Журнал Ҳаракат №1 (58) 2006. Биз яшаётган жамият
Абдураҳим Пўлат - Яқин ўтмишимиз, бугунимиз ва менталитетимизга оид мулоҳазалар
Тўғрисини айтса, менинг асосий айтмоқчи бўлган фикрим - менталитетимизда ҳали кўп нарса ўзгариши кераклиги. Нималар ва қандай? Мен бир ўзим бу саволларга жавоб беролмайман. Уларга жамиятнинг ўзи жавоб бериши керак. Мен бир қарашда хусусийдек бўлиб кўринган баъзи тарихий факт ва омилларни қисқа бўлса ҳам анализ қилиб, уларнинг асосий мавзу нуқтаи назаридан муҳимлигини айтиб ўтмоқчиман ҳалос.

Бизни "Ўзбекистон маданияти" руҳлантирган
(6 январь 2006 йил)

“Бирлик”нинг сайтидаги хабардан "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетаси чиқа бошлаганига 50 йил тўлганини ўрганганимда, бу газета билан боғлик менинг учун тарихий воқеалар эсимга келди. Уларни эслар эканманди вужудимда қандай роҳатлик сезганимни ёзувчи бўлмаганим учун сўз билан яхши изҳор қилолмасам керак. Шундай бўлса ҳам хотирамдаги баъзи воқеаларни ҳаммага билдиришни истардим.

1962-68 йиллари Москва Энергетика институтида ўқиган йилларим бу институтнинг студентлар шахарчасида 50 нафар атрофида ўзбек яшар эдик. Ва бутун Москвадаги ўзбек студентлари бизнинг шаҳарчани ўзбек миллатчилигининг ўчоғи деб билишарди. Ҳозир биров ишонмаслиги мумкин, ўша пайтлар "Ўзбекистон маданияти" номи остида Тошкентда чиқадиган ҳозирги "Ўзбекистон адабиёти ва санъати"га обуна бўлгандик ва 1 ҳафта кечикиб бўлса ҳам почта орқали уни олиб турардик. Кечкурунлари менинг хонамда йиғилиб, уни ўқир ва у ердаги мақолаларни қизғин бахс қилардик.

Дарҳол айтиб қўйишим керак, бу йиғилишлар менинг хонамда бўлганини ўз лидерлигимни кўрсатиш учун айтмаётибман. Мен лидер эмасдим. Мен турган хонада фақат ўзбеклар яшагани учун шундай қилгандирмиз.

Лидеримиз эса, бу ибора ўша кунги реаллик нуқткаи назаридан кулгили бўлса керак-ку, мен бу атамани ҳозирги куннинг реалликлари таъсирида ишлатмоқдаман, аввали Жўраев Рихсибой исмли Юнусободлик йигит, кейинчалик эса - Станоксозлик институтининг аспиранти Неъматилла Мўминов эди (эшитишимча, у хозир Алоқа институтининг проректори).

"Ўзбекистон маданияти" газетасига обуна бўлганимизнинг сабаби жуда оддий. Қолган ҳамма совет газеталари “Совет халқи” номи остидаги умуммиллат ғоялари билан овора бўлган бўлса, "Ўзбекистон маданияти", ўз номига мувофиқ, ўзбек миллатининг муаммоларини алоҳида тилга оларди, миллатпарварлик ғоялари остида прогрессив миллатчилик ғояларини ҳар ким ҳам кўра олмайдиган даражади яширин бўлса ҳам, ҳарҳолда тарғибот қиларди.

Ўша мен яшайдиган машҳур хонада “Бу ерда рус тилида гаплашиш тақиқланади. Ҳар бир ишлатилган рус сўзи учун 15 тийин жарима” деб эълон осиб қўйгандик. Ҳамма билганидек, оддий суҳбатларда ҳам ўзбеклар жуда кўп кераксиз рус сўзлари ишлатишга ўрганиб қолганлари сабабли, жарима пулларидан бир ҳафтада битта ош қилишга етадиган маблағ йигиларди ва ош қилардик. Аммо, шундай эълоннинг пайдо бўлишида "Ўзбекистон маданияти"нинг ҳам таъсири бўлганини айтмоқчиман. “Жарима” сўзини ҳам газетадан топганмиз. Ўша вақтларда ўзбеклар ҳали бу сўзни кенг ишлатишмасди.

Яна шу газетанинг таъсирида 1966 йили Алишер Навоийнинг 525 йиллик юбилейига бағишлаб институтимизнинг “Энергетик” газетасида мақола чиқартирганман. Уни ёзиш учун бир неча кун Ленин кутубхонасида ўтирганим, қайсидир бир манбаадан Навоийнинг “Одам бўлсанг, халқ ғамини ўйламаган одамни одам дема” маъносидаги сўзларини топиб, уларни қўрқиб-қўрқиб ўз мақоламга киритганимни жуда яхши эслайман.

Бу ерда “қўрқиб” сўзини бекорга ишлатганим йўк. Қилаётган ишларимиз ўша пайтдаги идеологияга тўғри эмаслиги, фаолиятимиз КГБнинг контроли остида бўлиши эҳтимолиги катта эканлигини тушунар ва баъзида бу хусусда ҳам гаплашардик.

Бир неча йилдан кейин, ўшанда ичимизда юрган дўстларимиздан 2 киши КГБга ишга ўтишди (бирининг исми - Абдусайфи, иккинчисиники, янглишмасам, Муйиддин эди) ва бу "машҳур" ташкилот ичимизда қандай “ишлаганини” дарҳол тушундик. Билишимча, улар ҳозир ҳам ўша ерда ишлашни давом эттиришмоқда. Аммо, ҳозир уларнинг йўналиши қандай эканлигини билмайман. Наҳотки, улар ҳали ҳам ўзбек тилининг мавқеини кўтариш керак деб ҳисоблайдиганларни рўйхат қилиб юришган бўлса?

Асосий мавзуга қайтсак. "Ўзбекистон маданияти" ва унинг давомчиси "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" менинг ҳаётимда катта роль ўйнаган. Ишонаманки, фақат менинг эмас, бутун халқимизнинг.

Бу газета ҳатто совет замонида, юқорида айтганимдек, халқимизнинг ўзлигини сақлаб қолиш мақсадида совет идеологиясига қарши кўзга очиқ кўринмайдиган шаклда кураш олиб борарди. Демак, шу йўл билан бизнинг ҳурриятимиз, мустақиллигимиз учун куйиб пишган. Қайта қуриш йилларида бу газетанинг қандай аҳамиятли роль ўйнаганини эса гапириб ўтириш ҳам ортиқча.

Минг афсуски, гўёки ҳуррият ва мустақилликка эришганимздан бери бу газета халқимизни қуллик психолигиясидаги миллатга айлантириш учун мавжуд тузумга хизмат қилмоқда.

Аммо, ишонаманки, турли институтлардаги ҳозирги ўзбек ёшлари бир маҳаллар бизни Москвада руҳлантирган "Ўзбекистон маданияти"нинг давомчиси "Ўзбекистон адабиёти ва санъати"нинг бугунги шармандали аҳволидан бошқачароқ шаклда “руҳланиб”, биз каби курашга тайёрланмоқдалар.

Ҳа, дарвоқе, газетада ишлайдиганларни юбилей билан табриклаш ниятим йўқ. Улар улуғ бир ишни давом эттиролмаган шармандалардир, халос.

Байрам табриклари ўзгариши лозим бўлган менталитетимизни ўзида акс эттирмоқда
(14 январь 2006 йил)

Ҳамма каби мен учун ҳам байрам байрамдир. Диний байрамларимиз ҳам. Мен охирги йилларда миллатимизнинг менталитетида ўзгаришлар қилишимиз, хусусан ислом динининг тобелик руҳида тадбиқ қилинишини ўзгартиришмиз кераклигини кўп марталаб гапирмoқдаман ва ёзмоқдаман. Гапириш ва ёзишни давом эттираман, чунки, аминманки, бу ўзгаришларсиз биз тараққиёт сари йўл олган миллат ва мамлакатлар сафига қўшилолмаймиз, ҳозирги каби диктатурадан қутулолмаймиз. Аминманки, миллатимизнинг бугунги аҳволи ўша мeнталитетнинг ҳам мевасидир.

Бу йил мен “Мусулмон Ўзбекистон” сайтининг юритувчилари Қурбон ҳайитимиз муносабати билан қандай табрикнома ёзишларини қизиқиб кутдим. Чунки, уларнинг ўтган йилги (ёки ундан аввалгисидир) табриклари мени даҳшатга туширган ва менталитет ўзгартириш шартлиги хусусидаги фикрларимни яна бир марта мустаҳкамлаган эди.

Бу сайт табрикномасининг матнида табрик ҳамма мусулмонларга қаратилган бўлиб, айни замонда, ҳамма табрикномаларда бўладигани каби, табрикланаётганларнинг турли гуруҳлари санаб чиқилганди – эркаклар, аёллар, болалар, муҳожиратдагилар ва ҳоказолар. Бу қаторда яна бир гуруҳ ҳам тилга олинган. Бу гуруҳ, аниқ сўзлари эсимда йўқ, аммо тахминан шу тариқа ифодаланганди: “Жаслик концлагерида Оллоҳ берган синов муддатини ўтаётган мусулмон йигитлар”.

Ахир, бу сўзларни ўқигандан кейин “дод” деб бақириш керак эмасми? Нима учун биз Каримов ҳукуматини бу концлагерни қургани, бу ва бошқа зиндонларда миллатни гули бўлмиш ёш йигитларни даҳшатлаи усуллар билан ўлдираётгани учун айбламоқдамиз. “Мусумон Ўзбекистон” сайтига кўра, бу ерда Каримов режимининг ҳеч қандай айби йўқ. Бу концлагерни ҳам, Каримов режимини ҳам мусулмонларни синовдан ўтказиш учун Оллоҳ яратган. Уларнинг мантиғига кўра, ҳамма нарса Олоҳдан бўлгани учун, бундай бўлиши ғоят табиий. Демак, ғиринг демасдан, синовдан ўтишни давом эттришимиз лозим. Қолаверса, бу сайт бизни ана шундай қулликни давом эттираберишга чақирарди.

Бундан ҳам даҳшатлиси, гап “Мусулмон Ўзбекистон” сайтида эмас. Миллатимиз ичида ҳамма нарсани Оллоҳнинг амри, ҳар қандай даҳшатли воқеаларни эса, Оллоҳ берган синов сифатида ифодалаш кенг тарқалган.

Мана яна бир кичик, аммо типик мисол.

Байрам кунлари жуда кўп таниш ва таниш бўлмаган кишилардан стандарт шаклдаги табрикномалар олдим. Бу табрикномани тарқтиб юрганлар ичида ўзини “ҳамма нарсани тушунаман, ақл билан яшайман” деб ҳисоблайдиган Исмат Хушев каби “зиёлилар” бор. Мана унинг табрикномасидан бир лавҳа: “Мунис, лекин кўнгли ярим фарзандларимиз, муҳожирлик насибамиз боис ҳануз бизга маломат тошларини отиб келаётган умр йўлдошларимиз ҳаққи ҳурмати Оллоҳ ҳаммамизни ўз паноҳида асраб, янаги шу қутлуғ кунларда Ватанда юз кўришмакликни насиб айлаган бўлсин”.

Мен бу табрикномани тарқатаётганлар ўзбекчани билмайдилар демоқчимасман. Биладилар, аммо яна ўша “ҳамма нарса Оллоҳдан” деган ақидани (эътиқодга асосланган ва далил-исбот талаб қилмайдиган қоидани) янглиш талқин қилиб, қуллик психологиясига мубтало бўлганлар.

Бу иқтибосда икки марта ишлатилган “насиб” сўзига эътибор беринг. Ўзбек тилида кенг қўлланиладиган бу араб сўзининг маъноси - “кишига тақдир бўйича, яъни Оллоҳ томонидан буюрилган ҳисса, улуш”. Демак, биз Ўзбекистондаги режим дастидан эмас, бизга шундай кўргилик насиб қилингани, яъни Оллоҳ томонидан берилгани учун муҳожиратда юрган эканмиз. Насиб бўлса, яъни бизга Оллоҳ буни раво кўрса, ватанда кўришар эканмиз. Унда курашиб нима қиламиз. Оллоҳ Каримов режимини йўқ қилишини, бизга ватанга қайтишни насиб айлашини кутиб ўтиришимиз керак, халос.

Минг афсусуки, ҳозир “бирликчи”лардан бошқа ҳамма айнан шундай қилмоқда ва амалда ҳеч қандай кураш олиб бормаяпти. Ва олиб бормайди ҳам, чунки, ҳамма нарса Оллоҳдан.

Мен ва бошқа кўпчилик “бирликчи”лар “Ҳамма нарса Оллоҳдан” ақидасини бу дунёни ва одамни Оллоҳ яратгани, мавжудот Оллоҳ яратган қонун ва механизмлар воситасида яшаши деб қабул қиламиз. Одам эса, Оллоҳ берган ақл билан яшайди ва ҳар қадами учун ўзигина маъсул ва жавобгар бўлиб, улар учун вақти келиб, Яратганнинг олдида ўзи жавоб беради.

Шу сабабли, биз учун биринчи даражали муҳим бўлган нарса, тўтиқушдек, керак бўлган бўлмаган жойда ҳамма нарсани Оллоҳнинг синови ва насибасига айлантирмасдан, Оллоҳ одамларга адолатсизликка қарши курашни ҳам фарз қилганига асосланишдир. Шу сабабли, биз Жаслик ва Ўзбекистон режимини Оллоҳнинг бизга юборган синови эмас, биз қарши курашишимиз шарт бўлган иллатлар сифатида кўрамиз ва ҳаммани шундай қилишга чақирамиз. Миллионлаб ўзбекларнинг қони ва менталитетига “синов”, “насиб” кабилар сингдирилган эканми, улардан кураш кутиш бефойда. Демак, бу менталитет ўзгартирилиши керак.

Яна Санжар ва Баҳодир мазусини тилга олишга тўғри келмоқда
(17 январь 2006 йил)


Ўтган йилнинг 31 декабрь куни harakat.net cайтининг хабарлар бўлимида Санжар Умаров ва Баҳодир Мусаевлар ҳақида «Бир “хастага” ёрдам беролдим шекилли, аммо, иккинчисига имконим йўқ» номли лавҳа эълон қилиб, бу икки киши тарафидан тарқатилиб келаётган тутуруқсиз, мантиқсиз, кўпинча ёлғон, қолаверса, ақлсиз мақола ва суҳбатлар уларнинг психик ҳолати ҳақида жиддий шубҳалар туғдираётганини билдиргандим, Баҳодирнинг ўзи билан телефонда гаплашганимни ҳам айтгандим.

Мен Баҳодир билан гаплашганимдан кейин “Фаргона.ру” сайтида у билан ўтказилган суҳбат чиқди. У ерда Баҳодир аввалгиларидан фарқли ўлароқ, мен билан гаплашишнинг таъсири остида эканлигига шубҳа йўқ, мухолифатга доир жиддийроқ мулоҳазалар беришга интилган. Аммо, ҳали ҳам унинг фикрлаши саёз, ўзи гапираётган мавзуни ўзи яхши билмаслиги кўриниб турарди. Лекин, тузалиш қай даражаги бориш бормаслигини ҳам аввалдан билиш қийин.

Менинг “Ўзи йўқ Миллий Нажот Қўмитаси ҳақида жиддий шаклда гапиришинг ножиддийлик эмасми?” деган гапимга жавоб тариқасида бўлса керак, суҳбат давомида у Қўмита жуда яширин ташкилот эканлигини урғулайди. Яъни, у: “Қўмита шунчалик яширинки, Абдураҳим Пўлат кабилар қаердан билсин” демоқчи бўлади. Аммо, яширин ташкилотни очиқлаш (агар ташкилот ростдан ҳам бўлса) хоинлик эканлигини ўйлаб ҳам кўрмайди.

Шундан кейин мен Ўзбекистондаги бир қатор сафдошларимга шу Қўмита хусусида бирон маълумот олиш имкони борми деган савол билан мурожаат қилдим. Олган маълумотларимизни шу кунларда сайтда эълон қиламиз (Қўмита ҳақидаги маълумот қўлингиздаги журналнинг “Кечагина ўтган кунларимиз” бўлимида берилган – Таҳ.). Бу Қўмита ўзи нима-ю унинг яширинлиги нимадан иборат эканлигини ўқиган ўқувчиларимиз роса кулишса керак деб ўйлайман. Айни замонда, Баҳодир Мусаевнинг психик ҳолати хусусида шубҳаси бўлганларнинг сони ошишига ҳам ишонаман.

Ҳозир эса, ўқувчиларимизнинг диққатини бошқа бир нарсага қаратмоқчиман.
31 декабрдаги лавҳам ҳақида мен 2 ўқувчимиздан хат олдим. Уларнинг бири менинг ҳақлигимни, сиёсатчи ва сиётсатшуносликка иддао қилаётган одамларни “даволаш” лозимлиги кераклиги хусусидаги фикримга қўшилишини билдирса, иккинчиси эса, менга эътироз билдириб, у икки киши мени ҳақимда салбий фикр билдирмаганларини, мен ҳам уларга қарши гапирмаслигим кераклигини айтиб, риторик савол ҳам беради: “Нимани бўлиша олмаяпсизлар?”

Ўзини Комил Нур Муҳаммад деб танитган бу кишининг 10 кунча аввал келган хатида, хусусан, яна шунда сўзлар бор: “Сиз уларни жиннидан олиб жиннига солдингиз. Бу, албатта, Сизнинг ишингиз. Лекин, мени ўзбек сифатида ўрталарингиздаки, қўпол қилиб айтганда, сассиқ гаплар ранжитди. Сиз каби бир партия етакчисининг бундай паст кетиши (агар Сизни хақорат килган бўлсам олдиндан узр тилайман) мени жуда ҳайратга солди. Мақолангизни ўқиётганимда коммунизм мағзавасининг сассиқ ҳиди димоғимга келиб урилди. Коммунистлар ва уларнинг ҳозирги шогирдлари нуқул ўзга фикрликларни жинни деб эълон қилиб, касалхонага тиқишар эди”.

Менинг энди Комилни “жиннидан олиб жиннига солиш” ниятим йўқ. “Халкимиз, хусусан, сайтимиз ўқувчилари ичида Комил кабилар бармоқ билан саналарли, кўпчилик мен тарафда, мени қўллаб қувватлашади”, деб бонг урмоқчи ҳам эмасман.

Йўқ, мен бунинг том аксини айтман. Ўзбек халқи ичида Комил каби ўйловчилар кўпчилик. Мен каби ўйлайдиганлар камчилик, балки, жуда ҳам камчилик. Кўпчилик шундай бўлгани учун шу аҳволда ўтирибмиз. Ушбу ҳадис ҳам буни тасдиқлайди: “Ўзларингиз қандай бўлсангиз, устингизга ҳам шундай ҳоким келур”. Тўғри, бугун бу ҳадисни эҳтиётлик билан ишлатиш керак, чунки ҳозир ташқи омиллар таъсири кучайган. Масалан, Шарқий Германия устига коммунистларни халқнинг ўзи эмас, Москва олиб келганди, Шимолий Корея устига Пекин ва Москва, бизнинг устимизга эса, тўғридан тўғри Лубянка олиб келган. Лекин, халқимиз ичида Комил эмас, мен каби ўйлайдиганлар кўпчилик бўлса эди, биз Каримов режимини ўтган асрнинг 90-йиллари бошидаёқ тахтдан четлатган бўлардик.

Шу сабабли, мен қайта-қайта халқимиз менталитетида катта ўзгаришлар лозимлигини айтар эканман, Комил кабиларни ўзгартириш кераклигини назарда тутмоқда эдим.

Хўш, конкрет масалага келсак, нима учун Санжар ва Баходир хусусида Комил каби одамларнинг фикрлашини ўзгартириш мутлақо зарур?

Санжар Умаров қоғоздагина мавжуд бўлган “Озод деҳқонлар” партияси устига “Серқуёш Ўзбекистоним” коaлициясини қурибди. Сайтларда коалициянинг “Қурултойидан” расм эълон қилинди. Қаранг, Комил каби азизлар, яхшилаб қаранг, бу расмда икки кишини кўрасиз - Санжар ва Нигора Ҳидоятовани. Расм олаётгани учун кадрга тушолмаган Нодира Ҳидоятова Коалициянинг учинчи ва охирги аъзосидир. Бу уч кишининг “ишига”, тўғрироғи расм олиш тадбирига томошобинлик қилган яна 5-6 нафар бошқа мухолифатчи гуруҳларнинг вакиллари ҳам бўлганини кейин эшитдим. Аммо бунинг асосий мавзуимизга дахли йўқ. 3 киши йиғилиб, кейин ўзларини ўзбек халқини озод қиладиган кучли “коалиция” деб жар солишларига нима деймиз?

Ахир бу замонавий Остап Бендерчилик-ку. Остап Бендер афcонавий Урюпинск аҳолисини аҳмоқ қилиб юрганди. Бизникилар эса, Остап Бендерчиликни мамлакатимиз сиёсий саҳнасига олиб чиқиб, Ўзбекистонни Урюпинскка айлантирмоқчилар. Булар ҳаммаси фош бўлгач, ўзбек мухолифатнинг қандай шарманда бўлишини ўйлайдиган одам борми ўзи?

Санжарни ҳимоя қилиб АҚШ Конгресси резолюция қабул қилди деб жар солинди. Рус сайтлари бу хусусдаги хабарни Ўзбекистондаги рус забонли қандайдир сайтга асосланиб бердилар. Бу сайт эса, ўзи шу ҳақда пресс-релиз олганини билдирган. Яхши, ваҳий келди дейишмабди. Дўппингизни олдингизга олиб қўйиб ўйланглар ўзбеклар, хусусан Комиллар, шунга ишонасизларми? Шундай қилиб сиёсат юргазамиз ва бир нарсага эришамизми? Баъзи одамлар, хусусан Санжар, Нигора ва Нодиралар Ўзбекистонни Урюпинскка айлантирмоқдалар-да, биз ўзимизни ҳеч нарсани кўрмаганга солишимиз керакми?

Энди Баҳодир Мусаевни олайлик. У ўзини социолог деб атаб, Ўзбекистондаги вазият, ҳукумат, мухолифат ва мухолифат-ҳокимият муносабатлари ҳақида буюк иддаолар билан мақолалар ёзмоқда. Ўзи ўзбекчани ўқишни билмагани ва мухолифатчилар билан кўришиш имкони бўлмагани учун, ёзаётган мавзуси ҳақидаги материалларни Россия сайтларидан ва қисман, ўз эътирофига кўра, дўсти Отназар Ориповдан олар экан. Бу иккинчи Остап Бендер эмасми?

Мен унга телефон қилиб, соатларча гаплашганимнинг сабаби уни жиддийроқ бўлишга чақириш эди. Мен ўзим шахсан Ўзбекистондаги воқеалар, мухолифат ичидаги муносабабтлар ҳақида жиддий анализлар ўқишга эҳтиёжим бор. Бирдан бир “социологимиз” Баҳoдир эса, майнабозчилик билан шугулланса!

Бу аҳвол тузатилиши керак. Менинг, Комилнинг ифодаси бўйича, сасишимнинг сабаби, ўзгача фикрловчиларни лойга булғаш эмас, замонавий Остап Бендерларнинг борлигини ҳаммага кўрсатиш, мавжуд аҳволни тузатишга интилишимдир. Демократияларда аҳвол ҳаммани жиннихонага тиқиш билан эмас, танқид, керак бўлса, қақшатқич танқид билан ўзгартирилади. Ўзгартирилиши керак.


“Халқ сўзи“ Мустақиллик декларациясини эслабди, биз ҳам эслайлик

(22 февраль 2006 йил)


Ҳукумат газетаси - “Халқ сўзи“ ўзининг кечаги сонида (21 февраль, 2006 йил) Ўзбекистон Олий Советининг 1990 йил 20 июндаги сессиясида қабул қилинган Мустақиллик декларациясини улуғловчи катта мақола эълон қилди. Президент Ислом Каримовга ялтоқланиб ёзилган ва ўтмишни сохталаштиришнинг замонавий намунаси бўлган ушбу мақолага “Мустақиллик декларацияси: озодлик йўлидаги дадил қадам“ деган сарлавҳа қўйилган.

Мақоладаги асосий сохтакорлик шундан иборатки, унинг муаллифи Қўчқор Норқобилга кўра, “озоднома“ президент Ислом Каримовнинг “ташаббуси билан қабул қилинган“ эмиш. Муаллиф на “Бирлик“ халқ ҳаракатининг ва на “Эрк“ партиясининг бу хусусда асосий ташаббусчи эканликларини айтмаганини қўйиб туринг, уларнинг ролини ҳеч бир шаклда оғизга ҳам олмайди. Бунинг ўрнига мақолада “одамларни турли хил баландпарвоз гаплар билан чалғитиб, қонли тўқнашувларга бошловчи “сиёсатдон“ларнинг найранглари авжига чиққан“ ўта қалтис ҳолатда “мамлакатимиз раҳбарининг бу ишга қўл уриши чиндан ҳам жасорат бўлгани“ даъво қилинади.

Мақола ўша Мустақиллик декларацияси қабул қилинганига 16 йил тўлишини эслатиш, мустақилликнинг 15 ёши нишонланадиган йилда ўша улуғ тарихий воқеани ёдга олиш режим югурдакларининг “ҳар бири руҳиятига тетиклик бахш этиши“ни қайд этиш билан якунланади. У ҳолда: Каримов Ўзбекистон мустақиллиги санасини нега 1990 йилнинг 20 июни деб белгиламаган? - деган ҳақли саволга жавоб изланмайди ҳам.

Бу декларация ҳақидаги асл ҳақиқат қуйидагичадир.

1989 йилнинг ёзидаёқ Болтиқбўйи жумҳуриятлари мустақиллик декларациялари қабул қилиб, СССРдан чиққанларини эълон қилдилар. Айтиш керакки, бир йил аввал айнан Болтиқбўйида пайдо бўлган халқ ҳаракати ва фронтлари бошқа совет жумҳуриятларида миллий демократик ташкилотларнинг, хусусан “Бирлик”нинг яратилишига туртки бўлганди. У ерда қабул қилинган мустақиллик декларациялари яна бизга туртки бўлди.

“Бирлик” ҳалқ ҳаракати Марказий Кенгаши Ҳайъатининг ўша 1989 йил сентябрь ойидаги мажлисларидан бирида бу масала кун тартибига қўйилди ва ўша кундаги фаолларимиздан бири, физик олим Анвар Мадумаров (уни яхши танийман, Москвада аспирантлик йиллари бир ётоқхонада турганмиз) Мустақиллик декларациясининг лойиҳасини тайёрлашни ўз зиммасига олди ва бир неча кундан кейин уни тайёрлаб ҳам келди.

Бу орада, аниқроғи 1989 йил 8 октябрдаги Марказий Кенгаш мажлисида “Бирлик” бўлинди. Бўлинган 2 гуруҳ ҳам ўзини “Бирлик” деб атади. Бу икки гуруҳни - “Бирлик” гуруҳи ва бўлғуси “Эрк” гуруҳи деб аташ мумкин. Иккала гуруҳ ҳам аввалдан чиқиб келаётган “Бирлик” хабарномасини ўз номидан чиқаришни давом этди. Бўлинишда бутун арихивимиз бўлғуси “эрк”чиларнинг қўлида қолди, улар расман “Эрк” номини олгандан кейин ҳам уни бизга қайтариб бермадилар. Ўша кунларда бўлғуси “эрк”чилар ўзларининг “Бирлик” хабарномаларида Анвар Мадумаров тайёрлаган Мустақиллик декларациясининг лойиҳасини “Бирлик”нинг лойиҳаси сифатида эълон қилдилар. Шу сабабли, бу кунларда “Эрк”чилар Мустақиллик декларацияси матнига эгалик қилишга урунишлари, унинг муаллифи деб Отаназар Орифовни кўрсатишлари, бу декларация Ислом Каримов ташаббуси билан қабул қилинди деган иддао каби масхарабозликдир.

1989 йил 11 ноябрда ўтказилган “Бирлик” қурултойи ҳам ташкилотнинг бўлинишини тўхтатолмагач, икки тараф ҳам ташкилий ишлар билан машғул бўлиб кетди. Мустақиллик декларацияси бироз унутилгандек бўлди.

1990 йил 12 июнда Россия Федерациясида Мустақиллик деларацияси қабул қилгандан кейингина, яна бу мавзуга қизиқиш туғилди, мухолифат ичида яхши маънода ажиотаж бошланди. Бир маҳаллар “Бирлик” томонидан, демак, ҳали бўлинмаган мухолифат тарафидан тайёрланган Мустақиллик деларациясиясининг лойиҳасини апил-тапил қилинган жузъий ўзгартиришлар билан 19 июнда очилиши керак бўлган Олий Совет сессиясига тақдим қилиниши тамомийла техник иш бўлди. Буни, билишимча, Эркин Воҳидов бажарган. Муҳим бўлгани, депутутлар ичида иш олиб бориш, уларнинг декларацияни қўлловчи имзоларини тўплаш эди. Бу ишни “Бирлик” ва “Эрк” фаоллари ҳамда мухолифат тарафдори бўлган бир қатор депутутлар (Мурод Жўраев, Шовруқ Рўзимуродов, Жаҳангир Муҳаммад, Тойиба Тўлаганова, Ойгул Маматова ва бошқалар) биргаликда олиб боришганини ҳамма билади.

Шахсан мен ўзим 18 июнь куни ярим кечагача Шуҳрат Исматуллаев билан биргаликда Тошкент меҳмонхонасининг Мурод Жўраев ва Шовруқ Рўзимуродовлар турган хонасида эдим. Улар таниш депутатларини бу хонага чақириб келишар ва биз уларни Декларацияни қўллаб имзо қўйишга ундар эдик. Аксарият депутатлар имзо отишган. “Йўқ” деб туриб олган биргина депутат эсимда, у қорақалпоғистонлик бўлиб, нафақат имзо отишни истамади, балки, эртагаёқ КГБга бориб, биз фитначиларнинг устидан ариза беражагини билдирди.

Эртаси куни, яъни 19 июнда Олий Совет сессияси очилди. Бутун ҳокимият номидан гапирган Шукрулло Мирсаидов декларацияга қарши чиққач, кечагина уни қўллаб имзо чекканларнинг асосий қисми ҳам жим қолди. Декларация қабул қилинмади. Сессияда Ислом Каримов йўқ эди. Аммо у 20 июнда сессияга келди ва Декларация қабул қилиниши кераклигини айтди. Кечагина инкор этилган Декларация бир дақиқада ва бир оғиздан қабул қилинди. Шу сабабли, унинг қабул қилинишида Ислом Каримов “ҳал қилувчи” роль ўйнаганини ҳеч ким рад этолмайди. Бу нарса диктатура типидаги давлат учун оддий бир ҳол, ажабланарли жойи йўқ.

Аммо, бу ерда муҳим бўлган нарса, Каримов нима учун бундай қилди, деган саволга жавоб қидиришдир. Кўпчилик, Каримовнинг мақсади - ўзининг асосий рақиби бўлмиш Шукрулло Мирсаидовни шу йўл билан обрўсизлантириш, кимнинг мамлакатда “биринчи шахс” эканлигини ҳаммага кўрсатиб қўйиш бўлган, дейишади. Бу нарса ҳам қандайдир роль ўйнаган бўлиши мумкин, аммо, ҳақиқий сабабни бошқа ердан излаш кераклигига аминман.

Ўйлайманки, 19 июнь куни кечқурун Ислом Каримов Москвадаги раҳбарлардан бири, балки, Михаил Горбачевнинг ўзи билан гаплашган ва Мустақиллик декларациясини қабул қилиш лозимлиги хусусида буйруқ олган.

Чунки, бу Декларациянинг ҳеч қандай ҳуқуқий кучи йўқ эди. Ўзбекистон ўзининг тузилиш вақтида, яъни 1925 йилда қабул қилинган Конституциясига кўра, мустақил давлат бўлиб, мустақил давлат сифатида ўз хоҳиши билан СССРга кирган. 1977 йилда қабул қилинган янги Конституцияда ҳам шу нарса айнан эътироф қилинган. Шу сабабли Москванинг ва Ислом Каримовнинг мақсади одамларни шу каби декларациялар билан чалғитиш ва Болтиқбўйи мамлакатлари қилгани каби СССРдан чиқишни эълон этувчи декларациялардан узоқроқ тутиш бўлган. Бизнинг парламентда қабул қилинган 20 июнь декларациясида СССРдан чиқишга имо-ишора ҳам йўқ эди.

Ўша вақтлардаги сиёсий воқеаларни диққат билан излаганларнинг эсида бўлса керак, 1990 йилнинг бошида Горбачев Болтиқбўйи жумҳуриятларига сафар қилиб, уларни СССРдан чиқиш ниятидан қайтаришга ҳаракат қилган, аммо улардан кескин рад жавоблари олганди. Қизиғи шундаки, Горбачев бу саёҳатида ўзи билан фақат Ислом Каримовни олиб юрди. Бу тасодифми?
Йўқ. Бу - Москва совет жумҳуриятларидаги мустақиллик ҳаракатларини бўғиш йўлида Каримовгагина ишонганини кўрсатувчи аниқ фактдир.

1990 йил январь ойида Бакудаги қонли воқеалардан кейин Озарбайжон ҳам СССРдан чиққанини эълон қилганди. Аммо, Москва ўшанда Озарбайжон парламентини орқага чекинишга мажбур қилолганини ҳамма билса керак.

Мен шахсан ўзим Озарбайжон халқ жабҳасидаги сафдошларим орқали уларнинг СССРдан чиқиш ҳақидаги қарор ва декларацияларини олиб, улар асосида Ўзбекистонга оид қарор ва декларацияларнинг лойиҳаларини тайёрладим ва уларни “Бирлик” номидан энди тарқатишга бошлагандим. Уларнинг бир нусҳасини Олий Советнинг хатлар бўлимига ҳам ўзим олиб бориб топпширганман. Шу сабабли, аминманки, бу ҳужжатлар ҳақида кўпчилик эшитмаган бўлса ҳам, махсус хизматлар ва раҳбарлар буни билишган. Москвадан Каримовга: “Бирлик” СССРдан чиқиш ҳақидаги декларациясини ёйишга бошламасдан, қоғозда қолиб кетувчи Мустақиллик декларациясини қабул қилганингиз маъқул” маъносида кўрсатма беришган деб ўйлайман.

1991 йил 31 августда қабул қилинган Мутақиллик декларацияси ҳам қоғозда қолиб кетадиган ҳужжат эди. Чунки у ерда ҳам яна бир марта мустақил давлат эканлигимиз таъкидланади, халос, СССРдан чиқишга имо ҳам йўқ. Аммо, ўша кунларда қабул қилинган ва 1 декабрь куни умумхалқ референдумда тасдиқланган Украинанинг мустақиллик декларациясида эса СССРдан чиқиш ҳақида очиқ айтилганди.

Билмаганлар учун, эслатиб ўтиш керакки, СССР 1922 йилда 4 жумҳурият - Россия, Украина, Белорусия ва Закавказие томонидан ташкил қилинган. Кейинчалик Закавказие парчаланиб кетганлиги сабабли, СССРнинг таъсисчилари сони учтага тушганди. Энди Украина ҳам ундан чиққач, нима бўларди? Табиий, СССР битарди.

Буни тушунган Россия, Украина ва Белорусиянинг раҳбарлари Ельцин, Кравчук ва Шушкевичлар 1991 йил 8 декабрь куни Беловежские Пушчида СССРнинг тарқатилганини эълон қилдилар. Айнан шу сабабли, 1990 йил 20 июнь ёки 1991 йил 31 август декларациялари туфайли эмас, Ўзбекистон бошқа жумҳуриятлар қатори мустақил давлатга айланди ва бир неча кун ичида дунё давлатлари томoнидан тан олинди.

1990 йил 20 июнь ёки 1991 йил 31 август декларациялари мамлакатимиз тарихида қоладиган муҳим воқеалардир. Халқимизни ҳақиқий мустақилликка тайёрлашда улар ижобий роль ўйнадилар. Лекин, улардан бирини мустақиллик куни деб байрам қилиш ҳам сохтакорлик эканлигини тушунишимиз керак. Аммо, бугунги реаллик шундан иборатки, 70 йил 7 ноябрни байрам қилиб келганимиз каби, 1 сентябрни ҳам бироз байрам қилиб борсак керак.

Шу ҳам бир ҳақиқатки, Ўзбекистон ҳали ҳам Москвадан на сиёсий на иқтисодий маънода тўла мустақил бўлгани йўқ.

Каримов АҚШ билан террорга қарши уруш доирасида ҳамкорлик қила бошлаганини унинг Россиядан юз ўгириши, Россияга қарши қадами деб баҳолаш ножиддийликдир. Ахир, 2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан кейин айнан Россия АҚШнинг асосий ҳамкорига айланганди. Афғонистондаги Толибонлардан келаётган хавфни Россия ва Ўзбекистон биргаликда ҳам йўқ қила ололмасликларини тушунганлари учун, Путин ва Каримов аввалдан келишиб олиб, АҚШга Хонобод базасидан фойдаланишга рухсат берганликлари энг тўғри таxминдир.

АҚШ Ироқдаги уруши туфайли оғир вазиятга тушиб қолган эди, Путин ва Каримов дарҳол ундан юз ўгирдилар. Каримов буни очиқча қилаётган бўлса, Путин жуда айёрлик билан қилмоқда, халос.

Ҳақиқий мустaқиллик учун кураш давом этар экан, авваллари ҳам бир неча марта айтган фикримни яна такрорлайман: Мустақиллик куни сифатида байрам қиладиган кунимиз ҳали келгани йўқ, аммо келади.