10 August 2011
05:44 - Доғистонлик вазир Ўзбекистоннинг иддаоларини рад этди
Русларнинг “Regnum” агантлиги Ўзбекистонинг ҳуқуқ-тартибот органларига асосланиб, Ўзбекистонда 12 кишилик диний экстремистик жиҳодчилар гуруҳи қўлга олингани, гуруҳ аъзолари Доғистонда ғоявий ва дивирсион тайёргарлик ўтиб келганлари ҳақида бугун хабар берган экан. Гуруҳнинг фош қилинишида Шаҳрихонда Мирзажон Қодиров деган шахснинг қўлга олиниши ва унинг кўрсатмалари муҳим роль ўйнабди. У Махачкала яқинидаги Абдулла Сугорий мадрасасида таълим олиб келганлигини айтган. Эмишки, у мадрасада диний дарслардан ташқари ўқувчиларга кураш ва портлатиш усулларини ўргатишган. Ўқитувчилар эса Сурияда махсус ўқиб келганлар бўлган.

Доғистон тарафи бугун бу хабарни ёлғонлади. Бу республиканинг Миллий сиёсат, диний ишлар ва ташқи алоқалар вазири Бекмурза Бекмурзаевнинг билдиришича, Доғистонда бундай мадрасанинг ўзи ҳам йўқ. Мирзажон Қодиров ва яна бир неча киши ростдан ҳам Доғистонда ўқишган, аммо ўқиш жаҳонга машҳур “Аш-ШафиЙ” Университетида бўлган. Бу Университетнинг раҳбари шайҳ Муртузали-хожи Қорачаев экстремизм ва терроризмга қарши эканлиги билан дунёга танилган одам. Ўзбеклар мадрасада бор-йўғи 3-6 ойгина ўқиб, ўқишни тўла битирмасдан кетиб қолишган.