18 October 2011
00:06 - “Эзгулик”ка шикоят қилган фуқаро уч суткага қамалди
Ҳуқуқ ҳимоячи ташкилоти ўзининг шу йил 15 сентябрдаги “Бечора аёлни калтаклаган миршаб ҳимояси учун тизим оёққа турди” номли баёнотида Ғиждувон тумани “Биёсин” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Садоқат Ҳайдарованинг участка профилактика нозири Фурқат Қурбонов томонидан калтаклангани ҳақида ёзганди. Баёнотда муштумзўр миршабни бутун бошли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тизими ҳимоя қилаётгани таъкидланганди.

Баёнот чоп қилингач, “Эзгулик” жамиятига муштумзўр миршабдан ҳимоя сўраб ариза берган Садоқатнинг отаси Маъдилло Ҳайдаров безорилик айби билан 3 суткага қамаб қўйилди, унга 25 740 сўм жарима солинди. Унга нисбатан қўзғатилган маъмурий иш тафсилотларига кўра, Маъдилло Ҳайдаров фуқаро либосидаги тумани ИИБ ходими С. Шариповни ҳақорат қилибди, бироқ бу ҳодисани ҳеч ким кўрмабди.

Маъдилло Ҳайдаров “Эзгулик”ка шикоят қилиб, жазо олган биринчи фуқаро эмас. Ўтган йили жамиятга шикоят қилган милиция ходими Ш. Париков ҳам ўз бошлиқлари томонидан дўппосланганди, дейди мухбиримиз.

Дарвоқе, Маъдилло Ҳайдаров нима учун “бор-йўғи” уч кунга қамалганини ҳам тушуниш мумкин: Ҳиллари Клинтон келмоқда!