26 September 2011
03:22 - Абдураҳим Пўлат: АҚШ, Европа Иттифоқи каби, “Бирлик” берган таклифлар йўлидан бориб, Ўзбекистонга қарши санкцияларни бекор қилиши керак
“Бирлик” Партияси Андижон воқеаларининг бир йиллиги муносабати билан эълон қилинган баёнотида ҳамда партия лидерлари Абдураҳим Пўлат ва Пўлат Охун Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат ва хавфсизик бўйича бош комиссари Хавьер Соланага йўллаган мактубларида, диктатураларни тaшқи дунёдaн изoляция қилиш ёки уларга қарши сaнкциялaр киритиш ўрнига, уларни Ғарб дунёсига интеграция қилиш муҳимроқ эканлиги таъкидланган. Изоляция қилиш ва санкциялар ҳеч қандай натижа бермагани АҚШнинг бурни остиги Куба, узоқдаги Ироқ ва Шимолий Корея каби давлатлар мисолида кўрсатилган.

Ҳозир ЕИ Ўзбекистонга қарши ҳамма санкцияларни бекор қилиб, уни демократик ҳамжамият структураларига интеграция қилиш йўналишида бормоқда. АҚШ ҳам шу йўлдан кетиши керак.

ЕИ ва АҚШ Ўзбекистонга олиб келаётган демократия шамолларидан фойдаланиш ва Ўзбекистонда демократик жараёнларни тезлаштириш ўзбек демократик мухолифатинингш вазифасидир. Минг афсуски, ҳозир ўзбек мухолифати бор бўлган имкониятлардан ҳам самарали фойдаланолмаяпти. Аммо, кураш давом этмоқда. Ғарб ҳам ўзбек демократик мухолифатини етарлича қўллаб-қувватламаяпти. Ғарбдан шуни талаб қилиш мантиқлироқ бўларди.

Шундай пайтда, АҚШ маъмурияти Ўзбекистонга ҳарбий ёрдам бериш масаласида Конгресс тарафидан қўйилга тўсиқларни олиб ташлаш ҳаракат қилаётгани мутлақо тўғридир. АҚШ берадиган ҳарбий ёрдам Ўзбекистон ҳукуматига инсон ҳуқуқларини топташ масаласида ёрдамчи бўлолмайди. Аммо, ўтган йили Қирғизистон жанубида бўлган воқеалар кўрсатдики, ҳали ҳамма муаммоларни тинч йўллар билан ҳал қилиш вақти, минг афсуски, келмади. Демак, Ўзбекистон қуролли кучларини модернизация қилиш устида ишлаши керак.

Мавжуд режимнинг куни шундоқ ҳам битмоқда, аммо, ҳали битмаган минтақа муаммоларни ҳал этиш учун, Ўзбекистон давлат сифатида кучли ҳарбий қувватга эга бўлиши шарт.

АҚШ Ўзбекистонга ҳарбий ёрдам берса, тинч митингчиларни Андижонда каби ўққа тутдиган милтиқ ва автоматлар бермайди. Чунки, руслардан қолган ва руслар ҳозир бераётган бундай қуроллар Ўзбекистон режимида етарлича бор. Тахмин қилиш қийин эмаски, америкаликлардан энг замонавий қуроллар олинади.

“Бирлик” Партияси бу хусусда махсус қарор ёки резолюция чиқаргани йўқ ва чиқармоқчи эмас, дейди партия лидери Абдураҳим Пўлат. Партиянинг аввалги баёнотларига асосланиб айтиш мумкинки, АҚШнинг Ўзбекистонга ҳарбий ёрдам бериш йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаши ва ёрдам бериши - Ўзбекистоннинг ўрта ва узоқ ваъдали манфаатларига уйғундир.