09 August 2011
21:31 - Андижонда “Эзгулик”нинг вилоят бўлими қайта тузилди
Бу ҳақда жамиятнинг бугун тарқатган 32-сонли релизида хабар қилинган. Жамиятнинг Андижон вилоят бўлимини тиклашга ҳаракат қилаётган Ташаббус гуруҳининг мажлиси Марҳаматда ўтказилган. 20 киши иштирок этган мажлисда Ташаббус гуруҳи раҳбари этиб Мусажон Бобожонов тайинланган. Ташаббус гуруҳи мажлисида жамиятнинг вилоят бўлимини ташкил этиш, уни Адлия рўйхатидан ўтказиш масалалари кун тартибига чиққан. Энди мажлис баённомаси ва иштирокчилар қарори нотариал тасдиқдан ўтказилиб, Адлия органига топширилади.

Жамиятнинг Андижон вилояти бўлими 2005 йилдаги Андижон воқеаларидан сўнг вилоят Адлия бошқармаси ҳайъати тақдимномасига кўра, суд қарори орқали ёпилганди. Суд қарорида жамият фаолларининг Устав қоидалари ва мавжуд қонунчиликка амал қилмагани сабаб сифатида кўрсатилган. Шундан сўнг вилоят бўлими раҳбарлари, аксарият фаоллар сиёсий бошпана орқали хорижга чиқиб кетишди, жамиятнинг энг фаол минтақавий бўлимларидан бири фаолияти оқсаб қолди.

Турли йилларда ҳуқуқ ҳимоячилари Абдуғафур Дадабоев ва Саиджаҳон Зайнобиддиновлар Ташаббус гуруҳлари мажлислари ўтказиб, жамиятни рўйхатга олиш масаласида Андижон вилоят Адлия бошқармасига мурожаат қилишди. Афсуски, ўша мурожаатларга ҳалигача қониқарли жавоб йўқ, дейилади релизда.