Журнал Ҳаракат №3 (24) 2000. ЖУРНАЛИМИЗНИНГ БУ СОНИДА:

(Суз боши урнида) - Дўст бўлсанг ёнимда тур
Янглишмасам, 1997 йилнинг бошлари, Ўзбекистон ҳукуматининг мухолифатга қарши бошлаган террори туфайли оилам билан 1992 йилнинг сўнг кунлари юртни тарк этганимдан бери Истанбулда яшаятган даврим эди. Ўша куни Истанбулнинг марказида жойлашган Турк Дунёси Тадқиқотлари вақфига келиб вақфнинг Ташқи алоқалар бўлими бошлиғи Хусайн Отигўзалнинг хонасига кирганимда унинг олдида мен танимаган бир киши бор экан. Хусайн бизни таништирди. У одам Франциянинг Марсель шаҳрида ерлашган Марказий Осиё Тадқиқотлари Институтининг ходими, асл миллати турк, ҳозир бу институтнинг Тошкентда очилган бўлимида ишларкан. Унинг тадқиқоти Марказий Осиё давлатларининг Туркия билан алоқаларини ўрганишга оид.

Мени энг аввал ҳайрон қолдирган нарса французларнинг уддабронлиги бўлди. Улар бир институтларининг Тошкенда бўлимини очишга улгурганларини бир четга суриб турсак ҳам бу қадар хусусий мавзуларни ўрганишга бошлаганлари қизиқ эди. Демак, улар Туркия билан Марказий Осиёдаги янги мустақил булган Турк жумҳуриятлари орасидаги муносабатлар яқин келажакда дунё миқёсида роль ўйнаяжагини тушуниб етибдилар. Бу фактнинг ўзи бир қатор мақолаларга мавзу бўлоларди. Бизнинг дўстларимиз ким-у «дўстларимиз» ким каби саволлар устида ўйлашга чақирарди. Лекин менинг бугунги мақсадим уз ичимиздаги «дўстларимиз» мавзуси.

Хусайн менинг исмимни Боҳодир Туронга, бу йигитнинг оти шундайди, айтиши билан у «О, ... мен Сизни жуда яхши биламан. Тошкентда бир қатор «Бирлик»чилар билан кўришганман. Сиз юрт ташқарисида чиқараётган «Бирлик», «Мустақил ҳафталик» газетларини ҳам улардан мунтазам олиб турардим. Сизни Туркияда эканлигингизни ҳам билардим», деб қолди.

Шу куни Боҳодир билан узоқ гаплашдик. Ҳеч бир мавзу қолмади. Мустамлака йилларимиз, мустақиллик учун кураш, мустақилликдан кейин юзага келган совет типидаги диктаторлик режими, мавжуд ҳукуматнинг мухолифатга қарши олиб бораятган сиёсати, Туркия-Ўзбекистон, Ўзбекистон-Ғарб муносабатлари ва бошқалар. Ўша вақтда Тошкент билан телефон алоқалари ҳозиргидек эмасди, Интернет, e-mail каби нарсалар биз учун ҳали хаёл эди. Шулар сабабли Боҳодир Турон каби одам билан гаплашиш Ўзбекистондаги вазиятни доим билиб бориш нуқтаи назаридан қандай муҳимлигини гапириб ўтириш ортиқча.

Хайрлашаётганимизда Боходир портфелидан бир магнитофон кассетаси чиқариб берди: «Ҳар эхтимолга қарши, деб олгандим. Балки, қизиқсангиз эшитиб юрарсиз, бу санъаткор Ўзбекистонда анчагина машҳур – Шерали Жўраев». Табиий, Шералини танийман. Лекин, бу мақолага асос бўлган бир воқеа туфайли унга муносабатим салбий эди. Касетани олиб отиб юборишимга оз қолди. Аммо, Боҳодирнинг кўнглини ранжитгим келмади. Ранжитмаслик учун эса ёки касетани отмасдан олдин унга бунинг сабабини тушунтириш лозим ёки раҳмат, деб кассетани олиб қуябериш. Иккинчисини қилдим, уйга келгандан сўнгра касетани қаергадир ташладим ва унутдим.


* * *

Туркияда 5 йил яшадик. Бу ерда бизга ҳамманинг муносабати яхши бўлди. Бир қатор энг юксак даражали давлат одамлари билан доимий алоқаларимиз борди. 1993 йилда расман яшаш изни ҳам бердилар. Аммо кейинчалик шароит ўзгарабошлади. Ўша ўзимиз танийдиган давлат одамлари бундай дейишга ўтишди: «Ўзбекистон президенти Каримов мухолифат лидерларининг Туркияда яшашидан жуда дарғазаб. Бу одам сизларни деб икки давлат муносабатларини ҳам бузишга тайёр. Бунга йўл қўйиб булмайди. Шу сабабли Сизга расмий яшаш изни беролмаймиз, аммо Сиз бошимизнинг тожисиз, ғайрирасмий шаклда яшайберасиз». Ғайрирасмий яшаш кўп ноқулайликлар чиқаради. Болаларимиз ўқиши керак, мен ва турмуш ўртоғим Саида ҳам вақти-вақти билан ҳуқуқий ҳал қилиниши керак бўлган муаммоларга дуч келамиз. Ҳар сафар давлат одамларини ишга солиш эса ноқулай. Бунинг устига Туркияда ажнабийларга сийсий бошпана бериш ҳақида қонун ҳам йўқ экан. Хуллас, статусимизни ҳуқуқийлаштириб олиш мақсадида Европа давлатларининг биридан сиёсий бошпана олишга қарор қилдик.

Бу масаланинг қонуний йўлларидан бири БМТнинг керакли органларига мурожаат қилишдир. Биз каби Туркияда яшаётган Жаҳонгир Муҳаммад билан биргаликда мурожаат ҳам қилдик. Олган жавобимиз кутилмаган бҳлиб чиқди. Иккаламизнинг оиламизга АҚШ сиёсий бошпана берадиган бўлипти. Кутилмаган дейишимнинг сабаби шундай. Биз сиёсий фаолиятимизни давом эттириш учун Европа маъқул, деб ўйлагандик. Чунки, Европа ҳарҳолда уз ватанимизга географик жиҳатдан яқин, Германия, Швеция, Австрияда эса бир қатор янги ўзбек муҳожирлари, яъни дўстларимиз яшашади. Бунинг устига Голландияда яшайдиган турклар бизни у ерга чақириб, борсак ёрдам беражакларини ҳам айтишганди. Қайтадан БМТга мурожаат қилиб, бу масалани биз истагандек ҳал қилишга чақирдик. У ердагилар ҳеч бундай нарсани кўрмаганларини айтиб кулдилар. Ҳамма Америкага боришга интиладиган пайтда бизни тушуниш қийинлигини, бундай масалаларда БМТнинг асосий вазифаси оилаларни бирлаштириш эканлигини, менинг укам Америкада яшаётгани учун бизни ҳам у ерга жўнатиш қарори олинганини айтиб, бу мавжуд қарорни ўзгартирмасликларини билдиришди. Агар АҚШга боришни истамасак, сиёсий бошпана ҳуқуқимиз бекор қилинар экан. Шундай қилиб ўзимиз истамаган ҳолда Америкага кўчиб келдик.


* * *

Бу бироз чўзилиб кетган чекинишдан кейин асосий мавзуга, бояги кассета ва Шерали мавзусига қайтаман. Америкада автомобилли бўлганимиздан кейин қарасам, йўлда эшитиб юрадиган ўзбекча кассетамиз йўқ. Ёқса-ёқмаса ҳар ҳолда ўзбек музикаси-ку, деб Шералининг касетасини эшитишга бошладим.

Шу ерда яна бир чекиниш қиламан. Эндиги чекиниш оз эмас, кўп эмас тахминан 30 йилга бўлади.

70 йилларнинг бошида Тошкентда Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Кибернетика Институтида ишлардим. Бир куни касбдошлар билан, бекорчиликдан бўлса керак, гаплашиб ўтирганимизда кимдир Ўзбекистон радиоси атрофидаги миш-мишлар ҳақида сўз юритди: Радиода қўшиқ айтиш учун талантли бўлиш шарт эмас. Ҳамма нарса бошлиқларнинг қўлида. Истаган одамларини радиога чиқарадилар, истамаганларини чиқартирмайдилар. Исташ-истамаслари эса уларга бериладиган порага боғлик.

Ичимизда Зафар исмли водийли йигит бор эди. У бу гапларни тасдиқлаб, Шерали исмли талантли ёш хонанда дўсти борлигини, уни айниқса ёшлар жуда севсалар ҳам раҳбарлар радиога яқинлаштирмаётганини айтди. Шу сабабли хонанда кичик гуруҳлар ичида санъатини намойиш қилиш билан чегараланаркан, бирон бир ерга таклиф қилинса, рад этмас экан. Уни қадрлайдиганлар турли меҳмондарчиликларга чақириб, маънавий қўллаб-қувватлашга интиларканлар. Хуллас, биз ҳам Шералини ош қилиб чақириб қўшиқларини эшитадиган бўлдик.

Бир неча кундан кейин бир дўстимизнинг у пайтдаги Високоволтний массивидаги квартирасида 4-5 киши Шералини чақириб маҳмон қилдик. Ўша куннинг тафсилотлари эсимда қолмади, бир оздан кейин у машҳур бўлиб кетмаса, балки бутунлай унутардим ҳам. Эсимда қолган нарса Шералининг қўполми, хириллаганми, билмайман, лекин нимаси биландир одамга ёқадиган овози. У аслида айтётган қўшиғининг сўзларини дўриллаганча бироз чўзиб айтарди халос, яъни мукаммал хонанда овозига эга эмасди. Буни ўзи ҳам билгани учун бўлса керак, Шерали ашула қилган шеърларини мазмунига қараб, ўзбекларнинг кўпчилигига ёқадиган насихат тарзидагиларини танларди, хаёлимда.

Америкада унинг кассетасини эшитгач, кўрдим-ки, Шерали ўша-ўша, дуриллаганми, хириллаганми овоз, шеър сўзларини бироз чўзиб, аммо «чертиб-чертиб» ўқиш ва яна ўша эскиси каби сўзларнинг маъноси билан эшитувчиларнинг кўнглини олишга интилиш.

Унинг кассетадаги «Дўст бўлсанг ёнимда тур» қушиғи дарҳол диққатимни ўзига тортти. Қўшиқ дўстларнинг содиқлиги, вафодорлиги ҳақида, кишининг «ошиғи олчи» бўлган пайтда атрофи тўла дўст бўлиши, бошига бало келганда «дўстлар»нинг кўпчилиги ўзини олиб қочиши ҳақида бўлиб, ундаги «Ҳақиқий дўст бўлсанг доимо ёнимда тур, ёнимдамас қалбимда тур, қалбимдамас қонимда тур, қонимдамас, чунки қон ҳам айланиб турадиган нарса, иймонимда тур» маънодаги сўзлар ҳарқандай тингловчини ларзага соларди. Зеро, маълум маънода дўстидан «куймаган» одам ҳам бўлмаса керак.

Бу қўшиқни эшитган сарим Шералининг фиғони-ю фарёдидан ларзага келиш ўрнига ғашим келабошлади. Кошки, хонанда нима воқеа туфайли инграётганини билмасам эди. Шунда бу қўшиқ бир санъат намунаси сифатида эсимда қоларди. Афсуски, бу воқеани билардим.

Шералининг «ошиғи олчи» бўлгани - унинг президент Каримовнинг назарига тушгани, унинг дастурхонидан қолган-қутган нарсаларга шерик бўлиш шарафига муяссар бўлгани эди. Табиий, бу пайтда унинг «дўстларини» сони мислсиз равишда ортти. Кейин подшохлар, диктаторлар атрофида тез-тез бўлиб турадиган оддий ҳол юз берди, қандайдир сабаб билан Шерали назардан тушиб, дастурхон атрофидан қувилди ва «зукко дўстлар» бир зумда ғойиб бўлишди.

Ўзи ичида бўлган муҳитнинг оддий бир ҳoдисасини бу қўшиғи орқали шекспирона драма ва балки трагедия қилиб кўрсатмоқчи бўлган Шералининг мақсади - ўзининг «назарга тушиш ва назардан қолиш» воқеасидаги аянчли ролига бироз романтик тус бериш бўлса керак.

Мен юқорида бу қўшиқ ҳар қандай одамни ларзага солишини, лекин айни замонда, унинг айтилиш сабабини билган мен каби одамнинг ғашини келтиришини айтгандим. Энди шуни айтмоқчиманки, бу қўшиқ менда ғазаб ҳам уйғотди. Бунинг сабабини тушунтириш учун яна бир марта чекиниш қилишим лозим. Бу сафар 11-12 йилга чекиниш қилиб, 1988-89 йиллари бўлиб ўтган баъзи воқеаларни, уларни билганларга эслатмоқчиман, билмаганларга билдирмоқчиман.


* * *

1988-89 йиллари ҳамма Совет жумҳуриятларида каби Ўзбекистонда ҳам миллий-демократик руҳдаги кучлар шаклланабошладилар. 1988 йилнинг ноябрида «Бирлик» Халқ Ҳаракатининг Ташаббус Гуруҳи тузилди, 1989нинг май ойида унинг Таъсис Қурултойи бўлди. Аввал Ташаббус Гуруҳининг, сўнгра Ҳаракат Марказий Кенгашининг раислигига сайландим.

«Бирлик»нинг ўртага отган шиорларидан бири, айни замонда асосийси – «Ўзбек тили давлат тили бўлсин» шиори эди. Бу - миллатнинг шу пайтгача очиқ айтолмаган орзуси эди. Ҳозироқ ўша вақтдаги реалликни билмайдиган авлод етишиб келмоқда. Реаллик шундан иборат эдики, 1977 йили Болтиқбўйи ва Кавказдан ташқаридаги Совет жумҳуриятларининг Конституцияларидан давлат тили ҳақидаги модда олиб ташланганди. Бу модда борлигида ҳам рус тилининг босими остида яшаган миллий тиллар, 1997дан кейин ҳуқуқий асосларидан айрилдилар. СССР Конституциясига кўра давлат тили рус тили булгани учун ўзбек тили расмий доиралардан четлатилди. Бундай шароитда, табиийки, рус тилини яхши билмаганлар давлат идораларида карьера қилолмасдилар. Буни тушунган «зукко» одамлар уйларида болаларининг тилини русчада чиқарабошладилар, болаларни русча боғча ва мактабларга бериш кескин ошди. Хуллас, тилимизни аста-секин ривожланадиган инқирозга маҳкум қилдилар.

«Бирлик» тузилган йиллари СССРда бутун ахборот воситалари давлатнинг қўлида, қонунчилик органлари қўғирчиқ ташкилотлар булишган. Миллатнинг талабини ўртага қўйишнинг бирдан бир йули – оммавий митинглар ўтказиш эди. Бу аксима «Бирлик»нинг ихтироси эмас. Бу нарса дунёнинг тажрибасидан келиб чиққан булиб, бошқа жумҳуриятларда ҳам миллатлар шу йўлдан боришаётган эди.

«Бирлик» ҳам «Ўзбек тили –давлат тили» шиорлари остида митинглар ўтказишга бошлади. Бу талабнинг халқ тарафидан бунчалик дастакланишини кутмаган ҳокимият даҳшатга тушди. Аммо Москванинг маҳаллий малайлари миллатнинг талабига қулоқ солишни эмас, уни алдашни уйлардилар. 1989 йилнинг баҳорида ҳамма матбуот органлари ҳукумат тарафидан тайёрланган ўзбек тилининг статуси (мақоми) ҳақидагаи қонуннинг лойиҳасини эълон қилдилар. Унга кўра гўё ўзбек тили давлат тили, деб тан олинсада, лекин амалда ҳамма нарса рус тилиники бўлиб қолаверарди. Қонун Олий Советнинг куздаги сессиясида қабул қилиниши ҳам маълум қилинди.

«Бирлик» ёз буйи тайёрланиб, сентябрь-октябрь ойларининг ҳар якшанба куни Тошкентнинг Ленин (ҳозирги Мустақиллик) майдонида оммавий митинлар ўтказишга қарор қилди. Режамиз буйича 10 сентябрдаги биринчи митингга 100 минг одам, сессия арафасидаги митингга 1 миллион одам тўплаш эди. Албатта, илк мақсадимиз ўзбек тили эди, аммо шу йул билан жамиятни сиёсатлаштириб бориб мустақиллик учун курашга замин тайёрлаш мумкинлигини яхши тушунардик.

Ёз ойларида Ўзбекистонга раҳбар этиб тайинланган Ислом Каримов ўзбек тилининг давлат тили бўлишини истамаганларнинг биринчиси эди. Гап унинг ўзи у пайтда адабий ўзбек тилини билмаганлигида ҳам эмас, Москванинг ишончли хизматкори бўлганлигида. Агарда Каримов истаса, масалан, телевидение орқали чиқиб, «Аввал эълон қилинган тил ҳақидаги қонун лойиҳасини бир неча кун ичида ўзгартиришга ваъда бераман, буни қилмасам, ана унда митинг ўтказиш мумкин» деса-ку, биз барибир митинг ўтказамиз деб туриб олсак, халқ ичида кулгига ҳам қолган бўлардик. У ўзбек тили давлат тили бўлишини истаса бошқа йўл хам тутабиларди, яъни митингга келарди ва халк талаби бажарилажагини айтарди, вассалом. Ана ўшанда балки Каримов миллий қаҳрамонга айланган бўлармиди? Аммо у бошқа йўлдан кетди.

Унинг биринчи ғалабаси - кейинчалик «Эрк» партиясининг раиси, аммо ўша замонда «Бирлик»нинг раҳбариятидаги Салай Мадаминовни осонликча сотиб олиши бўлди. Кейин Салайнинг атрофидаги ёзувчиларнинг «Бирлик» раҳбарияти ичидаги салмоғидан фойдаланган ҳукумат 10 сентябрга мулжалланган митингни қолдиришга эришди. Бу кутилмаган ўзгаришлар қаршисида аввалига шошиб қолган «Бирлик»чилар кейинги митингни 24 сентябрга режалаштирдилар. Ҳукуматдагиларнинг фикрича, ичидан зарба олган «Бирлик»нинг митингига кўп одам келмаслиги керакди. Аммо бу унчалик пухта тайёрланмаган митингга ҳам тахминан 10 минг одам келди. Ўша куниёқ кейинги митингнинг куни деб 1 октябрь белгиланди.

Каримов ва ҳукумати энди таҳликага тушганди. Улар тезлик билан қарши чоралар кўрабошладилар. Уларнинг топшириғи билан Салай Мадаминов ва атрофидагилар «Бирлик» Низомига хилоф равишда 8 октябрга унинг Марказий Кенгаши мажлисини чақириб, у мажлисда мавжуд ҳукуматга қарши чиқаётган Абдурахим Пўлатовни раисликдан оламиз, деб эълон қилдилар, хеч ким митингларга чиқмасин, митинг қилиш кўча чангитишдан бошқа нарса бермайди, деб студентлар орасида пропаганда олиб бордилар.

Хукумат бошқа чоралар ҳам кўрди. Улардан бири...


* * *

Мана ниҳоят мақоламиз бош қаҳрамонининг «қаҳрамонлигига» етиб келдик. Шуни эслатиш керак, ўша замонда Шерали Жўраев студентлар орасида ўта популяр эди. Унинг концертларига билет олиш ҳамма ҳам муяссар булавермасди. Тилимизни давлат тили қиламиз, деб майдонларни тўлатаётганларнинг салмоқли қисми студентлар эканлигининг фарқига етган ҳукумат 1 октябрь кундуз соат 12да (митинг бошланиш вақти) Тошкентдаги Ленин номли Халқлар Дўстлиги саройида студентлар учун Шерали Жўраевнинг текин концертини уюштирди. 70 йил халқлар устида истаган ишини қилган коммунистик хукуматнинг цинизми балки тушунарлидир, аммо Шерали ҳеч нарсанинг фарқига бормайдиган гўдакмиди?...

Барибир митингни тўхтатолмадилар. Ўн минглаб кишиларнинг «Озодлик! Хуррият! Ўзбек тили – давлат тили!» деб хайқиришидан Тошкент кўчалари ларзага келди. Бу далғалар билан тахти ҳам ағдарилишига ақли етиб қолган Каримов дарҳол тил ҳақидаги қонуннинг янги, анча яхши лойиҳасини эълон қилишга мажбур булди. Шерали эса унинг назарига тушиб, дастурхонига яқинлаштирилди...

Шералининг йиғи тўла кўшиғини эшитаркан, дарғазаб бўлишимнинг сабаби шуларди.

Шу воқеаларни эслаб унга дегим келади:

«Эй, мунофиқ! Подшохнинг назарига тушганинг учунгина атрофингда гирдикапалак бўлган «дўстларнинг» вафосизлигидан шунчалар йиғлаяпсан, лекин ўзинг дўстларингга содиқмидинг, уларга вафодорлик қилганмисан? Дўстларинг сенинг шахсий ишинг. Уларни қўйиб турайлик, олдида бурчинг бўлган миллатингга содиқлик қилганмисан? Бошқа муқаддас жиҳатларини қўйиб тур, тирикчилигинг манбаи бўлган қўшиқларингни тили – ўзбек тилига содиқлик қилганмисан? Ўлаётган демайман, чунки уни ўлдироладиган куч йўқ, аммо топталган ва таҳқирланган тилимизнинг қаддини ростлаш учун майдонларга чиққан миллатимиз фарзандларига хоинлик қилишдан ўзингни тияолганмисан?...

Балки, у пайтда миллий шуурингни парда тортиб қолганини айтиб бугун ўзингни оқламокчидирсан. Ундай бўлса, ўша кунги «ишинг» учун пушаймонлигингни билдирдингми, миллатимиздан, тилимиздан узр сўрадингми?

Халқимизнинг «Сўнгги пушаймон, ўзингга душман» сўзларини рўкач қилиб, сени ўзингни ўзингга душманлик қилишга чақираётганимдан ўпкаланма. Зотан, мен сени ўйлаётганим йўқ. Минг афсуски, миллатимиз ичида, ичидаги шайтоннинг ноғарасига ўйнаб юборишдан ўзини тўхтатолмайдиганлар бор ҳали. Мен уларни ўйлаяпман. Сенинг пушаймонинг уларга дарс бўлар, уларни нопок ишлардан тўхтатар, деб умид қиляпман.

Ҳа, минг афсус, бундай инсонлар, ҳали бор бизда. Мисол учун жуда узоққа бориш ҳам керак эмас. Сен Каримовнинг ноғарасига ўйнаб 1 октябрь куни Халқлар Дўстлиги саройида ўзбек йигитларини манқуртлаштириш учун тор чертдинг. Юқорида айтганимдек, сенга ўхшаган бошқа бир ижодкор эса бир ҳафта олдинги митингимизни бузишга ҳаракат қилганди, у ҳам сен каби бу ишни эплай олмаган бўлса-да, тиришқоқлиги учун подшох назарига тушди. Ўша куниёқ Каримов тарафидан қабул қилинган бу шоир килолмаган иши учун узини оқлаб, келажак учун аванс олмоқчи буларди:

«Бу «Бирлик»ни биз тузганмиз, Ислом Абдуғаниевич. Студентлар айтганимни қилишарди. Бугунги митингни бошланмасданоқ тарқатиб юбормоқчм эдим, Пўлатов раислигидан фойдаланиб қўлимдан микрофонни олиб қўйди, – дерди Салай Мадаминов. - Одамларимиз бошлиқнинг гапига кўпроқ қулоқ солиши маълум нарса. Шунинг учун яқин кунларга Марказий Кенгаш мажлисини чақирганмиз. Раисни алмаштирамиз. Ундан кейин ҳеч қандай митинглар бўлмайди Ўзбекистонда. Биз Сиз билан ҳамкорликда ишлаймиз»...

Ҳозир ўша мунофиқ ҳам ҳамма ерда Каримовнинг вафосизлигидан йиғлаб юрипти. Ўз вафосизлиги эса хаёлига келмайди. Сенга ўхшаб».

Абдураҳим Пўлат,
2000 йил, май