Журнал Ҳаракат №6 (57) 2005. Ўзбекистон Андижон воқеаларидан кейин
(“Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари Холиқназар Ғаниев билан суҳбат) - “Эрмас осон бу майдон ичра турмоқ”
Муқаддима: Катта сиёсатда муайян ҳукуматга нисбатан мухолифатда бўлиш учун истакнинг ўзи кифоя қилмайди. Айниқса, Ўзбекистондек фуқаролик жамияти шаклланмаган, демократик тажрибаси йўқ, давлат бошқаруви дунёнинг ҳеч бир андозаларига бақамти келмайдиган жойда. Боз устига, рақибларинг ҳийлагар, доғули, сафдошларинг ичида эса бирмунча ғўр, ўз қарашларини ортиқча ўйламасдан, қайсидир маънода, ўзгартириши мумкин бўлганлар бўлса. Эҳтимол, қайсидир ривожланган давлатда оддийгина ибтидоий ғояларни байроқ қилиш ёҳуд сиёсий эҳтиросларга берилиб, томоқ йиртиш билан ҳам мухолифатчиликдан насиба топиб ейиш мумкиндир. Аммо, тан олиш керакки, Ўзбекистонда, ўзбек халқининг тақдири хавф остида қолаётган бир пайтда бу усулни қўллаш мавжуд режимнинг тегирмонига сув қуйиш билан баравар.

Гапни узоқдан бошлаганимизнинг боиси бор албатта. Бугунги суҳбатимизнинг қаҳрамони шундай муҳитда яшамоқда, унинг ҳаётий драмасини фақат шу муҳит дарчасидан қараб тўғри баҳолаш мумкин.

У - “Бирлик” фаоли. Демак унинг ҳаётини шу омил нуқтаи назаридан ҳам баҳолаш зарурлиги ўз-ўзидан маълум.

“Бирлик” ўзбек мухолифатининг негизи бўлмиш Бирлик Халқ Ҳаракатидан куч олган, таъбир жоиз бўлса, Халқ Ҳаракатини сиёсий майдонга бурган, том маънода, ўзининг ҳаракат стретегияси ва тактикасига эга сиёсий партиядир. Партия раҳбарияти унинг 2003 йилда сиёсий партия сифатида қайта ташкил қилинганини яқин ўтмишдаги тактик хатолар, уларнинг оқибатлари, Ҳаракатга ўзининг сиёсий ғўрлиги билан жиддий зарба берган шахсларнинг йўлига қайтмаслик кераклиги билан изоҳлайди. Ва, улар бу борада ҳамкасбларга ўрнак бўларли ишлар ҳам қилишга улгурдики, бу ташаббус “тақдирланмасдан" қолгани йўқ.

Бинобарин, шу кунларда “Бирлик”нинг водий вилоятидаги беш нафар фаоли режим авахталарида тақдирини Яратганнинг ҳукмига таваккал қилиб ўтиришибди. Самарқандлик Холиқназар ака Ғаниев кучишлатар тизимнинг зуғумларидан маълум маънода юрак олдирган. Термизлик Шавкат Турсуновда эса адолатсизликлар, поёни кўринмайдиган найранглар қаршисида андек ҳафсаласизлик пайдо бўлган. Қашқадарёлик Дайнов Ташанов, Зулфиқор Мирзолар мунтазам назорат ва таъқиблар остида яшамоқда. Жиззахлик Мўйдинжон Қурбоновда режим билан курашда ўзига хос тажриба шаклланган. Партия Бош котиби Васила Иноятдан зўраки истеъфо хати олинган.

Хуллас, шуни тан олиш керакка, номи бу ерда зикр қилинган-қилинмаган “Бирлик” фаоллари Каримов режими билан конструктив-демократик усуллар орқали курашаётган бутун бир сиёсий ҳаракатнинг вакилларидир.

“Бирлик”нинг сиёсий майдондаги курашини ўз мавқеини мустаҳкамлаш, ўзининг курашга кирганини расман эътироф этишга мажбур қилиш, оддий тил билан айтганда, Адлия рўйхатидан ўтишга уринишдан бошлаши алоҳида эътирофга молик. Партия фаолларининг ҳукумат талаб қилган аввал 5000 имзо, сўнгра 20000 имзони йиғгани, парламент сайловларида ўзининг 10 нафар аъзосини ташаббус гуруҳлари орқали номзод қилиб кқрсатолгани, улардан 3 нафарини сайлов комиссияларидан рўйхатга олдиришга эришгани унинг салоҳиятини кўрсатади.

Албатта, ниятимиз “Бирлик”ни курашнинг констируктив, демократик йқлларидан воз кечиб, халқаро Интернет тармоғининг “навбатчи” саҳифаларида сафсатабозликка ўтиб олган, муайян ҳаракатлардан кўра тилига зеб беришга уринаётган бошқа мухолифатчилар билан солиштириш эмас. Ниятимиз “Бирлик” фаоллари мисолида мавжуд режимининг ёвузликлари, бу зуғумлардан ҳеч биримизнинг иҳоталанмаганимизни икки эпизод орқали кўрсатиш.

Шу мақсадда “Ҳаракат” агентлиги мухбири Бирлик Халқ Ҳаракати Партияси раиси ўринбосари, партиянинг Самарқанд вилояти ташкилотининг раиси Холиқназар Ғаниев билан унинг шу йил ёз ойларида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари томонидан икки марта ўғирлаб кетилгани, не куйларга солингани борасида суҳбатлашди.

* * *

Мухбир: Шу йилнинг 30 майида Бирлик Халқ Ҳаракати Партияси Ўзбекистон Адлия вазирлиги биноси олдида партияни рўйхатга олишни асоссиз рад қилиб келаётган режим мутасаддиларига қарши норозилик пикети уюштиришни режалаштирганди. Бунга партия Марказий кенгаши мажлисида қарор қилиниб, норозилик акти қатнашчилари 200 нафардан кам бўлмаслигига келишилди. Ана шу пикетдан икки кун илгари Тошкент сари йўлга чиққан Холиқназар Ғаниев тўсатдан ғойиб бўлди.

Холиқназар ака, ўшанда нима бўлганди ўзи? Сизни ўғирлаб кетишларининг биргина сабаби Тошкентда уюштирилажак пикетда қатнаштирмасликмиди?

Холиқназар Ғаниев: Албатта, йўқ. Сизга айтсам, менга нисбатан тазйиқ ва таъқиблар бироз илгари бошланган, турли правокатор кимсаларни ёллаш, менинг шаънимга ҳақоратли сўзлар ёғдириш, маҳаллам, яшаётган гузаримда обрўйимни тўкиш учун ҳаракатлар партиямизга таъсисчилар имзоларини тўплаш кампанияси даврида авжига чиқди. Шу кампаниянинг охирги кунларида камина ўн беш йилдан бери танийдиган, дўст, сирдош-сафдош деб биладиган, ўзини “Эрк” демократик партияси фаолиман деб юрадиган Э. Бўлтаков ҳамда унинг яқиндан бери мухолифатчилар сафига ўралашиб қолган ўртоғи Ў.Ориповлар “Бирлик”ка имзолар йиғишда ёрдам беришларини айтиб келишди. Қолаверса, Э.Бўлтаковни менинг университетдаги талабаларимдан бири десам ҳам бўлади. Катта-кичик анжуманларда тез-тез учрашиб турамиз. Ва табииийки, хайрли иш учун ёрдамини аямайдиган бу одамлардан хурсандлигимни яширмадим. Уларга қоғозлар, йўлкиралари билан боғлиқ харажатларга бироз қарашиб, имзо бланкаларини топширдим.

Буни қарангки, бир-икки кун ўтиб мен уларга берган бланкалар имзолар билан тўлиб қайтди. “Бирлик”нинг Адлияда рўйхатдан ўтишини истаган, уни қўллаб-қувватлашини билдирган фуқароларнинг ҳуснихатларида ҳеч бир нуқсон йўқ эди. Бланкалар адоғида Бўлтаков ва Ориповларнинг масъуллиги ҳақида имзолар қўйилган, хуллас, ҳаммаси жойида эди. Мен уларни партия Марказий Кенгашидаги масъул кишиларга топширдим.

Шундан бироз вақт ўтгач бир куни уйимга Бўлтаков ва Орипов кириб келишди ва вилоят Адлия бошқармаси вакили, туман ҳокимлиги вакили, МХХ вакили, туман ИИБ вакили ва маҳалла оқсақолидан иборат бригада улар имзосини тўплаган БХҲП таъсисчиларини маҳалла идорасига чақириб биттама-битта сўроқ қилишгани, сўроқ пайтида “БХҲП террорчи, жиноятчи партия, у президент сиёсатига қарши, сизлар нимага уни ёқлаб имзоларингизни қўйдиларингиз?” деб дағдаға қилишгани, натижада одамлар қўрқиб қолиб ўз имзоларидан тонишганини ва улардан имзоларини қайтиб беришларини талаб қилишаётганини айтишди. Ўз навбатида булар ҳам мендан ўзлари тўплаб беришган имзоларни Адлия вазирлигидан қайтариб олишимни талаб қилишди. Мен бунинг иложи йўқлигини айтдим. Улар “Бўлмаса, биз Сизга туҳмат қиламиз”, деб очиқ айтишди.

Шундан сўнг гўё мен имзоларини “сохталаштирган” бир гуруҳ фуқаролар хонадоним олдида бақир-чақир қила бошлашди.

Бу провакациялар муттасил давом этди, орада асабимни йўқотганим, қўни-қўшниларим, оиласи олдида ҳижолат бўлганим қолди. Аммо бор иродамни тўплаб, 30 майда Тошкент шаҳридаги норозилик пикети сари отландим. 28 майда уйдан чиқиб, Самарқанд шаҳридаги Фридум Хауз биносига келдим. Одатда осойишта бўладиган бу бино атрофи қандайдир даражада саросимали, ҳадикли эди. Биз таклиф қилинган мажлис бошланар-бошланмас бино эшиги тагида шовқин-сурон, қичқириқлар бошланди.

Фридум Хауз раҳбари Б.Шесто хоним ва бошқа ходимлар милиция чақиришди. Милиция келиб тўполончиларни қайтариш ўрнига бино ичида ўтирган меҳмонларни тергов қилишга киришдилар. Шу пайт, не кўз билан кўрайки, залга менга таниш қиёфадаги 3-4 аёл — Э.Бўлтаковнинг опа-сингиллари, бостириб киришди. Уларнинг важоҳатлари ўта бузуқ бўлиб, мен томон бостириб келмоқда эдилар. Агар атрофимдаги дўстлар йўлини тўсмаганларида улар менга ташланишлари тайин эди. Анжуман бузилди, одамлар тарқала бошлашди. Мен ҳам бир неча дўстларнинг кузатувида маршрут таксига ўтириб, Тошкентга жўнаш учун Улуғбек расадхонаси ёнидаги автобекатга келдим. Таксига ўтириб Тошкентга жўнадим. Самарқанддан чиқаверишдаги биринчи ДАН постида бизнинг машинамизни тўхтатишди. Менинг ва таксидаги бошқа уч пассажирнинг ҳужжатларимизни милиционер олиб, ичкарига кириб кетди.

Ҳужжатларимизнинг қайтарилишини кутиб 1,5-2 соатча машинада ўтирдик. Ниҳоят, бир милиционер келиб бошқа уч йўловчининг ҳужжатларини қайтариб бериб, мени ўзи билан ДАН ҳовлисига олиб кетди. У ерда турган “Волга”га мени ўтқазишиб. икки ёнимга икки милиционер жойлашди. Мен ҳибсга олинганимни сезиб, бунинг сабабини айтишларини, уйимдагиларга хабар қилишларини талаб қила бошладим. Бу гаплар уларга заррача таъсир қилмаётган эди. Самарқанд вилоят ИИБ хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик бўлимига келдик. У ерда бироз сақлаб туришгач, ниҳоят, Самарқанд шаҳар ИИБга олиб келишди.

Самарқанд шаҳар Ички ишлар бўлими бошлиқ ўринбосари А. Каримов инсон қадр-қимматини камситувчи сўзлар билан мени мазах қилиб роҳатланарди. Жиноят қидирув бўлимининг хоналаридан бирига ўтказишди. У ерда кеч киришидан то эрта тонггача мени навбат билан қўриқлаб чиқишди. “Қизиқсиниб” сиёсий мавзуларда суҳбатга тортишди.

Табиийки, менинг бу гўшага “ташрифим”, судсиз, сўроқсиз олиб ўтирилганим, бу ҳолдан оиламнинг хабардор қилинмаганини айтиб бир неча марта оғзаки ва ёзма мурожаат қилдим. Аммо сезиб турганингиздек, бунга ҳеч бир жавоб бўлгани йўқ. Дарвоқе, ёдимдан кўтарилай дебди, Фридум Хаузда ўша кунги мен билан боғлиқ ва бошқа ҳодисалар юзасидан 2005 йилнинг 1 июнида халқаро Интернет тармоғининг www.c-asia.org веб-сайтида сайт мухбири Амриддин Бекназаровнинг каттагина мақоласи ҳам чоп этилган ва у вилоят газеталарида уч тилда тўлиқ кўчириб босилган.
Бу мақола алоҳида мавзу. Лекин бу ерда ундаги менинг шахсимга доир баъзи муҳим уйдирмаларга партиямиз раҳбариятининг менга ва умуман вилоят ташкилотига нисбатан шу йилнинг бошида олган айрим қадамлари асос-озуқа бўлганлигини пайқаш мумкинлиги ҳақида айтиб ўтиш ўринли, деб ўйлайман.

...Кечаси Жиноят қидируви бўлимидаги хоналардан бирида стулларни бирлаштириб ётиб тонг оттирдим. Эртаси, 29 май эрталаб 2-3 милиционернинг кузатувида Жомбой туман ИИБга олиб келишди. Бу ерда мен билан туман ИИБ бошлиги Ж.Юнусзода суҳбатлашди. Унга ҳам оғзаки ва ёзма тарзда менинг ушланишим сабаби тушунтирилмаётганлиги, уйимга хабар қилинмаётганлиги қонунга хилоф эканлиги ҳақиди айтиб қайта-қайта мурожаат қилдим, фойдаси бўлмади. Бу ерда ҳам кабинетлардан бирида милиционерлар соқчилигида стулда ўтириб, полда ётиб тунни ўтказдим. 30 май куни чошгоҳларда мени Жиноят ишлари бўйича Булунғур тумани судига олиб келишди. Ҳарбий дала судларига хос шиддат ва фавқулодда чала-чулпа бошланган суд мажлисига эътироз билдирдим. Даъво аризаси билан танишмаганимни, адвокат билан таъминланмаганимни, суд раиси Н.Ўринбоевнинг менга нисбатан ҳақоратомуз муомаласидан унинг холис бўлолмаслигини айтиб унга нисбатан “отвод” бердим. Аммо суд баённомаларида менга адвокат берилгани, аммо мен уни рад қилганим акс эттирилибди.

Судья Н.Ўринбоевнинг пўписа ва истеҳзоли киноялари билан бошланган суд мажлисида даъвогарлар пайдо бўлишди. Буни қарангки, даъвогар-гувоҳлар “Бирлик”нинг Адлия рўйхатидан ўтиши учун имзо йиғишда жонбозлик кўрсатган Бўлтаков, Орипов ҳамда бир неча имзолари “сохталаштирилган” фуқаролар экан...

У. Ҳайдаров котиблигида кечган суд мажлиси мени Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 183-моддаси талаблари билан айбли деб топиб, 15 сутка озодликдан маҳрум этиш ва энг кам иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида жарима билан жазолаш ҳақида қарорга келди. Эмишки, “...Х. Ғаниев 2005 йил 27 май куни соат тахминан 8-30 ларда фуқаролар Х. Қаршиева, Ў. Орипов, Э. Бўлтаков, Д. Жуманова, И. Назаров ва Н. Бўлтаковаларни ўзининг Жомбой шаҳар Ҳашдала кўчаси 55-уйи олдида жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан кўпчилик олдида жамоат жойида уят сўзлар билан сўкиниб майда безорилик ҳаракатларини содир қилган...» эканман. Мени судга олиб келган миршаблар жазони ўташ учун яна қайтариб Самарқандга олиб кетишди.

Бу орада менинг зимдан ғойиб бўлганим, сўнгра Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармасидан дарагим чиққани ҳақида оммавий ахборот воситаларида гапирилгани, тафсилотлар очиқлангани учун бу борада тўхталиб ўтирмайман. Аммо мендан икки ҳафтадан зиёд вақт ичида кечган ҳиссиётлар ҳақида гапиришни истардимки, бу кўп жиҳатдан муҳим. Яъни, кўпинча Сталин замонидаги НКВД қийноқлари, одамни судсиз сўроқсиз отиб ташлашганлари, оиласига бу ҳақда вақт ўтганидан сўнг хабар беришганликлари хусусида гапирамиз. Аммо бугун инсон ҳақлари халқаро жамоатчилик, ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари назоратида турган бир пайтда ҳам бурунги замон услублари такрорланиши, одам боласининг овози чиқмай йўқ бўлиб кетиши ҳеч гап эмас экан...

Менинг аризам ва адвокатим Р.Комиловнинг жиноят ишлар бўйича Самарқанд вилояти судига Булунғур тумани судининг 2005 йил 30 майдаги қарори устидан аппелация шикояти билан мурожаати бўйича 2005 йилнинг 14 июнида аппеляция инстанцияси суди бўлиб ўтди. Аммо вилоят суди судьяси Ж.Тўхтаев дастлабки босқич суд қарорини ўз кучида қолдириш ҳақида ажрим чиқарди.

Мухбир: Гапларингиздан англашиладики, Сизнинг сирли ғойиб бўлишингиз, 15 суткага қамаб қўйилишингиздан кўзланган мақсад фақатгина 2005 йилнинг 30 майига белгиланган пикет билан боғлиқ эмас. Бу ўринда “Бирлик”нинг Адлия рўйхатидан ўтишга ҳаракат қилаганидек муҳим қарори ҳукуматни чўчитиб юборган кўринади. Унда шу йилнинг 23 августида тўсатдан ғойиб бўлишингиз ва унинг тафсилотларини нима билан изоҳлайсиз?

Холиқназар Ғаниев: Аввало тафсилот-ларга тўхталай, сўнгра ҳукуматнинг бу ҳаракатларига изоҳ беришга уринаман.

Шу йилнинг 23 ёки 24 август куни қўшни маҳалладаги таъзияда иштирок этиб, пешин вақтида уйга қайтиб келаётганимда 46-мактаб ёнидаги овлоқ кўчалардан бирида, автомашинасини панага қўйиб, менинг ўтишимни пойлаб турган, юзлари ниқоб билан қопланган бир неча ёш йигит бошимга қоп кийдириб, машиналарининг орқа ўриндиғига ётқизиб тиқишди. Қўлимга кишан уришди. Машинадаги магнитафон овози баланд қилиб қўйилгани боис менинг жонҳолатда бақирганим ҳеч кимга эшитилмаган, атрофимга маҳалладошларимиз етиб келмаган бўлса керак. Бошимдаги дўппим ерга тушиб қолган экан. Буни машинанинг орқа ўриндиғи полига ётқизишгандан сўнггина пайқадим.

Машина бир соатлар юрганидан сўнг бошқа машинага ўтқазишди. Бу орада мен уларни рекэтчилар бўлса керак, ҳартугул, адашиб ҳужум қилгандир, деб ўйладим. Ҳукуматнинг бу қадар тубанликка бориши, босқинчиликнинг рекэт усулини қўлланшини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Ахир мен яшириниб-писиниб юрган бўлмасам, чақиришса ҳар қандай идорага борсам, бундай усулга на ҳожат? Орадан бир муддат ўтиб, бошқа машинага алмашдик ва 4-5 соатлардан сўнг “манзил”га етдик. Манзилимиз ўзига хос услубда қурилган турма бўлиб, ундаги камералар деярли бўш, уларнинг бирига мени олиб киришди. Аввалига босган йўлимиз, тўхтаган блок-постларимиз сонини ҳисоб-китоб қилиб, Навоий ёки Каршидаги турмаларда бири бўлса керак, деб тахмин қилдим. Йўлдаги шерикларим эса мени қаерга, кимнинг олдига олиб кетишаётгани ҳақида айтиш у ёқда турсин, ҳатто ўзаро ҳам гаплашишмади. Уларни фақат менинг кўзим ёруғ дунёни кўриб қолмаслиги қайғуртирар эди, шекилли.

Камерамга кўникиб-кўникмай турган кезларимда ёнимга навқирон ёшдаги бир йигит кириб, истеҳзоли киноялар қилиб, мазах-масхара оҳангида гап ота кетди. У менинг “Бу ер қаер?”, деган саволимга: “Биз ҳам билмаймиз, бизларни ҳам қопга солиб олиб келишган” деб масхара қилди. Ҳибсхона бошлиғи бўлса керак, тахминан 50 ёшлардаги бошқа бир киши камерам эшигидаги тешикчадан менга анча вақт жим хўмрайиб турди-да, ғойиб бўлди. Эртаси куни бироз ўзимга келиб, бошлиқни чақиртирдим.

Унга: “Менга рекэтчилар ҳужум қилди, деб ўйлаган эдим, лекин мен келиб қолган жой росмана давлат муассасасига ўхшайди?” дейишим биланоқ у: “Бу давлатга қарашли эмас!” деди сирли-таҳдидли оҳангда ва кўздан ғойиб бўлди. Бу гапдан кейин мен бу ерда менга Яратгандан бошқа ҳеч ким ёрдам беролмас экан, деган хулосага келдим. Агар бошлиқнинг гапи рост бўлса, бу ердан мен тирикку сира ҳам, ҳатто ўлик ҳам чиқмасам керак деган ҳаёлга бордим. “Эзгулик”нинг мени раисликдан четлатишга бағишланган вилоят йиғилишида баъзи “дўстлар”нинг ғазаб билан: “Ғаниевни керак бўлса бир кунда йўқ қилиб ташлаймиз!”, Васила Иноятованинг “Сизга нисбатан провакациялар тайёрланмоқда” деганлари эсимга тушди.

Атрофни кузатар эканман, аввало, қаерда эканлигимни аниқлашим керак, деган хаёлга бордим. Менга берилаётган хўрак, нон қолдиқларидан таом Тошкентга хос эканлигини, шу яқин атрофда қандайдир кафе борлигини тахмин қилдим. Камера деворлари эса сариқ қумли бетон қоришма билан ғадир-будир услубда сувалган, оҳак билан оқлаб қўйилган. Мен ётган камера эшигидан кирганда ўнг томондаги икки қаватли кароватнинг пастки қавати рамкасига SHAHZODA-LOVE деган сўзлар ёзилган. Камера эшиклари тўқ қизил, эшикдаги дарича эшиги эса оқ рангга бўялган. Ҳибсхона ходимлари бошлиқ, ўзининг айтиши бўйича 1970 йилда туғилган Фарҳод исмли ва тахминан 1975 йилларда туғилган, Фарҳоднинг айтиши бўйича, исми Альберт бўлган иккита ёш йигит эди.

Ҳибсхона жануби-ғарбий томонидан метрополитеннинг очиқ жойидан ҳар 3-5 минутда у ёқдан-бу ёққа электропоездларнинг ўтиб турганидаги шовқин эшитилади. Буни эрта тонгдан кеч 23 ларга қадар сезиш мумкин. Сайрга олиб чиқишганида ҳибсхонахонани кўздан кечириш мумкин бўлади. Яъни, узун коридор, 8 та камера коридорнинг бир томонида жойлашган. Менимча, мен ётган кунларимда улурнинг ҳаммаси бўш эди. Мен ётган камера эшиги қаршисидаги баланд дарчадан қаралганда баланд девор тирқишидан ҳарбий таълим майдончаси кўринади. Ҳибсхона ҳудуди жуда баланд девор билан ўралган. Ҳибсхонанинг сайр олиш майдончасидан унинг ёнида тикланган 20-30 метрлар баландликдаги темирдан панжарасимон қилиб ясалган радиомачта минораси бемалол кўринади.

Мени манзили, рутбаси номаълум турмада 2 сентябргача сақлашди. Бир куни кечаси қўшни камералардан беаёв қийноқдан додлаётган кишининг овози эшитилди. Гўё, эртага сени ҳам ана шу кўйга соламиз, деётгандек. Шундан сўнг бир-икки кеча қийноқ навбатини кутиб ётдим. Аммо 2 сентябр куни камера даричаси очилди ва сув олиб келишган бўлса керак, деб кружкамни тутдим. Шунда: “Орқангга ўгирил!” деб бақиришди ва бошимга яна қоп кийгазишди. Соат кеч 20 лар аторофида сезишимча “Нексия” автомабилига ўтирғизиб, 3-4 соатлардан сўнг яйдоқ бир далага ташлаб кетишди. Машинадан туширганидан сўнг: “Бўлиб ўтган воқеа ҳақида, касал бўлиб қолган эдим, дейсан. Агар ёзиб-чизиб “саситадиган” бўлсанг, бутун уруғ-аймоғинг билан йўқ қилиб ташлайман! Тавба де! Гап “саситмаслик”ка ваъда бер, тиз чўк!” дейишди. Тиз чўкиб, ваъда бердим.

Шундан сўнг атрофимда тоғлар кўринаётгани, катта асфальт йўл ва йўл ёқасида қабристон борлигини кўриб, тахминан Нуробод туманининг Жом қишлоғи ҳудудида эканлигимни англадим. Хиёл вақтдан сўнг шу қишлоқда яшайдиган қариндошимизнинг уйини топдим, уларникида тунаб, эртаси Самарқандга бордим. Миллий Хавфсизлик хизматига ариза ёзиб, бўлган воқеаларни баён қилдим, текшириб айбдорларни аниқлашларини, тегишли чора кўришларини талаб қилдим. Улардан ҳанузгача бирон жавоб йўқ. Аксинча, маҳаллага келиб, ҳамма ҳамсояларимни биттама-битта чақириб суҳбат ўтказишибди. “Ғаниев нима ишлар билан шуғулланиб юрганини биласизларми?” дейишибди, сирли-таҳдидли оҳангда. Бу ҳам оз. Уйимни ва қизимни кеча-ю кундуз кузатишлар, БХҲП таъсисчилари сифатида имзо чекканларга тазйиқ ўтказишлар, уйимга келганлар ёки мен билан учрашганлар билан “суҳбат”лашишлар ҳамон давом этмоқда.

Албатта, бу ўйинларнинг бош сабаби мухолифатчилигим, мухолифатчи бўлганда ҳам энг кекса ва изчилларидан бўлганлигим, бу йўлда конкрет ишлар қилаётганимда, вилоят мухолифатчилари орасида бирмунча эътибор қозонганимда деб биламан. Шунинг учун, бунинг бир кўзини қўрқитиб қўйиш керак, деган фикрга борган ёки вилоят мухолифатчиларининг бошқа бир неча кўзга кўринган намоёндалари каби мени ҳам чет элларга чиқиб кетишга мажбур қилишмоқчи бўлаётган бўлишлари мумкин.

Мухбир: Сизга мухолифатчилик, эл ғами, юрт фидоийлиги борасидаги қаҳрамонларча ҳаракатларингизга муваффақият тилаймиз.

Холиқназар Ғаниев: Раҳмат. Лекин менинг ақидам: сиёсатга қизиқиш, сиёсат билан шуғулланиш, сиёсий фаол бўлиш ҳар бир фуқаронинг ҳам ҳуқуқи ва ҳам бурчи эканлигини бошқаларга ҳам даъват этиш.


P.S. Азиз ўқувчи, Холиқназар ака суҳбатимиз сўнгида ўзи ҳибс вақтида кўрганлари асосида чизиб берган чизмалар ҳамда яйдоқ далага ташлаб кетилган пайтдан бироз ўтиб олинган фотосуратини тақдим этди. Улар борасида журналистик суриштирув ўтказишимиз, унинг қаерда бўлганлиги, кимлар билан учрашганлигини аниқлашимизни илтимос қилди. Афсуски, унинг кейинги ўғирланишида сақланган манзили Тошкент шаҳар Мудофаа ишлар бўлими казармаси ёхуд Тошкент шаҳар ИИББнинг вақтинча сақлаш ҳибсхонаси эканлигини тахмин қилишдан ўзга маълумот ололмадик. Тўғрироғи, мурожаат қилган идораларларимиз Холиқназар Ғаниев билан содир бўлган ҳодисага изоҳ беришни истамадилар.

Бу борада шуни таъкидлашимиз керакки, Холиқназар аканинг ўғирланиши билан боғлиқ тафсилотлар мақоламизнинг илк қисми бўлиб, унинг давоми партия фаоли Шавкат Турсуновнинг Парлементга ўтказилган сайлов кампаниясидаги иштироки борасидаги тафсилотларга бағишланади. Сўнгра беш нафар “Бирлик”чининг устидан қўзғатилган сохта жиноят иши, уларга қўйилган ўта қалтис айбловларга тўхталамиз. Яъни шу туркумдаги ёзувларимиз давом этади.