10 August 2011
04:32 - Ислом Каримнинг янги китобида ҳақиқат борми?
Бугун тарқатилган расмий хабарларда Ислом Каримнинг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” номли китоби нашрдан чиққани билдирилган. Китобда “Юртбошимизнинг мамлакатимиз мустақиллиги арафасида ва мустақилликнинг дастлабки даврида (1989-1991 йилларда) олиб орган жўшқин ва серқиррали сиёсий-ижтимоий фаолиятини акс эттирадиган маъруза ва нутқлар, суҳбат ва интервьюлар ўрин олган” эмиш.

Агарда шундай бўлса, китобда Ислом Каримнинг телеэкранналар орқали халққа қилган жуда муҳим бир чиқиши ҳам ер олган бўлиши керак. Бу чиқиш – 1991 йили баҳорида СССРни сақлаб қолиш ниятида ўтказилган бутуниттифоқ референдумга тайёрланиш кампанияси дориасида қилинган. Ўшанда Ислом Карим “Агар баъзилар талаб қилаётгандек, мустақил бўлиб қолсак, фалонча (у аниқ рақам ҳам айтган – Ҳаракат) давлатда элчихона очишга пулимиз йўқ-ку” дея мустақиллика қаршилигини ва сиёсий жиҳатдан қанчалик ибтидоий эканлигини кўрсатганди. Табиий, баъзилар деганда у бирликчиларни назарда тутарди. Чунки, айнан “Бирлик” халқ ҳаракати Озорбайжондан ўрнак олиб, СССРдан чиқиш қарори олиш ҳақидаги таклифларини шахсан Ислом Каримнинг қабулхонасига топширган. Бу таклифларни ўз ичига олган ҳужжат давлат архивларида бўлиши керак.

Ўшанда одамлар референдумда “Янгиланган Иттифоқда қолишни истайсизми?” саволига “Ҳа” ёки “Йўқ” деб жавоб беришлари керак эди. “Эрк” партияси ўзбекларни бу саволга “Йўқ” деб жавоб беришга чақириб, эски Иттифоқда қолиш тарафдорлиги кўрсатган бўлса, “Бирлик” иккала жавоб ҳам бизга тўғри келмаслигини ҳисобга олиб, референдумни бойкот қилишга чақирган.

Табиий, ҳозир эркчилар бу шармандали баёнотларини ҳаммадан бекитишга ҳаракат қилаётганлари каби, Ислом Карим ҳам ўзининг телеэкранлар орқали қилган шармандали нутқини китобига киритмаган бўлса керак.

Китобнинг номи "Бирлик" лидери Абдураҳим Пўлатнинг 1990 йил охирида ёзилган "Ўзбекистон мустақил диктатура остонасида" номли машҳур мақоласи таъсирида танлангани шубҳасиз.