11 November 2011
15:08 - Россия янги инновацион ҳамлаларга қодир эмас, планеталараро "Фобос-Грунт" кемаси ерга қулайди
Владимир Путин раҳбарлигидаги Россия жаҳонда СССРнинг ўрнини эгаллайдиган кучга айланиш иддаоси билан яшаётган бўлса ҳам, амалда ҳеч нарса қилолмаяпти. Инновацион технологиялар ҳақида кўп гапирилмоқда, америкаликларнинг Селикон водийсидаги инновацион марказларига тақлид қилиб, Москва яқинида Сколково илмий-техник маркази яратилмоқда. Аммо унинг келажаги анчагина мавҳум.

Фазовий программалар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Шу йил 9 ноябрда Россия Бойқўнғирдаги космодромдан автоматик планеталараро "Фобос-Грунт" станциясини учирганди. Бу амбициоз лойиҳанинг мақсади – станцияни Марснинг Фобос йўлдошига қўндириш ва у ердан тупроқлар намунаси олиб келиш эди. Станция Марсга 2012 йилда етиб бориши, Фобосга 2013 йилда қўниши режалаштирилганди.

Аммо, станция фазога чиқар-чиқмас, муаммолар бошланди. У Марсга йўл ололмади, руслар унинг бошқарувини қўлдан чиқардилар. Энди, америкаликларга асосланиб, станциянинг 26 ноябрь куни Ерга қулаб тушишини айтишмоқда.

Эслатиб ўтиш керак, русларнинг 1996 йилда космосга чиқарилган "Марс-96" кемаси ҳам қулаб тушган эди. Демак, 15 йилда ҳеч нарса ўзгармаган.

Кўриниб турибдики, руслар нафақат фазони ўзлаштириш, умуман, инновацион технологиялар соҳасида америкаликлар билан рақобат қилиш қобилиятига эга эмаслар. "Фобос-Грунт" станцияси билан бўлган муваффақиятсизлик орадаги фарқни яна кескин оширади, рус олимларининг Россиядан қочиш жараёнини тезлаштиради. Россия яқин йилларда белига бомба боғлаган жиҳодчилар каби алмисоқдан қолган атом бомбалари билан жаҳонни қўрқитиб яшашни давом эттиради, аммо охир-оқибат буюк давлат сифатини йўқотади.