19 October 2011
01:39 - Гулнора Каримова раҳбарлигидаги тадбир унинг ижрочиларига қимматга тушмоқда
Шу йилнинг 19 сентябрида Ўзбекистон санъати ва маданияти жамғармаси Васийлик кенгаши раиси Гулнора Карим томонидан пойтахтдаги 5-болалар клиник шифохонасининг янги модернизация қилинган биноси очилгани ҳақида маълум қилинганди. Маҳаллий матбуотдаги хабарларда 3 ёшгача бўлган болаларга стационар хизмат кўрсатувчи килиникага энг сўнгги замонавий технологияларнинг жалб қилингани, шифохона мамлакатнинг биринчи хоними назоратида эканини таъкидланганди.

Ҳангоманинг зўри маросим ўтгандан сўнг бошланибди. Тақдимотдан сўнг ишга туширилган клиниканинг айрим деворлари шунчаки декарация эканлиги, электр таъминоти тизими, қувурлар ва бошқа жиҳозлар ўта сифатсиз материаллардан тайёрлангани маълум бўлган. Боз устига Гулноранинг ташрифига қисқа вақт қолгани боис ишлар қўл учида бажарилган экан.

Хуллас, тақдимотдан сўнг ҳақиқий маънода авария содир бўлибди. Клиника ўша кундан бери таъмирда, бир кун ҳам тўла фаолият кўрсатгани йўқ. Қурувчи-ю маъмурлар хонимнинг ғазабидан қўрқиб, қурилиш материалларини бозордан ташиб келтиришмоқда. Шифокорлар сўнгги 3 ойлик маошларини олишмабди.