бутун ўзбек мухолифатини бирлаштира олган ягона ташкилотдир.
Келинг, биз мазкур «ДАВРА КЕНГАШИ» атрофида бирлашайлик ва шу ном остида ўз сиёсий платформамизни ташкил этайлик. Унинг эшиклари ҳар бир шахс ва барча учун очиқ бўлмоғи керак.
Ўйлаймизки, «ДАВРА КЕНГАШИ»нинг бугунги асосий вазифаси мавжуд қонунларга кўра 2007 йилнинг декабрь ойида ўтказилиши керак бўлган президентлик сайловларига мухолифатнинг якка умумий номзодини кўрсатиш ва у билан сайловларда қатнашиш бўлади.
Биз – жанубий регион мухолифат вакиллари ўз қароримизни қабул қилдик. Энди сўз навбати сизга – мухтарам мухолифат фидойилари. КУЧ БИРЛИКДА!
1. “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси - Д.Ташанов, Ғ.Раҳматов
2. “Эрк” Демократик Партияи - Э.Юсупов
3. Ўзбекистон Озод Деҳқонлар Партиси - Я.Расулов
4. Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти - Ё.Турлибеков, Ж.Муродов
5. «Эзгулик» Жамияти - З.Мирзақулов
* * *
Бу мурожаатнинг тайёрланишида муҳим роль ўйнаган икки мухолифатчининг фикрлари билан кенгроқ танишиш ҳам фойдалидир. Булар – “Эрк” демократик партиясининг раиси Самад Мурод ва “Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари Дайнов Ташанов. “Бирликчи”нинг фикрлари билан хронологияга кўра бироз кейинроқ танишасиз. Қуйида эса “эрк”чининг қисқа баёноти.
Самад Мурод: Бирлашиш - ягона имконият
Ўзбекистонда бугунги кунда юзага келган иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий вазият ўтган йиллардагига нисбатан жиддийроқдир. Андижон воқеалари шундай ҳам таранглашиб келаётган сиёсий тангликни критик нуқтага олиб келди.
Ҳеч кимга сир эмаски, ҳозир Ўзбекистон ҳукумати ташқи сиёсат борасида айниқса кучлироқ тангликни бошидан кечирмокда, аммо демократик эркинликлар ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар барибир бирламчи бўлиб турибди. Менинг назаримда, ҳукумат доиралари эътироф этишни истамаётган сиёсий мухолифат ўз сиёсий миссиясини бажаришга киришадиган пайт етиб келди. Энди у қандай йўл билан бўлмасин сиёсий минбар топиши ва шу минбар орқали халқнинг иқтисодий, ҳуқуқий ва сиёсий муаммоларини ҳаммага эшиттириб баралла айтиш керак. Токи мазкур муаммоларни ечиш йулларини бутун омма муҳокама қилишга киришсин.
15 йилдан бери давом этаётган «Ўтиш даврида», айниқса кейинги йилларда “Эрк” ва “Бирлик” тимсолидаги мухолифат халқдан узоқлашиб кетди. Ўсиб келаётган ёш авлод яқин тарих, хусусан, 90-йиллар ҳақиқатларини, афсуски, билмайди. Миллий давлат мустақиллигига эришиш йўлидаги курашни ана шу партиялар бошлаганини улар ростдан ҳам билишмайди.
Шу ўринда бугунги мухолифатнинг ўша чоғлардаги мухолифатдан жиддий фарқ қилишини эътироф этишга мажбурмиз. 90 йилларда биз курашга ташнароқ эдик. Мухолифатчилик маъсулиятини зиммасига олиб, унинг номидан иш кўраётган фаоллар фуқаролик жамияти ва ҳокимият учун курашнинг пассив усулини танладилар. Тўғрироғи, мухолифат ўзи олиб бораётган курашнинг шитобини мавжуд ҳукумат томонидан унга нисбатан ўтказилаётган жабр-зулмлар миқдори ва даражаси билан ўлчайдиган бўлиб қолди.
Жамиятимиз шундай фаслга етиб келдики, энди мухолифат жабр-дийдалик ролини ижро этишни бас қилиб, курашнинг амалий шаклларига ўтиши керак. Тўғри, сиёсий рақобатга киришиш учун етарлича кучга эга бўлишимиз керак. Фикримча, бугунги мухолифатда бундай кучга эга бўлиш имконияти бор. Биз пароканда бўлиб ётган сафдошларимизни ягона сиёсий платформада бирлаштира олсак, мухолифат сиёсий кураш салоҳиятига эришади.
Бугун Қаршида бўлиб ўтган мухолифатнинг анжумани кўрсатиб турибдики, жойларда иш олиб бораётган турли сиёсий партиялар ва ҳуқуқ ҳимоячиси жамиятлари фидойилари орасида ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Аксинча, улар бир-бирларини жуда яхши тушунадилар. Уларни бирлаштириш ғояси ҳеч кимда қандайдир ташвиш туғдирмайди, чунки улар бирга ишламоқда.
Шундай экан биз кўриб турган парокандаликнинг омили қаерда? Бизнинг ягона сиёсий платформада бирлашишимизга нима ҳалақит бераяпти?
Шахсан ўзимга ҳам дахлдор бўлган бу саволга жавобни мен мухолифат лидерларидан қидираман. Энди ўзаро ихтилоф партиялар орасида эмас, балки лидерлар орасида борлигини ва бу хусусий кайфият мухолифатни поракандаликка гирифтор этаётганлигини очиқ эътироф этиш пайти келди.
Агар ҳамма мухолифат ташкилотлари ўз фаолиятини қатъий низом асосида йўлга қўйишса ва бошқарувнинг демократик шаклига тўла ўтишга эришишса, лидерлар орасида мавжуд бўлган ихтилофни чеккага суриб олар эдик.
Бугунги анжуман кун тартибига қўйилган мазкур масала юзасидан қабул қилнган Мурожаат мухолифатни амалда бирлаштириш учун ташланган биринчи қадам бўлиши керак. Агар бу қадамни бошқа регионларда ишлаётган дўстларимиз ҳам ташлашса, мухолифатнинг амалда бирлашганлигини қайд этаверса бўлади. Бу бирлашувни ҳеч кимнинг иззат нафсига тегмайдиган шаклда амалга ошириш мумкин, бу энди бутун Ўзбекистон мухолифатининг умумий Қурултойида муҳокама қилинадиган масаладир.
* * *
Кўриниб турганидек, Истанбулда учрашган “бирликчи”лар ва Қашқадарёлик мухолифатчиларнинг фикрлари умумий нуқтага эга, у ҳам бўлса - президент сайловига мухолифатнинг умумий номзоди билан қатнашиш. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, “Бирлик” фаоллари умумий номзод сифатида ўз лидерларини кўрсатишлари бир таклифгина бўлиб, умумий номзод фикрига қарши эмас. Буни номзодликка номзод кўрсатиш сифатида ҳам қабул қилиш мумкин. Васила Иноятнинг “Немис тўлқинида” айтган гаплари - таклиф, режа, у ерда ҳам умумий номзод фикри на шаклан на моҳиятан рад этилмаган.
Бундан кейин бошланган воқеалардан яна бир марта мъълум бўлдики, мухолифатни бирлаштириш, президент сайловига мухолифатнинг умумий номзоди билан қатнашиш каби истакларни амалага ошириш йўлида ҳали ҳам ғовлар кўп.
Мухолифатнинг ҳаёти билан таниш одамлар биладилар, “Эрк” партияси 10 йиллик танаффусдан кейин 2003 йилда ўзининг 5-чи қурултойини ўтказганда, бўлиниш юз берди (бу воқеанинг тафсилотлари билан танишиш учун қаранг: журнал “Ҳаракат”, № 5 (44), 2003). Ўшанда, қурултойда қатнашаётган 120 делегатдан 30 нафари йиғилишни тарк этиб, ўзларини “Эрк” партияси деб атаган ҳолда, унинг Марказий кенгашини тузган ва партия лидери деган лавозим жорий этиб, унга Салой Мадаминов/Муҳаммад Солихни сайлаган эди. Лекин кўпчилик иштирокида давом этган асосий қурултой партиянинг Дастур, Низом каби ҳужжатларини қабул қилди, партия раисилигига аввалги Бош котиб Самад Муродни сайлади. Табиий, бу партия номидан гапириш бундан буён шу кўпчиликнинг ҳаққи.
Шундай бўлса ҳам, мухолифатдаги бошқа ташкилотлар, Ўзбекистондаги мураккаб сиёсий вазият ва масалани қонуний йўли билан ҳал этиш имконияти йўқлигини ҳисобга олиб, Салой Мадаминов гуруҳини “Эрк”нинг бир фракцияси сифатида қабул қилдилар. Бу гуруҳ ҳам мухолифт ташкилотларнинг “Давра кенгашига” кирди ва шу пайтгача ҳам, расман, унинг аъзоси ҳисобланади.
Шу йилнинг 20 апрелида “Эрк” партиясининг Салай Мадаминов гуруҳи бутун партия номидан 2007 йил президент сайловида қатнашиш учун ўз лидерини номзод қилиб кўрсатганини эълон қилди. Шу билан, сайлов арафасида мухолифатни бирлаштириш, мухолифатнинг умумий номзодини чиқариш ғоясига болта урилди, мухолифатни бирлаштиришга қаратилган ҳаракатларни доим бузиб келаётган Салай Малдаминов ва унинг одамлари тарафидан урилди.
Бу дегани сайловолди кампаниясида бирлашиш ва умумий номзод ғоясини йўқ қиладими? Бир қарашда жавоб “ҳа” бўлиб кўринади. Лекин, бир нарсани ҳисобга олиш керак. Бугунги мухолифат ўтган асрнинг 90-йилларидагидан фарқли, энг муҳими тажрибали. Шу сабабли “умумий номзод” ғояси учун кураш битгани йўқ. У бошқа савияга чиққанини “Бирлик” раиси ўринбосарининг қуйидаги мурожаатномасидан кўриш мумкин.
Дайнов Ташанов: Мухолифатни бирлаштирамиз
Сиёсатда рақобатгтнинг мавжудлиги жамият тараққиётининг асосий омилидир.
Ҳар қандай сиёсий партиянинг бош мақсади ўз ғоялари ва дастурини ҳаётга тадбиқ қилишга эришишдан иборат экан, бунинг учун ҳар қандай партия, хусусан “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси (БХҲП) ҳокимиятга келиши керак. Ҳокимиятга келишнинг демократик йўли сайловларда қатнашиб, ғалаба қозонишдир.
Демократик давлатларда партиялараро рақобатда иштирок этиш, яъни расман рўйхатга олиниб, сайловларда ўз номзодлари билан қатнашишига тўсиқлар йўқ. Ҳақиқий кўппартияликка ўтишни истамаётган Ўзбекистон ҳукумати мавжуд қонунлар доирасида рўйхатдан ўтиш учун лозим бўлган барча ҳужжатларини ўз вақтида Адлия вазирлигига топширган “Бирлик” Партиясини рўйхатдан олишдан қочмоқда.
Партиямиз расман рўйхатдан ўтиш учун ҳокимиятнинг икки тармоғи – ҳукумат ва суд билан ҳуқуқий майдонда кураш олиб бораётган айни пайтда, надоматлар бўлсинким, мудҳиш Андижон воқеалари юз берди ва уларни баҳона қилган ҳукумат томонидан демократик мухолифатнинг фаолияти феълан тўхтатиб қўйилди. Аммо, БХҲП ўз мақсадлари йўлидаги ҳаракатларини тўхтатмади ва тўхтатмайди ҳам.
Ўзбекистон президентлигига ўтказиладиган сайловларга қисқа вақт қолди. Мавжуд қонунларга кўра у келаси йилнинг 30 декабрида бўлиши керак. Бугуннинг долзарб вазифаси ўша президентлик сайловларида ўз номзодимиз билан иштирок этишдир. Шу сабабли партиямизни рўйхатдан ўтказиш жараёнини тезлаштиришимиз керак. Агар, расмий рўйхатдан ўтган сиёсий партия сифатида бу муҳим тадбирда қатнаша олмасак, иккинчи йўл - сайлов қонунлари доирасида сайловчилар ташаббус гуруҳи тузиш, у орқали номзод кўрсатиш ва сайловларда иштирок этиш йўлини танлашимиз керак.
Ўтган йили мамлакат парламенти ва маҳаллий кенгашларга сайловларда қатнашшиш учун партиямиз ўндан ортиқ сайлов округидан мамлакат парламентининг қуйи палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш учун сайловчилар ташаббус гуруҳларини тузишга ҳаракат қилди ва 7 округдан бундай гуруҳларни тузиб, номзод кўрсатишга эришди. Ҳукумат турли туман лўттибозликлар билан номзодларимизни рўйхатга олмаган бўлса-да, айнан шу воқеа биз ҳокимият билан ҳуқуқий соҳада рақобат қила олишимизга далолат беради.
Демак, Ўзбекистон президенти сайловларида ҳам қатнашиш учун куч топа оламиз.
Ҳақиқий сайловлар бўлса, ғалаба қозонишимиз муқаррар, аммо, мавжуд диктатура шароитида, ҳаққоний сайлов ўтказилишини кутиш соддалик бўларди. Шундай бўлса ҳам, биз сайловларга қатнашишимиз шарт. Шу йўл билан, энг камида, сон ва сифат жиҳатидан катта ижобий ўзгаришларга имкон яратган бўламиз. Бу ижобий ўзгаришлар замирида мухолифатни тан олишининг муқаррарлиги ётади.
Ютуқ ва камчиликларимизни ўзбек мухолифати тарихига қараб сарҳисоб қиладиган бўлсак, Ўзбекистн президентлигига мухолифат лидерларидан бирининг номзоди қўйилган 1991 йил сайловларини эсга олайлик. Ўша кезларда ҳали диктатура эсини йиғиб ололмаган, ўзбек халқининг мухолифатга ишончи баланд эди. Ўн минглаб аъзолари, миллионлаб қўллаб қувватловчилари бор сиёсий мухолифатга эга эдик.
Шундай бўлишига қарамасдан, шуҳратпараст мухолифат намоёндалари мухолифатни сайловлардан олдин бўлиб ташланишига йўл очиб берганлари, сайлов олдидан кучларни бирлаштиришга интилмаганлари сабабли жиддий натижага эришолмадик. Кейинчалик, ҳукумат мухолифатга қарши репрессиялар уюштириб, бизни сиёсий куч сифатида ривожланишимизниг олдини олди.
Бу кунда БХҲП қайтдан шаклланиб улгурди, у ҳукуматнинг мавжуд чўнтак партиялари билан ҳуқуқий майдонда рақобат қилиш ва ғалаба қозониш кучига эга. Аммо, қаршимизда қонунларни тап тортмасдан оёқ ости қилиб кетаверадиган ҳукумат бор. Демак, яна ҳам кучлироқ бўлишга эҳтиёжимиз бор.
Яна ҳам кучлирқ бўлишнинг ягона йўли - бутун мухолиф кучларни бирлаштириш. Қандай қилиб?
Бугун Ўзбекистондаги ҳамма мухолиф партиялар ва ҳуқуқ ҳимоячиси жамиятларни бирлаштирувчи ташкилот “Давра Кенгаши”дир. Демак, унинг артофида янада жиплашишимиз керак. “Давра Кенгаши”нинг фаолиятида сўнгги пайтда жиддий янглишликлар бўлди. Уларни ошиб ўтиш лозим.
Хулоса қилиб айтганда, бугуннинг долзарб масаласи – БИРЛАШИШ ва мухолифатнинг ягона номзоди билан сайловда иштирок этишдир.
Ўтган парламент сайловлари чоғида кўплаб хатоларга ҳам йўл қўйилди. Бу хатоларни келажак сайловларда такрорламаслигимиз керак. Бунинг учун, авваламбор, сайловга оид қонунлар, номзод кўрсатиш, уни рўйхатдан ўтказиш, сайловчиларнинг ташаббус гуруҳларини тузиш тартибларини атрофлича ўрганиб чиқиш жуда муҳим. Юқорида зикр этилган тартиб-қоидалар Ўзбекистон Республикаси Президент сайлови тўғрисидаги қонуннинг 24, 241, 242, 25 ва 26 моддаларида ўз аксини топган.
Яна масаланинг муҳим жиҳатларидан бири – ҳар томонлама мукаммал номзодни танлаш, ҳамда танланган номзодни қўллаб қувватлашга барча демократик руҳдаги ташкилот ва гуруҳларнинг якдиллигини таъминлаш.
Биз, Қашқадарёлик бирлашган мухолифат фаоллари - демократик позицияга собит, сиёсий тажрибали, миллатимиз манфаатларига содиқлигини кўп марта намойиш қилган инсон - “Бирлик” раҳбари Абдураҳим Пўлат мухолифат номидан президентликка умумий номзод қилиб кўрсатилишини истардик.
Қарши шаҳри, 26 апрель 2006 йил
* * *
Хуллас, “Президент сайлови – 2007” кампаниясининг биринчи қадамлариданоқ сезиш мумкинки, ҳозирдан мухолифат олдида жиддий муаммолар бор. Уларни босқичма-босқич ҳал этиш лозимлиги ўз-ўзидан маълум. Биринчи навбатда, умумий номзод чиқариш хусусида принципиал келишув лозим, кейин бу номзодни танлаш устида иш бошланади.
Ҳукумат ҳам бу ишнинг актив “иштирокчиси” бўлиши аниқ. Унинг стратегияси қандай бўлишини ҳам аввалдан айтиш мумкин. Каримов мухолифат ичидаги ҳеч бир шанси бўлмаган энг кучсиз номзодни танлаб, уни ҳамма ерда мухолифатнинг номзоди қилиб кўрсатишга ва шу йўл билан мухолифат ичида бирлашишнинг олдини олишга интилади. Шу кунларданоқ “Озодлик” ва ББС радиосининг ўзбек хизматлари бу вазифани бажаришга кирганларининг гувоҳи бўлмоқдамиз.
Бир неча йиллардан бери бу радиолар билан ҳамкорликни рад этиб келаётган “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлатнинг ўз сафдошлари талаби билан шу йил 30 апрель куни “Озодлик” орқали чиқиши ҳам ҳукуматнинг юқорида айтилган режаларини бузиш йўналишидаги бир қадамдир.
У радиодаги суҳбати давомида ўзининг сайловолди дастурининг асосий нуқталарини радиоэшитувчиларга тақдим этди. Унинг мамлакат ичида тезлик билан қилиниши керак бўлган сиёсий-иқтисодий ислоҳотлардан тортиб, табиий бойликлари унча кўп бўлмаган мамалакатимиз аҳолисини фаровонликка тезда қовуштирш мақсадида Туркистон ҳудудидаги бойликларга шерик бўлиш ва ҳатто Русия билан биргаликда Сибирия бойликларини ўзлаштиришда иштирок этишгача бўлган лойиҳаларининг масштаби жуда кўп одамни лол қолдирди десак мубоғала бўлмайди.
Абдураҳим Пўлат мухолифатнинг умумий номзоди ҳақидаги саволларга ҳам жавоб берар экан, мухолифат умумий номзод билан чиқиши мутлақо зарур эканлигини таъкидлади. Унинг фикрича, мухолифатдаги бошқа кучлар билан маслахатлашмасдан, шошмашошарлик ичида Ўзбекистон қонунларини ҳам билмасдан ўз номзодини кўрсатганини эълон қилган бир партия мухолифатни парчалаш ва кулгига қўйиш ишига ҳисса қўшиб, ҳукуматнинг тегирмонига сув қуймоқда, халос.
Расмий сайлов каманияси бошлангунча 1,5 йилча вақт бор, деди Абдураҳим Пўлат, биз бу муддат ичида партиямизни рўйхатга олдириш учун 2 йилдан бери олиб бораётган фаолиятимизни жадаллаштирамиз, рўйхатдан ўтсак, партимиз номидан ўзимизнинг эмас, мухолифатнинг умумий номзодини кўрсатишга тайёрмиз. Рўйхатда ўтолмасак, сайловчиларнинг ташаббус гуруҳлари номидан номзод кўрсатиш устида ишлаймиз. Биз 2004 йил парламент сайловлари арафасида ҳукуматнинг бутун қаршиликларини енгиб ўтиб 10 сайлов округидан номзодлар кўрсатганмиз. Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин, дейди халқимиз. Бизнинг шундай “чумчуқ сўйиш” тажрибамиздан бошқа партиялар фойдаланишга ва биз билан бирга бўлишга интилишмаса, бу узоқни кўрабилмаслик бўларди. Умумий номзод кўрсатилгач, унинг ўзини ва дастурини халққа танитиш учун сайловолди кампания бошланади. Биз ғалаба қиламиз, ёки энг камида, бу кампания давомида мухолифат етарли кучга тўлишини таъминлаймиз.
Абдураҳим Пўлат мухолифатнинг умумий номзоди бўлиш истаги борлигини ва шундай бўлишига ишонишини ҳам айтди.
Демак, Ўзбекистонда президент сайлови кампаниясини мухолифат бошлаб берди. Журналимиз бу жараённи диққат билан кузатиб боради.