09 November 2011
22:46 - Ниҳоят Гуржистон Россия учун Жаҳон Савдо Ташкилотига йўл очди, Ўзбекистон бу ҳақда қачон ўйлашга бошлайди?
Гуржистон Россига йўл очди, тўғрироғи, бунга мажбур қилинди. Ғарб томонидан мажбур қилинди.

Аслида, Россия ЖСТга кириш учун 1993 йилдан бери ҳаракат қиларди. Бунга Ғарбнинг ўзи йўл бермасди. 2008 йилдаги Россия-Гуржистон урушидан кейин, Россия Абхазия ва Жанубия Осетиянинг мустақиллини тан олгач, Гуржистон Россия билан дипломатик алоқаларини узди ва унинг ЖСТ йўлидаги асосий тўсиққа айланди. Маълумки, бу ташкилотга аъзо бўлиш учун унинг ҳамма аъзоларининг рухсатини олиш керак.

Сўнгги ойларда Ғарбнинг бу масалага муносабати ўзгарди ва у Гуржистонни ҳам шундай қилишга мажбур қилди.

Россия ва Гуржистон вакилларининг Женевада олиб борган музокаралари натижасижа бугун икки мамлакат келишув имзоладилар, деб хабар беради русларнинг Новости агентлиги америкаликларнинг Reuters агентлигига асосланиб. Reuters эса, ўз навбатида, Гуржистоннинг ЖСТдаги вакили Зураб Чиаберашвилига асосланган. Бу “асосланиш”ларнинг ўзи ҳам олиб борилган сиёсий ўйинларнинг ташқи кўринишидир.

Гуржистон аввалига Россиядан Абхазия ва Жанубий Осетияни озод этишни талаб қилди Бўлмади. Сўнгра Абхазия ва Жанубий Осетия чегараларидан ўтадиган юкларни текшириш учун гуржи постларини қўйиш талаби олдинги сурилди. Бўлмади. Сўнгра, бу чегараларга халқаро кузатувчилар қўйишга келишилди. Гуржистон бу ўзининг катта ғалабаси эканлиги гапирмоқда. Аммо, тахмин қилиш қийин эмаски, халқаро кузатувчилар ғояси гуржиларнинг ғурурини синдирмаслик учун ўйлаб чиқарилган ҳийла. Аслида, ҳеч қандай кузатувчилар бўлмайди.

Масаланинг моҳиятига келсак, бу масалада Гуржистоннинг бошқа йўли йўқ эди. Қолаверса, Гуржистон бирон нарса ютгани йўқ, аммо ютқазгани ҳам йўқ. Ғарб буни истадими, демак, Россия ЖСТга қабул қилинади.

Қизиқ, Ўзбекистон ЖСТнинг эшигини қачон қоқишни бошлайди. Қоқиш замони аллақачон келган. “Ҳаракат” бу ҳақда 10 йилча аввал ёзган эди.

Ўзбек мухолифати Ўзбекистон ЖСТга киришини исташи керак. Чунки, Ўзбекистон ҳукуматининг бу халқаро ташкилот доирасида муттаҳамлик қилиш имкониятлари анча камаяди. Мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий аҳволи ҳақида ҳақиқатга яқинроқ маълумотлар беришга бошланади.