26 September 2011
02:13 - Сурхондарёдаги йирик темир йўл ҳалокати ва одамлар ўлгани ҳақида расмийлар ҳали ҳам жим
Кеча тунда Тангимуш - Қумқўрғон йўналиши бўйлаб бораётган юк поездининг ҳалокати ҳақидаги тафсилотларни ўрис матбуоти кенг ёритди. Тангимуш аҳоли пунктидан бироз олисда содир бўлган ҳалокатда 4 кишининг қурбон бўлгани ва 20 нафарга яқин одамнинг касалхонага келтирилгани айтилади. Ёқилғи-мойлаш материалллари ҳамда нефть олиб кетаётган 38 вагоннинг 31 таси ёниб битган. Афғонистонга олиб кетилаётгани айтилаётган маҳсулотлардан кўрилган зарар кўлами борасида маълумотлар йўқ. Ҳалокат юзасидан республика ҳукумат комиссияси тузилганига қарамай ҳодиса ҳақида бирор расмий маълумот тарқатилмади.

Бугун тушдан сўнг мухбирларимиз ҳодиса яқинидаги овулларда яшовчилардан олган маълумотларга кўра, қурбонлар сони 3 киши, оғир яраланганлар эса 10 дан ортиқ. Ҳодиса жабрланувчиларининг қариндошларига кўра, аввал паровозда портлаш содир бўлган ва сўнгра олов цистерналарга ўтган. Ҳалокат сабаби шубҳасиз темрр йўлнинг қалтис ва стандартларга номувофиқ ерда қурилгани бўлиб, бу поезднинг ҳалокати биринчиси ҳам, охиргиси ҳам эмас.