Журнал Ҳаракат
№1 (52) 2005. Кечагина ўтган кунларимиз
Ҳусайин Икром (1917-2005)
(1917-2005)
Биз Туркистонлилар 20 асрда турли қийинчиликларга дучор бўлдик, энг катта қийинчилик эса, боскинчи русларнинг гўзал ватанимизни босиб олиши ва халқимизни эзиб ҳар турли зулмни қилишидир. Босқинчи русларга қарши курашиш учун ватанда ва чет элларда олиб борилган миллий озодлик кураши Оллоҳ-Тааллонинг изни билан муваффақиятга эришди.
Шундай курашларда умрини охирига қадар иштирок этган сиймоларимиздан бири Ҳусайин Икромдир. Бу киши қалами билан Совет тузумига қарши қаҳрамонона шаклда курашди ва коммунистик тузумнинг икки юзламачилик сиёсатини фош этишда катта хизмати бўлди.
Ҳусайин Икром Ўзбекистоннинг гўзал шаҳарларидан бири ҳисобланган Наманаганда 1917 йили оламга келди. Ота-онаси унинг тарбиясига катта эътибор берган эди. У 5-6 ёшларидан мадрасага ўқишга юборилди ва бу ерда диний таълим-тарбия олди, араб алифбосини ўрганди. Ўзбекистонда совет тузуми ўрнатилгандан кейин диний таълим-тарбия берувчи мактаб-мадрасалар беркитилди. Ҳусайин Икром Совет тузумидаги мактабларда ўқишга мажбур этилди. Ўрта мактабни муваффақиятли битиргандан кейин, 1935 йили Тошкент Университети Ҳуқуқ факультетига ўқишга кирди. У ерни аъло даража билан битирди ва айни факультетда бир неча йил илмий соҳаларда тадқиқотлар олиб борди.
Бироқ, Иккинчи жаҳон уруши чиқиши билан 1939 йили аскарликка чақирилди. Сталинградда қисқа вақт ҳарбий таълим-тарбия олгандан кейин Озарбажон, Арманистон, Ростов ва Донецкда хизматда бўлди. Ҳусайин Икром 1941 йилнинг ёзида Олмонларга асир тушди, аввало Польшадаги Ченстахау, кейин Краков лагерларида қолди. 1944 йилнинг июль ойида «Миллий Туркистон Бирлик Комитети»га чақирилди. Берлинда Вали Қаюмхон раҳбарлигида ташкил этилган бу Комитетнинг Матбуот бўлимида хизмат қилди.
Ҳусайин Икром ўз хотираларида «Миллий Туркистон Бирлик Комитети» ва унинг раҳбари Вали Қаюмхон ҳақида бундай деган эди:
«Миллий Туркистон Бирлик Комитети»нинг қурилиш тарихи, қилган хизматлари Туркисонликларнинг империалист босимларга қарши мамлакатнинг ичида ва ташкарисида юритган муқаддас курашларининг давомидир ва озодлик курашлари тарихнинг саҳифаларида порлоқер олади. Иккинчи жаҳон уруши йилларида Туркистонликларнинг истиқлол ва озодлик курашини бошлатган буюк сиймо Вали Қаюмхондир».
Ҳусайин Икром «Миллий Туркистон» журналида ёзган маколаларини «Ҳикмат» таҳаллуси билан ҳам имзоларди.
Иккинчи жаҳон уруши битгандан кейин у Олмонияда қолиш учун бор кучи билан интилди ва турли шаҳарларда яшашга мажбур бўлди. 1948 йилдан 1955 йилгача «Миллий Туркистон» журналининг араб алифбосида нашр этилишига кўмаклашди ва айни вақтда «Америка Овози»нинг ўзбек бўлимида муҳаррирлик қилди. Ҳусайин Икром 1959 йилда Америка Кўшма Штатларига муҳожир ўлароқ кетди ва фуқаролик ҳуқуқини олди. Нью-Йоркдаги Туркистонликларни бир жамият атрофида бирлаштириш мақсадида «Туркистонликлар жамияти»ни ташкил этишда фаол қатнашди ва 1968 йилгача мазкур жамиятнинг раиси вазифасини бажарди.
Нью-Йоркда яшаятган йилларида Колумбия Университетида талабаларга ўзбекча дарс ҳам берди.
Америкадаги Туркистонликлар тарафидан севилган ва ҳурматланган Ҳусайин Икром 1968 йилнинг сентябрь ойида Олмониянинг Мюнхен шаҳрида иш бошлаган «Озодлик» радиосининг ўзбек бўлимига муҳаррир ўлароқ чақирилди. Бу радиода ўзоқ йиллар муҳаррир, бош муҳаррир ва бўлим бошлиғи ўлароқ хизмат қилди. 1989 йили пенсияга чиққан Ҳусайин Икром Мюнхен Университетининг Шарқшунослик факультетида немис талабаларига ўзбекча дарс ҳам берди.
Шу каторда дунёдаги сиёсий вазият суръатла ўзгармоқда ва Совет тузуми ҳам инқирозга учраганди. Ниҳоят узоқ йиллардан бери орзу этиб ва маъшум тузумни йўқ этиш учун курашган Туркистон халқи ҳам орзусига муяссар бўлди. Чет элларда яшаятган барча Туркистонликлар мустақилликни хурсандлик билан кутиб олди ва ярим асрдан ортиқ кўришга интилган ватанларини ва яқинларини кўришга эришди.
Ҳусайин Икром ҳам 1992 йилнинг 8 сентябрида, яъни 53 йил кейин ватанни зиёрат этиб, яқин қариндош-уруғлари билан кўришишга муяссар бўлди. Ватанни зиёрат этиш Ҳусайин Икром учун катта бир воқеа бўлди ва умрининг охиригача тилдан уни туширмай келди.
«Бир Туркистонликнинг Иккинчи жаҳон уруши хотиралари» номли асарида Ҳусайин Икром ҳаёт ҳикоясини ёзиб қолдиришга муваффак бўлди ва унинг ҳаёти билан танишиш учун мазкур асарни ўкиб чиқишни ҳаммага тавсия қиламан.
Ўткир қалам соҳиби, оташин озодлик курашчиси ва севгили сиймо Ҳусайин Икром 2005 йил 30 январь куни Олмониянинг Мюнхен шаҳрида оламдан ўтди.
Туркистондан Истанбулга келиб жойлашган дарвишлардан Маҳмат Афанди қурган Окбобо қишлоғининг мозорлигига дафн этилишини васият этган Ҳусайин Икромнинг нааши 4 февраль жума куни катта жамоатнинг қилган жаноза номозидан кейин ўзи истаган абадий истироҳатгоҳга қўйилди.
Жойи жаннатда бўлсин. Уни Туркистон халқи унутмайди.
Бўстонли Абдулҳамидўғли
Март, 2005 - Туркия