09 August 2011
22:25 - Фарғоналик фуқаронинг саволи: “Эшак қишлоқ хўжалиги транспорт воситасими ёки туёқ сонига кирувчи жониворми?”
Фарғона вилояти Давлат солиқ инспекцияси ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари ҳамкорликда маҳаллаларда фуқароларнинг даромадлари, мол-ҳоли ва деҳқончиликдан оладиган фойдаларини ҳисоблаш ва солиққа тортиш амалиётини бошлаб юборишди, деб хабар қилди маҳаллий мухбирларимиздан бири. Маълум бўлишича, комфирқа саркотиби Леонид Хрушчев замонасига хос бундай кампания жамоатчилик йўли билан зўровонликни амалга оширувчи маҳалла институти иштирокида амалга оширилмоқда. Одамларнинг мол-ҳоли, томорқасидаги ҳосилга кирган дарахтлари-ю транспорт воситалари чўтга ташланаётган кампания доирасидан ҳатто безабон жонивор ҳам четда қолмаяпти.

Фарғона тумани хонадонларидан бирига кирган солиқчилар маҳаллий фуқаронинг ҳақли саволига дуч келди: “Оғилимда бойланган эшак транспорт воситаси турига кирадими ёки туёқли моллар сирасигами?.. Мен қай бири учун солиқ тўлай?..” Боши қотган солиқчилар бу борада инструкциянинг йўқлиги, солиқ органи ҳали эшак масаласида тўхтамга келмаганини айтиб, қайтиб кетди.